Асосий мавзулар
20 август 2021

РТдан ваъз: Учоқ қанотига осилганлар

Ҳиндикуш тоғида гулхан ëнмоқда, 

Ҳирот тепасида олов жоласи. 

Ҳолинг нима кечди? Жабҳанг қаëқда? 

Жайҳун ортидаги юртнинг боласи? 

Бу шеърни 1978 йили шоир Абдулла Орипов афғонларга атаб ëзган эди. Шундан буëн тарихан темурийлар ери бўлган Хуросон тупроқларида ривожланиш ва тараққиëт бўлмади. 

Бу кўраëтганингиз апокалипсис фильмларидаги тасвир эмас, балки Кобул аэропорти. Одамлар қочмоқда, радикал террорчи толиблардан қочмоқда. Чўкаëтган одам хасга ëпишгани каби бу одамлар самолёт шассисига ўтириб ëки қанотига осилиб бўлса ҳам толиблар деб аталган ажиналардан йироқроқ кетмоқчи. 

Буюк эҳтимолда булар етишган Афғонистон ислом жумҳурияти мактабларида физика ўрнига диний чўпчак ўқитилган. 

Бир пайтлар эшитганим шеърдаги каби 

Осмонларни тўлдириб самолёт учиб кетди. 

Унинг мағрур овози оламни тутиб кетди. 

Эй ватаним қурган қуш. Тўхта мени олиб кет. 

Ҳеч бўлмаса боламни қанотинга солиб кет. 

Аммо физика қонунларига кўра, учоқ кўтарилгандан кейин шасси ëпилганда унинг устидагилар пастга кесакдек қулайди. Шундай бўлди ҳам. Камида 7 киши учоқдан қулаб ўлди. Издиҳомда оëқ остида қолиб ўлганлар ҳам бор. Қочган ҳам, қувган ҳам худо деган замин бу. 

Эй, худо, художон, қутқар мени “Толибон”дан, дея йиғлаëтган афғон қизи изтиробларига эса Байден бобо бефарқ. Раҳматли Латиф бобом таъбири билан айтсам, чакида халта билан урса ҳам пешанаси оқармайдиган қавм экан бу Жайҳун ортидаги юртнинг болалари. 

Йигирма йил давомида Вашингтон Афғонистон ҳукуматини қўллаб-қувватлаш учун миллиардлаб доллар маблағ ва катта ҳарбий куч сарфлаганига қарамай, бу мамлакатда исёнчиларга қарши кураша олиш салоҳиятига эга бўлган демократик ҳукуматни шакллантира олмади. 

Чунки улар бир гапни гапириб, иккинчи нарсани ўйлаб ва бу иккисига зид қинғир ишларни қиладиган риëкорлардир. Америкадан ойлик олиб, қалбида “Толибон”га вафодорлар тўдаси. 

Бундан 20 йилча олдин “Озодлик” радиоси ўзбек бюросида раҳбар бўлган Раҳматжон ака бир гапни айтиб берган эди. Бир журналистка келиб, “Машҳад овози” радиосига ишга киришга ëрдам беринг, дея бу акадан илтимос қилади. 

“Машҳад овози” штат рўйхати тақвоси кучайганлар билан тўла бўлганини эшитган бу журналистка, майли, “Америка овози”ям бўлаверади, дея илинж билан боқади. 

Буларга пул берсанг, Шимолий Корея радиосида ҳам ишлайверади. Аммо ичида “Толибон” ўтиради. Ўзи ҳар бир ўзбек ичида биттадан “Толибон” ўтирса ҳам ажаб эмас. 

Бегона ибодатхонага ўз низоми билан юрганлар боис Афғонистоннинг бири икки бўлмади. Бўлмайдиям. Дин давлатга чирмовуқдай ëпишган жамиятдан тараққиëт юз ўгиради. 

Афғонистон президиенти Ашраф Ғани қочди. Кема чўкаëтганда энг аввал курма сичқон, яъни каламуш қочар экан. Кейин эса сичқон ва қурт- қумурсқалар. Кемани энг сўнггида умид тарк этади. 

Кобул аэропортидаги видеони шарҳлаëтган аëл умид майдони бу, дея хўрсинади. Ëв келганда қочиш аслида бизга оталар суннати. 1873 йил ëзида рус босқинчилари Хивага яқинлашганида Хива хони Муҳаммад Раҳимхон Феруз Қорақумдаги туркманлар ëнига қочиб кетган эди. 

Томирида қон ўрнига қўрқув оқаëтган аксар ўзбеклар “Толибон”га шоëн таҳсинлар айтишмоқда. Балки бу “Толибон” ошиқларининг ота-боболари бачча бўлгандир. 

Афғонистон мавзуси ҳозирча шу. Ҳозирги авлод чўпчаку ривоят эшитавериб дунëда физика деган фан борлигини унутган. Физикада бордан йўқ бўлмайди, йўқдан бор бўлмайди, деган мантиқ бор. Дарвоқе, “Толибон” ўз ичимизда. Леонардо да Винчи мўйқаламига мансуб “Мона Лиза” асарининг Тошкент деворига чизилган нусхасини ўчириб ташлаганлар ҳам “Толибон” зеҳниятли ўзбеклар эди.

Шукронийлар

Нима десангиз денг, мен динини суиистеъмол қилмаган бир мулла, сўзини Аллоҳ учун айтган бир шоир, сиёсатини халқи учун қилган бир арбоб, ғийбат-ла биродарларининг гўштини емаётган бир жамоатни дафъатан кўриб қолсам, ҳайратга тушаман.  

(Муҳаммад Солиҳ) 

Ўзбекистонда янги табақа пайдо бўлган: ШУКРОНИЙЛАР! Ўрисчада “шукранист” десаям бўлади. Улар ҳамма нарсага шукр қилишади: янги қамоқхона очилса ҳам “шукр”, Россиядан бир ўлик келса ҳам “шукр”, сайлов бўлмаса ҳам “шукр”, бозорларини бузиб ташлашса ҳам “шукр”, шаҳардаги ҳамма дарахтларни кесиб ташлашса ҳам “шукр”, ҳайит намозини бир кун олдин ўқиш ҳақида фармон чиқса ҳам “шукр”, милиса сони кўпайса ҳам “шукр”… Ҳамма вақт орқасидан қўшиб қўйишади – “юртбошимиз борлигига”. 

Замон ўзгарар, аммо…. 

Бир аср муқаддам қизиллар Марказий Осиёда шўролар ҳукуматини барпо этаркан, “ҳокимият ишчи ва деҳқонлар учун”, деган шиорини ўртага ташлади. Истилога қарши чиққанларга “халқ мулкини талон-тарож қилаётган бир тўда бойлар ва уларнинг гумашталари”, деган тамғани босди… 

Кўп ўтмай “Николайнинг замбараги” ўрнига “Пахтазор полвонлари” қўшиғини куйлашга тушдик…. 

Бугун ҳам ўхшаш манзара… “Мустақиллик бизга нима берди? Халқ оч-яланғоч”, дейдиганлар сони кўпайган. “Ҳеч кимга бермайман сени, Ўзбекистон”ни жўр бўлиб куйлаганлар Россия байроғини ҳилпиратишга тайёр… 

(Президентликка номзодларнинг суратлари кўрсатилади – Обломуродов, Қодиров, Ворисова…) 

“Эл нетиб топқай мениким, мен ўзимни топмасам”, деган эди Низомиддин Мир Алишер Навоий. 

Ҳусайн Бойқародан буён неча-неча бахтиқароликларни кўрган Ҳирот тупроғи толибларнинг оёғи остида топталаркан, Амударёнинг бу томонида Навоийнинг авлодларимиз, деб даъво қиладиган оломон Бойқаро саройидаги сийловлардан унча фарқ қилмайдиган, сайлов деб ном берилган сиёсий машварат тузиш билан банд. 

Машваратга таклиф қилинганларни эса на магазинчи Ғайбулла ва на унинг ити танийди… 

“Ким, кучук бирла хўдукка неча қилсанг тарбият, 

Ит бўлур, доғи эшак, бўлмаслар асло одами…”. 

Улардан биттасини ҳатто ўзининг партиядошлари ҳам танимаслигини сирдарёлик депутат, Озодбек Назарбековнинг “Атрофингда мен сарсон” қўшиғи матни билан танилган шоирдан чиққан сиёсатчи Муҳаммад Исмоил фэйсбукда оғзидан гуллаб қўйди. 

Мени сайланг, мени сайланг… 

Буюк ўзбек жадид шоири ва мутафаккири Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ўтган аср бошларидаги қизғин сайлов жараёнларини ана шу мисраларда ифодалаган эди. 

Орадан бир аср ўтиб, сиёсий онгдан буткул мосуво қилинган, қўрқитилган ва ахталанган ўзбекнинг ижтимоий онги шу қадар кишанландики, энди бу оломонга йўлбошчиликка даъво қилаётганлар ҳатто “Мени сайланг!” дейишга ҳам ботинолмай қолди. 

Ит танимас партия раҳбарларининг биронтаси сайловчилар билан учрашганда “мени сайланг”, демайди. 

Деса нима қилиб қўйишларини яхши билади… 

Нафсиламрини айтганда, сайлайдиган оломонга ҳам, ўрислар айтмоқчи, “по барабану”. Сайловчи ёки “электорат” дейишга нолойиқ бу оломон кўпроқ электр ғами билан овора.  

Аммо аполитик ёки сиёсий лоқайд дейиладиган ана шу қатлам собиқ хонанда Жаҳонгир Отажоновнин яна қўшиқ куйлашни бошлаганини оламшумул янгилик сифатида қарши олди. 

Тармоқларда “Жаҳонгир тўйга заказ олишни бошлаганмуш”, деган видеони бўлишишга ошиқди. 

МАШРАБ ОСИЛГАНДА ҚАЁҚДА ЭДИНГ, 

ЛОРКА ОТИЛГАНДА ҚАЁҚДА ЭДИНГ, 

СУРИШТИРГАНМИДИНГ ҚОДИРИЙНИ Ё 

ҚАЛҚОН БЎЛГАНМИДИНГ КЕЛГАНДА БАЛО?.. 

ҲУКМЛАР ЎҚИЛУР СЕНИНГ НОМИНГДАН, 

ТАРИХЛАР ТЎҚИЛУР СЕНИНГ НОМИНГДАН… 

Дарвоқеъ, тарихлар тўқилади, ёзилмайди. “Янги Ўзбекистон”, “Учинчи Ренессанс”… 

Тарихни тўқимасдан, уни ўз амали билан ёзишга уринганлар эса сазойи қилинади ёки унутилади. 

Масалан, Олимпиада тарихини… 

Дунё Олимпиадаси тарихини ёзганлардан бири – афсонавий гимнастикачи Оксана Чусовитина.

“Сусамбил 24” канали намойиш қилган, Токиодан ватанига қайтган ғолиб олимпиадачилар орасида у орқа планда эди. 

Аввалроқ уни Ўзбекистон байроғини кўтаришдан мосуво қилишди… 

Қашшоқларни эзар бойроқлар, 

Кичикларни эзар катталар. 

Латталардан бўлган байроқлар, 

Байроқлардан бўлган латталар… 

2016 йилда водийда ўзидан бир неча ёш кичик оқсоқолларга “отахонлар” деб хитоб қилган Юртбоши довон орқали ўтадиган поезд йўли битса, сизларни ўзим Тошкентга олиб бориб, айлантириб келаман, деган эди. Аллоҳ Карим, демаган эканми, поезд йўли битганини кўрмади Ислом Карим… 

Унинг янги Ўзбекистон деб аталмиш эски поезди рулига ўтирган шогирди эса ўзбекларни Амударё узра Покистону Ҳиндистон бандаргоҳларига олиб чиқишини айтиб, Анжан-Москва поездига чипта тополмаётган мардикорларнинг юрагини орзиқтирмоқда.   

Аммо Мирзиёев ва Раматовнинг поезди Ҳинд уммонига етиб боргунча ҳали яна қанча сувлар оқади. Бу орада шундоқ ҳам вилоятдан келган мардикорларнинг кўплигидан зада бўлган тошкентликлар пойтахт кўчаларида Ҳиндистон ва Покистондан ташриф буюрган тиламчилар ва фирибгарларнинг кўпайиб кетаётганидан нолимоқда… 

Худди ўзимизнинг қоракўзлар етмаётгандек… 

Ширин тушлар кўраётган зиёлилар…  

Улар кўчада тасодифан учрашиб қолишади. Ўртада йўқ жойдан жанжал чиқади. Жанжал баҳона икки ёш бир-бирига кўнгил қўяди. Аммо бир муаммо бор: йигит бой, қиз эса камбағал. Йигитнинг отаси ўғлини ўз дўстининг қизига уйлаб қўйишни истайди. Чорасиз қолган йигит ва қиз қалтис ўйинни бошлашга қарор қилишади… 

Улар кўчада тасодифан учрашиб қолишади. Ўртада йўқ жойдан жанжал чиқади. Жанжал баҳона икки ёш бир-бирига кўнгил қўяди. Аммо бир муаммо бор: қиз бой, йигит эса камбағал. Қизнинг отаси қизини ўз дўстининг ўғлига турмушга беришни истайди. Чорасиз қолган қиз ва йигит қалтис ўйинни бошлашга қарор қилишади… 

Ҳодисалар юз берадиган жойлар: Анҳор бўйи, ҳашаматли уй, касалхона, “Малибу” автомобили, бозор, мозор.  

Бу сценарийни ўқибоқ “Болливуд фильми”, деб ўйлаган бўлсангиз керак-а?!  

Адашасиз. Бу сценарий Ўзбекистонда ишланаётган фильмларнинг 80 фоизини ташкил этади. 

Аммо бу фильмларда пахсалик уй, чироқсиз кўча, пахта далалари, чопиққа чиққан мактаб болалари, таппи ураётган аёл, милисадан калтак еган мардикор, фоҳишалик қилаётган талабалар бўлмайди асло. Чунки ўзбек фильмларида, худди Ҳиндистонда бўлгани сингари, инсонлар орзуси ҳикоя қилинади.  

Ўзбекистонлик таниқли кинорежиссёрдан “Нега ўзбек киноларида фақат ҳашаматли уйлар-у, бахтли ҳаёт тасвирланади?” деб сўрадим. У кулиб, “Одамларга ҳаққоний ҳаётни кўрсатсангиз, уларнинг онгини заҳарлаб қўясиз”, деди.  

Жаҳлим чиқди. Ўзбек киносидан эмас, таниқли кинорежиссёрдан жаҳлим чиқди. Бизларга била туриб ёлғон тушларни кўрсатаётгани учун жаҳлим чиқди. Унинг зиёли деган ном эгаси бўлганига жаҳлим чиқди…. 

“Народное слово”ми ёки “Народное плово”?  

Фейсбукда деярли ҳар куни бир манзарага кўзим тушади: анвойи ПАЛОВ суратлари ва уларнинг остига қўйилган ўнлаб изоҳлар. Янги йил арафасида ҳам палов сурати, жума куниям палов сурати, туғилган кундаям палов сурати, Наврўздаям палов сурати, Ҳайит арафасидаям палов сурати. 

Туриям нақд етти ярим миллион хил: Анжанча палов, Қўқанча палов, Денов палови, Самарқанду Бухоро, Хоразму Нукус… Узум палов, анор палов, беҳи палов… Шапалоқ палов, диетический палов (онони қарелар, ашанақасиям бор эканда, а?!), чаллар палов, куёвнавкар палов, ажралиш палови, учрашиш палови, калтак палов (хотинидан калтак еган эркак тайёрлаган палов бўлса керак…). Адоғи йўқ, хуллас. 

Яқинда бирига кўзим тушди: пасха палови. Бу насронийлашган ўзбеклар “инновацияси” бўлса керак, дедим ўзимча. Паловга атаб махсус саҳифаям бор фейсбукда. Бунда не сиру синоат бўлса?!

Ўзбекистонликлар паловга маҳлиё бўлишаркан, мен яна ватанини тарк этаётган афғонистонликлар ҳақида ўйладим. Кейинги ўйларим сарказмдан йироқ ва қайғули… 

Ўз юртини ташлаб кетишга мажбур бўлаётган афғон халқи Кобул аэропортининг учиш-қўниш йўлагида Aфғонистон ҳақидаги мадҳияни куйламоқда… Йиғладим. Ёзиғи кўп экан афғоннинг..😔                                              

Беошиёна кездим, 

Хонама-хона кездим. 

Сенсиз ҳамиша ғамда, 

Шонама-шона кездим. 

Ишқи ягонам менинг, 

Сендан нишонам менинг. 

Сенсиз тузсиз, бемаъно –

Шеъру таронам менинг.

Сарзаминим маним,

Хаста-хаста пуржафо.

Сарзаминим маним,

Бесуруру, бесадо.

Сарзаминим маним,

Дардманд эрур бедаво.

Сарзаминим маним…

“Сарзамин” (“Ватан”) – Aфғонистон ҳақида куйлашмоқда… Бобур Бобомурод таржимаси

Ассалом, Ўзбекистон, жума муборак!

Тағин ўқинг
22 март 2016
Ўзбекистонда 2015 йилги пахта йиғим-терими мавсумида тўпланган маълумотлар ҳукумат мажбурий меҳнатдан тизимли равишда фойдаланишга чек қўйиш учун зарур ислоҳотлар ...
23 январ 2019
Ўзбек матбуоти Бухоро вилоятининг Олот тумани ҳокими Шерали Саломов йиғилишда фермер Ориф Дурматовни калтаклагани ва шу йилнинг 9 январида ...
8 июн 2022
Иккинчи жаҳон урушида инсоният қозонган ва нишонлаган ғалаба куни аслида 8 июнь эканини кўпчилик билмайди. 1946 йил 8 июнь ...
3 январ 2019
Швеция пойтахти Cтокгольмнинг Солна тумани судида террорчиликни молиялаш ва терактлар тайёрлашда гумон қилиниб ҳибсга олинган 6 нафар ўзбек устидан ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...