Асосий мавзулар
10 октябр 2019

Янги матбуот хизматини яратиш баҳонасидаги кўзбўямачиликлар

Бугун республикада матбуот хизматларига эътибор қаратилмоқда, урра, урра билан президент қарори асосида барча шаҳар, туман ташкилотларида, ҳокимликларида янгидан ахборот хизматлари ташкил қилинди. 

4 октябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Комил Алламжонов раҳбарлигида йиғилиш бўлиб ўтди. 

Алламжонов томонидан матбуот хизматлари фаолияти кескин танқид остига олинди. 

“Раҳбарлар жон-жаҳди билан ишлашяпти-ю, аммо ахборот хизматлари уларнинг ишини кўрсатиб бера олмаяпти… Сизлар президент қарори остида ишлашингиз керак. Сизнинг мақомингиз раҳбар ўринбосарига тенглаштирилган”, – дея хулоса қилди Алламжонов. 

Президентнинг 2019 йил 27 июндаги “Ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг 4-қисми “б” бандида “Давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари бир вақтнинг ўзида давлат органи ва ташкилот раҳбарининг матбуот котиби ҳисобланиб, ахборот сиёсати масалалари бўйича раҳбарнинг маслаҳатчиси мақомига эга бўлади ҳамда меҳнатга ҳақ тўлаш, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шартларига кўра давлат органи ва ташкилот раҳбарининг ўринбосарига тенглаштирилади”, дейилган.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида барча вилоятларда маҳаллий ҳокимликлар ҳузурида ахборот хизматларини ташкил қилиш ишлари бошлаб юборилди. 

Кадрлар масаласида анча қийинчиликларга дуч келинди. Лавозимга тайинлаш мақсадида ҳокимларнинг фармойишлари чиқарилди. 

Аммо икки ой бўляптики, Алламжонов айтганидек, бу лавозимдагилар ҳақиқатдан ҳам ҳоким ўринбосарига тенглаштирилганмикин? 

Ёки керакли имкониятлар, шароитлар яратилдими, инвентарлар билан таъминландими? 

Энг ачинарлиси, уларга ҳали ойлик маош тайинлангани йўқ. Туман ҳокимликларида фаолият юрита бошлаган ахборот хизматлари икки ойдан бери маошсиз ва уларга яратиб берилиши шарт бўлган шароитсиз ишлашмоқда. 

Вилоят ҳокимликларида, ташкилотларида ҳам бу масала ҳалигача ойдинлашгани йўқ. Ишни талаб қилишни билган раҳбар лозим бўлган имкониятларни ҳам ўрнига қўйиш керак наздимизда.  

Бу кўзбўямачиликларнинг нима кераги бор? Яна шуни таъкидлаш лозимки, эндиликда туман ҳокимликлари матбуот хизматларини ойлик билан таъминлаш учун ҳокимликдаги исталган бир штат ўрнига матбуот хизмати раҳбарини ишга олади. 

Қоғозда туман ҳокимлигида етакчи мутахассис, амалда ва оғизда туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари. Энг ачинарлиси, ахборот хизмати раҳбарига ўрнини бўшатиб берган ходим ишсиз қолади. 

Унга штатлар қисқариши, дея жавоб беришади. Фикримизча, штатлар жадвали тасдиқлангандан кейин ходимларни ишга олиш лозим эди. Ахборот хизматлари бугун ана шундай ачинарли аҳволда экан, Алламжоновнинг уларни бундай танқид остига олиши нотўғри. 

Масаланинг туб моҳиятидан хабардор Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бу муаммоларни бартараф этиш чоарларни излайди, деган умиддамиз.

Мақола муаллифи туман ҳокимликларидан бирида ишловчи, исми сир қолишини истаган матбуот котиби

Тағин ўқинг
27 март 2019
Расмдаги аëл Эстония президенти Керсти Кальюлайд. Мюнхендаги конференцияда одамлар орасида ўтирганида уни танишмадиям. У мажлис залида эл қатори оддий ...
6 июн 2016
Йилдан йилга мамлакатда аҳоли сонининг ошиши, пул топиш қийинлашгани ва ўқиш сифатининг пасайгани боис Олий ўқув юртларига ўқишга кириш ...
13 май 2021
(Шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” аудиокитобининг 26-қисми. Матнни муаллифнинг ўзи ўқиган. Аудиокитобнинг боши ва олдинги қисмлари “Элтуз”нинг “Императив” ...
11 ноябр 2023
Элтуз порталига келган навбатдаги бешта шикоят мактубни ўқиб эшиттирамиз. Улар Ўзбекистоннинг Сурхондарё, Фарғона, Тошкент, Андижон ва Қашқадарё вилоятларидан келган. ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...