Кўзқараш
15 октябр 2015

“Пахта қўйиш” кампанияси

Бундан бир қанча муддат аввал Фарғона вилоятига бош вазир келиши муносабати билан пахта далаларида терилган пахта қайта чаноқларга ёпиштириб чиқилаётгани «Озодлик»да, бир қанча русча сайт ва телевиденияларда овоза бўлди. Хабарга воқеа жойидан олинган расм ҳам илова қилинди-ки, баъзилар айтаётгандек бу уйдирма эмаслиги аён эди. Аммо шунда ҳам кимлардир ишонгиси келмай турибди.

Мен сизларга бундан олти-етти йилча аввал Шаҳрихон туманида бўлган шунга ўхшаш воқеа манзарасини атрофлича чизиб бераман.

Ўшанда ҳам куз пайти, пахта терими авжида эди, президент келиши муносабати билан Андижон-Қўқон йўли бўйидаги бир фермер еридан пахтасини тердирмай кўргазма учун сақлаб туришади. Президентнинг келиши ҳам кечикиб кетади. Пахта етилиб, ўз вақтида терилмагани учун чаноқдан тушиб кета бошлайди (Пахтакорлар билади, ўз вақтида терилмаса пахта чаноқдан тушиб кетади, биз томонларда буни «пахта оқиб кетди» дейишади). Ана шунда теримчи аёлларга «оқиб кетган» пахтани яна қайта чаноққа жойлаб чиқиш буюрилади. Бу бўлган воқеа.

Фермер бечора ҳам шошиб қолганидан дала четига минбарсифат айвон ясатиш учун ўша пайтда йигирма миллион сўм сарфлайди. У айвон ҳозир ҳам Андижон-Қўқон йўлида турибди адашмасам. Тўртта темир устун устига ўрнатилган томдан иборат бостирма. Бир тийинга қиммат, кераксиз жойдаги кераксиз иншоот.

Ўшанда президент келиши муносабати билан ўша атрофдаги эгали-ю, эгасиз дайди итларгача йўқотилган эди (Товба, итдан ҳам шунчалик қўрқадими одам деган?). Яқин атрофдаги қатнов йўллари бир неча кун олдиндан беркитилиб қўйилгани сабаб Андижон марказига борувчи фуқаролар анча азият чекишган эди. Айтсам ишонмайсиз, миршаблар кўчада кира қилиб юрган юк машиналарини ҳам ушлаб машинасини бир неча кунга тортиб олиб қўйишган эди (Товба, юк машинасидан ҳам шунчалик қўрқадими одам деган?).

Шунча қийинчилик, шунча дабдаба, шунча овворагарчиликдан кейин, қайсидир куни президент келиб ўша айвончада беш дақиқа турган ё турмаган, пахта даласига қараб ҳам қўймаган…

Мен билганимни ёздим, хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, ихтиёр сизда.

Анвар Набиев,
Eltuz.com

Тағин ўқинг
31 август 2016
1995 йилнинг 26 июнидан бери Ўзбекистон МХХ раиси лавозимини эгаллаб келаётган 72 яшар Рустам Иноятов Каримов ўртадан кетиши билан ...
16 октябр 2020
Азизларим, оға, ини, опа, сингил, катта ва кичикларим. Мана, яна учрашдик. Олдинги учрашувимиздан бери 168 соат ўтибди. Етти марта ...
28 октябр 2015
Эрталаб бир қўшнимникига ошга чиққандим. Бир катта жоме-масжидининг имом-хатиби хам келибди. 30-35 ёшлардаги йигит экан. Жуда чиройли гапларни гапириб ...
10 январ 2024
Ўликни ювғучи ювсин, емакни ошчи пиширсин, қўйни қассоб сўйсин, илмни олим қилсин. Академик оламдаги носоғлом муҳит ҳаққинда гапириш учун ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...