ДХХ ходими Мирзиёевни ҳокимиятдан босқичма-босқич ағдариш режаси ҳақида
Бугунга қадар «Элтуз» таҳририяти ДХХ раҳбариятидаги ўзгаришлар ҳақидаги силсила мақолаларига бирор расмий изоҳ ола олгани йўқ. Шунга қарамай, таҳририят олинган кейинги маълумотларни нашр этишга қарор қилади ва муқобил маълумотларни тақдим эта оладиганлар билан гаплашишга тайёрлигини билдиради.
“Элтуз” бу гал МХХ ходими йўллаган электрон мактубни имловий хатоларини тўғрилаган ва қисқартирган ҳолда беришга қарор қилди.
Бунга Ўзбекистон ДХХсида охирги кунларда юз бераётган воқеалар ва уларнинг жамоатчилик ҳамда мамлакат келажаги учун ниҳоятда долзарблиги сабаб бўлди.
Аввал Ихтиёр, кейин Шариф
Ўзбекистоннинг биринчи президенти вафот этганидан сўнг президент ким бўлади, деган савол биринчи навбатда турарди ва натижада Шавкат Мирзиёев президент бўлишига келишилди. Ўшанда мамлакатимиздаги энг қудратли икки шахс – Рустам Иноятов ва Зелимхон Ҳайдаров бўлажак президентга икки шартни қўйишди:
- Барча давлат ишларини улар билан маслаҳатлашган ҳолда бажариш;
- Улар ва уларнинг оила аъзолари дахлсизлиги кафолатини бериш.
Шавкат Мирзиёев президент этиб сайлангандан кейин давлатимиз равнақи ва халқимиз турмушини яхшилаш мақсадини кўзлаб туб ислоҳотларни бошлаб юборди. Лекин бу икки шахс кўплаб масалаларда президентимизнинг ташаббус ва қарорларига қаршилик кўрсата бошлашди. Бу қаршилик, айниқса, улар ўз лавозимларидан четлатилганларидан кейин жуда кучайди. Улар саботаж усулларидан ҳам чекинишмади. Баъзи ҳолларда бунинг уддасидан ҳам чиқа билишди.
Президентнинг шахсан ўзи қабул қилган қарорлари турли баҳоналар билан бекор қилингани бунга яққол мисол бўла олади. Шу билан бирга, президент Шавкат Мирзиёев озод этган инсон ҳуқуқлари фаоллари, сиёсий ва диний маҳкумлар ҳамда бизнесменларнинг реабилитация қилишни сўраб ёзган аризалари қондирилмади.
Тезкор маълумотларга кўра, Рустам Иноятов президент сайловига қадар давлат раҳбарининг обрўйини тўкиш ва ҳокимиятда президентга кўмак берадиган раҳбарларни четлатиб, ўзларига содиқ бўлган шахсларни тайинлаш режасини тузиб чиққан. Кейинги президентликка улар Ихтиёр Абдуллаевни тайёрлашган. У бир муддат президент бўлгач, ҳокимиятни Рустам Иноятовнинг ўғли Шариф Иноятовга топшириш келишуви бўлган.
Ёмонотлиқ қилишнинг 7 банди
Шавкат Мирзиёевни ҳокимиятдан четлатиш режаси қуйидаги бандлардан иборат бўлган:
1. Сайловга қадар йирик миқдорда маблағ тайёрлаш;
2. Халқни Мирзиёевга қарши қилиш;
3. Тадбиркорларни президентга қарши қилиш;
4. Диндорларни президентга қарши қилиш;
5. Терроризм таҳдиди билан президентни қўрқитиш;
6. Хорижий ўлкаларда Шавкат Мирзиёев имижини бузиш;
7. Россия билан муносабатларни бузиш.
1, 2 ва 3-бандларни бажариш учун янги солиқ қонунини қабул қилишди. Ўзларининг одамлари бўлмиш бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров ва солиқ қўмитасининг раиси Бекзод Мусаев стратегияси асосида ишлаб чиқилган бу қонун олдиндан тадбиркорлар ва оддий халққа жуда катта қийинчилик туғдирадиган ва тадбиркорлик субъектлари кескин камайиб кетишига қаратилган эди.
Қонун лойиҳасида Грузия ва Туркия солиқ сиёсати самарали экани кўрсатилган, аммо амалда унга кўплаб ўзгартиришлар киритилган эди. Ушбу қарорнинг салбий оқибатлари ҳозирданоқ ўз таъсирини кўрсата бошлаган – давлат бюджетига тушум тобора озайиб бормоқда. Бу ҳолат йил охирига қадар давом этса, вазиятни ўнглаш учун камида ўн йил керак бўлади. Аммо реал аҳволни президентдан беркитиб келишмоқда.
1, 4, 5, 6 ва 7-бандларни шахсан Ихтиёр Абдуллаевнинг ўзи зиммасига олган. Бу ишларда унга ички ишлар вазири ўринбосари Даврон Назармуҳамедов, Давлат божхона қўмитаси раиси Мурод Азимов ёрдамчилик қилганлар.
Шавкат Мирзиёевга тероризм хавфи кучайиб бораётгани ҳақида Ихтиёр Абдуллаев бир неча маротаба маълумот берган ва бу маълумотларни Ички ишлар вазирлиги тасдиқлаган. Агарда ДХХда ҳозирги кундаги тозалашлар бўлмаганида мамлакатда сайловга яқин қолганда бир нечта террорчилик ҳаракатлари Ихтиёр Абдуллаев ва унинг жамоаси томонидан ташкиллаштирилар эди.
Бундай режа ҳозирда ҳибсга олинган ДХХ раисининг маслаҳатчиси Алишер Эшонхўжаев ва ДХХ раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Эгамов томонидан ишлаб чиқилган. Шу билан бирга, режага мувофиқ, Алишер Эшонхўжаев наркотрафик ташкил қилиб, йиғилган маблағларни президент сайлови давомида Шавкат Мирзиёевга қарши ишлатиши керак эди.
Ихтиёр Абдуллаев топшириғи билан ДХХ томонидан барча масжидларда, шунингдек, диний олийгоҳлар ва ўқиш марказлари раҳбарлари ва зиёлиларга қарши ҳужумлар ташкил қилинди.
Бундай ҳужумлардан фақат битта мақсад кўзланган эди – аҳолининг диндор табақасини президентга қарши қилиш.
Оммавий ахборот воситалари орқали туркум кўрсатувлар ва эшиттиришлар ташкиллаштирилиб, президентнинг диний эркинликларга оид ваъдалари шунчаки хўжакўрсинга экани тарғиб этилди.
Чет эллардан келган инвесторларнинг лойиҳаларини атайлабдан ўтказмасликка ҳаракат қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг инвесторларни жалб қилишдаги таъсири ва роли сусайтирилди.
Хорижий ўлкалар, айниқса, Россия раҳбарияти ва Шавкат Мирзиёев ўртасидаги муносабатларни бузишни шахсан Зелимхон Ҳайдаров ўз зиммасига олган.
Eltuz изоҳи
ДХХ зобити йўллаган навбатдаги мактубни “Элтуз” таҳририяти мутлақ ҳақиқат деб ҳисобламайди. Аммо зобитнинг ҳозиргача берган маълумотлари ўзининг тўлиқ тасдиғини топганлиги учун мактубнинг самимийлигини ҳам инкор қилиб бўлмайди.
Ҳозиргача ДХХ зобити “Элтуз”га етказган маълумотлар, жумладан, хавфсизлик хизматининг юқори мартабали раҳбарлари қамалгани ҳақидаги фактлар ўз исботини топди.
Ушбу мактуб нашрга тайёрланаётган пайтда “Элтуз”нинг ҳукуматдаги яна бир манбасидан маълумот келди. Бу маълумотларга кўра, ДХХ собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев 11 февраль куни қамоққа олинган. У ҳозир ДХХ тергов изоляторида сақланмоқда. Шунингдек, ДХХ собиқ раисининг кучишлатар тизимларида ишлайдиган барча қариндошлари қўлга олинган.
Айни пайтда “Элтуз” ўз манбаларининг конфиденциаллик кафолатини сақлайди ва бошқа томонлар учун ҳам очиқлигини билдиради.
Eltuz.com