Асосий мавзулар
28 декабр 2019

Мирзиёев Россияда нималарни гаплашмоқчи?

Келаётган йилнинг февраль ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга кутилаётган ташрифи чоғида мамлакат учун ҳаётий масалалар муҳокама қилинади. 

Бу ташриф кун тартибидан Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)га аъзо бўлиши, Жиззахда АЭС қурилиши, мамлакатнинг Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) билан муносабатлари каби ўта муҳим масалалар ўрин олади. 

Бу каби тахминларни билдирган сиёсий таҳлилчи Қурбон Тошбоевнинг “Элтуз”га билдиришича, мазкур ташриф Ўзбекистоннинг сиёсий-иқтисодий келажагини белгилаб беришда ўта муҳим аҳамиятга эга бўлади. 

Сўнгги вақтларда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзолиги масаласидир.

Юқори доирадаги расмийлар, хусусан, Сенат раиси ўринбосари Содиқ Сафоев бу аъзоликни ёқлаб гапиргани ортидан мамлакатдаги мавжуд партиялар раҳбарлари ҳам бир овоздан буни қўллаб-қувватлаш тарафдори эканини  билдира бошлади. 

Бу масала, шунингдек, АЭС қурилиши ўзбек мухолифатининг қатъий норозилигига сабаб бўлди, ижтимоий тармоқларда ҳам қаршилар кўпчиликни ташкил этмоқда. 

Айнан Ш.Мирзиёевнинг Россияга ташрифи эълон қилиниши баробарида ҳали икки мамлакат Жиззахда АЭС қурилиши борасида келишувга келмагани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. 

Ўзбекистоннинг КХШТ билан муносабатлари масаласи эса мамлакат бу ташкилотни тарк этганидан буён ўзаро турли зиддиятларга сабаб бўлиб келяпти.

Яқинда Россия Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев “Афғонистонда вазият ёмонлашаётгани, “Ислом давлати” гуруҳи жангарилари Марказий Осиёга бостириб кириш учун мамлакат жанубида куч тўплаётгани” ҳақида баёнот берган эди. 

Ундан сал аввалроқ КХШТ бош котиби ўринбосари Петр Тихоновский ҳам Афғонистон янги ҳарбий можаролар ҳудуди бўлиши таҳдидидан огоҳлантирганди. 

“Юқорида тилга олинган ҳолатлар Ш.Мирзиёевнинг Россияга кутилаётган ташрифида айнан шу масалалар музокараларнинг асосий мавзуси бўлишига ишора беради”, дейди Қ.Тошбоев “Элтуз” билан суҳбатда. 

Унинг сўзларига кўра, ЕОИИга аъзолик масаласида шу кунгача расмийлар ва уларнинг йўриғидан чиқмайдиган партиялар раҳбарлари айтган фикрлар бу масала ташриф давомида якуний босқичга киришидан далолат беради.

“Ҳозир баён этилаётган сиёсий вектордан келиб чиқилса, ҳукумат мазкур масалада бир қарорга келган кўринади. Яъни биз ЕОИИга аъзолик сари кетяпмиз”, дейди таҳлилчи. 

Қ.Тошбоевнинг таъкидлашича, АЭС қурилиши масаласида ҳам Ўзбекистон Россиянинг катта босими остида қолган. 

“Аввало, бу масаланинг ўзаро музокаралар мавзусига айлантирилишининг ўзи хато бўлган эди,- деди таҳлилчи. – Ўзбекистон энди қийин аҳволда қолган. Бир томондан, Россиянинг катта босими. Иккинчи томондан, бутун дунё атом энергетикасидан воз кечаётган бир вақтда Ўзбекистоннинг бу ғавғога аралашиб, Россиянинг узоқ муддатли таъсир доирасига тушишига йўл очилди”. 

Таҳлилчининг таъкидлашича, Афғонистондан келаётган таҳдидни бўрттириш Марказий Осиё мамлакатларини Россия таъсирида ушлаб туришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг бир қисмидир.

“Ҳар уччала масалада Ўзбекистон Россия ва Ғарб мамлакатларининг манфаатлари исканжасида қолмоқда. Агар Ўзбекистон бу масалаларда Россия йўриғига юрадиган бўлса, Ғарбнинг инвестициялари йўлига ва қўллаб-қувватловига ўз қўли билан тўсиқ қўйган бўлади”, деди таҳлилчи Қ.Тошбоев “Элтуз” билан суҳбатда.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
30 апрел 2021
Орзу қанотида  ëшлик ҳам ўтди Худди тонг тумани ë уйқу мисол. Кўкрак қафасида Эрк қушим, Чўтир истибдоднинг тагида  Патлари ...
31 январ 2019
Венесуэладаги охирги ўзгаришлардан сўнг, кутилганидек, собиқ президент Николас Мадуронинг тарафдорлари кўпайиб кетди. Унинг халққа қилган яхшиликлари, ҳамширалар минглаб доллар ...
24 декабр 2018
Ўзбекистон фуқаролик жамиятининг бир гуруҳ фаоллари Zeromax GMBH кредиторларининг Гулнора Каримованинг ноқонуний активларини товон сифатида олиш ҳаракатлари кучайганидан хавотир ...
14 март 2019
Ўзбекистонга киритилмаган таниқли ўзбек ëзувчиси Ҳамид Исмоил «Жинлар базми» китоби учун Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 2019 йил учун ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...