Document UZ
16 феврал 2022

IPHR Ўзбекистонда аёлларни камситишни тугатишга оид баёнотини эълон қилди

Инсон Ҳуқуқлари Бўйича Халқаро Ҳамкорлик Ташкилоти (IPHR) Хотин-қизларга нисбатан Камситишларга Барҳам Бериш бўйича (CEDAW) Қўмитанинг 2022 йил 15 ва 16 феврал кунлари ўтадиган 81-сессияси олдидан қўшма баёнотини эълон қилди.

IPHRнинг 18 варақдан иборат баёнотида Ўзбекистон томонидан Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенциянинг бажарилиши юзасидан Ўзбекистон ҳукуматига кўплаб тавсиялар берилган.

Баёнотда Оиладаги зўравонликларга қарши курашишда Ўзбекистон хукумати кўрган чора тадбирлар, зўравонликлар ва уларнинг сабаблари, кўлами, қонунчиликдаги камчиликлар ва асосий муаммолар ҳақида сўз боради.

Шунингдек, баёнотда Ўзбекистон Давлат органлари ва судларида патриархал муносабат ҳамда хато тушунчалар сақланиб қолгани, ҳукумат томонидан мавжуд иллатларнинг яширилиши каби холатлар акс этган.

Оилавий зўравонликлар кўлами

IPHR баёнотига кўра, Ҳукумат кўраётган чора-тадбирлари ва чиқарган қонун ҳужжатларига қарамай, Ўзбекистонда аёлларга нисбатан зўравонлик ташвишлидир ва стигма, уйдаги зўравонлик ҳақидаги жоҳил фикр кенг тарқалганлигича қолмоқда.  Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли сўзларидан шундай иқтибос келтирилган:

“Оиладаги зўравонлик қурбони бўлган аёл кўпинча зўравонлик ҳақида гапиришдан уялади, чунки у яқинлари, оиласи, дўстлари, ҳамкасблари ёки қўшнилари томонидан таъна қилинишидан ёки рад этилишидан қўрқади. Қўрқадики ҳеч ким унга ишонмайди ва ёрдам бермайди, эри эса буни ошкор қилмоқчи эканлиги ҳақда билгач, жаҳли чиқиб, қаттиқроқ уради”.

Баёнот муаллифлари жумладан Ўзбекистонда кенг тарқалган тушунчалар, кўпинча оиладаги зўравонлик қурбони бўлган аёллар “мазохистлар” дея саналиши ва эр-хотин ўртасидаги “жанжал” эса табиий ҳол дея қабул қилиниши, шу каби стереотипдаги қарашлар ижтимоий тармоқда ҳам кенг тарқалганига эътибор қаратади.

Ижтимоий тармоқларда аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик, жумладан, жинсий зўравонлик ҳақидаги муҳокамалар кўпинча шахсларнинг (жумладан, ҳукумат амалдорлари ва давлат университетлари раҳбарлари) стереотипли изоҳларини келтириб чиқаради, улар ҳам кўпинча жабрланувчини айблашга қаратилган бўлади, мактаблар, университетлар ва расмий академиялардаги таълим дастурларида гендер стереотиплари, оиладаги зўравонликни олдини олиш ва мавжуд ҳимоя чоралари масалаларига этибор қаратилмайди, дея таъкидланади баёнотда.

Ўзбекистонда мансабдор шахслар, жумладан, милиция, прокурор ва судялар орасида патриархал муносабатлар ва гендер роллари ҳақидаги стереотиплар чуқур илдиз отган.

Ҳукумат амалдорлари ва давлат оммавий ахборот воситалари аёллар ва қизларни «назорат қилиш» керак деган ғояни мустаҳкамловчи гендер тенгсизлиги ва стереотипларни тарқатишда давом этмоқда.

Баёнотда Ички ишлар вазирлиги хабаридан иқтибос келтирилишича, 2021-йилнинг январидан ноябригача аёлларга нисбатан 35 994 та зўравонлик, жумладан, психологик зўравонлик (16 982 та), жисмоний зўравонлик (12 215 та), иқтисодий зўравонлик (208 та), жинсий зўравонлик (90 та) ва шилқимлик (6 513 та) ҳолатлари қайд қилинган.

Статистик маълумотларга кўра, 25 807 киши 30 ёшдан ошган; 9 835 нафари 18 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар, 352 нафари эса 18 ёшгача бўлганлардир.

Бироқ, IPHR экспертлари таъкидича,  кўп холларда аёллар жазоланишдан қўрқиб, эрига иқтисодий ва моддий қарамлик ёки ҳуқуқларини билмасликлари боис, кўпинча ички ишлар органларига мурожаат қилмасликни афзал кўришади.

Зўравонликларга барҳам бериш йўлидаги тўсиқлар

Ўзбекистон қонунларидаги айрим ижобий ўзгаришларга қарамай, баёнот муаллифларига кўра, Ўзбекистонда оиладаги зўравонлик айбдорлари кўпинча жазосиз қолишмоқда, чунки қонунчиликда ҳамон жиддий бўшлиқлар ва камчиликлар мавжуд.

Асосий муаммо шундаки, Ўзбекистон қонунчилигида жабрланувчи ва ҳуқуқбузар ўртасидаги муносабатлар, шунингдек, зўравонликнинг тизимли хусусиятини назарда тутган “оиладаги зўравонлик” тушунчасининг аниқ таърифи ҳам йўқ. Жиноят кодексида оиладаги зўравонлик алоҳида жиноят сифатида мавжуд эмас.

Масалан: эри ёки унинг қариндошлари томонидан аёлнинг ота-онаси уйига боришини ёки ишга боришини тақиқлаш; ва психологик тазйиқга тенг бўлган оғзаки ҳақорат, каби кўплаб холатлар мавжуд. Шу боис IPHR ва ўзбекистонлик хотин-қизлар ҳуқуқлари фаоллари Жиноят кодексига оиладаги зўравонлик каби алоҳида жиноятни қўшишни талаб қилишмоқда.

Иқтисодий ва психологик зўравонлик Маъмурий Кодексда ҳам, Жиноят кодексида ҳам тартибга солинмаган, гарчи зўравонликнинг бундай турлари Хотин-қизларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунда эътироф этилган бўлсада.

Оиладаги жинсий зўравонлик учун жазо йўқ

Баёнот муаллифлари шунингдек, “анъанавий” патриархал қарашлардан келиб чиқиб оиладаги зўравонлик Жиноят кодексида алоҳида жиноят ҳисобланмаслигига алоҳида эътибор қаратишган.

Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисми “б” бандида “яқин қариндош”ни зўрлаганлик учун жазо назарда тутилган, бироқ Жиноят кодексида “яқин қариндош” тушунчаси, рўйхатдан ўтмаган диний никоҳда бўлган аёллар тушунчаси йўқ.

Жиноят кодексида никоҳда зўрлаш жинояти аниқ кўриб чиқилмаган ва қоида тариқасида, судлар стереотипик қарашлар туфайли никоҳда зўрлаш ҳолатларини кўриб чиқмайди.

Олий суд Пленумининг 2010 йилдаги қарорида зўрлаш ёки жинсий зўравонлик «аёлнинг иродасига қарши, зўравонлик, таҳдид ёки жабрланувчининг ночор ҳолатидан фойдаланган ҳолда табиий шаклда жинсий алоқа қилиш» деб таърифланган.

Жиноят кодексида Ўзбекистонда кенг тарқалган жинсий шилқимлик учун жазо назарда тутилмаган. Жинсий шилқимлик қурбонлари кўпинча жиноятчига қарам бўлади ва ишини (агар жиноят иш жойида содир этилган бўлса); уй ёки оиласини (агар жиноят уйда содир бўлса) ёки ўқишини (агар у таълим муассасасида содир бўлса) йўқотиш хавфи остида бўладилар.

Ўзбекистонда оиладаги зўравонлик ишлари камдан-кам ҳолларда судгача боради. Жиноят процессуал кодексига кўра, Бош прокуратура ўртача ёки оғир тан жароҳати етказиш ёки ўлимга олиб келган ишлар бўйича фақат лавозими бўйича жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин. Бошқа барча ҳолатларда жабрланувчи хусусий айблов қўзғатиши керак, бу эса жабрланувчилар учун адолат йўлидаги жиддий тўсиқдир.

Оиладаги зўравонлик қотиллик ёки баданга оғир шикаст етказиш каби оғир жиноятларда оғирлаштирувчи ҳолат ҳисобланмайди. Бу жиноятчилар томонидан ўч олиниш қўрқуви билан биргаликда оиладаги зўравонлик қурбонлари камдан-кам ҳоллардагина ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ёки судларга шикоят қилишларини билдиради.

Бепул юридик ёрдамнинг йўқлиги

Хотин қизларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун руҳий, жисмоний, жинсий ва иқтисодий зўравонлик қурбонига бепул юридик маслаҳат олиш ҳуқукини таъминлайди. Бироқ амалда аёлларнинг ушбу ҳуқуқдан фойдаланиш тартибларини белгиловчи ҳуқуқий механизм мавжуд эмас.

Амалда бу шуни англатадики, оиладаги зўравонлик қурбонларининг аксарияти ҳуқуқий ёрдамдан фойдалана олмайди, чунки улар турмуш ўртоғига моддий жиҳатдан қарам бўлишади. Бепул юридик ёрдам тўғрисидаги қонун лойиҳасида бундай ҳуқуққа эга бўлган шахслар маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида ариза берган, жумладан зўравонлик қурбонлари ҳам бўлиши мумкинлиги назарда тутилган.

Бироқ, жиноят процессида зўравонлик қурбони бепул юридик ёрдамдан фойдалана олмайди, чунки жиноят процессуал қоидалари фақат гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчиларга бепул юридик ёрдам кўрсатишни кафолатлайди. Бундай ҳолатда, зўравон бепул юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга, аммо оиладаги зўравонлик қурбони эса юридик ёрдам олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлиб қолади.

Жинсий зўравонлик қурбонлари

IPHR Баёнотида бевосита Ўзбекистондаги қонунчиликнинг ишламаслиги, амалдорларнинг субъектив муносабати туфайли жинсий зўравонликларнинг ёпиқ қолишига, баъзан эса жиноятчи қолиб жабрдийданинг ўзи жазо олганига оид бир қанча мисоллар келтирилган.

Масалан, 2021-йил феврал ойида тиббиёт ходими Нигина Тошкентда уни ўлдириш билан қўрқитган эрини ошхона пичоғи билан пичоқлагани оқибатида оғир тан жароҳати етказганлик (Жиноят кодексининг 104-моддаси) учун судланган эди.

Холбуки, Нигинанинг эри назорат қилувчи хатти-ҳаракатлар билан кўп йиллар давомида уни жисмоний ва руҳий зўравонликка дучор қиларди. Эрининг ундан ташқари тўртта хотини бўлган. Жазо олишига сабаб бўлган эрига етказган жароҳат эса, эрининг ножоиз ҳаракати туфайли содир бўлган эди.

Бошқа бир мисолга кўра, Фарғона водийсида яшовчи аёл зўравон эри ҳақида бир неча бор ички ишлар органларига мурожаат қилган, бироқ бу мурожаатлар ҳеч қандай натижа бермаган. Эри уни яна калтаклаб, болалари билан кўчага ҳайдаганидагина ҳимоя ордерини олишга муваффақ бўлган.

Яна бир ҳолатда эса, турмуш ўртоғининг мунтазам зўравонликлари ва бунинг учун аввал жиноий жавобгарликка тортилганига қарамай, маҳалла қўмитаси томонидан аёлга учта боласи борлиги рўкач қилиниб, ажрашишга рухсат берилмаган.

Яна бир воқеа, уч яшар қизи куёви томонидан мунтазам жинсий зўрланиб келган Сафаргулнинг берган гувоҳлигидир. Сафаргул бу юзадан Шайхонтур тумани ИИБ инспекторига мурожаат қилган, у шикоятни қайтариб олишини айтган. Сафаргул рад жавобини бериб, жиноий иш очишни талаб қилди. Шундан сўнг, Шайхонтур тумани ИИБ томонидан таклиф этилган психолог қиз билан гаплашиб, ҳуқуқбузар уни қайта-қайта ўз машинасида рулига ўтказиб айлантириб, ечинтиргани, тегиниб ва жинсий аъзоларини кўрсатгани ҳақида маълумот олган. Бироқ, милиция файлида қизнинг кўрсатмалари топилмаган, психолог иштирокида ўтказилган сўроқ пайтида ёзув юритишга масъул бўлган ходим кейинроқ онанинг куёвига туҳмат қилганликда айбланган.

Ўзбекистонга тавсиялар

Баёнот муаллифлари юқорида қайд этилган ҳолатлардан келиб чиқиб Ўзбекистон ҳукуматига бир қанча тавсиялар беришган.

Жумладан, миллий қонунчиликка ўзгаришлар киритиш, зўровонликнинг аниқ таърифини белгилаш, жиноятга мос жазони назарда тутувчи холатларни киритиш, жумладан аёллар, вояга етмагаганларга нисбатан жиноятлар юзасидан оғирлаштирувчи холатларни инобатга олинишини таъминлаш;

Шунингдек, одил судлов йўлидаги тўсиқларни йўқ қилиш: шахсларнинг жинс ва ёш бўйича ажратилиши, аёллар ва эркакларнинг роли ва масъулиятига доир камситувчи стереотиплар ва патриархал муносабатларга барҳам бериш;

Никоҳда зўрлаш учун тўғридан-тўғри жиноий жавобгарликни жорий этиш ва рўйхатдан ўтмаган никоҳда зўрлаш учун муносиб жазоланишни таъминлаш.

Шунингдек баёнотда, Ўзбекистон ҳуқуматига ННТлар томонидан бошқариладиган марказлар, жабрдийдалар бошпаналари каби лойиҳаларни молиялаштириш сингари кўплаб чора-тадбирлар тавсия этилган.

IPHR баёнотининг тўлиқ PDF матнини шу линкдан кўчириб олиш мумкин

Тағин ўқинг
12 май 2023
РТ: Сиз билан  яна гурунглашиш насиб этганидан ичимга сиғмай севиниб ўтирибман.  МС: Ничиксизлар жоллимисизлар мўччи бика ҳам хўжик биррилар Бормисиз, ...
29 январ 2020
Ўзбекистонлик олима Гулсара Шерматова ижтимоий тармоқда қолдирган 28 январь кунги постида «чет эллардаги юқори малакали PhD унвонига эга кадрларнинг» ...
19 январ 2021
Ўзбекистон расмийларининг билдиришича, 2017 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда чақалоқларни сотиш ва сотиб олиш билан боғлиқ 185 та ҳолат ...
23 март 2018
Кейинги пайтларда ўқитувчи ва боғча ходимлари ободонлаштириш бошқармасининг “қўл-оёғи”га айланган. Кўчаларни супуриб тозалаш, кўчатлар экиш ва оқлаш, йўл белгиларини ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...