Document UZ
14 декабр 2018

Cotton Campaign: 2018 йилда Ўзбекистон пахта далаларида мажбурий меҳнатдан фойдаланилди

Декабрнинг биринчи ҳафтасида мамлакатнинг барча ҳудудларида якунланган 2018 йилги пахта йиғим-терими мамлакатда чуқур илдиз отган мажбурий меҳнатни йўқ қилишда катта муаммолар борлигини кўрсатди. Марказий ҳукуматнинг қишлоқ хўжалигидаги мажбурий меҳнатни камайтиришдаги жиддий ҳаракатларига қарамай, маҳаллий ва юқори табақадаги амалдорлар тағин барча аҳолини далаларга чиқишга мажбур қилишди.

«Бизнинг кузатувчиларимиз вилоят ва туман раҳбарлари давлат ташкилотлари ва корхоналарга ўз ходимларини пахта теримига жўнатиш ёки улар ўрнига чиқувчиларга ҳақ тўлаш ва буни кўнгилли тарзда қилишлари ҳақида тилхат ёзиш кўрсатмаларини беришгани ҳақида билдиришди, – дейди Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми (UGF) директори Умида Ниёзова. – Теримчиларнинг баъзилари марказий ҳукуматнинг рухсатисиз ўз ходимларини жўнатишлари мумкин бўлмаган республика ҳуқуқ-тартибот ва республика даражасидаги ҳарбий идоралари бўлишди».

Масалан, UGF кузатувчилари Наманган вилояти ҳокими ўринбосари имзолаган ҳужжатни қўлга киритишди. Унда 82 та давлат муассасаси, жумладан, банклар, коммунал хизматлар, Ёшлар иттифоқи, солиқ идоралари, туризм департаменти ва вилоят касаба уюшмаларига 2018 йилнинг 27 ноябрига қадар 760 тонна пахта ҳосили териб бериш топширилган. Топшириқда ҳар бир ташкилотдан қанча одам чиқиши ва қанча пахта топшириши кўрсатилган.

UGF мустақил кузатувчилари, шунингдек, давлат ходимларининг қарийб 30 фоизи пахта теримига юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни ҳам олди. Пахта териш учун металлургия заводининг 3200 ишчиси сафарбар қилинди. Бу эса завод ишчиларининг 36 фоизини ташкил қилади (2018 йилнинг 19 сентябрида UGF қўлга киритган ҳужжатга асосан). Ҳукумат амалдорлари ҳарбийларга мурожаат қилиб, пахта теримида бир неча туман далаларига аскарларни сафарбар қилишди, айниқса, мавсум охирида кўнгилли терим тўхтатилганидан сўнг давом этди. Масалан, Сирдарё вилояти Оқолтин туманида 10 минг аскар 2018 йил 5 декабргача пахта терди.

2018 йилги пахта мавсумида мустақил кузатувчилар жамоаси қуйидагиларни аниқлади:

Маҳаллий мулозимларни мажбурий меҳнатни ташкил қилишгани учун жазолаш ҳақида хабарлар бўлди. Шунга қарамай, 2018 йилги ҳосил учун марказий ҳукумат ҳудудий ва маҳаллий амалдорларга пахта етиштириш бўйича квота ажратиш тизимини давом еттирди. Натижада 100 дан ортиқ мансабдор шахс «пахта йиғим-теримини ташкил этишдаги камчиликлар» учун жазоланди.

Ҳукумат теримчиларга тўланадиган иш ҳақини оширди, натижада айниқса пахта кўп ва даромад қилиш имкони баланд бўлган терим мавсумининг бошида кўпроқ кўнгилли теримчилар пайдо бўлди. Бироқ далиллар шуни кўрсатадики, далада пахта миқдори камайиб, об-ҳавонинг ёмонлашуви билан теримчиларнинг ҳам озайди. Бу эса расмийларнинг квоталарини бажариш ва жазодан қутулиб қолиш учун мажбурий меҳнатга қайтишларига олиб келди.

Кўпгина теримчилар ўз ихтиёрлари билан ишлаганлар, аммо кўплаб кўнгилли теримчилар қўшимча ҳақ эвазига ўз ўринларига теримчи ёллашни маъқул кўришган, бу эса юқоридан белгиланган терим ҳақи ҳали ҳам паст даражада эканидан далолат берарди.

Соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаси ходимлари оммавий сафарбарликка чиқарилмади, гарчи уларнинг айримлари йиғим-теримнинг якунида далага чиқишга мажбур бўлишди. Бироқ йирик давлат корхоналари ва муассасалари, жумладан, фабрикалар, коммунал хизмат ширкатлари, банклар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва давлат идоралари ишчилари пахта теримига ёки теримчилар ҳақини тўлашга жалб қилинди. Минглаб ходимлар кўнгилли теримчилар сифатида аҳоли кам яшайдиган ҳудудларга жўнатилди, улар дала лагерларида, жамоат биноларида ёки вагонларда яшадилар.

«Биз умидбахш тенденцияни кўраётган бўлсак-да, ўн йиллар мобайнида вужудга келган оммавий мажбурий меҳнат асосидаги ишлаб чиқариш тизимини синдиришда муваффақиятга эришилгани ҳақида билдиришга ҳали эрта, – дейди Беннет Фрееман. – Ҳозирги пайтда сезиларли ўзгаришлар рўй бермоқда, бироқ мажбурий меҳнатни ва квота тизимини тугатишга яна бир неча йил керак бўлади, фақат ихтиёрий меҳнатдан фойдаланишни рағбатлантириш ва мажбурий меҳнатга асосланган фаолият юритган мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш каби муҳим тузилмавий ислоҳотларни амалга ошириш зарур. Умид қиламизки, Ўзбекистон ҳукумати ва унинг халқаро ҳамкорлари тарихий ислоҳотларни амалга ошириш учун зарур бўлган қизғин жараённи қўллаб-қувватлайдилар ва жадаллаштирадилар. «

Пахта кампанияси фаолларини узоқ вақтдан бери давлат секторидаги хизматчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилиниши давлат хизматлари учун ҳалокатли оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ташвишлантирмоқда. Ноябрь ойида «Озодлик» радиосининг билдиришича, масъул ҳамшира пахта теримида бўлгани боис, етти нафар бола нотўғри эмланди, нотўғри вакцина уларнинг соғлиғи учун ёмон оқибатлар келтирди.

«Пахта ва даладаги меҳнат учун квота тизими ўзгармас экан, мажбурий меҳнат йўқ қилинмайди,- деди Меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро форумининг ижрочи директори Жуди Герхарт. – Айни пайтда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида нормал меҳнат муносабатлари тизими мавжуд эмас. 2018 йил ҳосили бўйича давлат ишлаб чиқариш квоталарининг бажарилмагани боис фермерларнинг жисмоний зўровонликка учраган ҳолатлари қайд этилган».

Cotton Campaign гуруҳи ва Ўзбекистон-Германия форуми (UGF)
«Элтуз» нашри томонидан ўзбекчага ўгирилди 

Тағин ўқинг
26 сентябр 2023
Элтузга Қашқадарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт бирлашмасида озиқ овқат сифатининг ёмонлиги юзасидан кўплаб шикоятлар келиб тушди. Шикоятлар аксарият ...
30 январ 2018
Рассом Думҳам Eltuz.com
3 апрел 2018
Ўзбек журналисти ва ёзувчиси Ҳамид Исмоилов давлат уни «демократик тенденцияларга мос келмайди» деб топганидан сўнг 1992 йилда Ўзбекистондан қочишга ...
17 август 2016
Рассом: Туз Eltuz.com
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...