Асосий мавзулар
29 сентябр 2022

Дарди достонга айланган Қизириқ фермерлари

Асрлардан бери сурхонликлар ўз дарду муаммоларини қўшиққа солиб айтишади. Ер¸ сув талаши ва беклар зулми бахшиларнинг юз йиллик репертуаридаги доимий мавзу. Қўшиқда айтилишича йўлингизда муаммолар дарëси бўлса унинг устидан кечиб ўтиш учун кўприк лозим. Агар кўприк бўлмаса, қўлбола сол ясаб ўтасиз. Ҳамма гап муаммо ечимида. Кимдир халақит бермаса одам ўз муаммосини ўзи еча олади.
Оғзингдаги ошингни олдириб
Халтангни ваъдага тўлдириб
Умидинг батамом ўлдириб
Елкангда бўш халта деҳқоним
Қизириқлик Шодмон бахши бу қўшиғи билан ўзининг ерга бўлган ҳуқуқини суд орқали ҳимоя қилган бўлишига қарамай, маҳаллий мулозим ва кластерчи бойлар босими остида қолаëтган қизириқлик фермерлар дардини достон қилади.

Таслим бўлмаган қизириқлик фермерлар

Гап Ўзбекистондаги фермерларнинг кластерга таслим бўлмаган қизириқдаги сўнгги отряди ҳақида.
Бутун мамлакатдаги каби қизириқлик фермерлар ҳам 30 йилдан бери яхшими ëмонми ўзлари давлатдан ер ижарага олиб ишлаб келишган. Бу деҳқонлардан бири Нортожи ота Қултўраев президент билан икки марта учрашиб хизмат кўрсатган пахтакор унвонини ҳам олди. Аммо 2018 -йилга келиб президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан қишлоқ хўжалигини аста-секин кластер тизимига ўтказиш бошланди. Бунинг ортидан 2021- йилга келиб қизириқлик фермерларга ерни “ўз ихтиёри билан давлат захирасига ўтказиш” ҳақида мажбурий ариза ёзиш таклиф қилинди. Фермерлар рад қилишди. Вилоят ва туман ҳокимликлари ички ишлар ходимлари ёрдамида фермерлардан мажбуран ариза ёздириб олишга уринишди. Аксар фермерлар ариза ëзишдан бош тортишди. Зотан, қонун фермерлар тарафида эди. Фермернинг пахта, ғалла режасини бажармаганлигини асос қилиб ер участкасини ижарага олиш шартномасини бекор қилишга ҳокимнинг ҳаққи йўқ эди.

«Ер майдонларимизни маҳаллий депутатлар сессия қарор билан олинган деб бизга важ қилиняпти. Фермерларнинг ерини олиб қўйишга фақат суднинг ваколати бор, бошқа ҳеч кимга бундай ваколат берилмаган…» дейди «Парда Туроп” фермер хўжалигининг раҳбари Туропов Олимжон.

Исён

Қизириқлик фермерлар ва уларнинг ерларини тортиб олаëтган маҳаллий ҳокимлик орасидаги зиддият 2021 -йил бошига келиб кучайди. Сурхондарëда адолат қарор топишидан умидини кесган қизириқлик 275 та фермер 60 та автомобилга ўтириб Тошкентга борди. Аммо улар президент қабулхонасига киритилмади. Уларни Бош вазир Абдулла Арипов қабулхонаси расмийлари қабул қилди.Гарчи махсус комиссия Сурхондарёга бориб, уларнинг муаммосини ҳал қилиб беришни ваъда қилган бўлса ҳам, бу ваъда бажарилмади.

Қизириқ суди энг адолатли суд

Бу аризалар самара бермагач, фермерлар бирин- кетин судга мурожаат қилишди. Суд фермерлар талабини инобатга олиб уларнинг ерини олиб қўйиш бўйича вилоят ва туман ҳокимлари қарорларини бекор қилди. Ҳозирги кунда қизириқлик 14 фермер суд қарори билан маҳаллий ҳокимият чангалидан ўз ерини қутқаргандай бўлди.. Ўзбекистоннинг алоҳида олинган бир туманида фермерлар маҳаллий ҳокимлик устидан ғалабага эриша олди.

«Биз ўша ернинг ўзида Термиз туманлараро судига мурожаат қилганимизда, 2021- йил 6- июнь ҳолатига ушбу ер майдонини қайтариб бериш ҳақида ариза олинмагани исботини топди», дейди «Маматқул» ФХ иш юритувчиси Мардаев Хўжаëр. Ўз ҳақини суд орқали ҳимоя қилганлардан бири «Парда Туроп фх раҳбари Олимжон Туропов эса суд қарори қоғозда қолаëтганидан хавотирда.

«Ер майдонларини қайтариш бўйича ариза беришни сўрашганда рад қилганмиз. Биз аризаларни бермаганмиз. Мажбурлаганда ҳам аризани топширмаганмиз. Шунга қарамай еримизни олиб қўйишди. Бу юзадан судга даъво ариза киртитдик. Суд талабимизни қанаотлантирди…» дейди у.

Нега айнан Қизириқда?

Бу саволга жавоб берган фермер Неъмат Ишчанов «Қизириқдаги фермерлар республикадаги фермерлар билан таққослаганда энг кўп жабр кўрди. Ерлари мажбуран олиб қўйилди. Шу боис ерга урилган фермерлар кўкка сапчиди»-, дея изоҳлади.

Қизириқлик фермерларга қилинган адолатсизлик кўламини 2021- йил июнь ойида бўлиб ўтган Термиз туманлараро маъмурий суд материалларидан ҳам билса бўлади.

«Халқ депутатлари Қизириқ туман Кенгашининг 10.12.2020 йилдаги қарори билан Қизириқ туманидаги барча йўналишдаги фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалик корхоналарининг ер майдонларини туман ҳокими ихтиëрига қайтариш ва ушбу ер майдонларини янги ташкил этилган «Surxon Cotton Тextile Cluster» МЧЖ га ажратиш тўғрсида қарор қабул қилинган.»

Туман кенгаши қарори асосида 436 та фермернинг ери «ўз аризасига кўра» олиб қўйилган. Элтуз мухбирига гапирган фермерлар бу аризани ИИБ зобитлари ва прокуратура ходимлари босими остида мажбуран ëзганлигини айтишди.

Аммо 39 нафар фермер босимларга қарамай ўз еридан ихтиëрий воз кечиш ҳақида ариза ëзмади. Қизириқ туман Кенгаши қарорида бу исëнкор фермерлар юридик шахс сифатида тугатилиши юзасидан таклиф келтирилган.

Пировардида туман ҳокимлиги қарорининг 6 -бандига мувофиқ махсус комиссиянинг 05.05.235 сонли йиғилиш баëни билан Қизириқ туманидаги 25313 гектар ер. Шундан 22409 гектари суғориладиган экин ер. 455 гектар боғ. 140 гектар узумзор. 82 гектар тутзор¸ 300 гектар яйлов ва пичанзор ўтлоқлар¸ 386 гектар йўл¸ 1542 гектар ариқ зовур фермерлардан олиниб кластер ихтиëрига ўтказилди.

Аслида қонун олдида кластер ҳам фермер ҳам бир хил мақомдаги бизнес субъекти. Давлат улардан бирининг бошини силаб яна бирига ўгай кўз билан қараши қонунан мумкин эмас. Термиз суди ўз қарори билан «ҳаққини талаб қилган» 14 фермернинг ери ноқонуний олиб қўйилганини тасдиқлади. Қизириқдаги 436 фермердан 14 нафари учун «адолат тантана қилди»

Боз устига ҳукумат ўзининг кластерларга бўлган оташин муҳаббати даражасини мўътадиллаштиргандай бўлди.

2021- йилнинг 16 -ноябрь куни президент Пахта-тўқимачилик кластерлари фаолиятини мувофиқлаштириш республика комиссиясини фармон билан тасдиқлади.

Фармонга кўра, кластерлар билан шартнома асосида ишлайдиган фермерлар энди кластерларни ўзлари танлаш ҳуқуқига эга бўлди ва кластер фаолиятидан норози бўлган фермерларнинг сони учдан икки ҳисса бўлса, ҳукумат қарори билан ташкил қилинган кластер билан тузилган битим судда кўриб чиқилади.

Қизириқлик фермерлар шу асосда фаолият олиб бора бошлади. Аммо мавжуд қонунга кўра фермерлар пахта хом ашëсини тўғридан тўғри сота олмайди. Фермер маҳсулотини тўғридан-тўғри фақат кластерга сотади.

Мавжуд қонун дарчасига кўра фермер тола сотиши мумкин. Пахтани толага айлантириш учун завод керак. Заводлар эса фермерлар низолашган кластерлар қўлида. Худди шу нуқтада фермернинг суд қарори билан ҳимояланган ҳуқуқи йўққа чиқиб у яна кластер занжирининг ҳалқасига айланишга мажбур бўлади. Суд қарори қўлида бўлса ҳам фермерларнинг иши юришгани йўқ.

«Парда Туроп фх раҳбари Олимжон Туропов икки йилдан бери қўлидаги суд қарорининг ижроси бўлмагани боис муаллақ вазиятда қолаëтганини айтади.

Ҳукуматнинг иддао қилган мақсади «қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирадиган фермерларни ҳукумат назоратидан чиқариб, бевосита махсус кластер корхоналарига бирлаштириш эканлиги» эди. Қизириқ туман ҳоким ўринбосари Отабек Поëнов Элтуз мухбири билан суҳбатда муаммонинг ҳуқуқий ўзанда ҳал қилиниши зарурлигини айтишга уринган бўлса-да саволларимизга батафсил жавоб бера олмади.

Кластерчи бойлар фермерлар ва қишлоқ аҳли билан учрашув пайтида инфраструктурани яхшилаш¸ йўлларни таъмирлаб, янги иш ўринларини очишни ваъда қилишган. Бу ваъдалар бажарилмаяпти дейди қизириқлик кекса деҳқон¸ шуҳрат медали совриндори Нортожи ота Қултўраев.

Кўп ҳолларда бу ваъдалар “12 стул” фильми қаҳрамони Остап Бендернинг «Васюки» деган шаҳарни дунë шахмат пойтахтига айлантиришга ўхшаган утопия кўринишини касб қилди.

Кластер билан ишлаш тизимида фермерлар аввал бўлгани каби пахта ва ғалла етиштиришда уч томонлама (ҳокимлик – пахта ёки ғалла қабул қилиш корхоналари – фермер) шартнома эмас, балки фақат кластер корхона билан шартнома имзолайди.

Бу шартномага кўра, кластер фермерга уруғдан тортиб, ёнилғи, минерал ўғит, маблағ билан таъминлаш каби барча ишларни ўз зиммасига олади. Бу занжир схемани мана бу жадвалда кўриш мумкин:
Фермер маҳсулотини тўғридан тўғри фақат кластерга сотади. Кластер бу маҳсулотни қайта ишлаб, ички ва ташқи бозорга сотади. Кластер тизимида маҳаллий ҳокимият фермернинг ишига аралашмаслиги, фермер бевосита кластер билан қилган шартномани бажариши керак.
Фермер билан кластер корхона ўртасида чиққан низоларни суд ҳал қилади.

Жадвалдаги охирги жумлада низоларни ҳал қилишда сўнгги сўзни суд айтиши таъкидланган.
Қизириқдаги 14 нафар фермер қўлида суд қарори турибди. Аммо нега суд қарори бўла туриб фермер ўз ерига ўзи тўлақонли эга бўла олмаяпти?

Қизириқ далаларини кезиб¸ фермерлар ва кластер эгалари билан гаплашиш асносида муаммо илдизи Ўзбекистонда ернинг ҳусусий мулк эмаслигига бориб тақалгани тушунилди.. Шу манзара фонида кластер ҳам¸ фермер ҳам бирдай эҳтиëж туйган эркинлик йўқлиги ҳам юзага чиқди.
Эркинлик кластерга ҳам керак.

Фермерлар муаммосини кўтариб кооперацияга бирлашиш талаби билан чиққан Неъмат Ишчанов назарида кластерлар ҳам худди фермерлар каби эркинлик йўқлиги ва ҳокимият босимидан бирдай жабр кўришади. Агар эркинлик бўлиб ҳукумат назорати ва босими ўртадан йўқ бўлса¸ кластерчи ва фермер қишлоқ хўжалиги тизимининг тенг ҳууқуқли аъзолари ўлароқ ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиб муросага кела олади.

Ҳозирча Қизириқдаги 14 та исëнкор фермер кооперецияга бирлашиб ўз пулига пахта етиштирмоқда. Бу пахта ҳосилини қандай сотиш ва кимга сотиш бугун ва эртанинг катта муаммоси. Бу муаммо ечими эса мамлакат қишлоқ хўжалиги реформа қилинишига боғлиқ. Ҳозирча ўзгариш қизириқлик бахши қўшиқларида кесатиқ бўлиб янграмоқда.

Қизириқда хирмон уйган деҳқонингдан айланай
Сенга шундай имкон берган давронимдан ўргулай
Сенга илҳом пари берган илҳомларинг бир талай
Енг шимариб зафар қучдинг кетмонингдан айланай…

Видео: https://youtu.be/gmFNCeVWuz8

@eltuz, Қизириқ, Стокгольм

Тағин ўқинг
18 январ 2016
Тошкент ҳукумати АҚШ ва Европа ҳуқуқ тизимлари Гулнора Каримованинг коррупция ва пул ювиш жиноятларига алоқадорлик гумони билан музлатиб қўйилган ...
1 октябр 2020
Танасининг 90 фоизи куйган 35 ёшар Гуландом 30 сентябрь куни Наманган вилояти тиббиёт марказида оламдан ўтди. Наманган шаҳрининг Боғи ...
29 январ 2019
Марҳум президент Ислом Каримовнинг суянгани уни салкам пайғамбар ўрнида кўрган ёшлар ва қариялар эди. У бир парча нон учун ...
2 феврал 2017
Мирзиёевнинг “Ҳар бир хонадон 100 тадан товуқ боқишга мажбур” деган баёноти турлича талқин қилинмоқда. Қорақалпоққа сафари чоғида у тағин ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...