Вақт машинаси
24 март 2018

24 март – Силга қарши кураш халқаро куни

Сил (туберкулёз) касаллигига қарши кураш халқаро куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ташаббуси билан ҳар йили нишонланадиган эсдалик санадир.

Бу кун бежиз танланмаган. 1882 йили шу санада немис микробиологи Роберт Кох (Robert Koch) ушбу касалликни қўзғатувчи вирусни топганини эълон қилган эди.

Ижтимоий касаллик ҳисобланган силдан ҳар йили дунё бўйлаб 1,6 миллион атрофида одам вафот этади, уларнинг аксарият кўпчилиги (қарийб 95 фоизи) ривожланаётган мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади. Ўзбекистон шундай мамлакатларнинг биридир.

Сана муносабати билан Ўзбекистондаги сил қурбонларининг оғир қисматига назар ташлаймиз.

2009 йилнинг 18 январь куни милиция ходимлари 41 ёшли маҳбус Абдулатиф Аюповнинг жасадини Янгийўлдаги уйига олиб келган ва у ўша куниёқ орган ходимларининг талабига мувофиқ зудлик билан дафн қилинган эди.

Абдулатиф Аюповнинг рафиқаси Раъно опага кўра, эри диний мотивлар билан илк бор қамалганида қамоқхонада сил касаллигини юқтирган.

Бошқа бир ҳикоя янгиариқлик собиқ мухолифат фаоли тақдирига оид. «Эрк» партиясининг сўнгги пленумларидан бирида суҳбатлашганимизда у касалликнинг сўнгги босқичида экани, даволаниш учун ҳаммадан қарздор бўлганини айтиб, тинимсиз йўталар эди.

Энг даҳшатлиси, унинг томи очиқ уйи эди. Собиқ сиёсий маҳкум қарзларидан тириклигида қутулиш учун томига қўйилган ёғочларни бозорга олиб чиқиб сотганини маълум қилган.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармасининг республика касалхонасида сил касали билан оғриган тутқунлар даволанадиган бўлим кўп маҳкумлар учун ўлим бекати бўлиб қолмоқда.

Ижтимоий касаллик деб қаралувчи силга чалинган беморлар алоҳида парваришга муҳтож бўладилар, Ўзбекистон «тубзона»ларида эса бундай шароит йўқлиги айтилади.

Ўзбек расмийлари халқаро анжуманларда тутқунларни сақлаш шароитлари халқаро нормаларга яқинлашгани ва жазони ўташ муассасаларида эпидемиологик ҳолат яхшилангани ҳақида гапиришади.

Лекин тутқунларнинг яқинлари ва ҳуқуқ ҳимоячилари қамоқхоналарда сил касаллиги эпидемия даражасига етганлигини, маҳбусларни сақлаш шароитлари эса аянчи эканлигини айтмоқдалар.

Уларга кўра, айниқса сиёсий ва диний айбловлар билан қамалган тутқунлар орасида сил касалига учраганлар кўпчиликни ташкил этади.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг фикрича, қамоқдаги сил билан оғриган тутқунларнинг касали қанчалик оғир бўлмасин, уларни ҳеч қачон озодликка чиқаришмайди. Улар у ердан фақат ўлиб чиқади. Чунки улар сиёсий ва диний айбловлар билан қамалган.

  • Ўзбекистон ҳукумати тутқунларни озодликка чиқаришдан чўчийди. Ўзбекистон қамоқхоналари сил касалини туғдирувчи, уни ривожлантирувчи ва кўпайтирувчи маконга айланган. Бизга мурожаат қилиб келганларнинг кўпчилиги ўз яқинлари қамалишидан олдин соппа-соғ бўлганлигини, суддан кейин эса бир неча ой ўтар-ўтмас силга чалингани тўғрисида гапиришади.

Уларнинг аксарияти бу касалликни сунъий юқтирилган, деб ҳисоблайди. Кўпчиликлари қамоқхонада захда бир неча ой ëтганлигидан ўпка шамоллаши пайдо бўлишини айтишади,- дейди Суръат Икромов.

Икромов “Жаслиқ” қамоқхонасидаги маҳбусларнинг қариндошлари айтиб берган кўплаб ҳолатларга асосланган ҳолда, ушбу қамоқхонада сил каллигининг сўнгги босқичи кузатилган маҳбуслар цемент заводида ишлашга мажбур қилинганлари, бу эса улар учун ўлим билан баравар эканини биилдирди.

“У ерда цемент зарралари бор, улар уни ютишади, шу билан нафас олишади, ҳар куни кечаси эса уларда нафас қисилиши хуружлари, бўғилиш ва қон қусиш кузатилади”, – дейди у.

  • Ўзбекистонда сил касаллигидан ўлаётганлар статистикаси йўқ, чунки расмийлардан бундай маълумотни олиб бўлмайди,- дейди Икромов. – Аммо маҳбусларнинг озодликдан маҳрум қилиш жойларида касаллик ва ёмон муносабатдан жон бериш ҳоллари йилига 225-250 тани ташкил қилади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
12 май 2022
Мен ТошДУнинг журналистика факультетига 1982 йил ўқишга киргандим. Туркистон, яъни Марказий Осиё ва Қозоғистон ҳудудидаги бу илк университетга 1918 ...
30 август 2021
Президент Ислом Каримов Ўзбекистонни модернизация қилди, дейишганида аслида нотўғри гапиришади. Чунки у бундай қилиш учун на кенг дунёқарашга, на ...
10 март 2022
Берлинда жойлашган Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари форуми ташкилоти 2021-йилда марказий давлат томонидан ўрнатилган Мажбурий Меҳнат топилмаганидан сўнг, «Cotton campaign” коалицияси ...
23 март 2017
Россиялик машҳур хонанда Борис Гребеншиков яқинда қамоқдан чиққан журналист, Муҳаммад Бекжонга мактуб йўллади. Элтуз мухбири билан суҳбатда собиқ сиëсий ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...