Асосий мавзулар
12 июн 2017

Олғирлар Президент ташаббусидан «унумли» фойдаланмоқда

Аҳолини паррандачилик, чорвачиликка кенг жалб этиш, томорқаларда иссиқхоналар яратишга ундаш Ўзбекистонда эндигина ҳукмронликни қўлга олган Шавкат Мирзиёевнинг илк ташаббусларидан бири бўлган эди. Кўпчилик буни истеҳзо билан қарши олганди.

Бир томондан қараганда, ибтидоий кўришидаги бу ташаббус халқ рўзғорига енгиллик киритиш, унинг фаровонлигини оширишга қаратилгандек кўринади. Чунки давлат халқни боқа олмаётган шароитда халқнинг ўзини ўзи боқишига имконият яратиб бериш ҳам катта гап.

Бошқа томондан, президент ташаббуси бозордаги осмонга ўрлаётган нарх-навони туширишга хизмат қилиши керак. Чунки асосий истеъмол маҳсулотлари рўзғордан, томорқадан чиқса, бозордаги нархларга таъсир этиши табиийдир.

Буни қарангки, эзгу ниятлар ила бошланган ташаббус олғирлар учун яна бир имконият эшигини очиб берди. Улар бунинг орқасидан ҳам пул топиш йўлини «кашф» этди.

Гап шундаки, банклар томонидан товуқ, қуён, эчки, сигир олиш учун ажратиладиган кредитлар тўғридан тўғри мижознинг ўзига берилмайди. Балки шу йўналишларда ишлайдиган турли фирмаларга ўтказиб берилади. Улар эса ўз маҳсулотини бозордагидан анча қиммат нархда аҳолига ўтказади.

Айни пайтда бундай салбий ҳолат мамлакатнинг барча ҳудудларида кенг қулоч ёйган ва аҳолининг ҳақли норозилигига сабаб бўляпти.
Қашқадарёлик ўқитувчининг айтишича, у ишлаётган мактабнинг барча ходимларига бир туп лимон кўчати ўттиз минг сўмдан пулланмоқда. Кўчат олишни хоҳламаганларга эса ишдан бўшатиш билан таҳдид қилиняпти.

«Бу кўчат бозорда беш минг сўм туради. Лекин бизга ўттиз минг сўмдан сотиляпти. Кўчат экилгандан кейин униб кетишига кафолат йўқ», дейди ўқитувчи.

Унинг сўзларига кўра, бюджет ташкилотлари ходимлари товуқ сотиб олишга ҳам мажбурланяпти. Товуқнинг ҳам нархи ўттиз минг сўм.

«Товуқ учун кредит олиш мажбур қилиб қўйилган. Энг камига 14 та товуқ олиш керак. Олганларни кўрдим. Товуқлар қари. Қарилигидан тожи қийшайиб қолган, пихи катта хўрозникидек бўлиб кетган. Сотиб олаётганингизда ҳар бирига уч кунлик махсус озуқа ҳам қўшиб берилади. Бу қари товуқлар ўшани еб турган вақтда тухум қилади, кейин эса дарҳол тухумдан қолади», дейди қашқадарёлик ўқитувчи.

Шу пул одамларнинг ўзига берилса, дейди у, бозордан соғлом, тухум қиладиган товуқ олиб, барака топса бўлади. Товуқ фабрикаларидан мажбурлаб берилаётган товуқлар жуда қари ёки касалванд. Шунинг учун тезда ўлиб қолаётганлари кўп. Кредитга товуқ олаётганлар эса бир неча йил давомида кредит тўлаш мажбурияти остида қоляпти.

Бундан ташқари, унинг айтишича, чорва бўйича ҳам аҳвол шундай. Кредитга сигирни чорвачилик фермаларидан олиш мумкин, холос. Бу сигирлар ҳам қариб қолган, қолаверса нархи баланд.

«Масалан, олти миллион кредитга сигир оласиз. Бозордан эса бу пулга шундай сигирдан иккита беради», дейди ўқитувчи.
Ўқитувчи президент ташаббусининг бундай тарзда амалга оширилаётганини унга қарши саботаж сифатида баҳолашини қўшимча қилди.
Президентнинг ташаббуси мана шундай оқибатларга олиб келаётгани янгилик эмас. Ҳатто маҳаллий матбуот ҳам бу жиҳатга, бевосита бўлмаса-да, билвосита эътибор қаратганди.

Хусусан, «Миллий тикланиш» газетасининг 17 майдаги сонида ёзилишича, ёзёвонлик Наталья опа Юничкова «Агробанк»нинг 7,5 миллион сўм кредити эвазига 230 та товуқ олиб берилган. Аммо товуқлар қари бўлиб, на тухум қилган, на гўштга яраган. Қолаверса, икки ой ўтмай уларнинг 30 таси ўлиб қолган.

Гарчи газета бу маълумотни Н.Юничкова президентнинг халқ қабулхонасига мурожаат этгани ортидан кредитни қоплаш мажбурияти қари товуқларни етказиб берган фирмага юклангани фонида ёритган бўлса-да, мазкур воқеадан давлат раҳбарининг ташаббусидан олғирлар ўз манфаати йўлида фойдаланаётганини сезиш қийин эмас.

Олғирлар чангалига ташланган ўлжа эса, мамлакатда аксарият ҳолларда бўлганидек, яна бюджет ташкилотлари ходимлари бўлиб қолмоқда. Чунки банкдан кредит олиш учун ўрнатилган тартиб-қоидаларга, биринчи навбатда, айнан улар тўғри келади.

Банкдан кредит олиш учун, жумладан, тайин иш жойига эга кафил шахс, кредит олувчининг иш жойидан сўнгги бир йиллик ойлик маош ҳақидаги маълумотномалар керак бўлади. Шундай экан, аксарият қисми ишсиз бўлган аҳоли бу талабларга жавоб бера олмайди.

Президент ташаббусини ҳаётга татбиқ этиш ҳар доимгидек амалдорлар зиммасига юкланган. Масалан, йил бошида Хоразм ва Қорақалпоғистонга сафар қилган давлат раҳбари мазкур ҳудудлар аҳолисини товуқ билан таъминлашни бош вазир ўринбосари Рустам Азимов зиммасига юклаган эди.

Р.Азимов бу вазифани қанчалик уддалагани ҳақида маълумотлар йўқ. Унинг яқинда ишдаги камчиликлари учун ҳукумат таркибидан бадарға қилинганига айнан шу омил сабаб бўлган, деб ҳам айтиб бўлмайди.

Зеро, бу шахснинг мамлакат иқтисодиётини таназзулга етаклаш, халқни қашшоқлаштириш йўлидаги «хизматлари» шу қадар кўпки, адолатли жамиятларда уларнинг ҳар бири учун уни ўнлаб марта ишдан ҳайдаш мумкин эди…

Шунга қарамай, юқори мансабдаги амалдорларнинг президент ташаббусини бажаришга масъул этиб тайинлангани эътиборга олинса, бугунги кунда бу ташаббусни ҳаётга татбиқ этиш баҳонасида аҳолини қақшатаётган олғирларнинг улар билан тили бир, деб хулоса қилишга асос бўла олади.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
5 апрел 2020
Чор даврида охранка, совет даврида ЧК, ГПУ, НКВД, КГБ, мустақиллик даврида эса СНБ асосан миллат манфатига зарар келтирди ва ...
3 декабр 2015
Туркиянинг Анадўли агентлиги тарқатган ҳабарга кўра 2 декабр куни Ўзбекистон мухолифати лидери Муҳамад Солиҳнинг Истанбулдаги ховлисига икки шубҳали киши ...
21 июн 2017
Президент Мирзиеев ташаббуслари билан ўзбекистонликларни ҳурсанд қилишда давом этмоқда. 15 июн куни, Шавкат Мирзиёев Туркманистонга сафари ортидан, республикада ҳам ...
30 ноябр 2023
Туркиянинг Сакаря шаҳрида фоҳишалик билан шуғулланган 49 нафар ўзбекистонлик хотин қўлга олинди. Қайд этилишича, Сакарья вилоят полиция бошқармаси Жамоат тартибини сақлаш бўлими Ахлоқ бюроси гуруҳлари, Сакарья Бош прокуратураси бошчилигида жорий йилнинг 25 ноябрь куни кечқурун Сакарьянинг Қорасу туманида 10 га яқин манзилда рейд ўтказган.   Операция давомида жами 61 нафар ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...