UzPoster
7 октябр 2020

Комил Алламжонов иши: Ўзбекистонда давлат кўмаги ва киборлар

Ислом Каримовнинг узоқ давом этган (1991-2016) беқарор сиёсатидан сўнг ҳокимиятни эгаллаган Шавкат Мирзиёев улкан ислоҳотлар даъвоси билан майдонга чиқди. Хусусан, у ҳамма учун тенг ва тўсиқсиз бизнес муҳитини яратиш сиёсатини эълон қилди. 

Аммо Power Brief туркумидаги навбатдаги тадқиқот президент Шавкат Мирзиёевнинг бу сиёсати жудаям шаффоф эмаслигини кўрсатади.

“Элтуз” нашри ушбу тадқиқотнинг айрим жиҳатларини мақола шаклида муштарийларга етказишга қарор қилди. 

Тадбиркорлик пардаси ортида

Комил Алламжонов президент Шавкат Мирзиёев ҳукумати ислоҳотларининг дастлабки босқичида жуда муҳим мавқега эга шахслардан бири эди. 

У 2017-2018 йилларда президентнинг матбуот котиби сифатида Каримовнинг авторитар тузуми остида эзилган мамлакат ребрендингини амалга ошириш, имижини юксалтиришга масъул бўлди. 

2018 йилда унга Ўзбекистон ахборот ва матбуот агентлиги (2019 йилда Ахборот ва оммавий  коммуникациялар агентлигига айлантирилган) раҳбари сифатида тўртинчи ҳокимиятнинг қаддини кўтариш мажбурияти юкланди. 

Аммо бизнес соҳасидаги асосий шубҳали амаллари унинг 2005-2013 йилларда Давлат солиқ қўмитасида масъул лавозимларда ишлаган даврларига тўғри келади. 

Тадқиқот давомида йиғилган далиллар ўша даврда у томонидан асос солинган “Солиқ инфо” таҳририяти (солиқ масалалари мутахассисларига мўлжалланган газета), БЭM (бухгалтерга электрон мадад – бухгалтерия ҳисоби учун дастурий таъминот) E-Report Service (солиқ платформаси) компаниялари Давлат солиқ қўмитасининг бевосита кўмагида ишлаганидан далолат беради. 

Алламжонов бу борадаги сўровларга жавоб бермаган бўлса-да, далиллар унинг компаниялари ўз маҳсулотлари ва хизматларини сотишда, реклама қилишда давлат кўмагидан фойдаланганини кўрсатади.  

Мазкур мақолада Soliq Info, BEM Systems, E-Report Service компаниялари ҳақида сўз боради. Гарчи Комил Алламжонов бу компаниялар фаолиятида давлат кўмаги масаласида мум тишлаб ўтирган бўлса-да, тадқиқот давомида қўлга киритилган маълумотлар муайян таассуротларга эга бўлиш имкониятини беради. 

Масалан, у Forbesдаги очиқ мулоҳазаларида ўзининг шахсий бизнес манфаатлари ҳақида сўз юритади. Бу мулоҳазаларида у Soliq Info, BEM Systems, E-Report Service ва Avtotest Report компаниялари, Uz24 янгиликлар портали таъсисчиси эканини айтади. 

Аммо ушбу тадқиқот тайёрланаётган 2019 йил августда у ушбу компаниялар акциядорлари реестрида кўринмайди. Шунга қарамай, мазкур компанияларга боғлиқ патентлар реестрида уларнинг муаллифи Алламжонов экани кўрсатилган. 

Масалан, “Солиқ инфо” таҳририятининг акциядорлари расман Елена Камоловна Алламжонова ва Х.Султонова ҳисобланади. Елена Алламжонова Комил Исмоилович Алламжоновнинг рафиқасидир. (К.Алламжоновнинг Википедиядаги профили 2020 йил 30 июлда таҳрир қилинган бўлиб, унинг рафиқаси ҳақидаги маълумотлар ўчирилган).

E-Report Service нинг акциядори эса Султонова Хуршида Исмоиловнадир. BEM Systems эса ўз таъсисчиси “Солиқ инфо” таҳририяти орқали яна Комил Алламжоновга боғланади. 

Давлат реестридаги бу маълумотлар 2020 йил 26 апрелда қайта текшириб кўрилганда айрим ўзгаришларга учрагани, аммо улар Комил Алламжоновга боғлиқ бўлиб қолавергани кўринади. 

Soliq Info ва BEM Systems компаниялари ташкил этилган вақтда Комил Алламжонов Давлат солиқ қўмитаси матбуот котиби, кейин эса қўмита ахборот хизмати раҳбари лавозимларида ишлар эди. 

Кўринишидан, бу компанияларнинг иккаласи ҳам Алламжоновнинг лавозими сабабидан маркетинг ва давлат амалдорларига чиқиш имкониятлари юзасидан катта имтиёзларга эга бўлган. 

Хусусан, Давлат солиқ қўмитаси Soliq Info билан биргаликда юқори мансабдорлар иштирокида семинарлар ўтказган. Бу семинарлар доирасида БЭМ ва Soliq Info маҳсулотлари тўғридан-тўғри иштирокчиларга сотилган. 

Бу пайтда Давлат солиқ қўмитаси Каримовнинг авторитар аппаратида энг қудратли тузилмалардан бири эди. Шунинг учун бу маҳсулотларни “ихтиёрий” сотиб олиш таклифини рад этишга на бизнесменлар, на бухгалерлар журъат эта олган. 

Гарчи бу коррупцион ҳаракатларда Комил Алламжонов шахсан иштирок этганини исботлаш қийин бўлса-да, Давлат солиқ қўмитаси масъул ходими ва мазкур компаниялар таъсисчи сифатида унинг бехабар қолишини тасаввур қилиш янада мушкул.

Интернетда 2011-2013 йилларда BEM ва Soliq Info маҳсулотлари Давлат солиқ қўмитаси ташкил этган тадбирларда қандай сотилгани тўғрисида кўплаб хабарлар мавжуд. 

“Солиқ инфо” газетасига обуна бўлиш учун жиддий сабаблар бор эди. Қонун бўйича у банкротлик тўғрисидаги молиявий эълонларни чоп этувчи расмий нашр сифатида тан олинганди. 

БЭМга оид маълумотлар янада турфа хил. Масалан, кўплаб фойдаланувчилар бу дастурий таъминот ишончли эмаслиги ва тез-тез “осилиб қолиши” ҳақида ёзган. Айрим бухгалтерлар эса гарчи БЭМни сотиб олган бўлса-да, унинг рақобатчиси бўлмиш 1С дастурини маъқул кўришини билдирган. 

Хусусий компания маҳсулотларининг расмий идоралар вакиллари воситачилигида сотилиши давлат ҳокимиятини суиистеъмол қилиш ҳисобланади.

Шунга қарамай, Алламжонов ёки БЭМ ва “Солиқ инфо”нинг корпоратив раҳбарияти бу суиистеъмолликлар учун тўғридан-тўғри масъул деган якуний хулоса билдиришга ҳуқуқий асос топиш имкони бўлмаса-да, улар бу саъй-ҳаракатлардан каттагина манфаат олганини инкор этиб ҳам бўлмайди. 

Қолаверса, солиқ идоралари истеъмолчиларни Soliq Info ва БЭМ маҳсулотларини сотиб олишга мажбурлаганига оид далиллар керагидан ортиқ.

E-Report Service компанияси мисолида эса давлат Комил Алламжонов томонидан асос солинган бу бизнесга махсус кўмак ва маркетинг хизматлари кўрсатгани ҳужжатлар асосида далилланади. 

E-Report солиқ ва бухгалтерия ҳисоботларини онлайн топширишга имкон берадиган дастур ва рақамли платформадир.

Ўзбекистон Республикаси Миллий ахборот-коммуникация тизимини 2013-2020 йилларда комплекс ривожлантириш дастурини амалга оширишни мувофиқлаштириш бўйича республика комиссияси баённомасида ушбу дастурий таъминотни жорий этишга расман розилик берилган. 

Комиссия йиғилиши баённомасида Давлат солиқ ва Статистика қўмиталари ҳамда Халқ банки манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда  Ereport дастурий таъминотининг хўжалик юритувчи субъектлар томонидан харид қилиниши учун шартномалар тузишга ёрдам кўрсатиш ва кенг тушунтириш ишлари олиб боришга розилик бергани айтилади. 

Оддий тилда айтганда, давлат хусусий компаниянинг маҳсулотларини сотишга ёрдам кўрсатмоқда. Компания веб-сайти архивида платформадан 12 ой фойдаланиши учун мижоз 300 минг сўм тўлаши кераклиги тўғрисидаги маълумотлар сақланган. Баённомада давлатдан худди шундай ёрдам оладиган бошқа бирорта компания тўғрисида гап-сўз йўқ.

Комил Алламжонов томонидан асос солинган Soliq Info, BEM ва E-Report компаниялари фаолиятига тегишли умумий уйғунлик шундаки, улар давлат органлари, асосан, Давлат солиқ қомитаси томонидан махсус маркетинг ва тижорий ёрдам олган.

Бу ёрдам мазкур компанияларга жуда катта манфаат олиб келгани ҳисобга олинса, қудратли давлат органи юқори мартабали давлат хизматчисининг шахсий манфаати йўлида жуда улкан ёрдам кўрсатгани ойдинлашади. 

Тағин ўқинг
19 март 2019
Президент Мирзиёев 15 март кунги фармони билан прокуратура идораларидаги 1 198 штатни қисқартирди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди. ...
8 июл 2019
Ижтимоий тармоқда Ўзбекистоннинг ўлган президенти Ислом Каримовнинг Самарқанддаги мозорига қўйилган лавҳадаги ёзувлар баҳсларга сабаб бўлди. Кимдир унинг ўлганидан кейин ...
7 декабр 2016
Жаҳон ҳамжамияти, ўзбек фуқаролик жамияти фаоллари ва ЕҲҲТ кузатувчилари сайловларнинг бу сафар ҳам эскича ўтганини эътироф қилди, гарчи ўзбек ...
11 апрел 2021
Наманган вилоятининг Косонсой тумани «Cувоқова» корхонаси директори Муҳаммадали Камолов дохил жами тўрт киши ташкилот чилангари Абдулло Эшонхўжаевни 7 апрель ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...