Асосий мавзулар
28 январ 2019

Тадбиркорларга хронометраж қўйилди

Янги йилдан бошлаб қўшимча қиймат солиғи жорий этилиши ортидан Ўзбекистонда тадбиркорларнинг солиқдан қочишга интилишлари янада кучайгани кузатилмоқда.

Сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда пештахталари бўшаб ётган йирик супермаркетлардан олинган суратлар кўплаб чоп этилмоқда.

Иқтисодиётнинг бундай қийин аҳволга тушиши мутахассислар томонидан аввалдан башорат қилинганди.

Чунки ҚҚСнинг бирданига 20 фоиз этиб белгилангани кўпчиликни ҳушёр торттирган, нарх-наво ошиши қочиб бўлмас ҳолат эканлиги тахмин қилинганди.

Январь ойининг аввалида унчалик билинмаган бундай вазият ой охирлаганда яққолроқ кўзга ташлана бошлади. Зеро, ҚҚС залвори энди-энди билинмоқда.

Тошкентнинг энг йирик бозорларидан бўлмиш “Ўрикзор”да савдо қиладиган тадбиркорлардан бирининг айтишича, солиқчилар дўконда ўтирволиб, кунлик тушумларни ҳисоб-китоб қилмоқда.

“Бизга хронометраж тушди. Солиқчи кун бўйи дўконда ўтириб, ҳар бир тушган сўмни ҳисобламоқда. Хронометраж 2-3 кунлаб давом этяпти”, дейди тадбиркор.

Шу ўринда тадбиркорлар хронометраж деб атаётган амалиётнинг моҳиятини тушуниб олиш зарар қилмайди.

Хронометражнинг маъноси шуки, солиқ идораси вакили савдо объектида бир кунда қанча савдо қилинганини бевосита ҳисоб-китоб қилиб боради. Шундан сўнг мана шу тушумга қараб тадбиркорнинг йиллик савдо ҳажми миқдори ҳисобланади ва у шу асосда солиқ тўлашга мажбурланади.

Гап шундаки, йиллик савдо айланмаси 1 миллиард сўмдан ортиқ бўлган тадбиркорлик субъектлари ҚҚС тўлашга ўтказилди. “Ўрикзор”да эса бундай катта айланмага эга бўлган тадбиркорлар кўпчиликни ташкил этади.

Фоизи катта бўлган ҚҚСга ўтиш эса йирик тадбиркорларнинг фойдаси кескин камайишига олиб келишини айтмоқда савдогарлар.

“Одамлар хронометраждан қочишнинг йўлини қилишга уриняпти. Масалан, дўкон олдига ўзининг одамини қўйиб, катта миқдорда харид қиладиган эски мижозларни аста четга олиб, гапни тушунтириб, қайтариб юборишяпти.

Доимий мижозлар орасида бирданига 2-3, ҳатто 5-6 миллион сўмга товар оладиганлар бор. Ўшаларни астагина ортга қайтаришяпти. Бўлмаса, агар шу куни савдо 100 миллион бўлса, ўша асос қилиб олиниб, кейин солиқ уйимизни куйдириб юборади”, дейди “Ўрикзор”да савдо қилувчи тадбиркор “Элтуз” билан суҳбатда.

Худди шундай ҳолат умумий овқатланиш соҳасида ҳам кузатиляпти. Тошкентдаги кафелардан бирининг хўжайини унга нисбатан ҳам хронометраж амалиёти қўлланилганини айтди.

“Бир кунда 10 миллион сўм ҳисоблаяпти ва кунига банкка шунча пул топширасан, деяпти. Мен топган пулимнинг ҳаммасини банкка топширсам, кейин қандай ишлайман”, дейди кафе хўжайини.

Унинг айтишича, кунига 10 миллион сўмлик савдо қилгани билан гўшт, сабзавотлар каби кафе учун керакли маҳсулотларнинг ҳаммасини бозордан харид қилади. Банкка топширилган пулни эса барибир вақтида ололмайди. Натижада кафенинг иши юришмайди.

Тадбиркорлар ўзларини солиқ тўлашдан қочишга мажбур қилаётган ҚҚС балоси билан имкон қадар курашаётган бир пайтда давлатнинг тегишли идоралари бу янги солиқ сиёсатини оқлаш ҳаракатини давом эттирмоқда.

Жумладан, Давлат солиқ қўмитаси ихтиёрий равишда ҚҚС тўлашга ўтадиганлар учун “ягона солиқ тўлови суммаси бюджетга тўланиши лозим бўлган ҚҚС суммасига, лекин ягона солиқ тўлови суммасининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорга камайтириш тартиби сақланиб қолиниши”ни билдирди.

Лекин давлатнинг “ширин” сўзлари тадбиркорларни ишонтира олаётгани йўқ. Аксинча бўляпти ҳаммаси.

Зеро, бозор иқтисодиёти фойда кўришга асосланган. Тадбиркорнинг фойдасини камайтирадиган ҳар қандай янгилик эса иқтисодиётга тескари таъсир кўрсатади.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
28 сентябр 2017
Андижон шаҳрида, маҳалла фаоллари газ баллон бериш ваъдаси билан одамларни пахта теримига жалб қилишмоқда. «Элтуз» мухбирига кўра, Андижон шаҳридаги ...
5 сентябр 2016
Ўзбекистон ичидаги журналистика яна бир бор навбатдаги синовдан ўта олмади. ТВси ҳам, газетаю журналлари ҳам ўта олмади. Ўзбекистонда президент ...
4 июн 2019
Гулнора Каримованинг Европада музлатилган активлари Ўзбекистонга ҳозир қайтариладиган бўлса, улардан белгиланган тартибда фойдаланилмаслиги ёки ҳукмрон доиралар вакиллари ёхуд уларнинг ...
26 октябр 2020
Ижтимоий тармоқларда популистлар томонидан Франция маҳсулотларига бойкот эълон қилиш ҳақида чақириқлар пайдо бўлмоқда. Келинглар, бу тадбирдан кимга қанақа зарар ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...