Генералнинг коррупцияга алоқадорлиги ҳақидаги иддаолар
Элтузга келиб тушган аноним мактубда Ички ишлар вазирлиги Транспортда хавфсизликни таъминлаш департаментидаги коррупция ва нотўғри бошқарув ҳақида сўз боради.
Департамент ходимлари томонидан ёзилган мактубда департамент раҳбари, генерал Баҳодир Мирзараҳимовнинг қилмишларини текшириш талаб қилинган.
Ходимлар генерал Мирзараҳимовни департаментда мисли кўрилмаган коррупция, қариндош-уруғчилик ва адолатсиз муҳитини яратганликда айблаганлар.
Уларнинг таъкидлашича, генерал Мирзараҳимовнинг раҳбарлиги даврида транспорт тизимида фалокатлар ва бахтсиз ҳодисалар сони ортган ва натижада йил бошидан буён кўплаб инсонлар ҳалок бўлган.
Улар илгари сурган даъволарни текшириш имкони Элтузда йўқ.
Элтуз мактубда илгари сурилган иддаолар юзасидан Баҳодир Мирзараҳимовга минбар беришга тайёрлигини билдиради.
“Ассалому алейкум Элтуз жамоаси,
биз ИИВ транспортда хавфсизлик таьминлаш департаменти ходимлари сиз орқали муҳтарам президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевга, президент маслаҳатчиси Қодиров Дониёр Бахтиёровичга ва сектор бошлиғи Сергей Гордеевга бизни раҳбар, генерал Мирзараҳимов Баҳодир Юлдашевич Мирзараҳимов устидан шикоят арз килмокчимиз.
Баҳодир Юлдашевич Мирзараҳимов шахсига тўхталсак. У Москва олий ҳарбий қўмондонлик институтида таҳсил олиб, аввал Мудофаа вазирлиги, сўнг МХХ “Лочин” ҳарбий қисмига раҳбарлик қилган.
Замон зайли билан 3 йил аввал ИИВ тизимига келиб қолди.
Соҳани билмайдиган, тажрибасиз раҳбар бошқаруви натижасида тизим парокандаликка учради, мислсиз коррупция, таниш-билишчилик, мажбурий меҳнат, адолатсизлик, зулм ва босим домида қолди.
Бундай валломат ва кибрга муккасидан кетган шахс раҳбарлиги оқибатида темир йўлларда йил бошидан 30 яқин гўдак, эркак ва аёлларни поезд уриб кетди.
Коррупцияга ўзи бош бўлиши натижасида вокзалларда “Афросиёб” поездлари билети сунъий дефицит қилинди. Оқибатида пора бермасдан билет олиш имконсиз бўлиб қолди.
Аэропортларда наркотрафик, тилла, қимматбаҳо тошлар ва телефон контрабандаси чўққисига чиқди.
Лекин, барча ҳолатларда кўз юмилади, сабаби “доля”ни Баҳодир Мирзараҳимовнинг шахсан ўзлари оладилар.
Кадр масаласида “ключевой” лавозимларни ўзининг кўз-қулоқлари бўлган ҳарбийлар билан тўлдириш билан овора.
Кунига уч маҳал иссиқ овқат, қора ва қизил икра, виски шотирлари ва уларнинг хизматидаги шотирлари томонидан етказилиб турилади.
Вазирлик раҳбарларини ва администрация ходимларини бир тийинга олмайди, ҳар икки гапида «Мен СНБ генералиман» деб дўқ уради.
Ҳурматли раҳбарият, сиздан илтимос, Баҳодир Мирзараҳимов фаолиятини холисона ўрганиб чиқиб, унинг бу соҳада ишлаш масаласини кўриб чиқсангиз.»