Асосий мавзулар
29 ноябр 2016

Хорижлик кузатувчилар ўзимизникилардек гапирмоқда

Жаҳон агентлиги, гўёки ҳорижликлар Ўзбекистондаги демократик ўзгаришларга қойил қолишаётгандай шубҳали усулларни қўлламоқда.

Яқиндагина Ўзбекистондаги президент сайлови ҳақида жаҳоннинг нуфузли газеталаридан бирида тижорий мақола чиқариб, кейин уни мазкур нашрнинг бу сайловолди кампанияси демократик ва очиқ-ошкоралик руҳида ўтаётгани тўғрисидаги фикри ўлароқ талқин қилгани учун «Жаҳон» ахборот агентлигининг юзи қизарганди.

Шу жиҳатларини ўйлаганда сайлов тўғрисида «Жаҳон» тайёрлаган, халқаро кузатувчилар фикри ўрин олган мақолалар анча жиддий эътибор талаб қилади шекилли. Чунки бу фикрлар дунёнинг энг демократик ҳисобланадиган давлатлари вакиллари номидан эълон қилинмоқда.

Бу фикрларнинг эътиборни тортадиган жиҳати эса уларнинг ўзбекистонлик депутатлар, ҳукумат косасидан нафсини қондирадиган арбобларникига жуда-жуда ўхшаб кетаётганидир.
Халқаро кузатувчиларнинг «Жаҳон» АА томонидан тайёрланган ана шундай фикрларига оид навбатдаги мақола «Халқ сўзи» газетасида (25.11) босилди.

«Аҳолининг кенг иштироки, фуқаролик институтлари, айниқса, овоз берувчиларга ҳар томонлама кўмаклашаётган ва мазкур муҳим ижтимоий-сиёсий тадбирни муваффақиятли ўтказишга катта ҳиса қўшган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг фаоллигига қойил қолдим», деган Бельгия Вакиллар палатаси депутати Давид Геертс.

Агар бу депутат маҳаллақўмнинг халқни назорат қилиш, тегишли органларга маълумотлар етказиб туриш, пахта терими мавсумида мажбурий меҳнатга жалб қилишдаги фаоллигини билганида янада кўпроқ қойил қолган бўлармиди?!

2014-2015 йилги парламент ва президент сайловларида кузатувчи сифатида иштирок этган Бельгия фахрий сенатори Доминик Тильманс эса ўз ҳамюртига жўр бўлиб: «Ўзбекистонни яхши билганим боис мамлакат биринчи президенти Ислом Каримов раҳбарлигида сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар муваффақиятли олиб борилганини таъкидлашни истар эдим», деган.

Фахрий сенатор бу «кенг кўламли ислоҳотлар» халқнинг тинкасини қуритгани, аҳоли қашшоқлигини тугатишга заррача ҳисса қўшмаётганини билганида балки шу таъкидидан қайтган бўлармиди!?

Эслатиб ўтиш керакки, Ўзбекистонда шу пайтгача ўтказилган бирорта сайловни европаликлар демократик ва очиқ-ошкоралик, тенглик асосида ўтди, деб ҳисобламаган. «Жаҳон» гапиртирган европалик халқаро кузатувчилар эса бунинг мутлақо тескарисини айтади.

Берлин шаҳридаги Халқаро иқтисодиёт академияси директори Ханс-Йоахим Кнаупе ҳам шулардан бири. У 2009 йилги парламент сайловида халқаро кузатувчи сифатида қатнашганини, бу сайлов «очиқлик ва демократия асосида ўтганига ишонч ҳосил қилгани»ни билдирган.

У, шунингдек, «Ўзбекистон тўплаган улкан тажрибани ҳисобга олиб, бўлажак президент сайлови ҳам фуқароларнинг фаол иштирокида, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилинган ҳолда ўтиши»ни таъкидлаган.

Агар демократ хорижликлар шунча мақтовларни айтаётган экан, ўзимизникиларнинг оғиз кўпиртиришига жон бор экан-да, деб ўйлаб қолади соддароқ кишилар.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
5 апрел 2015
Бизнинг ҳуқуқ ҳимоячиларимиз, мухолифатчилар ва оддий фуқаролар ҳам одатда ҳокимиятдан адолат ва ҳимоя издашади, – улар шунчаки ҳокимият йўқ ...
18 апрел 2024
Германиядан Ўзбекистонга борган халқаро ташкилот раҳбари Умида Ниëзова ëлланган блогер томонидан ҳақорат қилинди. 18 апрель куни Фарғонада хизмат сафарида ...
19 сентябр 2023
Агар Гиннеснинг қўлостидагиларни нафсониятига тегиш, ғурурини топташ, таҳқирлаш, сўкиниш ва уриш сингари йўналишларда ҳам рейтинги бўлганида эди, ғолибликни яқин ...
3 июн 2021
Effect.uz ахлоқ-одоб қоидаларига зид хатти-ҳаракатларга йўл қўйган, аммо унинг муаммоларга дучор бўлиши сабаби бу билан боғлиқ эмас, дея ёзади ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...