Document UZ
21 январ 2020

Гулнора Каримовага айблов – Кўзгули уйга хуш келибсиз

Профессор Кристиан Ласслетт

Ўтган ҳафтада Гулнора Каримовага нисбатан «ёпиқ эшиклар ортида» янги жиноий айбловлар бўйича суд бўлиб ўтди.

Каримованинг швейцариялик адвокати Грегуар Манжанинг билдиришича, Гулнорага ўз адвокатлари жамоасидан фойдаланиш имконияти берилмаган.

Грегуар Манжа твити: Адвокатсиз, ҳимоясиз бу “суд” эмас. Бу аслида ҳокимиятнинг суистеъмол қилинишидир.

Айни пайтда Каримова Тошкент вилоятидаги умумий тартибли колонияда ўн йиллик жазо муддатини ўтамоқда.

2015 йил августда Тошкент вилояти жиноят ишлари суди уни таъмагирлик, ўғирлик, солиқ тўлашдан бўйин товлаш каби жиноятларда айбдор деб топганди. Икки йилдан сўнг Каримова талон-тарож қилиш ва таъмагарликда айбдор деб топилди.

Унинг ҳамтовоқлари Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакян ҳам ҳарбий судда жавобгарликка тортилди ҳамда тегишлича 7 ва 6 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Тадқиқотчи Алишер Илҳомовнинг билдиришича, Каримова ва унинг шериклари устидан барча учта суд мажлиси ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган. Жамоатчилик айблов хулосаси матни билан танишиш имкониятига эга эмас, суд ҳукми матнини ҳеч ким кўрмаган, мустақил кузатувчилар суд эшитувларига қўйилмаган.

Каримовага қарши жорий жиноят иши

Каримовага қарши қўзғатилган янги иш давлат мулкини талон-тарож қилиш ва таъмагирликка оиддир.

Мазкур иш асосида «Қувасойцемент» ва «Бекободцемент» акциядорлик жамиятлари фаолияти ётибди.

Бош прокурорнинг таъкидлашича, Каримова бошқа шахслар билан тил бириктирган ҳолда ушбу цемент заводларининг давлат акцияларини пасайтирилган нархда сотиб олган.

Кейин эса, айбловда келтирилишича, у акцияларни хорижий тадбиркорларга сотган ва уларнинг ноқонуний фаолиятига ҳомийлик қилган.

Каримовага қарши ишда номи сир тутилаётган хорижий тадбиркорлар Қозоғистонда жойлашган, олигарх Айдан Карибжонов билан жуда яқин йирик конгломерат – Visor group нинг акциядорлари бўлиши мумкин.

Visor инвесторлари қонунбузарликларга оид ҳар қандай баёнотни кескин рад этмоқда.

Биз бу фактни билганимиз сабаби шуки, Visor нинг шериклари, жумладан, Карибжонов ҳали 2013 йилдаёқ Ўзбекистон ҳукуматига қарши халқаро арбитраж муҳокамасини бошлаган эди.

Порахўрлик ва экспроприация айблови

Давом этаётган ушбу арбитражда қозоғистонлик даъвогарлар Гулнора Каримовадан сотиб олинган акциялар 2010 йилдан 2013 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон ҳукумати томонидан тортиб олинганини билдирган.

Бугунги кунга келиб халқаро арбитраж Каримовага қарши янги жиноят ишининг асосий қисми ҳисобланаётган мазкур тижорий келишув ҳақида муҳим маълумот берувчи жиддий ҳужжатни эълон қилган. Бу эса суднинг судда кўришга тегишлиликка оид қароридир.

Қарорда келтирилишича, қозоғистонлик инвесторлар Ўзбекистондаги «Бекободцемент» ва «Қувасойцемент» АЖларга қарашли иккита цемент заводини 33,98 миллион АҚШ долларига харид қилган.

Visor бизнесмен Нурлан Бузаков билан ҳам «Бекободцемент» ва «Қувасойцемент» акцияларини харид қилиш имконияти билан таништиришда воситачилик ҳақи учун 3 миллион доллар қийматга эга битим имзолаган.

Бу АЖларнинг акциялари Кипрнинг United Cement Group (UCG) компанияси ва унинг Кипрдаги шўъба команияларига тегишли бўлган.

Vizor холдинг тизими чизмаси (манба: ICSID 2017)

Таъкидланишича, 2006 йилдан 2010 йилгача Visor «Бекободцемент» ва «Қувасойцемент»нинг «ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш ва такомиллаштириш учун 127 миллион АҚШ долларидан кўпроқ» инвестиция киритган.

Инвесторлар ушбу лойиҳа учун «Қозоғистондаги энг йирик Казкоммерцбанкдан 320 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдорда» кредит олганини ҳам айтмоқда.

Арбитраж маълумотларидан инвестицияларнинг, агар сармоя киритилган бўлса, қанча фоизи ўз капитали ва қанча фоизи кредит ҳисобидан молиялаштирилгани аниқ эмас. Бироқ инвесторларнинг «камида 500 миллион АҚШ доллари» миқдорида етказилган зарарни қоплаш талаби Казкоммерцбанк кредити ва унга ҳисобланган фоизларга асосланган.

Visor бу «ўзбек цемент саноатига киритилган ҳалол инвестиция эканлиги, аммо у Ўзбекистон ҳукумати томонидан таъқибга олиб олиш кампаниясига сабаб бўлгани»ни таъкидламоқда.

Ушбу таъқиблар компания ҳужжатлари ва активларига банд солиш ва мусодара қилиш, шунингдек, даъвогар компанияларга ва уларнинг айрим раҳбарларига нисбатан жиноий ва фуқаровий иш қўзғаш» кабиларни ўз ичига олган.

Арбитраж маълумотларига кўра, «Бекободцемент» АЖнинг 51 %, «Қувасойцемент» АЖнинг 12 % акцияси гўёки экспроприация қилинган.

Ўзбекистон ҳукумати бу даъвога қарши чиқди. Унинг таъкидлашича, Visor ўзининг оффшор шўъба компаниялари орқали қимматбаҳо қоғозлар билан фирибгарлик қилиш, коррупция ва бошқа ноқонуний фаолият билан шуғулланган.

Коррупция борасидаги айблов айнан Гулнора Каримовага оиддир.

Ўзбекистон ҳукумати Visor компанияси харид қилинган цемент заводлари акциялари нархи ниқоби остида Каримовага қарийб 8 миллион АҚШ доллари миқдорида ортиқча тўлаганини айтмоқда.

Бу эса, кўрсатилишича, ЎзР ЖКнинг 211-моддаси бузилиши ва пора ҳисобланади.

Ўзбекистон ҳукумати даъвогарларнинг «Caspian Resouces” шўъба компанияси ўзбек ҳукуматининг кўплаб амалдорларига тизимли равишда пора беришни мувофиқлаштирганини билдирган.

Ўзининг судда кўришга тегишлиликка оид қарорида арбитраж суд бу иддаоларни рад этиб, Visor акцияларни харид қилган 2006 йилда Каримованинг давлат мулозими бўлгани тўғрисида далиллар йўқлигини таъкидлади. Бу коррупция исботи учун муҳим шарт сифатида баҳоланди. Бундан ташқари, суднинг билдиришича, давлат Каримовага тўланган ортиқча сумма ҳақиқатан ҳам пора эканини исботлай олмаган.

Эътиборлиси шундаки, трибуналнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ҳукумати: «а) бу вақтда ҳукумат қамоғида бўлган Каримова хонимнинг гувоҳлик кўрсатмаларини тақдим этмаган, б) нега бунинг имконияти йўқлигини тушунтирмаган». Шунингдек, яна билдиришича, ҳукумат «ушбу муҳокама чоғида Каримова хонимнинг ролига оид ўтказилиши мумкин бўлган бирор-бир ҳукумат текширувининг натижаларини… ва Каримова хонимга унинг бизнес операцияларида ёрдам бергани маълум бўлган ҳамда жавобгар томоннинг қамоғида сақланаётган ёки қандайдир шаклда унинг ихтиёрида бўлган бошқа шахсларнинг гувоҳлик кўрсатмаларини тақдим этмаган».

Сатрлар орасини ўқиш: Каримовага қарши иш

Хўш, буларнинг ҳаммасига қандай аниқлик киритамиз?

Биринчидан, тан олиш керакки, юқори мансабдаги амалдорларнинг тижорий ишлари ва фирибгарликлари ҳақида гап борганда кўпинча оммага ошкор этилган ахборотлар ҳамда хусусий доирада аслида нима бўлганига оид маълумотлар бир-биридан сезиларли фарқ қилади.

Биз фақат оммага ошкор этилган маълумотларда мавжуд далиллардан келиб чиқадиган хулосалар қилишимиз мумкин.

Шу ёндашув асосида тўртта муҳим нуқтани ажратиб кўрсатиш мумкин.

  1. Цементга оид иш фақат цементга тегишли бўлиши шарт эмас.

Арбитраж суддаги даъволар ва қарши талабларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш керак.

Масалан, Visor ушбу икки цемент заводига бевосита ўз ҳисобидан қанча маблағ инвестиция қилгани ноаниқ.

Ўзбекистон ҳукумати компания «ўз харидини молиялаштириш учун Казкоммерцбанкнинг кредитларидан фойдалангани»ни таъкидлайди. У, айтилишича, кредит олиш учун капитали ёки акцияларини гаровга қўймаган.

Кўринишидан, қозоғистонлик инвесторлар бу иддаони рад этмайди ва «инвестицияларни амалга ошириш учун кредит маблағларга таяниш мутлақо тўғри» эканини таъкидлайди.

Албатта, кўрилгани айтилаётган зарар миқдори Казкоммерцбанкнинг 320 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредитига сезиларли даражада боғлиқ.

Бироқ, инвесторларнинг таъкидлашича, қарорда қўллаб-қувватланган позиция кўра, кредит капиталининг йўқотилиши даъво киритиш учун тўсиқ бўла олмайди.

Аммо бу кредит қарийб 33,98 миллион АҚШ доллари турадиган заводлар учун бир қарашда жуда катта суммадек кўринади.

Сўнгги хабарларга кўра, Жиззахда 150 миллион АҚШ долларига қуввати 1,2 миллион тонна бўлган янги цемент заводи қурилиши режалаштирилмоқда.

Жиззахдаги яна бир цемент заводининг қиймати 115 миллион АҚШ доллари, қуввати 1 миллион тоннадан сал ошиқроқ.

320 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит таъминоти учун Visor group нинг шўба компанияси – «Caspian Cement» МЧЖ гўёки заём кафолатини берган.

Суд қарорига кўра, кредит икки цемент заводининг ишлаб чиқариш қувватларини ошириш учун ишлатилган.

Очиқ тижорий маълумотлар бу заводларнинг қуввати сезиларсиз ўсганини кўрсатади.

Шунинг учун биз 320 миллион доллар билан нима юз берганини кўпроқ билишимиз керак.

Бундай катта маблағ иккита янги объектни нолдан қуриш учун етарли эканини ҳисобга олганда, у «Бекободцемент» ва «Қувасойцемент»нинг ишлаб чиқариш қувватларини оширишга нега керак бўлди?

320 миллион доллар Ўзбекистонда цемент заводлари қурилишига йўналтирилганига оид далилларни олиш мумкинми? Экспроприациядан сўнг нима бўлди? Visor форс-мажор эълон қилдими? Банк «Caspian Cement» МЧЖдан гаров талаб қилдими?

Бу фактларнинг барчаси Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан даъвога қанчалик асос борлигини аниқлашга тааллуқли.

Оддий қилиб айтганда, бу, худди Visor таъкидлаётгандек, давлат томонидан ноқонуний экспроприацияга дуч келган ҳақиқий инвесторнинг ишими, биз буни билмаймиз. Ёки, ўзбек ҳукумати билдираётгандек, хорижлик инвесторлар Казкоммерцбанкнинг 320 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредет линиясини суиистеъмол қилиш мақсадида Ўзбекистондаги нуфузли сиёсий шахслар билан келишиб, кичик автивларни харид қилганми?

Арбитраж эшитувларининг ҳажмидан келиб чиқиб, бу саволларга умуман жавоб берилмаслиги ҳам мумкин. Зеро, бундай эшитувларнинг жуда чекланган ёзувлари хулоса учун етарли эмас.

  1. Каримовага қарши далиллар

Арбитражнинг суд ваколатига доир қарори боис Каримовага қарши навбатдаги иш бўйича қатор муҳим масалалар юзага чиқади. 2017 йилда ҳам Ўзбекистон ҳукумати арбитраж судни бу ҳақиқатан ҳам порахўрлик ва қимматбаҳо қоғозлар билан фирибгарлик қилишга доир иш эканига ишонтира олмаганди.

Шундай экан, орадан икки йил ўтиб Ўзбекистон ҳукуматига мазкур жиноят иши бўйича айблашда муваффақиятга эришишга нима имкон берганини сўраш керак бўлади.

Ҳакамлик суди Ўзбекистон ҳукумати Каримовани гувоҳ сифатида чақирмагани ва эҳтимолий жиноятларга оид ўз суриштирувлари чоғида олинган далилларни тақдим этмаганини билдирди.

Бу эса ишонарли далиллар умуман йўқлигининг исботи бўлиши мумкин.

Ёки бундай далиллар ҳақиқатан ҳам бор, аммо улар ошкор этилган тақдирда ахборот сизиши (масалан, Тошкентдаги ёпиқ суд мажлисидан) эҳтимоли боис ҳамон ҳокимият тепасида қолаётган давлат мулозимларининг ҳамтовоқлиги борасида саволлар уйғотиши мумкин. (Бундай бош оғриғи аввалроқ Каримованинг телекоммуникация компаниялари билан боғлиқ коррупцион можаролари сабаб ҳам юзага келганди).

Ўз навбатида, бош прокурор жорий жиноят иши халқаро компания томонидан тақдим этилган янги маълумотлар натижаси эканини таъкидламоқда.

Бу компаниянинг номи сир тутилмоқда.

Шунинг учун ушбу халқаро манбанинг мотивацияси ва нуфузини кўриб чиқиш имконсиз. Бу масала ҳозир ҳам батафсил ўрганишга муҳтождир.

Шунингдек, агар ушбу рад этиб бўлмайдиган далиллар қўлга киритилган бўлса, улардан Visor компанияси билан суд муҳокамаси чоғида давлат хазинасини ҳимоя қилишда қандай фойдаланиляпти, деб ҳам сўраш керак.

  1. Қонуний ғамхўрлик, ноқонуний якун

Юқорида айтилганларнинг ҳеч қайсиси Каримова айбсиз экан, деган фикр уйғотмаслиги лозим.

Унинг Ўзбекистон халқига қарши жиноятлари сезиларли сиёсий таъсирдан холи бўлган ва суд амалиётининг юқори стандартлари асосида фаолият кўрсатадиган Нидерландия ва АҚШда ўтаётган суд жараёнларида ҳужжатлар асосида исботланган.

Афсуски, Ўзбекистонда, айниқса, сиёсий ишлар бўйича суд жараёнлари ҳали-ҳунуз турли ноқонуний таъсирлар сабаб коррупциялашгандир. Бойлар ҳам, камбағаллар ҳам, «ярамаслар» ҳам, «тозалар» ҳам суд тизимининг сиёсий жиҳатдан назорат қилинадиган қарорлари оқибатларидан жабр кўради.

Ушбу ҳолатда мазкур суд жараёнида ноқонуний таъсир муайян роль ўйнаган бўлиши мумкинлигини шубҳа қилишга бир неча сабаблар бор.

Гулнора Каримова бугунги ҳукмрон доиралар учун потенциал таҳдид ҳисобланади.

У мазкур доираларнинг узоқ тарихини яхши билади. Каримова ўзининг ахборотни қўлга киритишга бўлган кенг имкониятидан фойдаланган ҳолда рақибларига зарба бериш илинжида ушбу тарихлар ҳақида оммага ошкор этишга тайёрлигини билдирган.

Шунинг учун турли компроматларга эга қувилган элитани жим туришга мажбурлаш мақсадида Каримова таъқиб қилинаётган бўлиши эҳтимоли бор.

Яна бир эҳтимол мавжуд.

Ўзбекистон ҳукумати томонидан суд жараёнлари Каримова ва унинг оиласига улар чет элда сақланаётган активларини қайтаришга рози бўлаётгани учун босимни кучайтириш мақсадида қўзғатилмоқда.

Бу порахўрликка оид айбловлар асоссиз эканини англатмайди. Каримовада барибир шундай репутация мавжуд. Аммо, сўзсиз, жиноий таъқиб ундан нохолис мақсадларда фойдаланиш ниятида яққол сиёсийлаштирилаётгани эҳтимоли ҳам мавжуд.

Бу эса сўнгги, тўртинчи нуқтага олиб келади.

  1. Зулматда активларни қўлга олиш

Бугун Ўзбекистондаги сиёсий ва иқтисодий чўққини эгаллаб турганлар кучларнинг нозик мувозанати билан тавсифланадиган, «папа»нинг ўзи эртага маҳкумга айланиши мумкин бўлган тарқоқ муҳитда мавжуд бўлиб турибди. Бундай воқеа юз берса, активлар ғолиб гуруҳлар ўртасида тақсимланади ва талон-тарож қилинади.

Жамоатчиликка маълум чекланган маълумотлар Каримованинг Ўзбекистондаги ички активлари мусодара қилингани ва қайта тақсимланганидан дарак беради. Кимга ва қандай шартлар асосидалиги масаласи эса ҳозирча маълум эмас.

Бундай бўлиши керак эмас. Агар бу мулк ўзбек халқига қарши жиноятлар оқибати бўлса, демак у халқнинг мулки. Ҳукумат эса Каримова содир этган жиноятлар оқибатида аҳолига етказилган зарарни қоплаш учун бу мулкдан қандай фойдаланаётгани ҳақида ҳисобот бериши керак.

Таҳдид шундаки, бу мулклар турли чалкаш йўллар орқали нуфузли сиёсатчилар ёки улар билан яқин алоқадаги олигархларнинг яширин активларига тақсимланади.

Ўзбекистон ҳукумати Каримованинг тахминан 1,5 миллиард АҚШ долларига тенг оффшор активлари борлигини энди яшириб ўтирмаяпти. Бу ҳар қандай кўламда сезиларли миқдордаги маблағдир.

Ушбу активларни қайтариш улар жойлашган мамлакатлар ҳукуматлари ва судлари билан ҳамкорлик қилишни талаб этади. Бу эса осон эмас.

Халқаро майдонда активларни масъулият билан қайтариш прецедентлари сони кўпаймоқда. Оддий қилиб айтганда, бутун дунёда ҳукуматлар ўғирланган мулклар коррупционерларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларидан азият чекаётганлар манфаати йўлида ҳисобдорлик ва бағрикенглик тамойиллари асосида қайтарилиши шартлигини тушуниб етмоқда.

Ушбу стандартларга таянаётган фуқаролик жамияти вакиллари ўғирланган активлар жабр чеккан аҳолига фойда келтириши ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришини хоҳлаётир.

Ўзбек фаоллари музлатилган маблағларни Ўзбекистонга қайтариш жараёнида амал қилиниши керак бўлган жиддий стандартлар ўрнатилишини талаб қила бошлади.

Кейинги ойлар ва йилларда ушбу активларни Ўзбекистон халқига қайтариш учун кучли тузилмалардан фойдаланилиши, шунингдек, уларни очкўз элитадан ҳимоя қилиш чоралари кўрилиши жуда муҳим бўлади.

Каримовага қарши янги ишлар қўзғатилгани сари ҳушёрлик, шунингдек, ОАВда чиқадиган маълумотларга нисбатан соғлом скептицизм ҳисси талаб этилади.

Воқелик шуки, Каримова Ўзбекистон халқига зарар етказадиган ноқонуний фаолият бошлаган давлат корпорациясига етакчилик қилганига доир ишончли далиллар мавжуд. Шунга қарамай, элита гуруҳлар бир-бирининг активларини талон-тарож қилиши ва рақибларини қувиш учун суд тизимига таъсиридан фойдаланиши шароитида адолатга эришиш кучли сиёсийлашган контексда жуда нозик иш бўлиб қолаверади.

Мақола муаллифи Кристиан Ласслетт Ольcтер университетининг криминология фани профессори. Профессор Ласслетт Жиноятчиликка қарши кураш бўйича Халқаро давлат ташаббуслари кенгаши аъзосидир. У Марказий Осиё, Европа ҳамда жанубий Тинч океанида коррупция ва клептократия соҳаси тадқиқотчиси ҳамдир. Унинг сўнгги китоби «Урбанизация жиноятчилигининг фош қилиниши» 2018 йил Routledge илмий нашриёти томонидан чоп этилган.

Тағин ўқинг
17 июн 2016
80- йиллар охирларида саҳна юзини кўрган «Ойна» драматик асари орқали прокурорларнинг арзанди ўғиллари қилаëттган жиноятларни фош қилган ëзувчи «коммунист ...
7 феврал 2020
Хитой ҳукумати 5‏ февралгача Шинжон-Уйғур мухтор туманида «Ухань вируси»га чалинганлар сони 32 кишига етганини эълон қилди. Мухтор туман Соғлиқни ...
28 сентябр 2018
Андижон вилояти шошилинч тез тиббий ёрдам хизмати шифокори А.нинг «Элтуз»га билдиришича, бундан 5-6 кун олдин вилоят ҳокимлиги вакили (А. ...
7 сентябр 2020
Гарчи Ўзбекистон исломий ҳаракатининг (ЎИҲ) ўзи энди халқаро жиҳоднинг мураккаб майдонида муҳим иштирокчи бўла олмаса-да, унинг бутунлай йўқ бўлиб ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...