Асосий мавзулар
27 сентябр 2024

Стефан Дюдуанон: “Чўлпонни оттирганлар Ўзбекистонда ҳамон эъзоздалигидан ҳайратдаман”

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида 26 сентябрь куни француз олими Стефан Дюдуанон (Stefan Dudouannon) иштирокида шоир Чўлпон хотирасига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.

“Абдулҳамид Чўлпонни оттиришда фаол иштирок қилган ўзбек ёзувчи ва шоирлари Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом ва Ҳамид Олимжон Ўзбекистонда ҳали ҳам эъзозда эканлигидан хайратдаман. Тасаввур ҳам қилолмайсиз, айни кунларда мен Абдулла Қаҳҳор кўчасидаги меҳмонхонада истиқомат қиляпман”, – деди франциялик тарихчи олим Стефан Дюдуанон таниқли жадид шоирга бағишланган тадбирда.

Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонада ташкиллаштирилган тадбирга йиғилганлар олимнинг бу очиқламасини гулдурос қарсаклар билан қарши олишди.

Чўлпоншунос олимнинг айтишича, хоинларнинг улуғланиши каби бундай ҳолатлар бошқа мамлакатларда, хусусан, Францияда ҳам кузатилган.

“Ҳақиқат ва озодлик учун тизимга қарши курашиб, таъқиб ва қатағонга учраган ҳамда, аксинча, тизимга мос равишда ижод қилиб, фаровон яшаган ижодкорлар ҳамма ерда, ҳамма вақт бўлган. Иккинчи тоифадагилар ҳар замон ва ҳар ерда биринчи тоифадагиларни қатағон қилишда фаол иштирок қилишган. Лекин вақт ўтиши билан халқлар ҳақиқатпарварларни улуғлаб, иккинчи тоифадагиларни ардоқлашни тўхтатишган” – деди Стефан Дюдуанон.

Олим Ўзбекистонда совет мафкураси тугатилганига чорак асрдан кўп вақт ўтганлигига қарамасдан, шу мафкурага хизмат қилиб, мамлакат озодлиги учун курашганларни қатағон қилганларга ҳануз эҳтиром кўрсатилаётгани унинг учун тушунарсиз эканлигини ҳам айтди.

Тадбир иштирокчиларининг саволларига жавоб берар экан, Стефан Дюдуанон французлар Чўлпонни жасорати учун севиб ўқишини таъкидлади.

“Чўлпон ҳақиқатпарвар бўлган. У ёлғондан жирканган. У бирорта мафкурага бўйсунмаган. Шунинг учун ҳам французлар Чўлпонни севиб ўқийди. Чунки жасорат ҳар қандай давлатда ҳам қадрланади”, – деди француз олими.

Аввалига тадбирни тақиқлашди…

Шоир Рауф Парфининг юбилейини тўхтатиш ортидан Чўлпон ижодига бағишланиб Франция элчихонаси билан ҳамкорликда 26 сентябрга режаланган тадбир ҳам бекор қилингани ҳақида «Элтуз» хабар берган эди.

Тадбир ташкилотчиси Анвар Назирнинг 21 сентябрь куни «Элтуз» мухбирига билдиришича, таниқли француз олими иштирокидаги тадбир Франция элчихонаси ва Алишер Навоий кутубхонаси маъмурияти билан аввалдан келишилган, кейин эса бекор қилинган.

Миллий кутубхона ортидан Ойбек уй музейи ҳам Чўлпон ва Рауф Парфи тадбирининг ўтказилишига қаршилик қилган эди.

Жумладан, кутубхона  буни жой бандлиги ва юқорининг розилигини олиш кераклиги, Ойбек уй музейи эса «контора»нинг қаршилиги билан изоҳлаган эди.

Бироқ тадбирга бир кун қолганида тадбир ташкилотчиси Анвар Назир ижтимоий тармоқда Навоий кутубхонасида ўтишига қайтадан келишилгани ҳақида хабар берди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича қайтиб келмабди. Бир қариндоши ...
18 декабр 2015
18 ноябр куни Жиззах вилоят ИИБ катта терговчиси Ориф Анарбоев Ўктамни 168 модда (фирибгарлик) ва 211 (пора олиш)да  айблаш ...
1 июл 2020
Power Briefs туркумининг Ўзбекистондаги пахта секторини хусусийлаштириш жараёнида асосий роль ажратилган кластерлар тизимига оид навбатдаги нашри тайёрланди.  Буюк Британиядаги Ольстер университетининг ...
31 март 2016
Унинг илк бекати, Ўзбекистон пойтахти Тошкентда мамлакат президенти Ислом Каримов билан учрашди. Штайнмайернинг Тошкентга ташрифи бир қанча немис ОАВ ...
Блоглар
9 май 2025
Хитой, Туркманистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Беларусь, Монголия, Ўзбекистон, Вьетнам, Лаос, Миср раҳбарлари Москвадаги “ҒАЛАБАФУРУШ” парадида империячи ...
30 апрел 2025
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
8 апрел 2025
Бошқирдистоннинг Ay Yola мусиқа гуруҳи яратган Homay қўшиғи туркий халқлар суперхитига айланди ва Shazam рейтинги ...