• Фото: Муҳаммаджон Обидовнинг фейсбук саҳифасидан
Асосий мавзулар
17 январ 2020

HRW Хитой мусулмонлари аҳволидан ташвишда

Хитой ҳукумати инсон ҳуқуқларида ўзи учун экзистенциал таҳдидни кўради. Унинг шу муносабат билан қилаётган саъй-ҳаракатлари эса глобал кўламда инсон ҳуқуқлари учун экзистенциал таҳдид бўлиб қолмоқда. 

Бу ҳақда «Ҳьюман райтс уотч» (HRW) ташкилотининг 14 январь куни тақдим этилган йиллик ҳисоботида айтиб ўтилган. 

Унда ёзилишича, Хитой Коммунистик партияси сиёсий либераллашувга йўл очиб берса, ҳокимиятга монополлик мақомини бош беришидан чўчиб, «рухсат берилмаган» ҳар қандай танқидни аниқлаш ва олдини олиш мақсадида мамлакатда тотал давлат электрон назоратининг ўта замонавий тармоғини ва интернет цензуранинг нозик тизимини шакллантирган. 

Ҳисоботда Хитойдаги туркий мамлакатлар, хусусан, уйғурларнинг ҳуқуқлари бузилиши масаласида кенг ўрин берилган. 

«Бугунги Хитойда давлат бир вақтнинг ўзида миллион нафар уйғурни мажбурий сиёсий қайта тарбиялашга жўнатади ва қатағонларга қарши чиқишга журъат этган ҳар бир кимсани жазолайди», дейилади ҳужжатда. 

Унда таъкидланишича, 13 миллион мусулмон (уйғур, қозоқ ва бошқа туркий миллатлар) яшайдиган Шинжонда аҳоли устидан электрон кузатувнинг шу пайтгача мисли кўрилган машъум тизими синовдан ўтказилган. 

Шинжонга марказий ҳукумат томонидан сафарбар этилган юз минглаб амалдор ва партия фаоллари ўзларига бириктирилган мусулмон оилаларни мунтазам назорат қилиб боради.

Уларнинг ХКПга «етарли даража»да садоқат кўрсатмаслиги аниқланганда, дарҳол тегишли жойларга хабар етказилади. 

Хитой ҳукумати, ҳисоботда кўрсатилишича, бутун Шинжонда рақамли камералар ўрнатиб, ҳудуднинг мусулмон аҳолисига оид турли манбалардан олинган барча маълумотларни тўплашни амалга оширмоқда. 

«Олинган электрон маълумотлар асосида «қайта тарбиялаш»нинг мақсадга мувофиқлиги бўйича қарор қабул қилинади. 

Сўнгги ўн йил давомида дунё Шинжондагидек кенг кўламдаги лагерлар тизимига гувоҳ бўлмаган. Бу лагерларга қарийб миллион нафар мусулмон номаълум муддатга «сиёсий қайта тарбиялаш»га жўнатилган», дейилади HRW ҳужжатида. 

Бунинг оқибатида пайдо бўлган «етимлар»ни мафкуравий тарбиялашга хизмат қиладиган болалар уйлари ва мактаб-интернетлар ташкил этилган.

«Кўринишидан, максимум вазифа мусулмонларни диний ва этник ўзига хослик ҳамда эркин сиёсий позициядан бутунлай маҳрум этишдир”, дейилади ҳисоботда.

HRW Хитойдаги каби давлатнинг аҳолини тотал кузатуви бошқа давлатларни ҳам шундай йўл тутишга илҳомлантиришидан ташвиш билдирган. 

Хусусан, Хитойнинг бу тажрибаси Қирғизистон, Филиппин, Зимбабведа қизиқиш уйғотаётганига эътибор қаратилган.  

Юқоридагиларга қарамай, ҳужжатда айтилишича, Хитой дунё ҳамжамиятидан четлатилган давлатлар сирасига кирмайди. Аксинча, унинг халқаро ҳамкорлари жуда кўп, Хитой раҳбари эса ҳамма ерда энг олий даражада кутиб олинади. 

Автократ режимда қудратли ресурслар мавжудлиги оддий хитойликларга давлатни бошқаришга бирорта имконият қолдирмайди. 

Шундай мудҳиш сиёсат юритаётган Хитойнинг иттифоқчилари ҳам талайгина. 

Адолат ҳаққи-ҳурмати айтиш керакки, 2019 йил июлда БМТ инсон ҳуқуқлари қўмитасида илк бор 25 давлат Хитойнинг Шинжонда юритаётган сиёсатидан хавотир билдирган эди.

Энг қизиғи, қўмитада мавжуд тартибга кўра, бирорта давлат қўшма баёнотни ўқиб беришга тайёрлигини кўрсатмади. 

Халқаро майдондаги демаршлардан сўнг Хитойнинг «Шинжондаги терроризм ва радикаллашувга қарши курашиш чоралари ҳимояси»га бағишлаб тайёрлаган ҳужжатини 54 та давлат имзолади.

Бу давлатлар орасида инсон ҳуқуқларини бузиши билан танилган Россия, Сурия, КХДР, Мьянма, Беларусь, Венесуэла ва Саудия Арабистони кабилар бор эди. 

57 та давлатни бирлаштирган Ислом ҳамкорлиги ташкилоти (ИҲТ) Шинжондаги мусулмонлар ҳимоясига туриши керакдек аслида. Улар Мьянмадаги рохинья мусулмонлари қирғини вақтида шундай бирдамлик кўрсатган эди.

“Аммо Шинжон масаласида улар мусулмон фуқароларга ғамхўрлик қилаётгани учун Хитойга миннатдорлик билдирди”, дейилади HRW ҳисоботида.

“Элтуз” таҳририятидан: Хитой тарғиботи таъсири мазкур мамлакатга сафари уюштирилган ўзбек тарғиботчи журналистларини ҳам четлаб ўтмади. 2019 йил августда “Синьхуа янгиликлари” нашри таниқли ўзбек публицисти, Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси Фарғона вилояти бўлими раҳбари Муҳаммаджон Обидов Хитой томонининг таклифига кўра Шинжонга сафар қилгани ҳақида ёзди.

Хитойнинг иқтисодий ютуқларига оид баландпарвоз таассуротлари билан ўртоқлашган Муҳаммаджон Обидовнинг билдиришича, “жаҳон ҳамжамияти Ғарб ОАВларининг бу масалага (уйғурларнинг миллат сифатида йўқ қилиниши – таҳририятдан) бир томонлама, юмшоқроқ айтганда, нохолис ёндашувга асосланган хулосаларига учмаслиги керак.

«Тинчлик бор жойда тараққиёт бор. Бу Хитойнинг тинчликни сақлаш масадидаги танловидир», деб ёзди ўзбек журналисти ҳамда шу орқали тил ва маданият жиҳатдан ўзбек халқига энг яқин бўлган уйғур миллатига қарши Хитойнинг оммавий қатағонларини қўллаб-қувватлади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
29 август 2022
Муҳаммад Солиҳ билан кечган суҳбатнинг 4-қисми шеърият ҳақида. Бироқ у ёшлигида рассом бўлишни орзу қилганини айтади. Шунингдек у маддоҳлик ...
9 август 2021
Ўзбек олимларининг хорижда эълон қилинадиган мақолаларининг 98 фоизга яқини обрўси йўқ журналларда чоп этилади. Дэвид Триллинг Марказий Осиё бўйича илмий тадқиқотларни кузатиб ...
7 сентябр 2016
Вафот этган президент Каримовга сажда қилиш амалиёти тобора куч олаётир. Интернетнинг ўзбек сегментида хизмат кўрсатган артистлар, таниқли журналистлар ва ...
7 декабр 2017
Каримов режими ҳосиласи бўлган “журналист” Шерзод Қудратхўжаев матбуотдаги чиқишида ўзбекларни “бензин қимматласа, дод-вой соладиган арзон одамлар”, деб атади. У ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...