Асосий мавзулар
22 июн 2020

Касаба “динозаврлари” кимнинг ҳисобидан президентга ёқишга ҳаракат қиляпти?

Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида 15 июнь куни очилган “Оқ кема” болалар оромгоҳи Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси бюджети, яъни ишчи-хизматчилар касаба уюшмаларига ўтказадиган маблағ эвазига қурилган. 

Бу ҳақда “Элтуз”га келиб тушган шикоят хатида ёзилишича, “федерация раҳбари Қудратулла Рафиқов президент топшириғини бажариш учун ўз ходимларининг маошини сарфлаган”. 

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов Оққўрғон туманида. Фото: ishonch.uz

Расмий маълумотларга кўра, президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан бошланган мазкур қурилишга Касаба уюшмалари федерацияси 36 миллиард сўм маблағ ажратган

“Элтуз”га келиб тушган шикоят хатида билдирилишича, аслида бундай объектларнинг федерация томонидан қурилиши маблағнинг мақсадсиз сарфланиши ҳисобланади. 

“Чунки бу пуллар ишчилар манфаатлари учун ишлатилиши шарт. Лагерь ва санаторийлар қуриш учун эмас. Аслида бу қурилишлар давлат ва бошқа манбалар ҳисобидан бўлиши керак”, дейилади хатда.

Андижоннинг Олтинсой туманидаги санаторий ҳам касаба уюшмалари аъзолари пулига қурилган

Маҳаллий матбуотда кўз-кўз қилинган “Оқ кема” оромгоҳи Орол денгизининг қуриб қолган тубида, дов-дарахт ўсмайдиган ҳудудда барпо этилган.  

Бундай олиб қараганда, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси фаолиятидан норозиликлар етарлича.

Маълум бўлишича, карантин муносабати билан “федерация ва тизимлари ходимлари икки ойдан бери ҳақ тўланмайдиган таътилга чиқарилган. Мажбурий аризалар йиғиб олинган. Ойлик беришга пул йўқ. Лагерь қуришга сарфланибди пул. Чунки президент топшириқ берган”. 

Касаба Уюшмалари Федерацияси кенгаши раёсати қароридан

“Элтуз” тасарруфида Касаба уюшмалари федерацияси раиси Қудратулла Рафиқов имзолаган “30 кун муддатга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътилга чиқариш тўғрисидаги аризаларни қаноатлантириш масаласи иш берувчиларидан сўралсин ва уларга бир ойлик лавозим маоши миқдорида моддий ёрдам тўлансин”, дейилган раёсат қарори мавжуд.

Аммо касаба уюшмалари ходимларига иш ҳақлари тўлиқ тўланаётгани юзасидан аниқ ва батафсил маълумотлар йўқ.

Касаба уюшмалари федерацияси котибияти мудири Абдуғафур Оқбердиев 16 июнь куни “Элтуз” мухбири билан телефон орқали суҳбатида касаба уюшмаси кенгашларининг барча ходимларига ойликлар тўлиқ берилаётганини билдирди. 

Бироқ у федерация раёсатининг юқорида эслатилган қарори юзасидан изоҳ  беришни ташкилот юридик бўлимига ҳавола қилди. Ҳозирча “Элтуз” бу бўлимдан жавоб ололгани йўқ. 

Тошкент шаҳридаги касаба уюшмалари идораси ходимларидан бирининг “Элтуз”га айтишича эса касаба уюшмаларининг республика кенгашларига бир ойлик учун тушум пуллари ажратилмаган. 

“Чунки коронавирус пандемияси баҳонасидаги тадбирлар доирасида ходимлар иш ҳақи сақланмаган ҳолда бир ойлик таътилга чиқарилган.  Ойлик иш ҳақлари бюджетга алоқадор бўлмаган касаба уюшмаларининг айрим бўлимлари бундан истисно бўлиши мумкин”, деди “Элтуз” суҳбатдоши.   

Унинг сўзларига кўра, федерация раҳбарияти оддий ишчилар манфаатини ҳимоя қилиш ўрнига юқорининг топшириғини бажаришга ўрганиб қолган. Бу ҳолат федерацияга Танзила Норбоева раҳбарлик қилган замонлардан буён давом этиб келаётир. 

“Федерация бошқарувига ишдан урилган, аллақачон пенсияга чиқиб кетган қадимги “динозаврлар” келиб қолган. Янгича ишлаш йўқ. 

Касаба уюшмалари федерацияси вакиллари «хотин қизлар муаммосига бағишланган тадбир»да. фото: kasaba.uz

Рафиқов ташкил этаётган ҳар бир тадбир дабдабабозлик. Буларнинг барчаси ишчи-хизматчилар касаба уюшма учун иш ҳақидан ажратаётган бир фоиз пул эвазига бўлмоқда. 

Аслида халқнинг қанча пули йиғилгани ва қаерга сарфланаётгани очиқ маълумот бўлиш керак. Лекин касаба уюшмаларида булар сир сақланади”, деди суҳбатдош. 

Унинг таъкидлашича, аслида ўша бир фоиз тармоқ касаба уюшмалари ихтиёрига тушиб, муайян бир қисми кейин федерацияга ўтказилиши керак. Аммо Ўзбекистонда барча маблағ аввал федерацияга тушиб, кейин тармоқ тизимларига тақсимланади.

Қолаверса, касаба уюшмаларини ўз ваколатига кирмайдиган ишларга жалб этиш жуда авж олган. 

“Касаба уюшмалари ҳозирги кунда иш берувчининг ўйинчоғига айланиб қолган. Биз ижтимоий ҳамкорлик асосида ишлаймиз, деб кўксига уришади. Ишчилар ҳимоясига иш ташлашларни ташкил этиш тўғрисида гап ҳам бўлиши мумкин эмас”, дейди “Элтуз” суҳбатдоши. 

Унинг қўшимча қилишича, федерация таркибида 14 та аъзо ташкилот бўлиб, уларнинг 12 тасига май ва июнь ойлари учун иш ҳақи тўлашга пул ажратилмаган. 

Ҳақиқитан ҳам, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси фаолиятига чуқурроқ назар ташласангиз, бу нодавлат ташкилотми ёки давлатга қарашли идорами, деган савол табиий равишда пайдо бўлади.

Ўша “Оқ кема” оромгоҳи қурилиши масаласида ҳам бу жиҳат яққол кўзга ташланади: Хўш, президентнинг нима ҳақи бор нодавлат ташкилотга бундай катта маблағ сарфланадиган объектни қуриш топшириғини беришга? 

Маҳаллий матбуот тарқатган қуйидаги хабар ҳам ҳали эскиргани йўқ:

Ўзбекистон ва Қозоғистон касаба уюшмалари федерациялари вакиллари Қозоғистоннинг Мақтаорол туманида. фото: kasaba.uz

“Жорий йилнинг 17 июнь куни Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилояти Мақтаорол туманига Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ва Қозоғистон касаба уюшмалари федерацияси делегациялари вакиллари ташриф буюриб, Сардоба сув омборидаги техноген фалокат оқибатида сув тошқинидан зарар кўрган ҳудуд аҳолисига инсонпарварлик ёрдамини кўрсатдилар».

“Ахир бу яна қанақа майнавозчилик? Касаба уюшмалари федерациясининг ишчи-хизматчилар пулини сарф қилишга нима ҳақи бор? Федерация хайрия фонди эмас-ку”, дейди касаба уюшмалари идораси ходими.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
27 сентябр 2017
Президент Мирзиёев ваъдаларига ишониб ватанга қайган диссидент ёзувчи Нурилла Отахонов (Нуруллох Муҳаммад Рауфхон)нинг, 27 сентябр куни Тошкент аэропортида ҳибсга ...
15 апрел 2016
Мақолада ёзилишича, хитойлик журналистлар «Фарғона шаҳрининг қиёфаси, ям-яшил майдонлар, каштанлар хиёбони, янги бунёд этилган иншоотлар, сув спорти саройини кўриб, ...
21 март 2018
«Элтуз» нашри қамоқдан чиқиши кутилаётган, 100 миллион долларни ўзлаштиришда айбланиб қамалган амалдор Журъат Мелиқулов фаолиятига оид фильмни тақдим этади. ...
5 сентябр 2016
Каримов ўлими ундан касал ва заиф бир жамият ва уни шу аҳволга солган режим яшашда давом этаётганини намойиш қилди. ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...