Асосий мавзулар
27 июн 2016

«Қудратимизга шубҳа қилсангиз, ўтказган саммитимизни кўринг»

Теледайжестимизнинг бу галги сонини ой охирини кутмасдан эътиборингизга ҳавола этишга қарор қилдик. Чунки бу ойда Тошкентда «дунёнинг энг қудратли ташкилоти» (ҳар ҳолда Ўзбекистон телевидениеси мухбирлари Россия маданият вазири ўринбосарининг сўзларини ўзбекчага шу тарзда ўгириб, эфирга узатди) – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ўз саммитини ўтказди. Аҳмадбой воқеасини айтмаганда, Ўзбекистон телеканаллари бундан ортиқ эътиборни тортадиган мавзулар билан бизни ўзига ром этмаганини ҳисобга олсак, бу қароримиз анча мантиқли кўринади.

Сизнинг уйингиз бизнинг уйимиз, бизнинг уйимиз…

Хитой раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи аслида ШҲТ саммитининг дебочаси бўлди, деб бемалол айтиш мумкин. Балки бу саммит баҳона бўлмаганда Хитой коммунистлари раҳбарининг юртимизга ташрифини кутиб, худди шўро замонида бўлгани каби коммунизмни (агар Ўзбекистон ОАВга ишонилса, ҳақиқатан ҳам зўр яшаяпмиз-ку!) ўтказиб юборишимиз ҳам ҳеч гап эмас эди.

Хуллас, саммит аслида Си аканинг ташрифи билан бошланди. Пойтахтдаги хавфсизлик чоралари шундан дарак бериб турди. Раис билан президент аввал тор доирада гаплашди, кейин каттароқ доирада машварат қилди. Кўтарилган масалалар ҳам ўша-ўша, икки раҳбарнинг ҳар галги учрашувидаги мавзулар. Шунинг учун бу жиҳатларга тўхталмай, уларнинг халққа очиқ-ошкора айтган гапларига эътибор қаратамиз.

Бу гаплар эса матбуот анжуманида янгради. Анжуман эса «пахтақўяр ўйини»га айлангандек таассурот қолди. Гапни ҳар доимгидек мезбон раҳбар бошлади.

«Хитой дунёдаги энг ривожланган давлат», деди у. Дунёда Хитойдан ривожи баланд давлатлар талайгина бўлса-да, «ўйин» қоидалари шуни талаб этарди.

«Сиз биз учун донишманд сиёсатчи ҳисобланасиз,- «ўйин»ни давом эттирди раис. – Биз учун эски дўстсиз. Сиз дунёда таниқли сиёсатчисиз».

Раис бу билан тинчимади.

«Сизнинг раҳбарлигингизда Ўзбекистон янада тараққий этишига ишонаман», деди у ўзи ҳам бунга ишонадигандек қилиб.

Албатта, бу мақтовлар президентимизга ҳам мойдек ёққани шундай кўриниб турди. У ҳам раиснинг ислоҳотчилик қобилиятини шундай мақтадики, ўйлаймизки, Хитой раҳбарига бу маъқул бўлди.

Президентимиз ўзи ҳам ислоҳотчиликда ундан кам эмаслигига ишора қилишни унутмади. Бу ишини охиригача етказишини қўшимча қилиб ўтди.

«Ислоҳотчиларга осон эмас,- деди давлатимиз раҳбари. – Мен бу юкни ўз зиммамга олдим ва охиригача етказаман».

Ана холос. Президентимиз жуда оғир юкни ўз зиммасига олгани аниқ. Лекин унга қўш қанот бўлаётган халқимиз ҳам шу юк остида қолган-да. Раҳбаримиз бақувват. Қанча юк бўлса ҳам кўтараверади. Лекин унинг ёнига кирган халқимизнинг бели синмаса эди, деган хавотир ҳам бор.

Қамчиқ довонини тешиб, Тошкентни Фарғона водийси билан боғлайдиган туннел қурилгани, албатта, юртимиз учун катта воқеа. Буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Бу қурилиш хитойликларнинг ёрдамида амалга оширилди. Шунинг учун президентимиз уларга алоҳида миннатдорлик билдирмаса бўлмасди.

«Энг оғир пайтимизда Хитой ёрдам берган,- дея миннатдорлик сўзларини бошлади давлатимиз раҳбари. – Хитойнинг фаровонлиги (русчада «благополучие» деб айтилди, бу сўзнинг «хотиржамлик», «тинчлик» маънолари ҳам бор) – Ўзбекистоннинг фаровонлиги, Ўзбекистоннинг фаровонлиги – Хитойнинг фаровонлиги».

Бу гаплар давлатимиз раҳбари бир вақтлар айтган сўзларни ҳам эсга солади: «Ким бизга думини кўтарса, Россияга кўтарган бўлади». Ўхшайдими? Вазиятни ва мавзуни ҳисобга олмаса, анча уйқаш гаплар.

Бу анжуманда «ўйин»дан ташқари яна бир анъанавий мавзу – афғон муаммоси ҳам кўтарилди. Айтилган гаплар шунга хос – анъанавий. «Афғон муаммосининг қуролли ечими йўқ», «у ердаги беқарор вазият минтақага ҳам таъсир кўрсатади» ва ҳоказо.

Алқисса, ЎзТВ Си Цзиньпиннинг Тошкентга ташрифини икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни янги босқичга кўтарадиган муҳим воқеа сифатида талқин қилди. Бу муносабатларда Ислом Каримов ва Си Цзиньпин ўртасидаги ўзаро ишонч ва самимийлик муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди.

Албатта, ишонч бўлади-да. Чунки ҳар ҳолда эски партиядошлар. Бири расман партиядан чиққан бўлса ҳам суяги ўша партия сафида қотган. Иккинчиси ҳали ҳам ўша мафкура билан «суягини қотириш» билан банд.

«Олти қароқчи» клуби ва аъзоликка икки номзод

Эркин матбуот кўпинча ШҲТни «диктаторлар клуби» деб таърифлайди. Бу қанчалик ҳақиқатга яқин ёки узоқлигига зукко ўқувчининг ўзи баҳо берсин. Лекин ташкилотга аъзо бирорта давлат демократик тузуми билан мақтана олмаслиги бор гап.

Биз бу саммитда имзоланган ҳужжатларнинг барчасига тўхталмасдан, биттасига сал эътибор қаратишни маъқул кўрдик. У ҳам бўлса, Ҳиндистон ва Покистоннинг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш йўлидаги мажбуриятлари тўғрисидаги меморандумдир. Агар бу мажбуриятлар бажарилса, бу икки давлат тез орада ташкилот аъзосига айланади.

Покистон-ку майли, беқарор давлат бўлса-да, демократияси ҳам ўзига яраша. У ҳам «диктаторлар клуби»га балки ярашади. Ҳиндистон эса «дунёнинг энг катта демократияси» мақомига эга мамлакат. Унинг ШҲТга аъзолиги ташкилотга демократия шамолини олиб келармикин? Ёки «олти қароқчи» уни ҳам ўз йўриғига юрадиган даражага туширармикин?

Майли, аввал Ҳиндистон ШҲТга аъзо бўлиб олсин, кейин кўраверамиз ўзгаришларни.

Саммитнинг ўзи эса қуруқ расмиятчиликдек бўлиб туюлди. Тайинли ҳужжатлар имзоланмагани етмагандек, бирорта шов-шувли баёнотлар ҳам бўлмади. Президентлар панада, яъни тор доирадаги ва журналистлардан холи учрашувларда бирорта арзирли қарорлар қабул қилгандир. Лекин ҳозирча халқ бу нарсадан бехабар қолиб турибди.

Ислом Каримов эса ШҲТ доирасида барчанинг гап бир жойдан чиқаётганини айтиш билан чекланди, холос.

«ШҲТ шу вақтгача ўз хартиясида белгиланган қоидалардан четга чиққани йўқ. Бу ШҲТнинг мустаҳкамлигидан дарак беради», деди президент.

Шунга қарамай, саммитда эътиборни тортадиган жиҳатлар ҳам кўзга ташланди. Масалан, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатлар таранглиги ҳақида кўп гапирилади. Лекин Ислом Каримов ва Имомали Раҳмоннинг саммит доирасидаги яккама-якка учрашуви тўғрисидаги лавҳалар кишига некбинлик бағишлайдиган кўринишларни намойиш этди. Ҳар икки президент бир-бири билан самимий муносабатда кўринди, кайфияти ҳам жуда зўрдек таассурот уйғотди.

Саммитдан олдинги чегара можаролари сабабли Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев ҳатто машваратга бормаслик билан таҳдид қилганидан хабарингиз бўлса керак. Лекин президентимиз унинг ҳам кўнглини топган кўринади. Саммит шарафига ташкил этилган концертда қирғизча куй янграгандан сўнг А.Атамбоев И.Каримовга очиқча қуллуқ қилганини барча кўрди.

Бунча ҳушёр бўлмасанг…

Шунча вақтгача Тошкентда ШҲТ саммитининг ўтказилишини дунёдаги энг муҳим сиёсий воқеа сифатида талқин этиб келаётган Ўзбекистон телеканаллари саммит кунлари негадир унча фаоллик кўрсатгани йўқдек туюлди. Янгиликлар дастурларидаги бемалолхўжа лавҳаларни айтмаса, бирорта тўғридан тўғри репортажга, таҳлилий кўрсатувларга кўзимиз тушмади.

Бу ҳолат матбуотда ҳам (ЎзА мисолида кўришингиз мумкин) кузатилганини эътиборга олсак, бундай бемалолхўжаликка юқоридан «сиёсий ҳушёр» бўлишга қатъий топшириқ берилган бўлиши мумкин, деган тахминдан мантиқлироқ сабаб топа олмадик.

Гарчи Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари шу кунларда «Тошкент Осиёнинг сиёсий пойтахти бўлиб қолаётгани» ҳақида бонг ураётган бўлса-да, жаҳон, хусусан, Россия ОАВларида бунинг тасдиғи унча сезилгани йўқ.

Бунинг ўрнига телеканаллар Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги даврида қандай оламшумул ишлар амалга оширилгани, саммитни ёритиш учун 25 давлатдан 450 та журналист келгани, ШҲТ аҳолиси 3 миллиарддан зиёд 18 та давлатни бирлаштириши, 2015 йилда ШҲТ иштирокчи давлатларининг ЯИМ салкам 37 триллион долларни ташкил этиши каби қуруқ гап-сўзлардан нари ўтмаяпти.

«ШҲТ – тирик, доимий ривожланаётган организм», дейди ўзбек телеканаллари. Ишқилиб, бу организмга кўз тегиб, янада мутантлашиб кетмасайди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
2 апрел 2021
Жиноят кодексига ўзгартишлар киритилиб, президентни ҳақорат қилиш беш йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланадиган жиноят сифатида белгиланди. Президент Шавкат ...
6 ноябр 2018
Фарғона вилояти нотариал идораларининг бир гуруҳ собиқ ходимлари ўзларига нисбатан Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирги Давлат хавфсизлик хизмати) томонидан уюштирилган ...
1 январ 2022
Қадрли Элтуз канали кўрарманлари ва обуначилари. Cизларни аввало кириб келаётган янги 2022 йил билан табрикламоқчимиз. Ўтган 2021 йил Ўзбекистон ...
18 май 2021
Самарқандда «Дамас» автомобили ҳайдовчиси ИИБ ходимининг ўтиш йўлини тўсиб тўхтаган, давлат рақами 828 VSS бўлган машинасига сигнал бергани учун ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...