Document UZ
14 ноябр 2023

Режалари чилпарчин бўлган Сардор

Президент фармони билан Президент администрациясининг собиқ раҳбари Сардор Умурзоқов Стратегик ислоҳотлар кенгашидан чиқарилди.

Сардор Умрзоқов президент Шавкат Мирзиёев рахбар бўлган кенгашда раис ўринбосари эди. Кенгашнинг янги таркибидан агентликнинг 9 ноябрь куни ишдан бўшатилган раҳбари Шуҳрат Вафаев ҳам чиқариб ташланган. У 2022 йил сентябрида қайтадан ташкил этилган кенгашда масъул котиб лавозимини эгаллаб келаётган эди.

Шу тариқа Сардор Умурзоқов 2022 йил июлида администрация раҳбарлигига тайинланганидан кўп ўтмай ўзи ташкил қилган Стратегик ислоҳотлар агентлиги таркиби бутунлай янгиланмоқда. Умурзоқов кетказилганидан кўп ўтмай, унинг қатор функциялари, жумладан, давлатнинг стратегик активлари Молия вазирлиги тасарруфига қайтарилган эди.

2021 йил июлида Стратегик ривожланиш агентлиги сифатида ташкил этилган ва 2022 йил сентябрида Стратегик ислоҳотлар агентлигига ўзгартирилган идора қандай стратегик вазифаларни ҳал этиш билан шуғуллангани жамоатчиликка маълум эмас. “Умурзоқовнинг боласи” деб таърифланган агентлик ҳозирга қадар бирон марта жамоатчиликка ҳисобот бермаган.

Собиқ администрация раҳбарининг тақдири  ҳақида ҳам ҳеч нарса маълум эмас. Шу йилнинг 17 августида Умурзоқов администрацияси раҳбарлигидан кетказилганидан буён жамоатчиликка кўриниш бергани йўқ. У Президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчи лавозимига тайинланган, аммо ўтган қарийб уч ой ичида биронта махсус топшириқни бажаргани ҳақида расмий маълумот йўқ.

Умурзоқовга яқин деб кўрилган қатор амалдорлар, жумладан, унинг собиқ ўринбосари Суннатилла Бекенов ҳам администрациядан кетказилган ва ҳозиргача бирон лавозимга тайинлангани маълум эмас.

Умурзоқов тузган Президент администрацияси раҳбарининг вилоятлардаги вакиллари ҳам унинг ўзи билан бир кунда йўқотилган.

Олдинроқ бир қатор ҳукуматпараст блогерлар ижтимоий тармоқларда “Сардор Умурзоқов қайтсин” деган флэшмоб ўтказишган эди. Бир вақтнинг ўзида жўровозликда ёзилган уйқаш постларга Умурзоқов билан тушилган эски суратлар ҳам илова қилинди.

Аммо афтидан, тармоқларнинг стаканда кўтарилган бўрони Сардор Умурзоқовга ёрдам бермаган.

Элтуз манбаларининг айтишича, стакан дарз кетган ва чил-чил синмоқда.

Президент администрацияси ва қуйи тузилмаларни Умурзоқовнинг мероси ва кадрларидан тозалаш ишлари давом этмоқда.

Манбалар Умурзоқов амалда экан, параллел ҳукумат тузганини иддао қилган, аммо Элтуз бу иддаони тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлмагани боис мавзуга чуқур кирмаган эди.

Каналимизга обуна бўлинг. Видеоларимизга изоҳ ва лайк қолдиринг.

Тағин ўқинг
9 март 2020
Ўзбекистон Жиноят кодекси асосида “пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият»и учун устидан жиноят иши ...
20 август 2023
Файзулла Убайдулло Хўжа ўғли, яъни Файзулла Хўжаев 1896 йил 15 мартда Бухоро амирлигида туғилади. Отаси Убайдулло Хўжа Бухоро амирлигидаги ...
25 июл 2016
Шу тариқа йигирманчи асрда бошланиб йигирма биринчи асрда ҳам 15 йил яшаган видео-васвасага нуқта қўйиладиган бўлди. Япониянинг Sony ширкати ...
9 ноябр 2015
Қарши шаҳар милицияси бошлиғи муовини Акмал Қултоев ва ИИБ жиноят қидирув бўлимининг ўндан зиёд ходими, тергов пайтида гумонланувчига жиноятни ...
Блоглар
28 ноябр 2023
СССРни алқашга қаратилган, коммунистик руҳда суратга олинган кинолар Ўзбекфильм архивида жуда кўп. Гўёки Россия босиб ...
23 ноябр 2023
Янги Ўзбекистонда жамият иккига бўлинган: Бир бири устидан ëзадиганлар ва пул бериб, бировнинг устидан ëздирадиганларга. ...
15 ноябр 2023
Тармоқ, яъни социал медиа ўзбек сегментида кузатишларимга кўра хотин-қизлар орасида ашаддий диний фанатизмга мойиллик кучли. ...