Document UZ
22 ноябр 2023

Швейцариядан қайтарилган миллионлар қандай харжланади?

Ўтган йилнинг август ойида Ўзбекистон ва Швейцария Гулнора Каримованинг мусодара қилинган 131 миллион долларни қайтариш бўйича келишув имзолаган эди. Бу Каримованинг Швейцария банкларида музлатилган ва якин келажакда Ўзбекистонга қайтариши керак бўлган 800 миллион долларидан бир қисми холос.

Гулноранинг халқдан ўмарган пулининг бир қисми яъни 95 миллион доллар ўзбек халқига қайтарилди. Бу пулга 190 та мактаб қурса бўлади. Бу пул билан минглаб болалар ўлимини олдини олиш мумкин. Тепадаги сарват эгалари назарида арзимас бўлган бу пул пастдаги қашшоқлар ҳаëтини бир қадар яхшилаши мумкин…

Кобра билан рақс

Балки Гулнора мавзуси жонингизга теккандир. Ўзбекистонда коррупцион схемалар билан ўғирлик қилиш ҳеч кимни ҳайрон қолдирмаслигини биламан. «Гулноранинг ўрнида мен бўлсам ҳам ўғирлардим» дейдиган миллионлар ҳам бор. Бозорга бораëтиб чўнтагидаги пулига қараб барибир буни ўғри уради дея олдиндан мусибатга кўникиш ҳисси бор авомда. Бу яхши хислат эмас. Ўз ҳақингни талашиб тортишиб қозонишни ўрганмоғиз керак. Боз устига хозир қамоқдан манзил колонияга чиқарилгани иддао қилинган Гулнора Каримова бозордаги оддий ўғри эмас. У Узбекистонни 27 йил бошкарган диктатор Каримовнинг севимли кизи эди.

Гулнора Каримова қандай қилиб миллионларни чет элдаги банкларга ташмалагани ҳақида уч йил олдин Элтуз махсус фильм қилган эди. Кимдир қайта кўрмоқчи бўлса Элтузнинг ютуб каналига кириб мана бу ссилка билан кириб томоша қилсангиз бўлади. Анча батафсил. https://eltuz.com/video/216169/ 

Президент қизи деган лохотрон

Узун хикояни қисқа айтсак. Пора олиш схемаси ўта содда бўлган. Телефонсевар ëшлардан иборат Ўзбекистон бозорига киришни истаган Швеция ва Нидерландиядаги телекомуникация ширкатларига Ўзбекисонга кириш йўли тушунтирилган, бунинг учун улар – Гулнора Кариомовага ўлпон тўлаши лозим бўлган.

Қонунда лицензия олиб давлат бюджетига пул тулаб ишлаши тақозо қилинган ширкатлар Гулнора Каримовага пора бериб Ўзбекистон мобил алоқа бозорига киришган.

2012 йили коррупцион схемалар Швеция телевидениеся журналистлари тарафидан фош қилингани ортидан бир катор европа давлатларнинг прокурорлари Гулнорага карши тергов очди.

Расмий Тошкент «президент қизининг » Катта йўлдаги қароқчи» эканидан кўз юма олмади. Гулнора Каримова 2013 йилда уй қамоғида олинди. Кейинчалик Тошкентдаги суд уни 13 йилу 4 ойга озодликдан маҳрум қилди.

Ниҳоят Гулнора қамоқда. Аммо ҳали унинг халқдан ўмарган пулининг асосий кисми Швейцария банкларида сақланмокда.

Реституция

Реституция лотинча restitutio яъни эгасига қайтариш деган маънони беради. Фалсафада бу сўз адолат тантанаси дея тушунтирилади. Халқаро ҳуқуқда эса етказилган зарарни қоплаш маъносида ишлатилади.

2020 йилнинг сентябрида Швейцария ва Ўзбекистон ўртасидаги меморандумга асосан реституция қилинган маблағ ўзбек халқига манфаатли бўлиши¸ унинг турмуш шароитларини яхшилаши ва қонунсизликка қарши кураш учун сарфланиши керак.

2023 йилнинг 16 август куни Берн шаҳрида Ўзбекистон ва Швейцария ўртасида келишув имзоланди:

«Ноқонуний орттирилган ва Швейцария территориясида конфискация қилинган пулни Ўзбекистонликларнинг яхши турмуш кечириши учун қайтариш шартлари»

Одам ўқиса севинадиган гап. Гулнора Каримовадан мусодара қилинган пулларни Швейцария ўзбек халқи фаровонлиги учун сарфлансин демоқда. Олқиш ва тасанно. Пулни қайтариш учун келишув шартлари эса мана бундай.

  • Очиқлик ва шаффофлик. Реституция жараëни ҳақида элни хабардор қилиб бориш.
  • Жамоатчиликнинг бу жараëнда иштирок қилиши.
  • Қайтарилган пулни таълим ва соғлиқни сақлашга сарфлаш
  • Бу борада Швейцерия ва Ўзбекистон ўртасида мунтазам диалогни таъминлаш
  • Реституция БМТ қошидаги Ўзбекистон визион 2030 Ишонч фонди орқали амалга оширилади.

Демак Гулнора Каримоваинг жиноий йўл билан топилиб Швейцарияда мусодара қилинган пуллар БМТ қошидаги «Vision 2030 – Ишонч» жамғармасига қайтарилади.

43,5 миллион $ БМТнинг болалар ўлимини олдини олиш дастури учун! 

Бу йил сентябр ойида БМТ қошидаги Ишонч фонди келиб тушган 95 миллион доллардан 43,5 миллион долларни БМТнинг болалар ўлимини олдини олиш дастури учун сарфланажагини эълон қилди.

«БМТнинг Узбекистондаги ваколатхонаси иддао қилишича бу дастур 30 ой мобайнида 600 минг она ва чақалоқни қамраб олади » Дастур бир катор БМТ агенликлари томонидан амалга оширилади. Нимжон ва ориқ туғилган болаларнинг бардошини хозирги 75 фоиздан 90 фоизга юксалтиришни мақсад қилган.

Шу билан бирга, Ишонч Фонди қошида жамоатчилик маслаҳат кенгаш тузилгани хакида эълон клинди.

Гулнора Каримованинг пули қайтарилиши жараëнида жамоатчилик маслаҳат кенгашига раҳбар бўлган Ўзбекистондаги «Демократия ва инсон ҳуқуқлари» нодавлат ташкилоти раҳбари Сайëра Ходжаева 43.5 миллион долларнинг болалар саломатлиги учун сарфланишини қўллаб қувватлади.

Элтуз мухбири Сайëра Ходжаева билан учрашиб Ўзбекистон янги тарихида илк бора бўлаëтган реституция ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.

Гулнора Каримовадан мусодара қилинган пулларни ўзбеклар фаровонлиги учун қайтариш бўйича масалаҳат кенгаш раиси бўлган Сайëра Ходжаева жараëннинг маънавий қиррасига эътибор қаратди

Гулнора Каримованинг элдан ўғирлаган пулини элга қайтариш учун келишув шартларида очиқлик ва шаффофлик кўзда тутилган.

Реституция жараëни ҳақида элни хабардор қилиб бориш талаби бор. Айни пайтда халқ зеҳниятида пул олди бердиси яширин бўлиши керак¸ бир қўлинг берганини нариги қўлинг билмасин деган тушунча ҳам бор.

Бол тутган БМТ бармоғини яламоқда

Айни пайтда молиявий активларнинг Ўзбекистонга қайтариш жараëнидан ҳабардор экспертлар Гулнора Каримованинг халқдан ўғирлаган пулларини қайтариш учун вазифаланган жамғарманинг «бол тутган бармоғини ялайди» тутумида иш кўришидан ҳавотир изхор қилишмоқда.

Манзара тикка турган бой одамнинг тиз чўкан тиланчи олдида кибр билан узоқ чўнтак кавлаганига ўхшайди.

Элтуз реституция жараëнларини яхши биладиган¸ ўғирланган пулларни қайтарилиш тарихидан хабардор бир нечта эксперт билан гаплашди. Улар бу соҳада юз бериши мумкин бўлган муаммоларни санаб ўтди. Уларнинг ҳавотирларига диққат қаратсак.

Энг биринчи хавотир «берувчининг олувчидан тепада тургани» яъни колониал ëндашув билан боғлиқ. Ишонч жамғармаси Ўзбекистон жамоатчилигининг пулларни қайтариш жараëнидаги актив иштирокини деярли кўзда тутмаган.

Келишувда пул қайтариш жараëни ҳақида ўзбек халқига мунтазам билги берилиб турилади дейилишига қарамасдан барча ҳужжатлар хусусан веб сайт фақат инглиз тилида.

Жамғарма низомининг 11 бандида ҳисобот фақат инглиз тилида бўлади деб ëзилган. Бу эса ўзбек жамоатчилиги учун жамғарма фаолияти деярли ëпиқ деганидир. Чунки оддий ўзбеклар бу ҳужжатларни ўқиб билги ололмайди.

Пулларни қайтариш билан боғлиқ ҳаражатлар сметаси ва схемасини тузган ўзбек ва швейцариялик мулозимлар ўзбек халқини эмас, кўпрок БМТ хизматчилари ҳақида ўйлаган ва ўз ходимларига яхши ойликни Гулноранинг пулидан олиб тўламоқда деган манзара кўзга ташланди.

2022 йил ҳисоботидан маълум бўлишича жамғарма Гулнора Каримованинг қайтарилган пулидан бир миллион 136 минг долларни ўз ҳаражатлари учун олган.

Бир миллион 136 минг БМТ жамғармаси раҳбар ходимлари ва котибият ўртасида тақсимлаб олинган.

«Бол ялаган» БМТчилар орасида иснсон хукуклар фаолларни хуш курмагани билан танилган БМТ собик ходими Жозеф Аструп ҳам бор.

Молиявий ҳисоботга кўра, 948 минг 467 долларлик қўшимча маблағ Ню Йоркдаги админстратив ходимлар орасида бўлиб олинган..

Қайтарилган пулдан ўзлари мўл мастон фойдаланган БМТ бу пулнинг қайтарилишини кузатишга сафарбар қилинган ўзбек жамоатчилиги учун қори ишкамба каби зиқналик қилишди.

Бу пулнинг кпррупционерларга ем бўлишини кузатадиганлар ойликсиз текин ишлаши кўзда тутилган. Уларнинг офис расходларига 19 минг доллар ажратилган холос. Маслаҳат кенгаши сарфини қоплаш ва командировкалар учун 20 минг¸ кенгаш аъзоларини ўқитиш учун 6 минг доллар ажратилган холос.

Афанди айтгандай танга менга жиринги сенга!

Шу тариқа пул қайтаришнинг илк йилида халқаро ташкилот мулозимлари икки миллион 84 минг 559 долларни кенг шим чўнтагига солиб қўйган бўлса. Бу жараëнни назорат қилувчи ўзбек фаолларига 45 минг ажратилди. Фарқни кўрдингизми.

Шу ўринда ўзбек фаоллари зиммасига юкланган взифалар залворига диққат қаратсам.

1 Каримовадан қайтарилган пул Ўзбекистон аҳолисининг энг қашшоқ ва эхтиëжманд қатламига етиб боришини назорат қилиш.

2 «Инсон ҳуқуқлари»¸ «эркак ва хотинларнинг тенг ҳуқуқлилиги» «доимий ҳисоб бериш» «ўз гапида туриш» «ботирлик» каби талабларга риоя қилиш.

  1. Пул қайтарилиши бўйича ўзбек халқини билги билан таъминлаш

4 Пул қайтарилиш жараëнига Ўзбекистон жамоатчилигининг барча ва энг фаол қатламлари иштирокини таъминлаш.

Шундай оғир юк юкланган маслаҳат кенгашига озгина пул ажратилган.

Айни пайтда пул қайтаришда қатнашаëтган халқаро мулозимларга катта маош¸ имриëзли бонуслар ато қилинган. Бу пуллар ўзбекистондагилар ойлиги билан солиштириб бўлмайдиган даражада кўп.

Коррупция

Яна бир хавотир эса коррупция билан боғлиқ.
Ишонч 2030 фондига кўра Каримовадан қайтарилган пулга олинадиган барча ускуналар ҳаридини БМТ агентликлари амалга оширади. Ҳисобот эса фақат БМТ порталида мавҳум шаклда эълон қилинади. Бу эса жиддий ҳавотиримизга сабаб бўлди.

Чунки БМТ порталида ускуналар кимдан сотиб олингани ва тендер бўлгани ҳақида умуман маълумот берилмайди.

БМТнинг мавжуд ҳисобот тизими Гулнора Каримовадан қайтарилган пул билан боғлиқ ҳаридларни ўзбек фаоллари тарафидан назорат қилиниши учун ëпиқ қолмоқда. Бу эса жиноий гурухлар ва картелларнинг соғлиқни сақлаш тизимида бўлгани каби пул ўмаришини эхтимолдан соқит қилмайди.

Гулнорадан қайтарилаëтган катта сумма пулнинг оффшор ғорларига яширинган потставной фирмалар ëки оддий жиноий тўдалар қўлига тушмаслигининг бу холатда кафолати йўқ.

Назорат имкони деярли йўққа чиқарилган. Шаффофлик ўрнига мавҳумликни кўрамиз.

Гулнорадан қайтарилаëтган катта пулга ўзининг жундор қўлини тиқмоқчи бўлганлар Ўзбекистон бошқарув тизимида ҳам борлиги Гонконгда ҳибсга олинган Каримованинг тўшакдоши Рустам Мадумаров билан боғлиқ иддаоли можарода юз кўрсатди.

Ўғрини қароқчи таламаслигининг кафолати керак бизга.

Шу ўринда таклиф ва тавсияларни ҳам саслантирсам.

  1. Пул қайтараëтган «Ишонч» фонди ўз ҳисоботини фақат инглиз тилида эмас эл тушунадиган ўзбек тилида ҳам ëйинлаб борсин.

2. Пул қайтарилишини кузатаëтган ўзбек маслаҳат кенгашига кўпроқ пул ажратиш керак.

3. Қайтарилган пул билан боғлиқ барча ҳаридлар тендер асосида амалга оширилиб мана бу сайтда кунора билги берилсин. (https://web.telegram.org/a/etender.uzex.uz)

4. Халқаро мулозимларга пул қайтариш жараëнида тўланган суммалар ва фонд ҳаражатлари ҳақида кундалик билги бериб борилсин.

5. Фонд ҳаридлари ўзбек маслаҳат кенгаши билан келишилган холда қилинсин.

Айтган гапларим ҳали отилмаган айиқ терисини бўлиб олиш ҳақида эмас балки оғзимиздаги ошни олдирмаслик ҳақида.

Бир думалоқ пишлоқни бўлиши олмаган иккита айиқ боласига тулки қандай ëрдам бергани ҳақидаги эртакни кўпчилик билади.

Тулки пишлоқнинг каттагина қисмини ўзи еб қолган озгина бўлагини икки айиқчага тенг бўлиб беради. Бу эртакнинг ўзбекча яна бир вариантида бир ҳирсдай эркак етимча қўлидаги бутун нонни туяга ўхшатиб бераман деб олиб катта қисмини еб қўяди. Етимнинг нонини туя қилиш деган ибора шундан қолган.

Ҳақ олинур ва асло берилмас

Бундан чиқадиган ҳулоса нима. Биринчидан бефарқ бўлмайлик. «Гулнора Каримова киму биз ким «деб ўзимизни четга тотрмайлик. Гулнора Каримова бизнинг ва сизнинг чўнтагиниздаги пулни ўмарди. Швейцария суди буни қайтарди. Қайтган пул бизники¸ сизники¸ элники. Уни ўз фаровонлигмиз учун сарфлайлик. Бу пулдан пой оламан деган ўртакашларни уялтирайлик. Фаол бўлайлик Ҳаққимизни олишини ўрганайлик. Бундан хозирги ҳукмдорлар ҳам ҳулоса чиқариб эртага Гулнорани куни менинг ҳам бошимга тушади деб ўйлансин.

Улуғ жадид отамиз Маҳмудхўжа Беҳбудий ëзганидек ҳақ олинур ва асло берилмас.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
8 май 2024
Элтуз нашри МТРКнинг «Спорт» канали директори Зоҳид Каримовни фош этувчи мақоладан кейин миллий телевидение ходимларидан келган мурожаатларни мунтазам равишда эълон қилиб ...
23 март 2021
2019 йил октябрда президент Мирзиёев 2020-2030 йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаган эди. Бу ҳужжат Ўзбекистоннинг самарасиз қишлоқ хўжалигини ...
3 апрел 2016
Биринчиси, бугунги кунда Тошкентда келин топиб беришга ихтисослашган маклерлар пайдо бўлган. Уларнинг хизмати ўн минг сўмдан минг долларгача баҳоланади. ...
12 декабр 2016
Чилонзор тумани “Тинчлик” масжидининг имом хатиби Шермурод Тоғай (Алишер домла) ўзининг Facebook даги саҳифасида ўзбек поп мусиқачиси 30 яшар ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...