Асосий мавзулар
25 ноябр 2019

Президент журналистларга қилинган ҳоким таҳдидига муносабат билдирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ниҳоят Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг журналистларига таҳдидига ўз муносабатини билдирди.

Гарчи унинг баёнотида айнан ҳокимнинг номи тилга олинмаса ҳам гапнинг контекстидан масала айнан шу ҳақдалигини сезиш қийин эмас.

Журналистларга таҳдиднинг жамият, давлат ҳокимияти учун қанчалик хавфли эканини ҳисобга олганда Президентнинг сўзлари бир қарашда жуда юмшоқ кўринади.

Зеро, бу таҳдид бевосита президент ҳокимиятининг қудратига ва ислоҳотлар ўтказишдаги самимиятига, маҳаллий ОАВнинг қанчалик уйғоқлигига, жамиятнинг ўзини ўзи ҳимоя қилиш салоҳиятига юқори лавозимдаги мулозим томонидан берилган зарба эди.

Ўзини ҳурмат қиладиган мамлакатларда бундай зарбага қарши чоралар кўрилади, шунга яраша реакция бўлади. Очиқроқ айтганда, таҳдидчининг сиёсий каръераси масаласи ҳал этилади.

Бизда ҳам бу масала бугунги кунга келиб ҳал бўлганга ўхшайди. Афсуски, бу ечим давлат бошқаруви Ортиқхўжаев сингарилар томонида эканидан, жамият фикри унга таҳдид қиладиганлар учун бир пуллигидан гувоҳлик беради. 

Шуларни ҳисобга олганда, президентнинг Ортиқхўжаев таҳдидига оид баёноти халқаро ҳамжамиятни тинчлантириш, жамиятдаги ички безовталикни босишга қаратилдек туюлмоқда. 

Давлат раҳбари олдин ҳам ҳокимтўралару вазирлар, амалдорларни халқ билан мулоқотда маданиятли ва маънавиятли бўлишга чақириб келган. 

Аммо бунинг ортидан айнан шу чақириқларни унутиб, оғзидан чиқаётган гаплардан илон терисини ташлайдиганларни ордену медаллар билан тақдирлашга фармон берган. 

Агар бу сиёсат давом этишига ишоралар кўринаётганини эътиборга олсак, яқин орада Жаҳонгир Ортиқхўжаевга Ўзбекистон қаҳрамони унвони берилиши ҳеч гап эмасга ўхшайди. 

Бундай аччиқ истеҳзо учун асос борми? Албатта бор. Биринчи асосни юқорида эслатдик. 

Яна бир асос эса шундай ташвишли таҳдидлар янграганидан шунча кун ўтиб ҳам на президент администрациядан, на парламентнинг ҳар икки палатасидан бирорта нидо чиқмаганидир. 

Президентнинг баёноти қанчалик юмшоқ бўлмасин, ҳамма гап унинг қай даражада самимийлигига бориб тақалади. 

Ҳар ҳолда, эзгуликка, халққа, унинг қудратига таяниш шиори остида ислоҳотлар ўтказаётганини билдираётган президентнинг самимийлигига ишонгиси келади одамнинг. 

Бошқа чора ҳам йўқ. Президентга ишонишга уринган сари амалдорлари қовун туширишда давом этмоқда. Бу эса матбуот эркинлашаётганига умид қилаётганларни эзмоқда. 

Худди “кун.ўз”нинг тушкун кайфиятдаги журналистларидан бири ёзганидек, “осмон йироқ, ер қаттиқ. Аллоҳнинг ўзи суробини тўғриламаса, бандаларининг кучи етмаскан”.

“…ҳақиқий қиёфамизни кўролмай қолдик. Халқимизга очиқ-ойдин маълум бўлиб турган айбу нуқсонларимизни тан олмасдан, “мен ҳаммадан зўрман”, деб ўзимизга бино қўйиб, кеккайиб юравердик. “Юзинг қийшиқ бўлса, ойнадан ўпкалама”, деган доно мақолни буткул унутиб қўйдик”, деяётган давлат раҳбари самимий ҳам дейлик.

Аммо юзи қийшиқлиги учун унга ойна тутаётган журналистларга қарши курашаётганларнинг тинимсиз кечирим сўрашларида самимият бормикин?

Президентнинг шунча гапларидан кейин ҳам, журналистларга таҳдиди туфайли жамиятда кескин норозилик келтириб чиқарганидан буён ўтган кунлар давомида ҳам Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўзи ҳали гапларидан пушаймонлик сезгани тўғрисида бирорта ишора бергани йўқ. 

Балки у, ўзи айтганидек, уч-тўрт кунда ҳаммаси эсдан чиқишидан умид қилаётгандир. 

Бироқ ўзини ҳурмат қиладиган, эркинликка интиладиган матбуот ўзига бўлган, демократияга бўлган бундай таҳдидларни асло унутмаслиги керак!

Eltuz.com

Тағин ўқинг
11 март 2021
Андижон шаҳрида яшовчи Б.Б. қизида ОИВ (одам иммун танқислиги вируси) аниқлангани бўйича “Элтуз”га мурожаат қилди.  Унга кўра, ҳозир 17 ...
4 июн 2018
Солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиевнинг ишдан олиниши унга алоқадор кимсаларни кемадан қочишга уринаётган каламушларга айлантирган кўринади. Қудратли солиқчининг катта-катта ...
1 июн 2021
Тошкентлик фаол Алексей Гаршин Шоввозсойда Мирзиёев тегишли экани айтиладиган дам олиш маскани яқинигача етиб борди. Бу Тошкент вилоятининг Угом-Чотқол ...
28 апрел 2020
Куз ойининг қуёшли кунларидан бирида “барачний” Ҳасанбой ёнимга келди ва гапни чўзиб ўтирмай, “кетдик”, деди. “Қаерга?” – сўрадим ундан. – Ҳозир чойхонага ...
Блоглар
3 январ 2023
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатнинг 20-қисмида журналистнинг «Адабиёт нима?» деган ...
25 декабр 2022
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатнинг 18-қисмидан 90-йилларда таниқли адабиётшунос Иброҳим ...
20 декабр 2022
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ суҳбатнинг 17-қисми мухолифат ва ҳокимиятнинг келажаги ҳақида ...