Асосий мавзулар
24 сентябр 2018

Ўзбекистон болалар меҳнатидан фойдаланувчи давлатлар рўйхатидан ўчирилди

Совет даврида болаларни мактаб партасидан пахта даласига қувиш одатий ҳол саналарди. Қайта қуриш йилларида сал сусайган бу анъана Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг қайта авж олди. Фото: Темур Карпов

Фақат сўнгги йилларга келибгина халқаро ташкилотлар ва демократик ҳамжамиятни тамсил қилувчи ҳукуматлар саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ, болалар меҳнатига чек қўйишга эришилди.

Шунинг учун АҚШ Ўзбекистон пахтасини болалар меҳнати ёхуд мажбурий меҳнатдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган товарлар рўйхатидан ўчиргани нафақат расмий Тошкентнинг, балки мазкур халқаро ташкилотларнинг ҳам ютуғидир, дейиш мумкин.

Айни пайтда АҚШнинг бу рўйхатидан 76 та мамлакатда ишлаб чиқариладиган 148 та маҳсулот ўрин олган.

Ўзбек пахтасининг ушбу рўйхатдан ўчирилиши АҚШ Меҳнат вазирлигининг болалар меҳнатидан фойдаланишнинг энг ёмон шакли бўйича хулосалар жамланган 17-йиллик ҳисоботида Ўзбекистонга ижобий баҳо берилгани натижаси бўлди.

Мазкур ҳисоботда Ўзбекистон ҳукумати сўнгги йилларда пахта йиғим-терими даврида болалар меҳнатидан фойдаланишни сезиларли равишда қисқартиргани қайд этилган.

Пахта терими вақтида болалар меҳнатидан фойдаланиши сабабли Ўзбекистон ҳукумати доимий равишда халқаро танқид нишонига айланиб келди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан ўтказилган мустақил мониторингларда, улар тайёрлаган ҳисоботларда пахта мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланиш жуда катта кўлам касб этиши жуда кўп бора таъкидланган.

Бу саъй-ҳаракатлар натижасида халқаро майдонда ўзбек пахтаси бойкот қилинди, болалар меҳнати мавзуси ўзбек расмийларининг энг оғриқли нуқталаридан бирига айлантирилди.

Оқибатда ҳукумат болалар меҳнатига қарши амалда курашишга, бунинг учун сиёсий ирода кўрсатишга мажбур бўлди.

Мамлакатда болалар меҳнатига чек қўйилишига Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми ҳам катта ҳисса қўшди.

Ташкилот қатор йиллар давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни кўнгилли фаоллар иштирокида бевосита Ўзбекистоннинг ўзида мониторинг қилиб келди.

Шу асосда йиллик мустақил ҳисоботлар тайёрлаб, ОАВда эълон қилди, тегишли халқаро ташкилотлар ва ҳукуматлар эътиборига ҳавола этди.

“Бу мониторингдан кўзлаган асосий мақсадимиз Ўзбекистонда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг барча шаклларини тугатишга ҳисса қўшиш эди. Биз бу мақсадимизнинг бир қисмига эришганимиздан мамнунмиз”, дейди форум раҳбари Умида Ниёзова “Элтуз” билан суҳбатда.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда болалар меҳнати деярли бартараф қилинган бўлса-да, ҳали мажбурий меҳнатдан фойдаланиш кўлами катталигича қолмоқда.

Афсуски, мамлакатда жорий йилги пахта мавсумида ҳам мажбурий меҳнат аломатлари кўзга ташланмоқда.

Лекин бу энди алоҳида мақола мавзуси.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
11 январ 2016
Бугун соат 16.00 да бошланган маҳкама бор йўғи бир кун давом этди ва кутилмаганда ҳуқуқ ҳимоячисининг озод этилиши билан ...
14 июл 2017
11 июлда президент Шавкат Мирзиеев чиқиш стикерлари ўрнига ҳорижий паспорт жорий қилиш қарорини имзолади. Ҳужжатда, айни масалани кўриб чиқиш ...
5 июл 2016
Сўнгги вақтларда президентнинг ҳар бир чиқишига лаббай деб «отклик» ёзиш маҳорати борасида бошқаларга дарс бераётган «Адолат» газетаси бош муҳаррири ...
4 май 2017
Ўрислар «живучий» дейди. Ўзбекчада «яшовчан», «чидамли» деб таржима қилинади кўпинча. «Мослашувчан» деб ўгириш ҳам мумкин. Ўзбек матбуотига нисбатан шу ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...