Асосий мавзулар
15 декабр 2021

Сўконғич ҳокимга қарши тўққиз иддао

Хоразм вилояти Янгибозор тумани ҳокими Ўктам Қурбоновнинг буғдой режасини бажармаган ҳудудий раҳбарларни уят гаплар билан сўккани ҳақидаги мақола эълон қилингани ортидан тумандаги бир гуруҳ фермерлар «Элтуз»га мактуб билан мурожаат қилди. Фермерларга кўра, «Тошкентдаги укахонига ишонган Қурбонов нафақат сўконғич, балки тумандаги тадбиркорларни қақшатаëтган коррупционердир».

«Элтуз» бу мактубда келтирилган айбловли иддаоларни Хоразм вилояти ҳокимлиги ва прокуратурадаги ўз манбалари орқали текширди. Янгибозор ҳокими Қурбоновнинг «президент маслаҳатчиси ўринбосари бўлган укасига орқа қилиб очиқасига моддий бойликларни талаëтгани маҳаллий мулозимлар учун сир эмас» экан.

Мактуб фермерлар таассуфи акс этган мисралар билан бошланади:

«Янгибозор тумани ҳокими Ўктам Қурбоновнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларига тегишли ҳуқуқий баҳо берилади ва президент сиёсатига ҳамоҳанг иш олиб борилиб, адолат қарор топади, деган умидда туман аҳлининг фикрини баён қилмоқдамиз. Зеро, бу шахс президент томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсатни тўғри тушуниб етмасдан, гўёки ўзидан давлатга содиқ инсон яратиб, унинг соясида ҳамтовоқлари билан биргаликда очиқчасига юртни талаш билан овора бўлиб келмоқда. Бу одам президент аппаратида ишлайдиган укаси Қуронбоев Қаҳрамон ва прокуратурада ишлайдиган укаларига ишониб, қонунни писанд қилмайди…”.

Мактубда Янгибозор тумани ҳокими Ўктам Қурбонов «ижод» қилган «ўлпон» ва давлат маблағини ўмариш бўйича молиявий схемалар ҳақидаги 9 та иддаони ўқиймиз:

  1. Тумандаги ободонлаштириш, қурилиш ва бошқа сабабларни баҳона қилиб, ташкилотлар, тадбиркорлар ва фермерлардан “солиқ” ундириб келмоқда. Тумандаги истироҳат боғи (парк) қурилиши учун деб барча бюджет ташкилотлари ходимларининг ойлик маошларидан “солиқлар” ундириб, ҳар бир ҳудуд раҳбаридан 30 тонна цемент олдирган.
  2. Ҳоким ўз укаси номига кредит расмийлаштириб, бу кредитни қоплашни туман тадбиркорлари зиммасига юклаган. Янгибозор туманининг 40 йиллиги муносабати билан ҳар бир ташкилот, тадбиркор ва фермерларга “солиқ” солган.
  3. Туман ҳокими Ўктам Қурбонов 2020-2021 йилларда 450 гектар ер майдонида сабзавотчилик-полизчилик йўналишида фермер хўжаликлари ташкил қилиб, уларнинг ҳар бир гектари учун 500 $ доллардан С.Б ва А. Э исмли ўртакашлар орқали йиғиб олиб қарор, чиқариб берди.

(«Элтуз»нинг аниқлашича, бу қарорлар қабул қилинган пайтда Ўктам Қурбонов Тошкентда бўлган ва қарорга ўринбосарлари қўл қўйган).

4. Қурбонов мева-сабзавот экспорт қиламиз дея давлатни алдаб, фермерлик ширкати тузади, аммо ушбу ташкил қилинган сабзавотчилик фермерлари 1 цент ҳам экспорт қилмасдан, фақат шоли экиб, ўзи ва туман ҳокими учун хизмат қилиб келмоқда. Умуман шоли ҳам топширмасдан, юқоридан келган ўлчовларда кўрсатмасдан келмоқда.

Туман ҳокими Ўктам Қурбонов 2020-2021 йилларда чорваси бўлмаган фермер хўжаликларига 1500,0 гектар чорва фермер хўжалиги ташкил қилиб берди. Жумладан, «Рустамбой Шоҳруҳхон» фермер хўжалигига 250,0 гектар, «Ойбек Турабой ўғли» фермер хўжалигига 120,0 гектар, «Худайберган» фермер хўжалигига 60,0 гектар, «Ос» насл чорва фермер хўжалигига 60,0 гектар ажратган. Фермер хўжаликлари 100 фоиз ерига шоли экиб, шоли топширмасдан, туман ҳокими билан шерикчилик қилиб келмоқда. Натижада биз, жайҳунлик фермерларга пахта бўлмайдиган, зах чиқадиган ерларга 100 фоиз пахта етиштириб режаси қўйилиб келмоқда.

5. «Рустамбой Шоҳруҳхон» фермер хўжалиги туман ҳокими билан келишиб, чорва фермер хўжалигининг 150,0 гектар ерига шоличилик кластери қилиб қарор чиқариб олди, эвазига С. Б исмли ўртакаш оркали 85 минг доллар олган. Буни тумандаги ҳамма фермер билади. «Рустамбой Шоҳруҳхон» фермер хўжалиги 2020 йилда 200 гектар, 2021 йилда 200,0 гектар ерга шоли экиб, шоли топширмасдан келмоқда.

Туманда 300,0 гектар майдонда 15 та кооперация ташкил қилинди. Кооперация ташкил қилишдан мақсад ёшларни иш билан таъминлаш бўлса-да, президент сиёсатига қарши туриб, берилган ер майдонларининг 10 фоизини ҳам ёшларга ажратмасдан, улар билан келишиб, сохта ҳужжатлар тузиб, шахсий манфаатларида фойдаланиб келмоқдалар.

Туман ҳокими қурилиш соҳасида ҳам бир қанча жиноятлар содир этиб, мансабини суиистемол қилиб келмоқда. Жумладан, қурилишига 150 млн сўм кетадиган битта маҳалла биноси учун гектарлаб ер бериб, аукционда сотилганда, давлатга камида 1,5 млрд тушиши керак бўлган пуллар талон-тарож қилиниб, эвазига туман ҳокими шахсий манфаати учун 50 минг доллардан пора олиб келмоқда. Зеро, муқаддас Конституциямизда ва бошқа ҳужжатларимизда ер умуммиллий бойлик экани, унинг ҳар бир қаричи давлат томонидан муҳофаза қилиниши белгиланган.

6. Туманга арзон нархда эҳтиёжмандлар учун келган ҳар ойлик мой ва ун фақат шериги бўлмиш С.Б. орқали айлантирилиб, устамалар олинади. С.Б. ҳар йили 3 та фермер хўжалигига («Локал трейдинг», деҳқон бозорига қарашли ТЭП, «Алибек Сулаймон чорваси» ф.х) 100 гектар шоли экиб олади. Умуман, туманда ҳеч қаерда ишламайдиган С.Б. барча ишларни ҳал қилади. Жумладан, туман ҳокимининг уй харажатлари тўлиқ, меҳмонхона харажатлари, кадрлар масаласи. Яқинда ўз укаси, ҳеч қаерда ишлаб кўрмаган С.М.ни 1 ой қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи этиб қўйдирди. 1 ойдан кейин туман ҳокими ўзига ўринбосар қилиб олди. Қандай қилиб қишлоқ хўжалигида 1 ой иш стажли ходимни ҳоким ўринбосари қилиб қўйиш мумкин. С.М. биз фермерларни тугатаман, деб қўрқитиб, фақат пул йиғиб, туман ҳокимига воситачилик қилиш билан шуғулланади. Унинг оғаси С.Д. туманда бозорком. 2020 йилда 4 минг тонна шолини туман ҳокими билан биргаликда талон-тарож қилдилар.

  1. Туман ҳокими Ў.Қурбонов ҳайдовчиси Ражаббоев Руслан номига Янгибозор туманидан чорвачилик комплекси қуриш мақсадида ер олиб, Халқ банкидан 2,5 млрд сўм кредит расмийлаштириб, ушбу маблағ эвазига Шовот туманида ўзининг фермер хўжалигига чорвачилик фермасини қурди. Давлат томонидан берилган имтиёзли кредитни қайтармасдан келмоқда. Ў.Қурбонов ўзининг Шовотдаги фермахонасини тумандаги чорва фермерлардан мол ва қўй мажбуран йиғиб тўлдирди.
  2. Туман ҳокими Қурбонов Янгибозор тумани тиббиёт бирлашмасидан доимий равишда ўз яқин қариндошларини текин дори-дармон билан даволаб келмоқда.
  3. Тумандаги унинг тамагирлик сиёсатига қўшилмайдиган барча ўринбосарлари ишдан кетди. Ўрнига фақат пул топиш билан шуғулланувчи ходимлар келмоқда.

«Элтуз» тасарруфидаги мактубда туман ҳокимининг ишқий саргузаштларига оид тафсилотлар мавжуд. Шунингдек ,мактубда Янгибозор туманининг жорий ҳокими Ўктам Қурбонов Ҳазорасп туманида 5 йилдан ортиқ ҳоким бўлиб ишлаб бутун юртнинг экин ер майдонларини турар ва нотурар бинолар қуриш учун сотиб бўлганлиги таъкидланди.

Мактубда ëзилишича, Қурбонов вилоят ҳокими ўринбосари бўлиб ишлаган пайтида ҳам ташкилотлардан тамагирлик қилиш билан овора бўлган:

“Минг афсуски, вилоят ҳокимиятида 1 йил ҳам ишлай олмади, президент вилоятга ташрифида уни вазифасидан озод қилган эди. Лекин яна ўша укаси ишга аралашиб, давлат раҳбарини чалғитиб, Янгибозор туманига ҳоким қилиб тайинлашга эришди”, дейилади мактубда.

Эслатиб ўтамиз, октябрь ойида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги барча туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида баҳолаб чиққан, 205 нафар ҳоким жой олган ушбу рейтингда Янгибозор тумани ҳокими Ўктам Қурбонов 2-ўринни олган.

«Элтуз» туман ҳокими ҳақидаги мақоладага имзо чекканлар ва мақолада исмлари бош ҳарфлар билан белгиланган мулозимлар ҳақида тўлиқ маълумотга эга.

Бу мақолада эълон қилинган иддаолар юзасидан «Элтуз» мутасадди ташкилотлардан расмий муносабат кутади.

Eltuz,com

Тағин ўқинг
13 июн 2017
Давлат идоралари корпоратив базмларида хонандалар хизматидан бепул фойдаланилиши ҳақидаги Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков шикояти турли бахсларга сабаб бўлди. ...
6 декабр 2019
Бугун атрофга қараб ваъз учун белгилаганим барча мавзуларнинг боши с билан келар экан. Совуқ. Сайлов. Сафсата.  Ҳам яна бир ...
18 декабр 2018
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов жойлардаги ўз қўл остидаги раҳбарларга хат йўллаб, бир неча талабларни қўйди. Хусусан, вазир халқ ...
20 март 2020
18 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди 47 ёшли Гулнора Каримовани жиноий уюшма ташкил этиш, товламачилик, ўзлаштириш ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...