Асосий мавзулар
12 апрел 2022

Ҳавога совурилаётган 500 миллиард ҳақида

Коллумнист Комил Жалилов 12 апрел куни ўзбек ва рус тилларида газета.уз нашрида чоп этилган мақоласида ўқувчилари эътиборини бугунги ўзбек матбуотининг ачинарли аҳволига қаратди.  

«Қандай қилиб ҳамюртларимизнинг онгига ўнлаб каналлар ва 500 млрд сўмдан ортиқ бюджетга эга Миллий телерадиокомпания (МТРК) эмас, хорижий мамлакат телеканаллари таъсир қилмоқда? Нима учун «аҳолига объектив ва ишончли хабар етказиш, Ўзбекистон медиамаконини сифатли ахборот-таҳлил маҳсулотлари билан бойитиш, сиёсат, хавфсизлик, иқтисод, маданият, илм-фан ва спорт, шунингдек бошқа давлатлардаги муҳим воқеаларни тезкорлик билан ёритиш» мақсадларида ташкил этилган мамлакатнинг асосий ахборот канали Россия федерал каналларига оммабопликда ютқазмоқда, томошабинлар эса маҳаллий телевидениеда жойлардаги ҳақиқий муаммолар ҳақида репортажлар ва ижтимоий-сиёсий телекўрсатувлар етишмайди, деб ҳисоблашади?».

«Ҳафтанинг асосий дастурида бошқа муҳим янгиликлар учун эфир вақти етмади. Украинадаги воқеалар таҳлили, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашида Россия аъзолигини тўхтатиб туриш бўйича овоз беришда Ўзбекистон позицияси бўйича изоҳ, Покистондаги сиёсий инқироз сабаблари, кластерини ўзгартиришга мажбурланаётган фермерлар иши бўйича тушунтириш — буларнинг барчаси эътибордан четда қолиб кетди».

Газета.ўз колумнисти бизнинг нашрларимиз жим турган пайтда, хорижий оммавий ахброт воситалари одамларимиз онгини эгаллаётгани ҳақида саволлар бермоқда.

Фақат ҳорижий (ёки рус матбуоти) айбдорми?

Аслида муаммо заифлашган миллий зеҳниятга эга ўзбек матбуотига сарфланаётган миллиардлардан кўра жиддийроқдир. Масалан, Ўзбекистонда Россия Атом электростанцияси қурилиши каби ғояни мақомига етказиб тарғибот қилган ҳам аслида ўзбек нашрлари бўлган эди. Бу ғоя амалга оширилишидан сал олдин МТРК негизида янги “Ўзбекистон 24” каналини ташкил этиш учун ўзбек журналистлари Россия каналлари мутахассиcлари қўлида малака оширишган. Натижада “Ўзбекистон 24” икки томчи сув каби “Россия 24” каналининг ўхшаш нусхаси сифатида ташкил топган эди.

Ўтган 2021 йилнинг 3 май куни, Тошкентда ўтказилган халқаро эркин матбуоти кунига бағишланган анжуманга шарафли меҳмон сифатида, тақдирнинг ҳазилини қарангки, Россия дунёни бир лаҳзада радиацион кулга айлантириши мумкинлигини башорат қилган россиялик телебошловчи Дмитрий Киселев таклиф этилди.

Ўзбекистон Олий Ўқув юртлари журналистика факультетларида ҳам айни шу рус пропаганда машинисти мастер класслар ўтказди.

Пропаганда ўз йўлига дейиш мумкин. Лекин, Мавр ўз ишини аллақачон қилиб улгурган эди. Энди сиз Ўзбек бошқарув элитасига жойлаштирилган ўрисқул мулозимлар касофати билан Ўзбекистонда қурилиши керак бўлган Россия Атом Электростанцияси яқин келажакдаги касофати ҳақида ўйланг.

Украинада Россия бошлаган уруш боис Росатомга нисбатан жазо чоралари қўлланилса, Ўзбекистондаги солиқ тўловчилар чўнтагига емаган сомсаси учун қанча зарар етиши, бу ғоянинг халқ бошига келтирадиган кулфати ҳақида ўйланг.  

Зомби риторикаси, фейклар ва мемлар

Жалилов Ўзбекистонда Россия каналларини кўриб униб ўсган авлоднинг хиралашган онгидаги стереотипларни бир нечта жумлага жойлайди. Муаллифнинг айни хулосалари Би Би Си журналисти ўтказган сўровномада ҳам акс этган:

«Барибир Украина олдиндан, эскитдан Россиянинг ери». «Украинанинг қилаётган ишига қўшилмайман, Россияникини тўғри деб биламан». «Биз ҳам Россияга бўйсунамиз». «У ерда одамлар ҳалок бўлаётганди, шунинг учун ҳам ҳаммаси бошланиб кетди». «Россия ўзи чиқарган хабарларда Украинада тинч аҳолига ҳужум қилинмаётганлигини айтишган ўзлари». «Зеленский халқдан фойдаланяпти». «Бучадаги қирғин саҳналаштирилган эди».

Жалиловга кўра, турли сабабларга кўра, хорижий тилларни билмаслик, муқобил ахборот манбаларини қидиришни хоҳламаслик, танқидий фикрлаш кўникмалари билан боғлиқ муаммолар — кўплаб ўзбекистонликлар учун дунёда содир бўлаётган воқеалар, шу жумладан Россиянинг Украинага босқини — ёки Россияда айтиладиганидек «денацификация ва демилитаризация қилиш бўйича махсус операция» — ҳақидаги хабарларнинг асосий, ва эҳтимол ягона манбаси Россия давлат телеканаллари бўлиб қолмоқда.

Улар бўлса мемга айланган «ҳочга парчинланган болакай» сюжети анъаналарига риоя қилган ҳолда Украина Россия сериалини суратга олиш учун мўлжалланган манекенлардан жасадлар сифатида фойдаланилаётгани, 10 йил олдин йўқ қилинган завод омборхонасини миналаётганлиги, юқумли касалликни тарқатиш учун кўчманчи қушлардан фойдаланишни режалаштираётганлиги ва ҳаттоки «славянларни ўлдирадиган генетик қуролни» (бунда украинлар ҳам худди русларга ўхшаган славянлар эканлигини ёддан чиқариб) ишлаб чиқаётганлигига ишонтирмоқчи бўлишмоқда. Бундан ташқари, «денацификация ва демилитаризация қилиш бўйича махсус операция билан фақат Украина билан чекланиб қолмаслигини» таклиф қилишмоқда ҳамда Ўзбекистон ОАВлари ва блогерларини танқид остига олишмоқда.

Ўзбеклар бадига урган “бадиий пафос”

Жалилов ўз мақоласида, Ўзбекистон телевидениесидаги асосий ахборот-таҳлил дастури бўлмиш «Таҳлилнома» кўрсатувининг 10 апрель куни эфирга узатилган сонини таҳлил қилади. Унинг ёзишича, қарийб икки соат давом этган дастур Навоий вилоятида янги конлар очилганлиги ҳақидаги хабардан бошланади. Бошловчи эса бу «президент томонидан геология соҳасини ривожлантириш, заволга юз тутаётган соҳани қайта оёққа қўйиш борасида амалга оширилаётган қатъий ислоҳотларнинг натижаси» эканлигини эслатиб ўтади. Дастур давомида ўтган ҳафта воқеалари хронологияси берилади: қўшни мамлакатлар президентлари билан телефон мулоқотлари, лойиҳалар тақдимотлари ва объектларнинг кўздан кечирилганлиги, селектор йиғилишлари.

Кейин эса МТРК версиясига кўра, ўтган ҳафтанинг энг асосий хабарлари бошланади. Масалан, президентнинг Ислом цивилизацияси марказига ташрифи буюк аждодлар ҳақидаги тарихий «экскурс»дан бошланади. Умуман олганда, ахборот ва таҳлил учун тўғри келмайдиган «бадиий-пафосли» услуб юртимиздаги давлат ОАВлари журналистларининг севимли услубидек туюлади.

Ҳафтанинг асосий дастурида бошқа муҳим янгиликлар учун эфир вақти етмади. Украинадаги воқеалар таҳлили, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашида Россия аъзолигини тўхтатиб туриш бўйича овоз беришда Ўзбекистон позицияси бўйича изоҳ, Покистондаги сиёсий инқироз сабаблари, кластерини ўзгартиришга мажбурланаётган фермерлар иши бўйича тушунтириш — буларнинг барчаси эътибордан четда қолиб кетди.

Эфир бўшлиғини тўлдираётган мафкура

Мақола муаллифи, «Таҳлилнома» билан биргаликда МТРКнинг асосий канали бўлмиш «O‘zbekiston»нинг ҳафталик теледастурлари режасини ҳам таҳлил қилади.

Унинг тушунтиришича, телевидение эфирида ўзбекистонликларга дунёда нима рўй бераётганини тушунтирадиган, нима факт ва нима фейк эканлигини англашда ёрдам берадиган, турли хил муҳим масалалар бўйича Ўзбекистон позициясини тушунтирадиган битта ҳам кўрсатув йўқлигининг гувоҳи бўлиш мумкин.

Бундай дастурларнинг ўрнини Россиянинг «Первый» каналидаги деярли узлуксиз «ахборот канали», «Россия 1» каналидаги сиёсий ток-шоулар ва Соловьев, «Звезда» каналидаги «очиқ эфирлар», ва албатта 24 соатлик «Россия 24» канали бажонидил эгаллаб олган. Ушбу каналларнинг аксарияти ОАВ тўғрисидаги қонунлар ва холисона журналистика тамойилларини бузганлиги учун Европа Иттифоқи мамлакатларида тақиқланган.

Онг заифлиги – миллий журналистика учун огоҳлик сигнали бўлиши керак

Жалиловнинг фикрича, BBC ўзбек хизматининг сўровини журналистларимиз огоҳлик сигнали сифатида қабул қилишлари керак. Бу — контент жиҳатидан ҳам, ахборотни етказиш жиҳатидан ҳам ниманидир ўзгартириш кераклиги ҳақидаги сигнал. Жамият қандайдир хорижий мамлакат категориялари асосида фикр юритмасдан, мустақил фикрга эга бўлиши учун сифатли ахборот ва сифатли таҳлил кераклиги ҳақидаги сигнал. Ва солиқ тўловчилар чўнтагидан тўланаётган ярим триллион сўмни юртдошларимиз ахборот олиш учун биринчи навбатда уларга мурожаат қиладиган тарзда сарфлаш кераклиги ҳақидаги сигнал. “Касалхоналар ва жарроҳлик бўлимлари стерилланган бўлиши лозимдир, лекин суверен давлатнинг «асосий ахборот канали» мақомига даъво қилаётган каналда бунга ҳожат йўқ”, дея ёзади Жалилов.

@eltuz

Тағин ўқинг
26 октябр 2018
Ҳеч нарса ўз-ўзидан келмайди, жанг қурбонсиз бўлмайди. Мажбурий меҳнат батамом тугатилиши учун яна кимлардир қурбон бўлиши керак шекилли. Андижон ...
20 апрел 2023
Олий судда совет даврида қатағон қилинган яна 208 нафар шахс оқланди. 30 йил кечиккан бўлса ҳам олқишга лойиқ иш.  ...
12 феврал 2021
Ижтимоий тармоқларда таниқли бўлган 40 ёшли блогер Отабек Сатторий иши анча шов-шув, мунозара ва эътирозларга сабаб бўлмоқда. Ушбу воқеага нафақат маҳаллий, ...
19 июн 2018
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ўзининг facebokдаги саҳифасида билдиришича, 2014 йили АҚШ ватандошлигини олган асли қашқадарëлик Зокир Алиев АҚШда халқаро ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...