ART-DURBIN
17 феврал 2018

Диндорлар чақириғидан сўнг турк сериали тўхтатилди

Ўзбекистон телеканалларидан бирида намойиш қилинаëтган “Севги изтироблари” кўп қисмли фильми душанба кунидан бошлаб эфир сеткасидан ташланади.

Бу ҳақда “Элтуз”га фильмни намойиш қилаëтган канал муассисларидан бири маълум қилди.

Гап 2015-2017 йилларда Туркияда киноижодкорлар Ҳилол Сарал ва Экин Пандир тарафидан суратга олинган “Қора савдо” сериали ҳақида кетмоқда.

Фильм 2017 йилнинг энг яхши теленовелласи дея топилиб, “Эмми” мукофотини олган эди

Бу сериал Ўзбекистондаги қадимчи муллалар танқидига учраган ва ҳатто фильмга овоз берган ўзбек артистлари исломий экстремистлар таҳдидига нишон бўлган эди.

Қадимчилар назарида, фильмда акс этган “эрлик аëлнинг хиëнати” мавзуси ўзбек менталитетига тўғри келмайди. Қадимчи мутаассиблар органи бўлган “портал” эса экстремистик қарашлари билан танилган графоманнинг “Буни дубляж қилганлар ҳаром иш қилибди ва улар миллат хоинидир”, деган гапини нашр қилишгача борди.

Бу гапга жавобан блогер Дилдора Мавлонова уларни “қутқарган қўлни чақадиган илонга” ўхшатди.

“Ўша миясига қурт тушганларнинг ўзи ҳаром. Кўрдик, эшитдик шунга ўхшаган биттасининг ҳаётини, сериалдаги воқеалар хижолатда-ку! Халқ йўлида меҳнат қилаётган артистларимиз ҳалол қилиб пул топишади. Ўша текинхўрларнинг ўзи ҳаром. Буларга озгина эркинлик берсанг, бошқаларни бўғишни бошлашади”, дейди Мавлонова.

Фильмнинг эфирда тўхтатилишидан хабар топган тужжорлар зудлик билан айни фильмнинг янги серияларини дискка ёзиб сотишни йўлга қўйишди.

Дунëнинг 28 мамлакатида намойиш қилинаëтган бу фильм 2017 йилнинг энг яхши теленовелласи деб топилиб, “Эмми” мукофотига сазовор бўлган эди.

Фильм Ниҳон исмли аëлнинг муҳаббат қиссасидир.

Ниҳон банкротлик ëқасида турган бой бизнесменнинг қизи. Камол эса қашшоқ бир сартарошнинг ўғли.

Улар ўртасидаги муҳаббат ижтимоий тенгсизлик тўсиғи билан тўқнашади. Шу боис, Ниҳон севганига эмас, балки бой отанинг жоҳил фарзанди Амирга хотин бўлади.

Амир ва Ниҳон олов ва муз каби икки қарама-қарши унсур экани фильмдан аëн бўлади.

Ниҳоннинг қалби яна эски севгилисида. Уларнинг кейинги тақдири нима бўлишини ўзбек телетомашабини телэкрандан била олмайди. Чунки қадимчилар бу кинони эфир сеткасидан олиб ташлашга эришишди.

Навбатдаги қадам нима? Шахмат тақиқланадими? Рўмолсиз аëлларнинг кўчада юришига тақиқ қўйиладими? “Пахтакор” стадиони қатлгоҳга айланадими? Толибон ва ИШИД нормалари татбиқ қилинадими?

Бу саволлар ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегменти муҳокамасига ҳавола. Ҳозирча фильм тугади.

Акмал Ризев
Мунаққид, eltuz.com

Тағин ўқинг
26 декабр 2018
2018 йилнинг 26 декабри куни тармоқда қоп кўтарган гурас-гурас Қорбоболарнинг фотосуратлари пайдо бўлди. Айрим суратларда Қорбобо кийимидаги ўсмирларнинг Бувайда ...
11 апрел 2017
Стокголм ҳужумчиси самарқандлик Рахмат Ақилов телефонидан чиққан сўнгги СМСлар одамни жунбушга солади. “Ёмон, бир нечтасинигина босдим холос. Машина бошқа ...
19 июл 2018
Ўзбекистоннинг “Севимли” телеканалида 15 июль кечки пайт кўриниб кетган секс саҳнаси ҳақидаги маломатлар ижтимоий тармоқда ҳали ҳам тингани йўқ. ...
8 сентябр 2017
Ўтган ойда МТРКда рўй берган воқеалар Булгаковнинг “Ит юрак” қиссаси қаҳрамони профессор Преображенскийнинг машҳур гапини эслатади. “Фан ҳали ҳайвонни ...
Блоглар
14 ноябр 2019
Кеча Лоланинг клипидан сўнг қўштирноқ ичидаги «маънавият» яна долзарб мавзуга айланди. Кўпчилик Лоланинг «исён»ини олқишлаган ...
6 ноябр 2019
Яқинда “Шарқ зиёкори” китоб дўконидан улуғ рус ёзувчиси Лев Толстойнинг “Жахон бестселлерлари” ( аслида “жаҳон” ...
3 ноябр 2019
1906 йилнинг 3 ноябрида Германиянинг Берлин шаҳрида ўтган Халқаро радиотелеграфия анжуманида SOS сигнали ҳалокатни билдирувчи ...