Урганчда яна бир кўприк қулади
Шу йил 2 ноябрга ўтар кечаси Хоразм вилоятининг Урганч шаҳридан Чолиш посёлкасига ўтадиган кўприк қулади.
Бу ҳақдаги хабар ва фотосуратларни телеграм ва фейсбукда қолдирган «Bloger N-M» каналига кўра, воқеа соат 21.00 да юз берган.
«Битта «Дамас» зарар кўрибди. Эгаси соғ бўлсин ишқилиб», дея ёзади блогер ўзининг фейсбукдаги саҳифасида.
Бундан илгари Хоразм вилоятида 2018 йилнинг 14 август куни Хонқа туманининг Қорақош қишлоғидан Янгиариқ туманига ўтувчи кўприкнинг бир қисми қулаб тушгани, оқибатда юк машинасига жиддий зиён етгани, ҳайдовчининг шифохонага ётқизилгани ҳақида «Элтуз» хабар берган эди.
2015 йилнинг 8 августида эса Урганч шаҳридаги «Ёшлар кўли»да янги қурилган кўприкнинг қулаши оқибатида ўндан зиёд одам сувга чўкиб ўлган ва ўнлаб одам жароҳат олган эди.
Фожеага собиқ прокурор, эндиликда Урганчдаги 8-ТВ канали раҳбари Улуғбек Собиров уюштирган концертга келган оломоннинг кўприк устида тўпланиши сабаб бўлган эди.
Eltuz.com