• Суратда: Владимир Литвиненко
Асосий мавзулар
20 май 2019

Қамоқда қолаётган полковник МХХ қийноқлари ҳақида гапирди

Олмалиқдаги 47-манзил колониясида сақланаётган 72 ёшли полковник, Чирчиқ шаҳридаги танк заводининг собиқ раҳбари Владимир Литвиненко “Элтуз”га берган интервьюсида уни 9 йил бурун уйдирма маълумотлар ва қийноқлар билан АҚШ фойдасига жосуслик қилишда айблаб қамашганини билдирди.

“Ҳозир шахсимга нисбатан бурунгидек шафқатсиз муносабатлар бўлаётгани йўқ. Аёвсиз қийноқлар мени қамоққа олиш ва тергов пайтида кучайтирилган эди”, деди собиқ полковник Литвиненко “Элтуз” мухбирига берган интервьюсида.

Литвиненко 2010 йилнинг августида  Жиноят кодексининг 157-моддаси (“давлатга хиёнат”) билан айбланиб 15 йилга озодликдан ва полковник ҳарбий унвонидан маҳрум этилган эди. 

Ўтган ойда Владимир Литвиненко билан учрашишга муваффақ бўлган ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева унинг баданидан қийноқ излари ҳамон кетмагани, собиқ полковник унга ўз баданидаги қийноқ изларини кўрсатганини айтди.

Фото: Елена Урлаева
Собиқ полковник Литвиненко ҳуқуқ фаолига оёғидаги қийноқ изларини кўрсатмоқда

Литвиненконинг ҳуқуқ фаолига айтишича, 2010 йилнинг февралида собиқ полковник ва Чирчиқдаги ҳарбий завод директори ўз уйида МХХнинг махсус бўлими ходимлари томонидан ҳибсга олинган. Тинтув вақтида унинг уйидан 6000 АҚШ доллари олинган, лекин олинган буюмлар реестрида қайд этилмаган.

Литвиненко Фарғонага олиб келиниб, гаупвахтада ва тергов изоляторида қаттиқ қийноқларга солинган. 

Шунингдек, унинг кўзи олдида Қуролли кучлар подполковниклари Сергей Карсеев ва Александр Максеев, генерал Феруз Усмонов, собиқ фавқулодда вазиятлар вазири Қосим Аҳмедов калтакланган. Улар яқинлари олдида қийноққа солиниб, аёллари ва болаларини зўрлаш билан таҳдид қилинган. 

Литвиненконинг олдида унинг қаттиқ калтакланган 9 нафар курсанти олиб келинган ва агар у ёллаш бўйича айбловни тан олса, улар озод этилиши айтилган. У ўз курсантлари ҳаётини сақлаб қолиш учун бу айбловни бўйнига олган. 

Собиқ ҳарбий Тошкентга, МХХ тергов изоляторига олиб келинганда унга турли қийноқлар қўллаш давом этгани, хусусан, бурни, жағи синдирилгани, тишлари тўкиб олинганини билдирган. 

“Мен ҳалол офицерман. “Ўзбекфильм” режиссёри Жаҳонгир Аҳмедовнинг терроризмга қарши кураш мавзусидаги “18-квадрат” фильмида мени суратга туширишган”, дейди В.Литвиненко. 

“Мен Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевдан Бош қўмондон сифатида Қуролли кучларнинг кўплаб ҳалол офицерлари, жумладан, мени ҳам ноқонуний айблашганига, ҳеч қандай тергов бўлмагани, аслида қийноқлар бўлганига эътибор қаратишни сўрайман. Биз Ватанга хизмат қилишда давом этишни хоҳлаймиз ҳамда озодлик ва реабилитация талаб қиламиз”, дейилади собиқ ҳарбийнинг Олий суд ҳарбий коллегиясига ёзган кассация шикоятида. 

В. Литвиненко унинг АҚШ махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилгани исботи сифатида фойдаланилган барча маълумотлар ёлғон ва уйдирма экани, “чин дилдан айбига иқрор бўлиши” ва кўрсатмалари қийноқлар ва шафқатсиз ҳаракатлар воситада олинганини таъкидлайди. 

Шунингдек. Елена Урлаева 49-қамоқ манзил колониясида сақланаётган маҳкум Али Шарифович Пиров билан ҳам учрашди. Тожикистонда туғилган бу собиқ ҳарбий 1989 йилдан 2007 йилгача Ўзбекистонда турли командирлик ва муҳандислик лавозимларида ишлаган. Сўнгги лавозими 55061-ҳарбий қисм командири. 

Елена Урлаева фотоси
Панжара ортида собиқ ҳарбий қисм командири Али Пиров

«Мен 1967 йилнинг 5 сентябрида Тожикистонда туғилганман, 1988 йили Тольятти ВВСКУда ўқишни тугатдим, 1989 йилнинг ноябридан 2007 йилгача Ўзбекистон ҳудудида командирлик ва муҳандислик лавозимларида хизматни ўтадим, сўнггиси 55061-ҳарбий қисм командири лавозими эди, 2007 йилнинг сентябрида МХХ ходимлари ёнимга патронлар ташлаб, мени ҳибсга олишди, 2008 йилнинг 1 апрелидан ҳарбий суд Тожикистон фойдасига айғоқчиликда айблаб 20 йил қамоққа ҳукм қилди», деди Пиров ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева билан учрашувида.

Ҳар икки собиқ ҳарбий қўлланилган қийноқларни батафсил тасвирлаш билан бирга, бу қийноқларни қўллаган МХХ ходимларининг исмларини келтирган. 

Ҳозир Ўзбекистонда кучишлатар тизимларнинг собиқ ходимлари, турли айбловлар билан қамоқда бўлган ва ҳали ҳам қамоқда қолаётганларнинг адолат ва реабилитация талаб қилаётгани тўғрисида кўплаб мурожаат мавжуд. 

Аммо Ўзбекистонда собиқ маҳкумларни, улар хоҳ сиёсий бўлсин, хоҳ бошқалар, реабилитация қилиш масаласи ҳамон очиқ қолмоқда. Бу эса мамлакатда ижтимоий адолатни қарор топтириш саъй-ҳаракатларига соя солиб турибди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
10 январ 2024
10 миллион долларлик кейс! Куппа кундузи тошкентлик бой отанинг қизи ва невараси ўғирлаб кетилиб, уларнинг калласи 10 миллион долларга ...
3 май 2018
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон парламенти тарихидаги илк ҳукумат соати ҳукумат аъзоларисиз ўтказилди. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ...
11 январ 2016
Бугун  Президент резиденцияси олдида пикет ўтказганлари учун олиб кетилган намойишчиларнинг соат кечки 22.00 да  қўйиб юборилгани хабар етиб келди. ...
4 октябр 2021
Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти судида 4 октябрь куни уч шахс – Миришкор тумани Чандир қишлоғида яшовчи Жонқул Наврўзов, ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...