Мажбурий меҳнатга қарши навбатдаги кампания
Буюк Британияда ҳуқуқ ҳимоячилари-ҳуқуқшунослар жамоаси ўзбек пахтасига имтиёзли тарифлар қўлланишини қайта кўриб чиқиш талаби билан судга мурожаат этди.
Уларнинг таъкидлашича, бу имтиёзлар мажбурий меҳнатдан фойдаланилган ҳолда етиштириладиган мазкур маҳсулот импортига кўмак бермоқда.
The Guardianнинг ёзишича, ўзбек пахтаси юз минглаб инсонларнинг ғўза экиш ва ҳосилини йиғиб олиш даврида қулларча ишлатилишининг маҳсулидир.
Ўзбек пахтасига қарши кампанияни Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми (UGF) ва Юридик ҳаракатлар глобал тармоғи (GLAN) бошлаб берди. Улар суд харажатларини қоплаш учун краудфандинг йўли билан маблағ йиғишга киришди.
“Рейтерс” судга қилинган бу мурожаатга “Ўзбекистондан пахта импортига оид тарихий даъво”, дея баҳо берди ва юристлар фикрига таяниб, мазкур мурожаат мажбурий меҳнат эвазига етиштирилган товарларни Европа Иттифоқига олиб киришга чек қўйишга йўл очишини маълум қилди.
Ўзбек пахтасининг ЕИга имтиёзли равишда олиб кирилиши мазкур тузилма қоидаларига зиддир ва унинг 28 аъзоси мажбурий меҳнатга асосланган давлат тизимига кўмак бераётганини англатади, деб ҳисоблайди UGF ва унинг ҳамкорлари.
UGF раҳбари Умида Ниёзованинг таъкидлашича, Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми 2018 йилда йилда қарийб 400 минг киши пахта қуллигига дучор этилганини аниқлаган. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ишонтиришига қарамай, 2019 йилда ҳам ўқитувчилар, ҳарбийлар, давлат хизматчилари, пенсионерлар ва талабаларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани ҳақидаги хабарлар келиб турибди.
Буюк Британия Ўзбекистондан кўп пахта импорт қилмайди. Аммо UGF ва ҳамкорларининг ишонишича, суд қарори Буюк Британияга болалар меҳнати ёки мажбурий меҳнат эвазига ишлаб чиқарилган ҳар қандай товарни олиб киришни чекловчи янги қонунчиликка асос яратиб беради.
“ЕИ нафақат ўзбек пахтаси, эҳтимолки, мажбурий меҳнат эвазига ишлаб чиқарилган бошқа турли товарларни импорт қилишга рухсат беряпти, балки уларни имиёзли тарифлар орқали қўллаб-қувватлаяпти ҳам”, дейилади GLAN сайтида эълон қилинган баёнотда.
Ривожланаётган давлатлар учун бундай тарифлар мажбурий меҳнат билан боғлиқ вазият янада оғирроқ бўлган 1992 йилдан буён қўлланиб келинади.
Судга киритилган даъвода ўзбек пахтасини ЕИ мамлакатларига импорт қилиш ноқонуний ҳисобланиши, чунки тузилма Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини ўрганмасдан ва халқаро ҳуқуқ меърларига риоя этмасдан бундай имтиёзли тарифларни қўллаётгани таъкидланади.
Адвокатлар Лондон маъмурий судига киритилган даъво бўйича ғалабага эришишга ва бу иш қарори ЕИнинг барча мамлакатлари учун мажбурий тусига эга бўлган Люксембургдаги Европа судига ўтказилишига умид қилмоқда.
“Даъво қаноатлантирилса, бу мажбурий меҳнат билан “булғанган” барча турдаги товарлар учун тегишли оқибатларни келтириб чиқаради”, деб ҳисоблайди GLAN юристи Жерри Листон.
Eltuz.com