Москвада Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатилди
Москвада Ислом Каримовга ҳайкал ўрнатиш ишлари 15 октябрга ўтар кечаси тунда олиб борилди. Ёдгорлик 16 октябрь куни очилиши кутилмоқда.
Лола Каримова таклифига кўра, Москвадаги Ислом Каримов хиёбони ва ёдгорлик лойиҳаси устида англиялик машҳур ҳайкалтарош Пол Дэй ишлаган.
Ҳайкалнинг тунда, бунинг устига автобус ва иккита полиция машинаси панасига яширилиб ўрнатилгани эса ижтимоий тармоқда ғазаб билан қарши олинди.
«Элнинг тинчини бузиб, қўрқоқларча тунда иш қилишди. Агар қўрқишмаганида эди, москваликлардан яширинмасдан, ҳайкални кундузи ўрнатишарди», дея изоҳ қолдирди москвалик депутат Андрей Морев ўзининг фейсбук саҳифасида.
Унинг билдиришича, у сайланган Якиманка округи аҳолисининг кўплаб норозилигига қарамасдан ҳайкални ўрнатишган.
«Чиркин диктатор. Чиркин фарзандлар. Чиркин буюртма. Ички мустамлакачилик воситасида мустамлакачи ўтмишига қарши курашиб ўтди, оқибат Москванинг орқа ҳовлисидан жой олди. Хизматига яраша», дея изоҳлади воқеани Монреал университети илмий ходими Борис Чухович.
Бугун Францияда яшаб ижод этаётган тошкентлик рассом Сергей Игнатьев эса бу ёдгорликни «каптарлар учун ҳожатхона» дея атади.
«Эртага «дангаса»ларни супурги билан уриб ҳайдашади. Беваси эса қўриқчилар ҳимоясида йиғлоқи бир нутқ сўзлайди. Фақат каптарлар хурсанд бўлади, янги туалет қурилганига», дея изоҳлади рассом 16 октябрь куни кутилажак маросим ҳақида.
Eltuz.com