• Фото: Uzbek Forum
Асосий мавзулар
29 март 2021

Мустақил касаба уюшма халқаро майдонда қўллаб-қувватланмоқда

Бир қанча нуфузли хорижий ташкилотлар Ўзбекистонда яқинда таъсис этилган илк мустақил касаба уюшмасини давлат рўйхатидан ўтказиш талаби билан қўшма баёнот имзолади.

“Халқ бирлиги” номини олган янги мустақил касаба уюшмаси март ойида Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятидаги “Индорама Агро” компанияси ишчилари томонидан таъсис этилди. 

“Озодлик” радиосининг янги ташкилот раисаси Роза Агайдаловага таяниб хабар беришича, мустақил касаба уюшмаси дарҳол расмийларнинг босими остида қолган. Хусусан, уюшмага аъзо бўлган ишчилар – собиқ фермерларга Оқолтин тумани ҳокими ишдан бўшатиш, уларда қолган бир қисм ерни ҳам олиб қўйиш билан таҳдид қилган. 

“Ҳоким уларни нега ноқонуний ташкилотга аъзо бўлдинглар, деб босим ўтказган. Мен улар билан суҳбатда ҳокимнинг бу таҳдиди одамларга салбий таъсир қилганини сездим. Уларни шу даражада қўрқитиб қўйишибдики, уларнинг овозида иккиланишни ҳис қилдим”, деган Роза Агайдалова “Озодлик” билан суҳбатда.

Шунингдек, ҳукуматга бўйсунувчи Сирдарё вилояти касаба уюшмалари бирлашмаси раҳбарлари ҳам “Халқ бирлиги”ни бирлашма таркибига киришга даъват қилган.

Хабарда Cotton Campaign халқаро коалицияси “Indorama Agro” ва ҳукуматни мустақил касаба уюшмаси ишига аралашишни тўхтатиб, уни тан олишга чақиргани айтилади.

Халқаро ташкилотлар тарқатган қўшма баёнотда эса ҳукуматдан “Халқ бирлиги” мустақил касаба уюшмасини расмий рўйхатдан ўтказиш, унинг аъзоларига босим ўтказиш ҳаракатларидан тийилиш талаб этилган. 

Баёнотда билдирилишича, мазкур касаба уюшмасини таъсис этиш ташаббуси “Индорама Агро” компаниясининг ўз ходимларининг меҳнат ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ кўплаб шикоятларга умуман бефарқлиги ортидан пайдо бўлган. 

Баъзи ишчилар маҳаллий ҳокимият органларига иш ҳақи камлиги, меҳнат шароитлари оғирлиги, ижтимоий ҳимоя деярли йўқлиги ва шикоят қилувчилардан қасос олиш ҳаракатлари кабилардан шикоят қилишгача бориб етган.

Баёнотда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ва Халқаро молия корпорацияси (ХМК) ҳам ўз принцип ва стандартларига содиқ қолган ҳолда “Индорама Агро”дан ишчилар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, касаба уюшмаси ташкилотчилари ва аъзоларига нисбатан тазйиқларни бартараф этиш бўйича тез ва қатъий чоралар кўришни талаб қилиши лозимлиги таъкидланган. 

Чунки ЕТТБ ҳам, ХМК ҳам “Индорама Агро”нинг йирик кредиторлари ҳисобланади. Хусусан, 2021 йил февралда ЕТТБ компанияга 70 миллион доллар миқдорида кредит ажратилишини маъқуллаган. 2020 йил декабрда эса ХМК унга 60 миллион доллар миқдорида қарз берган. 

Ушбу молия ташкилотлари сиёсатига мувофиқ, уларнинг мижозлари мустақил касаба уюшмаси каби “ташкилотларда ва жамоавий музокараларда иштирок этадиган ёхуд шунга уринадиган ишчиларни камситиши ёки тазйиқ ўтказиши, шунингдек, ишчилар ташкилотларининг тузилиши  ва фаолият кўрсатишига аралашиши мумкин эмас”. 

Қўшма баёнотни имзолаган ташкилотларнинг таъкидлашича, янги мустақил касаба уюшмасининг рўйхатдан ўтказилиши Ўзбекистоннинг 2020 йил март ойида янги таҳрирда кучга кирган “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонунининг амалиётда қандай қўлланилиши учун муҳим синов ҳисобланади.

Баёнотни имзолаган ташкилотлардан бири – Берлиндаги Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари форуми раҳбари Умида Ниёзова​ фикрича, мустақил ташкилотни рўйхатга олиш Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг жиддийлигини намоён қилган бўларди.

“Ўзбекистон мажбурий меҳнатга қарши курашда ва ўз иқтисодини очиқлашда сиёсий ирода намоён қилди, аммо фуқаролик жамиятининг мустақил ташкилотлари ҳаракатига йўл бера олмади. Ҳукумат “Халқ бирлиги” тезда рўйхатга олинишига имкон бериши керак”, деди Умида Ниёзова.

“Индорама Агро” қароргоҳи Сингапурда жойлашган “Индорама групп” компаниясининг бир тармоғи ҳисобланади. “Индорама групп” Ўзбекистон пахта секторидаги энг йирик инвесторлардан биридир. 

Бугунги кунда компания мамлакатда “Индорама Агро”дан ташқари яна кўплаб корхоналарга эга. У Ўзбекистонда 2010 йилдан буён фаолият кўрсатади. Фақат Фарғона вилоятидаги тўқимачилик лойиҳаларининг ўзигагина 165 миллион доллардан ортиқ сармоя киритган. 

Бундан ташқари, компания Қўқон суперфосфат заводи ва “Фарғонаазот” базасида турли ўғитлар ишлаб чиқариш билан ҳам шуғулланади.

2018 йилда “Индорама” йилига 100 минг тонна пахта хомашёси етказиб берадиган кластер яратиш учун 225 миллион доллар инвестиция киритишини маълум қилган эди.  

Таъкидлаш керакки, “Индорама” Ўзбекистонда ишлаган йиллари давомида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан фойдаланганлик учун танқид қилиб келинган.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
26 феврал 2020
25 февраль куни Гулнора Каримованинг Лондонда яшаëтган қизи Instagram саҳифасида онасидан президент Мирзиеевга йўлланган мактубни жойлаштирди.  Мактубда Каримова Ғарб ...
28 март 2023
Тошкент марказидаги музейда Рауф Парфи ҳайкали тантанали очилгани ва Каримов даврида хор зор бўлган Чўлпон портрети намойиш қилингани ҳақидаги ...
17 август 2022
Салом қадрли томошабинлар, Элтуз порталининг бугунги сони одатдаги форматда. Яъни ундан навбатдаги бешта шикоят ўрин олган. Шикоятлар мазмуни янги ...
10 июн 2019
Тошкент курантига тақаб пластик ва шишадан кафе-бар учун терасса-айвон қурилиши нафақат янгидан тикланди, балки курантнинг иккинчи томонида ҳам худди ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...