Асосий мавзулар
10 феврал 2017

Кредит олиб бергич депутат ва ёнғоқнинг фойдаси

Депутатлар ҳам кутиб турган экан шекилли, президентнинг фаол бўлинг, деган топшириғидан кейин бел боғлаб халқ билан ҳам тиллашишга тушиб кетди. Ҳар ҳолда партияларнинг нашрларини кўздан кечирсангиз, шундай таассурот уйғонади.

Хусусан, «Миллий тикланиш» газетаси (8.02) шу номдаги демократик партиядан халқ депутатлари Денов тумани кенгашига айланган депутатнинг тиниб-тинчимай, «халқ дарди билан яшаётгани» ҳақида ҳикоя қилувчи мақола эълон қилди.

«Бугунги депутатнинг иш кабинетида ўтирмай, халқ ичида кўпроқ бўлиши жуда муҳим», дея қўриқ очган бу депутат опа яқинда бир учрашувда маҳалла фаолларидан бири унга иссиқхона қуриш учун кредит олишга ёрдам сўраганини билдирган.

Депутат ҳам эринмай учрашув иштирокчиларига банкдан кредит олиш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида маълумотлар берибди.

Мақола муаллифига ҳам қойил, кредит олиш учун депутатга эмас, банкка мурожаат этиш кераклигини эслатмай қўя қолган. Агар шундай қилганида депутатнинг «фаоллиги»ни шубҳа остига қолдириши мумкин эди-да.

Кўп бора кузатганимиздек, президент бир гап айтса, лаббайчиларнинг ошиғи олчи бўлади. Ҳаммани товуқбоқарликка чорлаётган давлат раҳбари яқинда ёнғоқ ва бодом экиб, даромад қилиш масаласига ҳам тўхталганди.

«Қишлоқ ҳаёти» газетаси (8.02) бунга лаббай деб жавоб бериб, қишлоқ хўжалиги фанлари номзодининг «ёнғоқ минг йил даромад бериши» ҳақидаги мақоласини эълон қилди.

«Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мутасадди раҳбарлар билан учрашувлари ҳамда аҳоли билан мулоқотида ёнғоқ мевали боғларни кўпайтириш борасидаги фикрлари моҳиятида эзгу ният мужассамдир», дейилади мақолада.

Олимларимиз ҳам қизиқ. Эртага президент мабодо, дейлик, акация ҳақида яхши гаплар гапириб қолса, улар шу дарахтни экишдан кўзланган «эзгу ниятлар» тўғрисида мақолаларни қаторлаштириб ташлайдими?!

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
29 октябр 2023
Бугун турк миллати ўз тарихида илк марта демократик республика қурган кунга юз йил тўлди. Ўзини турк деб билган Рассом ...
20 феврал 2017
Ўзбекистон чорак аср марҳум Ислом Каримовнинг беш тамойили асосида яшаб келди. Бу беш тамойил аслида бир тийинга қимматлиги, қоғоздаги ...
30 апрел 2016
«Миллий тикланиш» газетаси шу номдаги партия ташаббуси билан жойларда «Оилалар саодати – мустақиллик самараси» номли танлов ўтказилаётганини маълум қилди. ...
13 сентябр 2023
Ислом Каримов одамлар орасида яшамагани учун ютуқларга эриша олмади. У ўзининг виртуал ёпиқ дунёсини яратди ва бошқаларники ҳам аниқ ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...