Document UZ
3 март 2021

“Обод қишлоқ” манзаралари: “Катта Карчин” МФЙда сув, йўл, мактаб ва масжид муаммоси

Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги “Катта Карчин” МФЙ “Обод қишлоқ” дастурига киритилган. Ҳудуд аҳолисига 2019 йилда барча хонадонлар ичимлик сув билан таъминланиши айтилган.

Йўллар ва мактаблар таъмирланиши, ҳар бир хонадонга ичимлик сув тармоғи ўтказилиши ваъда қилинган эди. “Элтуз”га тақдим этилган маълумотга кўра, ваъда ваъдалигича қолиб кетган.

Фуқароларнинг айтишича, сенатор Абдуғани Сангиновга тегишли ташкилот тендерда ҳудудни сув билан таъминлаш лойиҳасини ютиб олган. Бироқ 600 хонадоннинг тахминан 50 тасигина ичимлик сув билан таъминланган.

2020 йил ноябрида бошланган қувур ётқизиш ишлари тўхтаганича қолган

2020 йилнинг ноябрь ойи охирларида “Денов сув таъминоти” МЧЖ раҳбари Хуршид Зоиров бошчилигида қувур тортиш бошланган. Аммо жараён тўхтаб қолиб, ишлар охирига етмаган.

Мутасаддилар аҳолига ишнинг тўхтаб қолганига турли сабаблар кўрсатган. Охири ҳар бир хонадондан 400 минг сўмдан пул йиғиб берилса, кейин иш давом эттирилиши айтилган. Бунга Хуршид Зоиров давлатдан катта миқдорда кредит олгани рўкач қилинган.

Маҳалла раисаси Ойсара Халилованинг билдиришича, маҳаллада фуқаролар бахтли умргузаронлик қилишмоқда. Раиса буни ажрим ва жиноятлар кам содир бўлаётгани билан изоҳлади.

Аммо йўлларнинг ёмонлиги, мактаблар талабга жавоб бермаслиги ҳақидаги саволга тайинли жавоб бермади. Масжид муаммосига унинг кучи етмаслигини айтди.

Cув таъминоти бўйича Давлат дастурини амалга ошириш учун аҳолидан пул ҳам йиғиб олинган

“Исм-шарифимни сир сақласангиз, – дейди Катта Карчинда яшовчи фуқаро. – Йўқса бизни нега четга дардингни олиб чопасан, муаммони ўзимиз ҳал қилиб берамиз, деб ҳолу жонимизга қўймайди. Яқинда бир халқаро сайтга маҳалладошимиз чиқиш қилиб, қишлоқдаги камчиликларни, одамларнинг муаммоларини айтган эди. Эртаси куни ИИБ, ДХХ ходимлари уйига бостириб келди.

Чиқиш қилманглар, сабр қилинглар, ҳаммаси яхши бўлади, деб қуруқ ваъдаларни бериб кетди. Мана, шу воқеага ҳам 4 ой бўлди. Натижа йўқ. Маҳалладошларимиз тоза ичимлик сувга муҳтож.

Мутасаддиларнинг пул йиғинглар, қилиб берамиз, деган гапларига ҳам розимиз. Аммо яна ишни бошлаб, тенг ярмида чала ташлаб кетмаслигига ким ваъда беради”.

Маҳалланинг яна бир турғуни сўзларига кўра, бу ерда диний қарашларга чеклов мавжуд – 15 минг кишига битта масжид йўқ. Ҳомийлик йўли билан қуриб битказилган масжидни ҳали-ҳамон фойдаланишга топширишда муаммолар бор (бу бўйича “Элтуз”га ҳужжатлар тақдим этилган).

– Қишлоғимизда 1958 йилда Мулла Зиё томонидан қуриб битказилган Абу Бакр Сиддиқ масжиди 1987 йилда вақтинча ўз фаолиятини тўхтатган, –дейди деновлик фуқаро. – Қайта таъмирлангандан сўнг 1989 йилдан яна фаолият юритган.

2008 йилга келиб масжид яроқсиз ҳолатга келиб қолган, дея яна ёпилди. Қўшни қишлоқдагилар билан бирга ҳомийлик йўли билан масжидни таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.

Масжидда 2018 йилдан бошланган таъмирлаш бугунги кунга келиб ниҳоясига етган. Аммо халқ ундан фойдалана олмаяпти. Ҳали мутасаддилар масжидни очишга рухсат бермаяпти. Масжиднинг барча ҳужжатлари диний идора вакилларига тақдим этилган.

“Элтуз” туман ҳокимлиги билан боғланганда ушбу ишларга ҳоким ўринбосари Баҳодир Қодиров масъуллигини айтишди. Аммо масъул қўнғироқларга жавоб бермади.

Elruz.com

Тағин ўқинг
19 феврал 2018
Ўзбекистондаги жўшқин сиёсий ўзгаришлар шу пайтгача мамлакатда энг қудратли куч бўлган Миллий хавфсизлик хизмати ўрнига янги супертузилма – прокуратурани ...
22 апрел 2023
Агар, дейлик, турк ëзувчиси Ўрхон Помуқ¸ Эрон киночиси Асгар Фарҳодий  ëки Хитой рассоми Чжан Сяоган Парижга келса, Франция матбуоти ...
27 сентябр 2018
Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси терговчиларидан бирининг “Элтуз”га маълум қилишича, Пскентда жазони ўтаётган 55 яшар Журъат Мелиқуловга ҳужум қилишга ...
8 август 2024
Навоий вилояти Халқ депутатлари кенгаши ходимлари турли ҳудудлардаги кенгашларга тенг маблағ ажратилмаётганидан норози. Масалан, Президент Фармони билан Тошкент шаҳар ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...