Асосий мавзулар
4 август 2022

Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги қаллобликлар. Томчилатиб суғориш бахонасида миллиардлар тагига сув қуйилди

Қўлимизга тушган бир даста ҳужжатлар Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги кимларнинг қўлида қолгани-ю, нималар бўлаётганини рўй-рост кўрсатиб қўйди.

Агар Гиннеснинг фирибгарлик, кўзбўямачилик ва сохтакорлик сингари йўналишларда ҳам рейтинги бўлганида эди, ғолибликни яқин йилларда Ўзбекистонлик амалдорлардан ҳеч ким тортиб ололмасди.

“Озодлик” эълон қилган мақолада ёзилишича, Сурхондарёнинг Қумқўрғон, Жарқўрғон, Шўрчи туманларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш баҳонасида бир неча ўн миллиардларнинг тагига сув қуйилган.

Ҳатто томчилатиб суғориш дренажларини бир гектарда бўлса-да, номига бўлса ҳам ўрнатиб қўйишмабди — юраги отнинг калласидай экан тадбиркорнинг.

ДХХнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси мазкур ҳолатлар бўйича жиноят иши очган, бир неча одамларни талон-торожлик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш билан сўроқ қилиб ётибди. Элтуз манбаларига кўра, терговда булбулдай сайраётган тадбиркорлар ҳамма айбни юқорига — Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Шуҳрат Тешаев, Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниевга тўнкамоқда.

Чекистлар аллақачон жиғилдондан ўтиб кетган бу пулларни давлатга қайтара оладими-йўқми – буни билмаймиз. Аммо жиноятнинг сабаби билан эмас, оқибатлари билан курашадиган бундай органларнинг миллатга қанчалик фойдаси тегади, маълум эмас.

Ҳолбуки, шу йилнинг 18 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ўтказилган видеоселектр йиғилишида Бошқа вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев томчилатиб суғориш ислоҳоти шу пайтга қадар 20 фоизга бажарилгани, яқин истиқболда мамлакат бўйлаб бу тизим тўлиқ жорий қилиниши ҳақида ҳисобот берди.

Аммо амалда томчилатиб суғориш иншоотларини Ўзбекистон далаларида ҳеч ким кўрган эмас. Айрим тажриба майдонлари ва махсус ажратилган дала пайкалларида кўргазмали қурол вазифасини ўтаётган иншоот Ўзбекистонга кириб келишига ҳали анча бор.

Озодликка кўра, биргина “Термиз-Жайҳун класстери” МЧЖ Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига берган ҳисоботларида Қумқўрғон туманидаги 207 та фермер хўжаликларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилганлиги таъкидлаган.

Элтуз таҳририяти ғаладонидаги маҳаллий фермерларнинг видеомурожаатлари туманда бир гектар ҳам томчилатиб суғориш дренажлари йўқлигини кўрсатмоқда. Аслида биргина “Термиз-Жайҳун класстери” МЧЖ орқали амалга оширилди, дейилаётган томчилатиб суғориш технологияси учун 40 миллиард сўм сарфлангани иддао қилинади.

Шўрчи, Жарқўрғонда ҳам аҳвол шу – миллиардлаб талон-торож чиқмоқда. Бошқа вилоятлар бўйлаб ёйилаётган тергов ҳаракатларига Бош прокуратуранинг юқори мартабали мулозими Умид Акбаров раҳбарлик қилаётганини аниқладик.

Шу йилнинг 21 июль куни Термизга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Шуҳрат Ғаниев бошчилигидаги ишчи гуруҳи ташриф буюрган. Ишчи гуруҳи янги шу йилнинг мартидан ишни қўлган олган “Dream Cotton Textile” класстерга “Термиз-Жайҳун класстери” МЧЖнинг амалда йўқ технология учун сарфланган қарзларни бўйнига олишни талаб қилган.

Бу ҳақда ёзган Озодликка кўра ишчи гуруҳ мажлисида иштирок этган Ўзбекистон Ички ишлар вазири ўринбосари Саидкарим Нишанбаев кўзбўямачиликларда раҳбарларни айблаган “Dream Cotton Textile” агрономи Элмурод Ишниёзовни ҳақорат қилиб, унга тан жароҳати етказган.

Элмурод Ишниёзовнинг Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров номига йўллаган аризасида кластернинг сохта томчилатиб суғориш иншоотларини қабул қилиб олишга мажбурлангани айтилади.

Мамлакат қишлоқ қишлоқ хўжалигидаги инқироз фақатгина пахтачиликда эмас, балки, Элтуз ихтиёридаги ҳужжатлар, чорвачиликда ҳам оламшумул сохтакорликлар борлигини кўрсатмоқда.

Эътибор беринг, шу йилнинг февраль ойида Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев Президентга биргина Навоий вилоятининг 9 та туманида қорамол ва қўйлар сони 156 094 тага оширилгани, уларга 316 720 гектар ер ажратилгани, 4557 та қудуқлар қазилгани хусусида ҳисобот берди.

Мазкур ишни амалга ошириш учун жами 5000 та фирма ва ширкатлар тузилганини иддао қилади. 8 та туман ҳокимнинг 5000 та ширкат тузиш ҳақидаги қарорлари айнан 12 март куни чиқарилгани ошкор бўлди. Элтуз ихтиёридаги Навоий вилоятининг 8 та тумани ҳокимлари чиқарган қарорларни ўқиб ёқа ушлайсан киши.
Ҳисоботга кўра, биргина Томди туманида бир кечанинг ўзида 625 та ширкатлар тузилиб, уларга 18 750 бош йирик ва майда шохли моллар бириктирилгани, яқинда мамлакатда гўшт нархлари президент истаганидек бўлади. Ҳолбуки, 95 фоиздан ортиқ қисми чўл ҳудудидан иборат Томди туманида ҳатто хонадонлар сони бир неча мингтага ҳам етмайди.

Хўш, бундай залворли рақамларга Президентни қандай ишонтириш мумкин? Ғаниев жамоаси бунинг антиқа йўлини ўйлаб топишди. Ҳар бир янги ташкил қилинган фирмага маҳаллий чорва моллари ва қўйлар эгалари билан гаплашиб, уларнинг чорвасини вақтинча хатлаб беришди. Чунки бирданига бунақа миқдордаги қўй ва чорва молларини импорт қилишнинг имкони йўқ. Қўшни Туркманистон, Қозоғистон ва Қирғизисданда бу миқдордаги чорвани Ўзбекистонга экспорт қилиш салоҳиятининг ўзи йўқ.

Мамлакатда соя етиштириш учун давлатдан бир неча миллиард сўмлик субсидиялар ажратилган, аммо ўзбекистонлик бирор фермернинг айтарли соя етиштиргани ҳақидаги маълумотни топа олмайсиз.
Ўзбекистонга булар Қозоғистондан соянинг бир килосини 8 минг сўмдан сотиб олиб, фермерларга кирим қилишмоқда. Сўнг ўзимизнинг “миллий маҳсулот” баҳонасида субсидия ажратган молия муассасаларига тақдим қилишмоқда.

Президентга ўзлаштирилаётган янги ерлар ва боғдорчиликни ривожлантиришга оид ҳисоботларнинг қанчалар сохта эканини кейинги чиқишларимизда тилга оламиз.

Дунёда “Ҳамма йўллар Римга олиб боради” деган ибора бор. Ўзбекистон қишлоқ хўжалигидаги сохта рақамлар, ислоҳотлар йўли бизни Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниевга олиб бормоқда. Бироқ, у илгари сурган томчилатиб суғориш технологиясини ҳақиқий маънода амалга ошириш Ўзбекистонда ҳамон ҳар кунгидан долзарблигича қолмоқда.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
5 апрел 2017
Ўқувчиларнинг жинсий тегажоғлигидан ҳамкасбини ҳимоя қилган Тошкент шаҳар Олмазор туман 315-умумтаълим мактабининг инглиз тили ўқитувчиси 60 яшар Гулбўстон Низомиддинова ...
2 апрел 2024
Салом қадрли мухлислар, Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та мактубни ўқиб эшиттирамиз, улар Ўзбекистоннинг Жиззах, Наманган, Тошкент, Сирдарё ва Хоразм вилоятларидан келган. Хатлар оқими давом этмоқда, муаммолар ечимини тўлиқ таъминлаш учун каналимизга обуна бўлиш, лайк босиш ...
2 феврал 2021
«Элтуз» шоир ва мухолифатчи Муҳаммад Солиҳнинг янги бадиий асари, фалсафий эссе форматида ёзилган – «Императив» китобининг аудиоверсиясини тақдим қилади. ...
3 ноябр 2024
Тошкент деҳқон бозорларидаги коррупцион жиноятларни гувоҳлар тасдиқламоқда. Тошкент шаҳрида жами 20 та бозор мавжуд. Бозорлар шаҳар ҳокимлиги тасарруфидаги Муниципал ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...