«Кўринг, ҳавас қилинг, гражданиман мен улуғ Америка Қўшма штатларининг!»
Ўзбек қамоғида 18 йил уйдирма айблар билан азобланиб жазо ўтаган журналист Муҳаммад Бекжон Америка ватандошлигини олди.
«Мен дунëдаги энг қудратли давлат 335 миллион аҳоли яшайдиган Америка Қўшма Штатлари ватандоши бўлганимдан севиндим. Қамоқда ëтганимда ҳолимдан хабар олган, қамоқдан чиқишимни мунтазам талаб қилган ва қамоқдан чиқишим билан АҚШга келишимга ëрдам берган Америка ҳукуматидан миннатдорман. Мен бу давлатдан яхшилик кўрдим ва бу яхшилик учун раҳмат айтаман,» деди Элтуз мухбири билан суҳбатда Муҳаммад Бекжон.
Муҳаммад Бекжон 1999 йилдаги Тошкент портлашлари ортидан Киевдаги уйидан ўғирлаб кетилган ва портлашларга алоқадорликда айбдор деб топилиб, озодликдан маҳрум этилган эди.
Маҳкамада у ўзига қўйилган айбларни рад этган ва тергов пайтида қийноққа солинганини билдирган.
2011 йили озодликка чиқишига бир ой қолганида унга қамоқхона ички тартибини бузиш айблови қўйилиб, жазо муддати яна 4 йилу 8 ойга узайтирилган эди.
“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти Муҳаммад Бекжонни “қамоқда энг кўп ўтирган журналистлардан бири” деб атаган.