Сас
5 октябр 2015

Хазораспнинг сенатор ҳокими “МОТ”ни қандай мот қилди?

Пахта терими мавсумида мажбурий меҳнатга оид мониторинг ўтказиш мақсадида “Альянс” инсон ҳуқуқлари лидери Елена Урлаева билан 2015 йилнинг 27 сентябрь куни Хоразм вилоятининг Ҳозарасп туманида қўним топдик.

Маҳаллий аҳоли билан суҳбат жараёнида, барча жойларда бўлгани каби Хазораспда ҳам барча касб эгалари – ўқитувчи, шифокор, коллеж ўқувчилари пахтакорга айлантирилганлигига гувоҳ бўлдик.

Маҳаллий аҳолидан олган маълумотларга таянадиган бўлсак, “Хоразм вилояти раҳбарлари, Ҳозарасп туман ҳокимияти пахта масаласи бўйича “МОТ” (Ўзбекчалаштирганда: ХМТ – Халқаро Меҳнат Ташкилоти)дан кузатувчилар келишини уч кун олдин билганлар. Шахсан Ҳозарасп МХХ бошлиғининг ўзи маҳаллий ташкилот ва турли идора раҳбарларини, жумладан, Туман соғлиқни сақлаш тизими бош шифокорини, туман халқ таълими мудирасини, мактаб ва коллеж директорларини  ““МОТ”дан комиссия келиб-кетгунга қадар коллеж ўқувчиларини, шифокор ва ўқитувчиларни пахта даласидан вақтинча уй-уйларига қайтариб туринглар, “МОТ” кузатувлари кетишгач, яна барчани пахта даласига қайтарасизлар” дея оғзаки огоҳлантирган, оғзаки буйруқ берган.

Маҳаллий ҳокимият раҳбарларининг саъи-ҳаракатлари билан “МОТ”( Международной организации труда), яъни “ХМТ”(Халқаро Меҳнат ташкилоти) экспертлари келиш арафасида пахта теримига жалб этилган жамики ҳашарчилар – шифокорлар, ўқитувчилар, коллеж ўқувчилари зудлик билан пахта даласидан олиб чиқиб кетилган. “МОТ”нинг пахта мавсумида мажбурий меҳнат юзасидан мониторинг ўтказиш истагидаги экспертлари Ҳозараспга келиб-кетишгач эса, барча касб эгалари, коллеж талабалари яна пахта далаларига қайтарилган.

Бир сўз билан айтганда, Хоразм вилоят раҳбарлари, Ҳозарасп туман ҳокимлиги “МОТ” ташкилотини МОТ қилишган!

  • Мени, – дейди пахта теримига сафарбар этилган коллеж ўқувчиларидан бири, – пахта теримидан кутилмаганда уйга қайтаришгани учун ота-онам “Ҳали пахта мавсуми тугагани йўқ-ку, пахта режаси тўлган ҳам эмас-ку, нега ўқувчиларни пахтазордан йиғиштириб олишди?” дея ниҳоятда таажжубланишган эди. Ота онамнинг ҳайрат ва севинчи кўп узоққа чўзилган эмас. “МОТ”нинг комиссияси келиб-кетишгач, бизни яна пахта далаларига қайтаришди.

Мажбурий меҳнатга оид мониторинг жараёнида биз маҳаллий ҳокимият вакиллари Халқаро Меҳнат Ташкилоти кузатувчиларини қандай қилиб чалғитишга муваффақ бўлганлигини нафақат эшитдик, балки бу ҳақда коллеж ўқувчиларидан интервьюлар ҳам олдик:

Хазорасп туман ҳокимлиги Халқаро Меҳнат Ташкилот экспертлари қулоғига қай тарзда лағмон илди? Бу ҳақда пахта теримига жалб этилган  коллежнинг 2 нафар ўқувчиси шундай ҳикоя қилади:

(Икки нафар коллеж ўқувчи қизларининг интервьюси илова қилинади)

“Сенаторнинг қутирганини кўринг”

Маҳаллий аҳолининг маълумотларига кўра, Ҳозарасп тумани ҳокими, сенатор Ўктам Қурбонов туман прокуратураси, МХХ, ИИБ бошлиқлари ва ходимлари кўмагида ҳар куни маҳаллий вақт билан соат 21.00 дан то тунги соат 3.00 га қадар пахта йиғим-теримининг олиб борилиши юзасидан ҳокимият биносининг мажлислар залида мажлис ўтказади.

Мазкур йиғилишга туманнинг барча ташкилот мутасаддилари таклиф этилади.

Сенатор бўлиш бахти насиб этган ҳоким Ўктам Қурбонов мазкур мажлисларда қай бир ташкилот белгилаб берилган кунлик пахта териш режасини уддаламаган бўлса, ўша ташкилот раҳбарини жамики ташкилот раҳбарларининг кўз ўнгида таҳқирлайди, калтаклайди.

  • Ҳар бир ташкилотга ходимларининг сонига қараб бир кунлик пахта териш нормаси белгиланган. Масалан, тумандаги 33-мактаб маъмурияти зиммасига ҳар куни бир ярим минг тонна пахта териш вазифаси юклатилган.  33-мактабга камроқ план қўйилган. Негаки мактаб кичик. Ўқитувчи ва ўқувчилар сони камроқ, –  дея маълумот берди бизга қишлоқ аҳолиси вакиллари,  –  Масалан, сизлар келишингиздан уч кун олдин туман бирлашган шифохонаси шифокорлари кунлик белгилаб берилган пахта режасини уддалай олмаган экан. Шунинг учун Ҳозарасп туман ҳокими, сенатор Ўктам Қурбонов “Райздрав”нинг бош шифокори Равшанбек Юсуповни 300 нафарга яқин ташкилот раҳбарлари ва ходимлари, фермерлар иштирок этаётган мажлислар минбарига чиқариб нафақат ҳақорат қилди, балки аёвсиз калтаклади ҳам. Бош шифокоримизнинг мутахассислиги кордиолог. Ўз ишининг устаси. Ҳозир бундай мутахассисларни топиш мушкул. Ҳокимимиз ҳар кунги йиғилишда уч-тўрт ташкилот раҳбарига қўл кўтаради.

Ҳозарасп аҳолиси бизга “Пахта теримида мажбурий меҳнатга оид асл ҳақиқатлардан хабардор бўлишни астойдил истасангиз,  энг аввало, Худонинг берган куни  кечда бўладиган ҳокимият мажлисида иштирок этинг, ўз кўзингиз билан кўриб, қулоғингиз билан эшитиб, туман ҳокими, сенатор белгиланган кунлик пахта териш нормасини бажара олмаган ташкилот раҳбарларини қай тариқа дўппослашига шахсан ўзингиз гувоҳи бўлинг” дея таклиф киритишди.

Тўғри, биз аҳолидан олган ахборотларга қаноат ҳосил қилишимиз, ўзимизни ўққа-чўққа урмаслигимиз ҳам мумкин эди. Аммо журналист биргина эшитганигагина ишониб қолмаслиги керак. Кимдир ҳокимга – сенатор Ў. Қурбоновга ҳасад қилиб ҳам унинг номини қасддан қоралаши мумкинми? Мумкин. Бу ҳаёт. Унда ҳамма нарса содир бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Шу боис ҳам журналист дегани, менинг назаримда, эшитганларининг ростлигига иймони комил бўлиши учун текшириб кўриши, икки томонни ҳам бирдек тинглаб, ана ундан кейин хулоса чиқармоғи шарт деб биламан. Акс ҳолда бир томонга ноҳақ жабр етказиб қўйиш ҳеч гап эмас. Қачонки, эшитганларингни кўзинг билан кўрсанг, шундагина далилларга таянган ҳолда қўлга қалам оласан, ана шундагина ёзганларингга ёлғон аралашмайди, ҳақиқатни ёзасан.

Худди ана шундай принципдан чиқиб келган ҳолда мен ҳуқуқбон Елена Урлаеванинг маслаҳатига асосан, ҳоким-сенатор Ўктам Қурбоновнинг пахта йиғим-теримининг боришига бағишлаб ўтказиши режалаштирилган мажлисида иштирок этиш мақсадида маҳаллий аёллар каби кийиниб, бошимга дурра танғиб, 2015 йилнинг 29 сентябрь куни кеч соат 20.40 ларда Ҳозарасп туман ҳокимияти биноси томон йўл олдим. Мажлислар залига кирдим. Бу ерда 200 дан ортиқ одамлар ўтирарди. Секингина кириб, учинчи қаторга чўкдим.

Бизни хабардор қилишгани каби, тунги соат 21.00 лардан ўтганида мажлислар залига туман ҳокими, сенатор Ўктам Қурбонов кириб келди.

Мажлислар минбаридаги стуллардан бирига, микрофон қаршисига чўкаркан, қўлидаги “Кунлик пахта терими режасининг уддаланишига оид маълумотнома рўйхати” асосида кунлик пахта терими режасини уддалай олмаган ташкилот номларини бирма-бир атаб,  раҳбарларини битин-кетин ўрнидан турғазиб, уларга ўдағайлай кетди.

Масалан, “Хазорасп почта шу ердами?” йўқлама қила кетди Ўктам Қурбонов. Почта раҳбари секингина ўрнидан турди. Одатига кўра сенатор почта раҳбарига дағдағанисини бошлади:

“Райздрав” қаерда?… ТуманГаз, қанисан?… РайОНОчи? … Хазорасп нефт? Хазорасп электр? Бутун бир бошли идора ходимларинг билан кун бўйи 1200 килограмм пахта терасанми? Борасан, ҳозироқ бориб, то тонгги соат 7.00 га қадар тун бўйи пахта терасан. Режани бажарасан! Шахсан ўзим бориб, назорат қиламан!…”  мазмунидаги дўқ-пўписалар бўлди. Сув қуйгандек жим-жит мажлислар залида туман ҳокими Ўктам Қурбоновнинг юқоридаги каби хитоблари янграрди.

Хозарасп ҳокими, сенатор ўктам қурбоновнинг айнан ана шундай дағдағалари туман ташкилотлари ва коллеж ўқувчиларини мажбурий меҳнатга жалб этилаётганлигининг яққол исботи эди!

Табиийки, мен ўз касбим тақозосига кўра сенатор олиб бораётган мазкур йиғилишни тасмага муҳрлаб борардим.

Орадан тахминан 7 дақиқалар ўтди чамаси, сенаторнинг мобил телефони жиринглаб қолди. “Мен мажлис ўтказаяпман” жавоб қилди гўшакни кўтарган хоким Ўктам Қурбонов. Гўшак ортидаги овоз муҳимроқ гап айтди шекилли, Хазорасп ҳокими чаққонлик билан ўрнидан туриб, телефонини қулоғидан қўймасдан, гаплаша-гаплаша мажлислар зали минбари ортидаги хона томон йўналди. Ҳалигина пахта терим режасини уддалай олмаган ташкилот раҳбарларига удағайлаб турган  ҳоким 2-3 дақиқадан сўнг парда ортидаги хонадан бутунлай бошқа одамга айланиб чиқди. Кутилмаганда овоз оҳанги мулойимлашиб, мажлис мавзусини тубдан ўзгартириб юборди:

“Пахтакорларга уч маҳал иссиқ овқат борми? Банк, теримчиларнинг пулларини вақтида бераяпсизми?  Савдо, ун, ёғларни пахта далаларига ташкил этаяпсизларми? – деган мазмундаги сўзлар-ла “ғамхўрлик” қилиб, барча ташкилотларни бирма-бир “йўқлама” қилиб, ўрнидан турғазиб, уй-уйларига бир-бир жавоб бера бошлади:

“Ободончилик, туринг, неча кишисизлар? Қани, уйингизга боринг” деди ҳоким. Туман ободонлаштириш бўлими раҳбари уч-тўрт ходими билан ўрнидан турди ва ҳокимнинг измидан сўнг эшик томон йўналди.

Ҳозарасп  туман ҳокими, сенатор Ўктам Қурбонов, “ТуманГаз, Туман Электр, РайОНО, Райздрав, Агробанк, почта, санэпстанция, молия, солиқ….” –  дея бирма-бир ташкилот раҳбарларини турғазиб, уйларига кетишга изин бера бошлади. Туман раҳбарлари бирин-кетин мажлислар залини тарк эта бошлади.

Мажлислар залида бор-йўғи, адашмасам, 6 нафар аёл бор эди. Улар биринчи ва иккинчи қаторларидан жой олишганди. Мен эса уларнинг орқасидаги 3-қатордан ўрин эгаллагандим.

Ҳоким аёлларнинг ташкилот номини айтиб, чорлаб қолди. Олти аёл бирваракайига ўрнидан туриб, рухсат теккач, кетишга чоғланди. Қарасам, мажлислар залида бирин-кетин одамлар сони сийраклашмоқда.

Мабодо, шу аёллар билан қўшилишиб мажлислар залини тарк этмасам, ҳайҳотдек мажлислар залида ёлғиз ўзим қолиб кетишим ҳам ҳеч гап эмас. Шу боис ҳам аёлларга қўшилиб эшик томон йўналдим.

Эндигина мажлислар зали эшиги тутқичидан тутган ҳам эдимки, микрофонда сенатор Ўктам Қурбоновнинг “Опа, ҳали сизнинг кетишингизга рухсат йўқ. Ортингизга қайтинг. Қани, келиб ўрнингизга ўтирингчи?” деган ҳукми янгради.

Ҳоким менга қарата хитоб қилаётганини англасам-да, ўзимни билмаганликка солиб, ортимга ўгрилмасдан, йўлимда давом этдим. Ортимдан туман ҳокимининг “Опани ортига қайтаринглар” деган амирона овози жаранглади.

Эндигина мажлислар залидан чиқиб улгурган ҳам эдимки, ҳокимнинг буйруғига биноан мажлислар залидан уч нафар эркак киши югиргилаб чиқишди. Ана шундагина мен мажлис минбарида ўтирган туман ҳокими, сенатор Ўктам Қурбоновга қўнғироқ қилган шахс “Йиғилишга журналист кирган” дея огоҳ этганини англаб етдим. Кимдир бизни сотиб қўйганди.

  • Опа, сизни ҳоким чақирияпти. Тўхтанг, ортингизга қайтинг?” –  деди ортимдан жон ҳолатда келаётганлардан бири.
  • Ўзингизни таништиринг, кимсиз? Ҳоким чақираяпти сизни, ортингизга қайтинг! – деди иккинчиси.

Мендан шахсимни сўраб-суриштирган киши, у ҳокимият вакили бўладими, МХХ ходимими, прокуратура ва ё ИИБ полковники бўладими, энг аввало ўзларини таништиришлари керакмиди, йўқмиди?

Фуқаро кийимидаги номаълум бу шахслар худди безори йўлтўсарлар, қаттол қароқчилардек,  ортимдан қувишарди, йўлимни тўсишарди, сўроққа тутишарди. Аммо “Кечирасиз, мен Хазорасп туман ҳокимият вакили, ва ё МХХ хизматчиси фалонча пусмодончаев бўламан. Мана менинг гувоҳномам. Марҳамат қилиб, Сиз ҳам шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатингизни кўрсатсангиз?” дейишмайди. Ўзларини ўла қолишса ҳам таништиришмайди.

Мени таъқиб қилаётганлар Хазорасп туман ҳокимияти ва ё орган вакиллари эмас, эҳтимол, ростанам безори йўлтўсарлардир? Уларнинг пешонасига “Ҳокимият вакиллари, орган одамлари” деб ёзиб қўйибдими? Модомики, улар ўзларини таништиришмас экан, мен ҳам уларга “отчёт” беришга шошилмайман. “Нега энди менга расман мурожаат қилмаётган шахсларга ҳисобот беришим керак?” деган ўйда уларга беэътибор бир қараб қўйдим-у, йўлимда давом этишдан тўхтамадим.

  • Кимсиз, ўзингизни таништиринг. Қайси ташкилотдансиз? Ё отинойимисиз? Мажлисга нима мақсадда киргандингиз? Сизни ҳоким чақираяпти, ортингизга қайтасизми, йўқми? – деган куйи  ҳокимиятнинг уч вакили ортимдан эргашарди.

Уларга нима дейман? “Мен отин ойи эмасман. РайГаз ва ё РайОНОдан ҳам эмасман. Мен мустақил журналистман. Мажлисга сенаторнинг дағдағаларига гувоҳ бўлиш, тасмага муҳрлаш учун киргандим дейманми?

Ҳақиқатни айтиш мушкул эмас. Бу қўрқинчли ҳам эмас. Бунингдек ҳолатда бизни энг ҳайиқтирадиган нарса флешка. Уларга мен керак эмасдим. Уларга мажлислар залидаги пахта йиғим теримининг бориши, кунлик пахта теримининг уддаланишига оид ҳокимнинг ҳайқириқлари, режани уддалай олмаган туман ташкилот раҳбарларини камситишлари ёзиб олинган флешка керак эди, холос.

Рост сўзлайдиган бўлсам, флешкамни тортиб олишларини, унинг ичидаги бор-йўғини ўчириб, қўлимга қайтаришларини, ҳаётимни хатарга қўйиб қўлга киритган далилларимдан айрилиб қолишимни, барча меҳнатларим зое кетишини билардим.

Мен ёлғон ҳам гапира олмасдим, рост сўйлашга ҳам вазият изин бермасди. Шу боис сукут сақлашни лозим топардим…

Қоронғида йўлни билмаганлигим сабабли ҳокимият биносидан чиқишим билан ўнг томонга йўналибман. Олдимни кўприксиз сув тўла оқиб ўтаётган каттагина каналми, анҳорми “тўсиб олди” –“тупик”ка кириб қолдим. Йўлимни давом эттира олмасдим. Ортга қайтай десам, бир эмас, ҳокимият биносидаги мажлислар залидан югургилаб чиққан учовлон, гарчи мени  қўллари билан ушлашмаса-да, “Ортингизга қайтинг, ҳоким чақираяпти” деганча таъқиб қилишарди. Имконсизликдан ортга ўгрилдим.

Ҳокимият ҳовлисига қайтгач, канал кўприги рўпарасига етгач, йўлимни асфальт йўл томон бурдим.

Ортимдан тинимсиз таъқиб қилаётган йўлтўсарларнинг ёшроғи қулочини ёйганча қаршимдан тўсиб чиқди: “Ортингизга қайтмасангиз бўлмайди, опа, сизни ҳоким чақираяпти!”.

Унинг амрига бўйсунмай, изимда давом этдим. Шунда улардан бири “Начальник милицияга телефон қил. Бу билан начальникнинг ўзи шуғуллансин” деди. Иккинчиси эса мобил телефонида рақамларни тера бошлади. Мен эса ҳеч бир гап сўзсиз мижоз кутиб қатор турган таксилардан бири – нексияга ўтирдим.

“Қаерга борасиз? Қанча берасиз? Нега савдолашмайсиз?” дея хархаша қилаётган ҳайдовчига “Сўраганингизни оласиз, манзилимни йўл-йўлакай айтаман, газни босинг” дедим секингина. Такси жойидан жилди. Шошилинч тарзда оқ рангли спарк русумли машинага ўзларини урган учовлон таъқибчи ортимиздан тушди. Улар то Ҳозарасп туманининг Бўстон деб ёзилган жойга қатар изма-из таъқиб қилиб, қувлаб келишди.

“Опа, ортимиздан оқ спарк тушган. Улар сизни қувишмоқдами?” сўради ойнадан ортни кузатаётган ҳайдовчи йигит. Мен унга “Мени қувлаётганлар  ҳокимият мажлислар залидан чиққан шахслар” демадим. Негаки, ростини айтгудек бўлсам, ҳайдовчи таққа тўхтаб қолиши ҳам ҳеч гап эмасди.

Бу пайтда соат  тунги 22.00 га яқинлашган. Атроф зим-зиё. Икки томонимиз пахтазор. Машинасиз қоладиган бўлсам, тунда ёлғиз ўзим қаерга ҳам борардим.  Шу боис “Менинг шевам бошқача бўлганлиги сабабли нотаниш эркаклар тегажонлик қилишмоқда, сиз таксист эканлигингизни исботлангчи? Барча жин кўчаларни билишингиз керак. Газни босиб, шу нотаниш одамларни йўлдан адаштириб кетмайсизми?” дедим ҳайдовчига. Шофёр шундай қилди. Тезликни ошириб, таъқиб қилиб келаётган спарк автомашинасини ортда қолдирди. Ҳайдовчи таъқиб қилиб келаётган спаркни доғда қолдириб кетди деб ўйлагандим. Хомтама бўлган эканман. Кейинчалик мулоҳаза қилиб кўрсам, мен ўтирган машина рақамини кўрган таъқибчиларнинг ўзлари атай ортда қолишган экан.

Қўним топган манзилимизни топиб боргач, ҳайдовчи билан ҳисоб-китоб қиларканман,  “Мабодо бояги машинадагилар йўлда сизни кутиб туришган бўлса, илтимос, мени келтирган манзилингизни уларга айтмасангиз?” деб илтимос қилдим. У кўнгандек бўлди. Аммо ҳаял ўтмай маҳаллани махсус хизмат ходимлари қуршаб олишгани ҳақида хабар тарқалди.

Мен жиноятчи эмасдим. Ҳоким “Ортингизга қайтинг, жойингизга ўтиринг” деганида, қайтиб, ўтирсам ҳам бўларди. Бироқ, яна эслатаман, юқорида таъкидлаганимдек, мен сенатор олиб борган мажлис “можароси” муҳирланган флешкаларимдан хавотирда эдим. Уларни “удалит” қилиб ташлашлари аниқ эди. Флешкадаги далилларни асраб қолиш учун ҳам туман ҳокимининг амрига бўйсунмасликка мажбур эдим.

Маҳаллани қуршаб олган махсус хизмат ходимлари сал кам ярим тун бўлишига қарамасдан суриштирув ишларини бошлаб юборишни  бошлашган экан. Бу ҳақда хабар келиши билан флешкалардаги ёзувларни омон сақлаб қолиш умидида, маҳаллий аҳоли кўмагида  Елена Урлаева билан биргаликда пахтазору, канал ёқасидаги жийдазор, тўқайзор оралаб кетдик….

Электр чироғи йўқлиги сабабли юсел антенаси жуда нимжон экан, интернет ниҳоятда суст ишларди. Минг машаққатлар билан тўқайзорда флешкадаги материалларни интернет кўмагида хавфсиз деб билган манзилимизга жўнатиб бўлгач, тунги соат 1.30 ларда ортга, қўним топган кулбамизга қайтдик. Биз қайтаётган уйга олиб борадиган йўл муюлишида оқ матиздаги махсус хизмат ходимлари бизни ҳамон кутиб туришарди. Тўғри, улар бизга даҳл қилишмади. Аммо то тонггача уйни қоровуллаб чиқишди.

(Ҳозарасп туман ҳокими бўлган сенатор Ўктам Қурбоновнинг пахта йиғим-теримининг боришига оид  мажлис залидан ёзиб олинган тасмалар илова қилинади)

Йўқ, биз Қорақалпоғистонга, Элликқалъа ва ё Беруний туманларига ўтиб кетсак ҳам бўларди. Бироқ, Ҳозараспда ҳали мониторинг ниҳоясига етказилмаганди. Қолаверса, айбдор одамлардек ярим тунда  қочиб кетишни истамасдик…

Ҳозарасп туманида пахта теримига жалб этилган коллеж ўқувчилари хароба жойларга жойлаштирилганди

Мониторингнинг кейинги куни – 29 сентябр эрта тонг, соат 5.00 ларда, коллеж ўқувчилари пахта даласига чиқиб кетмасидан олдин улар жойлаштирилган дала шийпонлари, гаражлар, болалар боғчасига отландик. Мақсад: ўқувчиларнинг яшаш шароитларини ўрганиш, озиқ-овқатлари сифати билан танишиш эди.

rasm241
Мана шу суратнинг ўзиёқ дала шийпонида яшашга мажбур этилган коллеж ўқувчиларининг шароитлари ниҳоятда аянчли эканлигидан далолат

Биз маҳаллий аҳоли вакили ҳуқуқбон Шокир Давлетов ва уларнинг ўғиллари Зокир Давлетовлар ҳамроҳлигида энг аввало Саноат қишлоғи пахтазорларида жойлашган дала шийпонига йўл олдик. Биз тунаб қолган уй олдида тун бўйи соқчилик қилиб чиққан оқ матиздаги фуқаро кийимидаги махсус хизмат айғоқчилари ортимиздан тушишди.  Биз борган мазкур дала шийпони пахта йиғим-теримига сафарбар этилган Қишлоқ хўжалиги коллежи ўқувчиларига ётоқ сифатида берилган экан. Биз борган пайтимизда, тонг саҳарда  икки ўқувчи туникадан ясалган қўлбола ўчоққа ўтин қалаб,  олти обтова ва бир човгумда  барча ўқувчилар учун нонуштага чой қайнатишарди.

Одатда, Ўзбекистонда обтовада чой қайнатилмайди. Мазкур идиш асосан таҳорат олиш, юз-қўл ювишда ишлатилади.

Бир кам эллик ёшим давомида Ўзбекистонда обтовани ўчоққа қўйиб, чой қайнатишларига илк бор гувоҳ бўлишим.

Бу нимадан далолат?

Пахтага жалб этилган Қишлоқ ҳўжалиги коллежи ўқувчилари жойлаштирилган дала шийпонида  чой қайнатиш учун ҳатто битта самовар ҳам йўқлигидан дарак эмасми?

Қуйидаги суратларга эса изоҳнинг ҳожати йўқ:

(Ҳозарасп туман, Саноат қишлоқ пахта даласидаги дала шийпонида яшашга мажбур этилаётган қишлоқ хўжалиги коллежи ўқувчиларнинг ҳаёти, широитига оид суратлар илова қилинади)

Ўқувчилар билан суҳбатдан сўнг кейинги манзилимиз Саноат қишлоғидаги болалар боғчаси бўлди. Мазкур болалар боғчасига пахта теримига жалб этилган қишлоқ хўжалиги коллежи ўқувчилари жойлаштирилган бўлиб,  уларга яратилган шарт шароитни ҳам қониқарли деб бўлмасди.

(Болалар боғчасига жойлаштирилган Қишлоқ хўжалиги коллежи ўқувчи – қизлар хонаси акс этган суратлар ва коллеж ўқувчи қизидан олинган интервью илова қилинади.)

Саноат қишлоқ пахта далаларининг бирида кўримсизгина сувчилар кулбаси бор экан. Пахта теримига сафарбар этилган Маиший хизмат кўрсатиш касб ҳунар коллежи ўқувчилари мазкур хароба бинода тунаб қолишга маҳкум этилган.

2015 йил, 29 сентябрь. Эрта тонг. Соат тахминан 6.00 билан 7.00 лар ўртаси.

Пахта теришдек машаққатли ва оғир юмушга сафарбар этилган мазкур коллеж ўқувчиларининг эрталабки нонуштага ёзилган дастурхонини кўринг:

 

rasm345
Қуруқ нонгина безаб турган коллеж ўқувчиларининг эрталабки дастурхонини қониқарли деб бўладими?

Ҳозарасп туман ҳокими, сенатор ўктам қурбонов мажбурий меҳнатга оид мониторинг ўтказишимизга қонун идоралари қўли билан қаршилик кўрсатди

Саноат қишлоғи пахта даласида қад кўтарган сувчилар кулбасига жойлаштирилган Маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчи йигитлари биз борганимизда эндигина дастурхон атрофига ўтиришган экан. Бизни кўрган йигитлар уялиб, дастурхон атрофидан туриб, хонани тарк этишди.

Биз эндигина битта расм олиб улгурган эдик ҳамки кулба ҳовлисига шаҳд билан кириб келган  иккита нексия русумли машина тўхтади. Машиналардан  битта ИИБ формасидаги ва ўнга яқин фуқаро кийимидаги девқомат эркаклар ва икки нафар нотаниш аёллар тушишди.

Бор-йўғи иккита нексияга шунча одам қандай жо бўлганига ҳайрон бўлиб турганимда, кутилмаганда фуқаро кийимидаги эркак кишилар бизга ташланишди. Қўлларимизни қайириб, (Худди кинолардагидек! Қора ниқобли қуролланган махсус гуруҳлар жиноятчиларни қандай қўлга олишганларини фильмларда кўп кўрнганман: қўлларингни ортга қайиришади. Бошингни ерга қараб босишади. Икки букланиб қоласан. Кейин шу куйи машинага тиқишади. Икки томонингда иккитаси ўтириб ҳам олишади. Гуё сен тезликда кетаётган машинадан ўзингни отиб юборадигандек! Кинолардагидан фарқи шунда эдики, бизга ташланган нотаниш эркакларнинг юзларига қора ниқоб тортилмаган эди) ўзлари ўтириб келган машина томонга турткилаб кетишди.

Шунда улар билан бирга келган аёллардан бири: “Сен эдинг-а, ана у ёқда бизни ҳақорат қилиб кетган, жанжал кўтарган?! Нега бизни ҳақорат қилиб кетдинг-а? Энди жавоб берчи?!” деганча шаллақиларча бақира кетди менга. Чийиллаш жараёнида худди мен қочиб кетаётгандек эгнимга ёпишди. Шундагина ИИБ ходимлари худди Қашқадарёдаги каби бизга нисбатан махсус ёлланган шаллақи аёлларни “ташлашганлигини” англаб кетдим. “Ассалому алайкум, саломатмисиз? Ҳорманглар. Хазораспда илк бор меҳмон бўлиб турибсиз. Худодан қўрқинг опажо-оон, (улар мендан кичик эди) мен сизни биринчи марта кўриб турибману?” дедим ўзимни жилмайишга, хушмуомала бўлишга мажбурлаб.

Уларнинг айнан менга ёпишишлари бежиз эмасди. Негаки, улар Урлаевага удағайлай дейишса, рус тилини билишмасди. Бу орада ўзларини таништирмаган, хизмат гувоҳномасини кўрсатмаган фуқаро кийимидаги (улар безориларми, махсус хизмат ходимларими, шаллақи аёллар бошлаб келган қариндошларими, англашга улгурмай ҳам қолдик) ўнга яқин эркак кишилар мен ва Елена Урлаевани уриб-туртиб, Нексияга ўтқазишга улгуришганди.

“Қўлидан фотоаппаратини ол!” деб хитоб қилди эркаклардан бири. “Чўнтагингда нима борр, барчасини чиқар бу ёққа!” дея удағайлади иккинчиси. ИИБ формасидаги ходим Урлаева ва менинг фотовидеоаппаратимизни юлқиб оларкан, чўнтакларимизни титкилади. Менинг чўнтагимдан чиққан паспортимга тегишмади. Аммо икки дона адаптерга солинган ҳажми 4 ГБ бўлган иккита флешка ва битта юзбини ҳам топиб, тортиб олиб қўйишди.

Орқа ўриндиққа Урлаева ва мени ўтқазишди. Милиция формасидаги ва фуқаро кийимидаги навбат бизга ҳамроҳлик қилган маҳаллий аҳоли вакили ва унинг ўғлига келди. Уларни куч ишлатиб, мажбуран машинага ўтқазиш чоғида, ҳамроҳимизнинг 23 ёшли ўғли Зокирнинг бошига жароҳат етказишди. Йигитнинг пешонасидан қон оқарди. Буни кўрган Елена Михайловна зўравон кишилардан “Зудлик билан “Тез ёрдам” чақиринглар, болага тиббий кўмак керак”  дея талаб қилишига қарамасдан, ҳеч бирлари қулоқ солишмади ҳам.

Барчамизни Ҳозарасп туман ИИБ идорасига олиб боришди. Ортимиздан келаётган махсус машинада бизга ҳужум қилишга шайланган икки нафар аёлни ҳам ўзлари билан Хазорасп туман милиция идорасига келтиришди.

Аёлларнинг сумкаси биз ўтирган нексиянинг орқа ойнаси олдида экан. Аёллардан бири  биз ўтирган машинага яқинлашиб, бизга соқчилик қилиб келган фуқаро кийимидаги эркак кишидан “Сумкаларимизни беринг-а, ана, орқа ойна олдида турибди” деди. Бизнинг “қоровул” аёлга орқа ойна олдидан аёллар сумкасини олиб берди. Шундан кейин биз ИИБ ходимларининг кузатувида бинонинг иккинчи қаватига кутарилдик. Елена Урлаевани, мени, ҳамроҳларимиз ота-бола Давлетовларни  алоҳида-алоҳида хоналарга банди этишди.

Кейинчалик Бизга ҳамроҳлик қилган ҳуқуқбон Шокир Давлетовнинг Саноат қишлоғининг пахтазор даласидаги сувчилар кулбаси яқинида қолиб кетган машинасини ҳам милиция ходимлари кейинчалик  махсус транспортга ортиб, туман ИИБ биносига келтиришди.

Махсус хизмат ходимлари бизга қарши махсус ёлланган енгилтабиат аёллар шантажидан фойдаланишга уринди

Мени Ҳозарасп туман ИИБ бошлиғи ўринбосарининг хонасига “хибс” этишган экан.

ИИБга келиб аниқлик киритишимизча, бизни туман ИИБ Жиноят қидирув бўлимининг тезкор гуруҳ вакиллари “аср олишган” экан.

Хонага кириб ўтирар-ўтирмасимданоқ тергов бошланиб кетди.

Сўроқ бошланиши билан:

  • Бизга қандай айблов қўйишни билмасдан, ёлланган фоҳиша аёллар шантажи кўмагидан фойдаланишга қарор қилдингизларми? Айтиб қўяй, бу сценарий бизга нотаниш эмас. Бунингдек шантажни Қашқадарёда бошимиздан кечирганмиз. Ёлланган аёллар кўмагида бизни айблашга уриниш эпизоди аллақачонлар урфдан қолиб кетган. Шундай қиладиган бўлсаларингиз бутун олам олдида шарманда бўласизлар, Бу ҳийлани билиб қолганларнинг барчаси устингиздан кулишади, – дедим, гарчи мендан бу ҳақда ҳеч ким сўрамаган бўлса-да.
  • Қанақа аёллар? Тушунмадим, бу нима деганингиз? – сўради ўзини таништирмаган фуқаро кийимидаги ИИБ ходими. Кейинчалик уни ҳамкасблари “Фаррух” деб чақиришганларини эшитдим).

  • Сизларга бизни айблаш керакми? Унда «честный» ўйин ўйнаш керак. Ҳаммаси ҳалол бўлсин. Бунинг учун сизлар мени ўз ҳолимга қўйиб беринг. Мен кўрган-билганларим ҳақидаги мақоламни эълон қилай. Мабодо, хабаримда заррача ёлғон қўлласам, ана ундан кейин мени ЎзЖКнинг 139-, 140- моддалари асосида осонгина жиноий жавобгарликка тортишларингиз мумкин бўлади. Менга айблов қўйишнинг энг осон йўли шу. Менга фарқи йўқ. Мен ЎзМТРКдаги 20 йиллик журналистлик фаолиятим давомида суд, прокуратура, милиция ходимлари билан ҳамкорликда ишлаганман, кўрсатувлар қилганман.

  • Шунинг учун бу соҳа одамларини яхши биламан, яхши кўраман, сизларга душманлигим йўқ. Сизлар ҳам ўз вазифаларингизни бажаришларингиз, раҳбариятингиздан гап эшитиб қолмаслигингиз, хатога йўл қўймасликларингиз, кулгига қолмасликларингиз керак. Сизларниям оилангиз бор, болаларингизни боқишларингиз керак….  Шунинг учун ҳам гапга қолманглар демоқчиман холос…., – дедим. Бу гапларни сидқидилдан айтгандим.

    • Бизга ҳайриҳоҳ бўлсангиз қимматлироқ маълумотларни беринг, – кулди терговчи йигит.
  • Бундан ҳам бебаҳо маслаҳат бўлиши мумкинми? – дедим ажабланиб.

  • Фаррух билан суҳбатимиз узоқ давом этди.

    У “Бирдамлик” ҳақида қизиқди. Сиз “Бирдамлик” лидеримисиз?” – деб сўраганди, асабларим қақшаб кетди.

    • Мен ҳақимда ҳеч нарсани билмас экансиз. Яна ўзингизни жиноят қидирув бўлими тезкор вакилиман дейсиз. Интернетни кузатиб бораман, “Касаллигингизни аниқлаш борасидаги анализ жавобларингиз бир сетка бўлганидан ҳам хабарим бор, ҳаммасини биламан” дейсиз. Мен “Бирдамлик”дан отамнинг замонида чиқиб кетганман. Бу ҳақда эълон ҳам берганман, – дедим жаҳл билан.

    ИИБ ходими нима сабабдан  “Бирдамлик”ни тарк этганимга қизиқди. Ростини айтдим. Яшириб нима қилдим? Барибир интернетдан ўқиб билишади.

    Оилавий аҳволим, касбим, илгари қаерларда ишлаганим, ҳозир айнан нима иш билан шуғулланишимга қизиқишди.

    Талабаликдан то бугунги кунгача бўлган ҳаёт йўлимни қисқача гапириб бердим. Ҳеч бир ёлғон аралаштирмасдан.

    “Ноқонуний тарзда пахта далаларида бўлдим, суратларга олдим, тасвирларга туширдим, ўқувчилар билан суҳбатлашдим” деб ёзиб беринг”.

     – Қани, Хоразмга қачон келдингиз, нима мақсадда келдингиз? Қаерларда бўлдингиз? Нималарни съёмка қилдингиз? Кимлардан интервьюлар олдингиз? Барчаси ҳақида начальник номига бир бошидан ёзиб беринг қани? – буюрди Фаррух.

     – Нега ёзарканман. Ёзмайман. Олдин менга айбим нимада эканлигини айтинг. Қайси қонун талабини бузган эканман? Мен Ўзбекистон Республикаси Конституцияси доирасидан четга чиққан эмасман.

     – Қонунни бузмаган бўлсангиз, нимадан қўрқасиз? Ёзасиз! – такрор талаб қилди ИИБ ходими.

     – Энди адвокат иштирокисиз бир оғиз ҳам гапирмайман, бир қатор ҳам ёзмайман. Тошкентдан адвокатимни чақиринг, унинг иштирокида сўроқ қиласиз, – эътироз билдирдим.

     – Ёзасиз, шундай ёзасизки…, – менга нафрат ва ғазаб билан тикилди у.

     – Истасангиз пешонамдан отишингиз мумкин. Ҳоҳласангиз шу кабинетнинг ўзида номусимга тажовуз қилишингиз мумкин. Аммо, энди мендан гап ололмайсиз, – деб жавоб қилибман азборойи асабийлашганимдан. Охирги гапларни нега айтдим? Нимагаям шундай дедим, бунга кейинчалик ўзим ҳам ҳайрон қолдим.

     – Нимага ундай дейсиз, Худо сақласин-э, опа! Бу нима деганингиз? Нима, бундан олдин ҳаётингизда шундай воқеа содир бўлганми? Милиция ходимларидан бирортаси сизни зўрлаганми? – синчков тикилди Фаррух.

     – Бундай ҳолатлар ҳақида минг марта ўқиганман.  Шундай азият чекканларнинг барчаси бизга шикоят қилиб келишади. Миллион марта  эшитганман, – дедим ишонч билан.

    Дарҳақиқат, мамлакат милицияси қўлига тушган эркакларни амрига бўйсунмадими, уриб, пўла қилади, Айтганига итоат қилмаган аёлларни эса номусига тажовуз қилади. Бу бор гап-ку. Буни оламу одамга маълум.

    Ана шу суҳбатдан сўнг Фаррух бутунлай кўздан ғойиб бўлди-ю, унинг ўрнини фуқаро кийимидаги ўзга нотаниш бир ходим эгаллади.

    “Пахта сиёсатига аралашмай уйда кетни қисиб ўтириш керак эди!”

    Ҳозарасп туман ИИБсида маҳаллий вақт билан соат 8.00 да мажбуран келтиришган бўлса, то соат 20.30 га қадар шахсан мени фуқаро кийимидаги ўзини таништирмаган 3 нафар орган ходими сўроқ қилди. Улар прокуратура терговчиси эдими, ММХ ходими эдими, туман ички ишлар бўлимиданми, англаш мушкул эди.

    Бироқ ходимлар бир-бирларига мурожаат қилишлари ортидан мени сўроқ-савол қилаётган шахсларнинг номларини аниқлаш имконияти туғилди.

    Мени илк бор сўроққа тутган ходимни Фаррух деб аташди.

    Кейинги “терговчи”ни Ҳозарасп туман ИИБ бошлиғининг ўринбосари эканлигидан хабар топиб қолдим.

    Мендан “гап олган” навбатдаги шахсни Отабой деб чақиришди.

    Агар мен 12 ярим соатлик тергов тафсилотларини қоғозга туширадиган бўлсам, катта бир асар бўлади.

    Қисқа қилиб айтганда менинг талабаликдан тортиб шу давргача босиб ўтган ҳаёт йўлим, оилам, сиёсий қарашларим… ҳамма-ҳаммаси ҳақида сўраб-суриштиришди.

    Ҳатто ҳожатхонага боришга ҳам изн бермай, қийнаб олиб ўтиришди.

    Яқингинада тўшак тортиб ётган одам эдим. Яратганга шукур, унинг амри билан табиб баҳона-ю сабаб эндигина оёққа тургандим. Адоғсиз саволлар силламни қуритиб юборди.

     “Хоразмга қачон келдинг, нима мақсадда келдинг, пахтазордаги дала шийпонларига, сувчилар уйига, болалар боғчасига нима учун борасан?! Нима учун ўқувчилар билан суҳбатлашасан?! Нима учун рухсатсиз тасвирга оласан, нега рухсатсиз  съёмка қиласан?! Нега аввал ҳокимиятга кирмайсан, нега аввал туман раҳбарларидан рухсат олмайсан?!” деган мазмундаги адоғсиз саволлар билан “қонимни ичишди”.

    – “Туман ҳокимини изнисиз Ҳозараспга келган кишининг ҳаракатланиши таъқиқланади!” деган бирорта бир ҳуқуқий ҳужжат кўрсатинг менга? – дедим сабр косам лиммо-лим бўлиб – тўкилиб. – Коллеж ўқувчиларининг яшаш шароитлари, озиқ-овқатининг сифати билан қизиқдик. Пахтага ихтиёрий чиққанми, сафарбар этилганми, билгимиз келди.

    – Қора ниятда келганларингиз аниқ.   Аслида ният қора бўлган! – тутақди ИИБ ходими.

    – Ўсмирларнинг тақдири, яшаш шароитлари, ижтимоий аҳволи  билан нияти бад одамлар қизиқишадими? –  сўрайман ҳайратимни яширмай.

    – Ичларинг қора бўлмаганида, мақсадларинг юртни сотиш бўлмаганида биринчи бўлиб ҳокимиятга учрашган бўлардинглар! – бу сўзлар суҳбатдошимнинг тишлари орасидан сизиб чиқади-да нақд юракни мўлжаллади.

    “Нима учун ҳокимга учрашишимиз керак? Халқаро Меҳнат Ташкилоти экспертларини лақиллатишганлари каби бизнинг ҳам қулоғимизга лағмон осиб юборишлари учунми?” демоқчи бўлдим-у, ўзимни зўрға тийдим.

    – Айбимиз айтилмади. Бизни тутқинликда ушлаб туриш шунчалар зарур бўлса, уй қамоғига олсаларингиз бўлмайдими?, – сўрадим терговчидан, – Мен яқингинада касалдан турган одамман. Толиқиб кетдим.  Бирозгина ётсам дегандим. Жуда бўлмаса, камерага ташланглар, у ерда лоақал кароват бўлса керак, оз бўлсаям ҳордиқ олардим.

    Терговчи, аввалига, кинояли оҳангда “Чарчаб қолдингизми?” деди-да  устимдан мазхаратомуз кулган бўлди. Кейин эса кўзларини ола-кула қилиб “Сиз давлат душманимисиз?! Давлат сиёсатига қаршимисиз?! Касал бўлсангиз пахта даласида сизга қовуриб қўйибдими?! Уйда кетни қисиб ўтириш керак эди пахта сиёсатига аралашмасдан!” дея дағдаға қила кетди.

    Бунингдек фикрдаги ИИБ ходими билан тортишиш бефойда эканлигини англаб етган бўлсам-да, бўш келишни истамасдим:

    – Ким айтди сизга давлат сиёсати пахта мавсуми давридаги мажбурий меҳнатни ёқлайди, қўллаб, қувватлайди деб?  Ҳукуматнинг янги фармон ва қарорларидан бехабармисиз дейман? Ҳукумат қарорлари бу ҳолатни қоралайди-ку?

    Мана, яқингинада Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси билан ҳамкорликда “пахта йиғим терими жараёнида мажбурий меҳнат ҳолатларига йўл қўйилмайди!…”, “мажбурий меҳнат ҳолатлари қонунга зид ҳисобланади ҳамда маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади”, “пахта йиғим терими жараёнида болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларига йўл қўйилмайди!”, “мажбурий тартибда пахта териш ҳолатлари гувоҳи бўлдингизми? Дарҳол хабар қилинг!” Деган турли мазмунларда варақалар тарқатилган, ишонч телефонлари қайд этилган. Демак, энг аввало, мажбурий меҳнатга таъқиқ қўйилишини тарғиб қилаётган  меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофази қилиш вазирлиги вазирини, ўзбекистон касаба уюшмалар федерацияси раҳбарини хибисга олиш керак. Бу мавзуда варақалар тарқатгани учун уларни жиноий жавобгарликка тортиш, сўроққа тутиш керак бўлади. Ана ундан кейин қонун йўл қўйиб берса бизни истаганингизча ушлаб туришга ҳақлисиз, – дедим.

    12032444_10206421722856398_891250461_n (1)

    – Биз нега энди Меҳнат вазирлигига, Касаба уюшмалари катталарига бўйсунишимиз керак? Улар ким бўпти? Биз Ички ишлар вазирлигига бўйсунамиз. Қайсидир вазирликлар, қандайдир федерация, уюшмачалар варақа тарқатиб, мажбурий меҳнат таъқиқи тарғиботи билан шуғулланаётган бўлса, ундай уюшмаларга, вазирликларга ўз қўл остидаги ходимлари итоат қилишсин, бизлар эмас! –  деди Ҳозарасп туман ИИБ Жиноят қидирув бўлими ходими бепарволик билан.

    – Меҳнат вазирлиги, Касаба уюшмалар федерацияси мажбурий меҳнатнинг таъқиқига оид тарғисоб  варақаларини ўз-ўзидан тарқатмагандир? Давлат қонунлари, ҳукуматнинг қарор ва фармонларидан чиқиб келиб тайёрлашгандир? Ёки пахта мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйилмаслиги хусусидаги улар тайёрлаган бундай огоҳлик варақаларнинг ҳаммаси шунчаки хўжакўрсин учунгинамиди? – деган мазмундаги дийдиёларимни ҳеч ким эшитишни истамади.  

    – Ҳозараспда мажбурий меҳнат бор эканми? Бизда мажбурий меҳнат йўқ. Дала шийпонларида, сувчилар уйида, болалар боғчасида тунаётган коллеж ўқувчилари ўз ихтиёрлари билан ватанимизга ёрдам қилиш истагида ҳашарга чиқишган. Уларни биров пахта теришга  мажбур қилган эмас. Ёки бирортаси сизга “Бизни теримга мажбурлашмоқда” дедими, – Хазорасп тумани ИИБ бошлиғи ўринбосарининг хизмат хонасида мени тергов қилаётган фуқаро кийимидаги махсус хизмат ходими бу гапларни шунчалар ишонч ва хотиржамлик билан айтдики, бу ёлғонларга ҳатто ўзимнинг ҳам ишониб қолишимга бир баҳия қолди.

    “Нега дала шейпонида овоз чиқаришга қўрққанингиздан шеригингизни қўл билан имлаб чақирдингиз?!”

     

    – Хоразмда нима бор эди сизга?! – дедя дағдағада давом этти Отабой.

    – Келишим таъқиқланганми?

    – Келсангиз, тинчгина келиб кетинг эди! Пахта даласида нима қилиб юрибсиз?! Нимага ўқувчилар билан гаплашасиз?! Пахта шийпонига нимага борасиз?! Нимага яшириниб, қочиб юрибсиз?!

    – Ўзга вилоятдан келган шахснинг Хоразм далаларига чиқиши,  коллеж ўқувчилари билан гаплашиши мумкин эмас деган қонун борми? Мен эркин инсон бўлсам. Истасам, пахта кезаман, истасам, одамлар билан гаплашаман, ҳоҳлаган жойимга бораман, суратга оламан…

    – Нега унда пусиб юрибсиз?! Қочасиз, яширинасиз?! Тонг саҳарда пахта шийпонида нима бор эди?!

    – Яшириниш мақсадимиз йўқлиги сабаб ҳам,  пусиб юрмаганимиз учун ҳам, гарчи, тунаб қолган уйимизни махсус хизмат ходимлари қуршаб олганидан хабар топган бўлсак ҳам, ортимиздан “айғоқчи” изма-из тушганини, бизни таъқиб қилиб бораётганлигини билсак ҳам, қочиб қолган эмасмиз, аксинча, тонг саҳарда дала шийпонига йўл толганмиз. Ўқувчилар пахта теримига кетиб қолмасларидан олдин уларнинг яшаш шароитлари билан танишиш, озиқ-овқатлари сифатини кўздан кечириш  мақсадида саҳарда дала шийпонларига шошилгандик.

    – Яшириниб, пусиб юргансиз! Яширинмаган бўлсангиз, нега унда дала шийпонидаги болаларни расмга олиб бўлиб, кетар чоғингизда ана у рус аёлини, шеригингизни овоз билан чақиришга чўчиб, “кетдик” дея унга қўлингиз билан имо қилдингиз?!

    – Сиз дала шийпонида йўқ эдингиз-ку?

    – Сиз бизни ҳеч нарсадан бехабар деб ўйламанг! Қаерда бўлган бўлсангиз, ўша ердаги дала шийпони, болалар боғчаси, сувчилар уйидаги ўқитувчиларни  олиб келганмиз! Барчаси сизларнинг ҳаракатларингиз ҳақида ҳисобот ёзиб ўтирибди!

    – Дала шийпонидаги, боғча ва сувчилар уйидаги коллеж ўқитувчиларидан ҳеч қандай ариза ва тушунтириш хати ололмайсиз. Мабодо, олгудек бўлсангиз, коллеж ўқувчиларининг пахта шийпонида ётиб-туришини ўз қўлларингиз билан очиб қўйган, исботлаб берган берасиз. Тонг саҳарги соат 5.00 да коллеж ўқитувчиси-ю ўқувчилари шийпонда нима қилиб юрибди деган савол ўртага қалқиб чиқади.

    – Сиз менга дарс бераяпсизми?! Овоз чиқаришга қўрққанингиздан шеригингизни қўлингизни имо қилиб чақирганингиз ёлғонми?! Нимага қўлингизни имлаб чақирдингиз?!

    – Хоразмда қўл билан имо қилиб чақириш жиноят эканлигини билмаган эканман. Майли, мамлакат қонунларида фуқаронинг қўл билан имо қилиши жиноят саналса, бу ҳаракатга нисбатан жиноий жавобгарлик кўрсатилган бўлса, менга ўша моддани қўллай қолинг, – дедим секингина.

     “Сиздақа  ватанфурушларга худонинг ўзи “статья” қўйиб қўйибди!”

    – Биз қўймаймиз моддани! Худонинг ўзи сиздақа ватанфурушларга статья қўйиб қўйибди! – ўшқирди фуқаро кийимидаги Отабой отлиғ ИИБ ходими.

    – Худо уриб қўйибди демоқчимисиз? Нимани назарда тутаяпсиз, тушунмадим? Икки йиллик оғир касаллигимни назарда тутаяпсизми? Бетоблигим учун, “Сизни  Худо ана шундай қилиб уриб қўйибди!” демоқчимисиз? Касал бўлмаган одам борми?

    – Худо уриб қўйибди демадим! Худонинг ўзи статья қўйиб қўйибди дедим!

    – Худонинг ўзи  статья қўйиб қўйибди дегани,  Худонинг ўзи уриб қўйибди дегани-да!

    – Ўзингизча тўқиб бичманг!

    “Ватанфурушлигингиз учун қанча ҳақ оласиз?”

    – Бизда мажбурий меҳнат борми? Билиб қўйинг, бизда мажбурий меҳнат йўқ. Ҳамма пахта теримига ўз ихтиёри билан чиқади. Ҳамма ҳашарчи. Битта фермер шунча гектардаги пахтани қандай териб олади. Уч-тўрттагина ишчиси бўлса. Пахтани нобуд қилиш керакми? Бошқа касб эгалари ҳам пахта терса, нима бўпти?  Пахта бу бизнинг бойлигимиз-ку! Сизларга ўхшаганлар арзимас шу нарсани ҳам бўрттириб, ошириб-тошириб кўрсатасизлар. Пахта терими ҳақида олган шу материалларингизни қаерга берасиз? “Озодлик”гами? Шундай ватанфурушлигингиз учун қанча ҳақ тўлашади?, – мени сўроққа тута кетди ўзини таништирмаган фуқаро кийимидаги (ММХ ходимими, ИИБ вакилими ва ё прокуратураданми, буни ёлғиз Худо билади!) махсус хизмат ходими.

    – Ватанни сотишми бу?

    – Ҳа, ватанни сотасизлар. Қанча беришади?

    – Сариқ чақа ҳам тўлашмайди.  “Озодлик”га менинг мутлақо алоқам йўқ. Ҳаётимда “Озодлик”дан қалам ҳақи олган банда эмасман. Умуман, тўплаган материалларим учун бирор бир шахс ва ё ташкилотдан ҳақ олмаганман.

    – Биз гўлга ўхшаймизми? Хоразмгача келиш бепул бўлмагандир? Йўл харажатларини ким тўлайди?

    – Мен Қарақалпоғистоннинг Элликқаласига, “Кечирмас ота” зиёратгоҳига бораман деб йўлга чиққандим. Мен ўз мақсадим йўлида ўз чўнтагимдан пул сарфладим. Бировнинг хизмати учун харажат тортган эмасман.

    – Ҳеч қайси радио қалам ҳақи бермаса, ташкилотлар пул тўламаса,  у ҳолда кимнинг, ниманинг ҳисобига яшайсиз? – савол устига-савол қотади ИИБ ходими.

    – Қизим ишлайди. Унинг топганига қўл учида кун кўрамиз…

    – Текиндан-текинга маълумот тўплайсизми? Радиоларни, сайтларни бепулдан-бепул маълумот билан таъминлайсизми? Бундан нима фойда сизга? Текиндан-текин ишлаш зарурми сизга? Ҳориж радиолари, сайтлари қуруқ қўймаслигини, катта ҳақ тўлашини билмаймизми? Бирор бир наф кўрмасангиз далама дала юрармидингиз? – иддао қилди тергов олиб бораётган фуқаро кийимидаги ўзини таништирмаган махсус хизмат ходими.

    – Мен журналистман. ЎзМТРКда 21 йилдан ортиқ фаолият юритганман. Бу менинг касбим. Касбим менинг ҳаётим. Шу ишга урганим қолганман. Мен кимдир ҳақ тўлаши учун репортажлар тайёрламайман, юрак ғуборимни чақариб ташлаш, кўнглимдаги дардларимни тўкиб солиш мақсадида матреаллар тайёрлайман. Сиз буни тушунмасангиз керак. Шу касбим учун мен жуда кўп нарсадан кечганман….

    – Айтингчи, съёмкани олиб бўлгандан кейин “Озодлик”га қандай қўнғироқ қиласизлар?

    “Озодлик” қайда-ю мен қайда. Мен ҳаётимда “Озодлик”ка қўнғироқ қилган эмасман. Чет элга қўнғироқ қилаверсам уйимни қаердан топаман? Уларнинг ўзлари онда-сонда бизга чиқиб туришади.  Кейинги бир ярим йилдан буён мендан интервью ҳам олишган эмас. Улар билан алоқам сиз тасаввур қилган даражадама-ааас, -дедим.

    – Пахта ҳақида олганларингизни “Озодлик”га бермасангиз, қаерда қандай қилиб тарқатасиз? – қизиқди ИИБ ходими.

    – Исталган ОАВга беришим мумкин. Эълон қилишга кўнгудек бўлса, маҳаллий газеталарга ҳам берардим. Асосан интернет сайтлари орқали эълон қиламан дедим-ку. Неча марта такрорлашим керак, ҳайронман, – дедим норози тўнғиллаб.

    – Ватанфурушлик бўлмай нима бу? Сизлар Ватанни сотиш билан шуғулланасизлар!

    Нега бизни бунчалар таҳқирона текширишди?

    Бизни асирга олишганига уч соатлар бўлганди, янглишмасам, бир маҳал ИИБ ходимларидан бири мен ўтирган хонага икки аёлни бошлаб кирди. Улардан бирининг эгнида оқ халат бор эди.

    Оқ халатли аёл ўзини таништирмаган эди, исм-шарифини ўзим сўраб билдим: Меҳринисо Шокирова экан. Гинеколог. Ечинишимни буюрди. Карахт бўлдим.

    – Сиздан бир нарсани илтимос қилсам бўладими, опажон? Мана, сиз аёл кишисиз. Мен ҳам. Бу ерда жуда уятга қолади-да одам, опа. Илтимос, бизни туғриқхонага, ё гинекология бўлимига олиб бориб аёлларнинг махсус креслосида кўрикдан ўтказсангиз девдим, – ялингудек дедим, гинеколог Меҳринисо Шокировага.

    – Зарари йўқ. Бу бор-йўғи 3-4 дақиқа вақтингизни олади, – деб жавоб қилди гинеколог.

    Уларнинг ниятини дарҳол фаҳмладим: Бизнинг бачадонимиздан флешка излашмоқчи!

    Аввалига ИИБ ходимларининг ўзи бизларни қандайдир қора темир таёғи билан кўрикдан ўтказишганди. “Темир таёқ” билан ҳам флешкаларимизни топа олишмаган эди. Ана шунинг аламига тиббий йўл билан қидириш мақсадида атай гинекологни бошлаб келишибди.

    Гинеколог кўригига рози бўлишдан ўзга илож ҳам йўқ эди. Қаршилик кўрсатгудек бўлсак, янада кўпроқ шубҳага боришлари табиий “А-ҳа, демак, сиъёмка қилинган флешкалар ростданам бачадонида экан-да!” деб ўйлашади.

    Кейин гинекологик текширувга мажбурлашади. Кучи етмаса, ИИБ ходимларини кўмакка чақиришади. Иккита милиция оёғингдан, яна иккитаси қўлингдан тутиб туради-да, гинеколог М. Шокировани ишга солишади. Бундай ҳолатларда қаршилик кўрсатиш бефойда.

    – Уст-бошингизни ечинг, – буюрди гинеколог.

    Ҳозарасп туман Ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари хонасида, тўғридан-тўғри стол устига қип-яланғоч ётқизган ҳолда гинеколог Меҳринисо Шокирова онадан қандай туғилган бўлсам, шу куйи ечинтириб олди. Шокировага ҳамроҳлик қилиб келган аёл мен эгнимдан ечган барча уст-бошимни чок-чокига қадар биттама-битта синчиклаб текшириб, бирма-бир кўздан кечириб чиқди.

    Бу вақт давомида гинеколог оқ халати чўнтагидан чиқарган қандайдир тиббиёт ускуналари билан бачадонимдан флешка излай етди. Топаолмагач, қўли кўмагида қидирди. Барибир фойдаси бўлмади.

    Кўрикни ниҳоясига етказган гинеколог М. Шокирова кийинишимни буюрди. Сўнгра эшикни очаркан унинг ортида кутиб турган ИИБ ходимларига: “Ҳаммаси топ-тоза. Ҳеч нарса топилмади. Сизлар қидираётган флешка чиқмади” дея ахборот берди.

    Янада муҳимроғи шундаки, гинеколог тиббий ускуналари кўмагида бачадонимдан анализ учун нимадир олди-да “прозрачный” селофанга солди. Мен ундан бирор бир анализ олишини ўтинмаган эдим. Аммо гинеколог Меҳринисо Шокирова мендан анализ учун қандай мақсадда намуна олди, буни ёлғиз Худо билади.

    Аёл киши сифатида илгарилари ҳам гинекологик текширувлардан ўтиб юрган одамлармиз. Бироқ, ҳатто, кўзимиз ёриган кезларида ҳам бирор бир гинеколог бизни онадан туғилгандек шир яланғоч қилиб ечинишга мажбур этмаган. Ярим яланғоч қилган бўлиши мумкин. Аммо қип-яланғоч ҳолатда бачадонни “ағдар-тўнтар” қилиш Шокировага нима учун зарур бўлиб қолганига ҳалигача тушунмайман.

    Умуман олганда, тўғридан-тўғри Хазорасп туман ички ишлар идорасида, бошлиқ ўринбосари хонасида, столда гинекологик текширувдан ўтказиш, бачадонни “тафтиш” қилиш мумкинми? Бу ҳолат тиббиёт талабларига жавоб берадими? Ва яна гинеколог Меҳринисо Шоирова тўғридан-тўғри оқ халатининг чўнтагидан чиқарган тиббиёт асбоб-ускуналарига бирор бир микроб ва ё инфекция илашмаганмикин? Гинеколог қўлидаги тиббий ускуналарни «стерильный» эканлигига кафолат қани?

    Тиббиёт талабларига зид равишта ИИБ биносида гинекологик кўрикдан ўтказишдан тап тортмаган Шокирова бачадонимизга бирор бир юқумли бедова бир дардни қастдан тиббий асбоблари ёрдамида юқтирмаганлигига ким кафолат беради? Модомики, шифокор дегани тиббиёт қасамини буздими, тиббиёт талабидан четга чиқдими, ундай шахсдан ҳар қандай қабихликни кутиши мумкин.

    Организм меникими, меники. Мен Шокировадан бачадонимдан таҳлил учун намуна олишни сўрамаганман. Гарчи сўрамасам-да, нима учун у мендан анализ учун намуна олиб, селофанга солади? Бундан мақсад нима эди? Гап йўқ, сўз йўқ. Тушунтириш йўқ!

    Гинекологнинг мана шундай шубҳали  ва ноқонуний ҳатти-ҳаракатларидан сўнг, “Меҳринисо Шокирова оқ халати чўнтагидан олган тибиёт асбоб-ускуналари воситасида бачадонимга давосиз бир касаллик инфексиясини қасддан юқтирмадимикин?” деган гумонга боришим табиийми, йўқми? Модомики, менинг бачадонимга флешка яширинган деган шубҳага боришган экан, нега айнан тиббиёт асбоб-ускуналари ёрдамида “кўрикдан ўтказишди”?

    Ваҳоланки, М. Шокирова аёл бачадонини УЗИ кўмагида ҳам кўздан кечириш мумкинлигини биларди-ку! Демак, уларга Урлаева ва менинг организмимга қандайдир касаллик юқтириш керак бўлган!  Ажабмас, эртага у менинг маткамдан олган намунани ҳақиқий хастанинг намунасига алмаштирган ҳолда мени “ОИТС”ми, қандайдир хавфли дардлардан бирига чалинган бемор экан!” деган иддаони илгари суриб қолса! Бу фурсат ичида эса у юқтирган инфексия вужудимга тарқаб улгурган бўлади. Шу баҳона ҳукумат битта “мониторинг ўтказувчи” журналистдан қутилади-қўяди. Ажабмас, шундан сўнг ваъдаларига мувофиқ шифокор Шокирова хонимгага шон-шарафлар ёғилса, амал эгарига илинса!

    Ҳозарасп туман шифохонаси шифокорлари, жумладан, гинеколог Меҳринисо Шокирова ичган тиббиёт қасамига содиқлик кўрсатадими ва ёки туман ҳокими, сенатор Ўктам Қурбоновнинг буйруғига сўзсиз бўйсунадими? ИИБ идораларининг ноғарасига усул қиладими?

    Кейинчалик  Елена Урлаева билан бўлган суҳбат жараёнида аниқ бўлишича, Меҳринисо Шокирова Е. Михайловнани ҳам таҳқирони гинекологик “текширувдан” ўтказган. Ҳуқуқбонни ҳам қип-яланғоч қилишган.

    Дунё ҳамжамияти Ўзбекистон шифокорлари куч ишлатар тизимларининг оғзаки топшириғига асосан аёл бачадонига қасддан касаллик юқтириш қудратига эга эканлигидан огоҳ бўлишлари лозим!

    Бизга исбатан қўлланилган бундай таҳқирни  биз ҳам жавобсиз қўймоқчи эмасмиз. Шу кеча кундузда Ҳозарасп туман ҳокими –  сенато-оорни, ИИБ бошлиғи ва бизни асир этган ходимларини, тиббиёт талабига эмас, сенатор Ўктам Қурбонов ва ИИБ бошлиғига сўзсиз итоат этиб, уларнинг оғзаки бўйруқларини сўзсиз бажараётган гинеколог Меҳринисо Шокировани судга бериш борасида даъво ариза тайёрлаш билан машғулмиз.

    “Ростини айтинг, куни кеча пахта йиғим-теримига бағишланган йиғилишда туман ҳокими Ў. Қурбоновнинг кунлик терим режасини уддалай олмаган ташкилот раҳбарларига қилган дағдағаларига гувоҳ бўлганим, тасвирга олганим учун қасддан бизни қийнаб ўтирибсизларми?”

    – Флешка электротехника асбоби бўлса. Унга нам теккудек бўлса, ишдан чиқса. Биз нега флешкани яширамиз ўзи? Уни асраб қолиш учунми? Модомики, уни омон сақлаб қолишни истарканмиз, қандай қилиб уни бачадонимизга жойлаштиришимиз мумкин?

    – Селафанга ўраб, – уқтирди ИИБ ходими.

    – Инсон организимининг 90 фоиздан ортиғи сувдан иборат бўлса… Ҳар қандай селафан суюқликда турса, нам торташи ёш болага ҳам маълум-ку. Бу ҳолатда флешка ўз-ўзидан ишдан чиқади. Флешка яроқсиз ҳолга келиб қолар экан уни чиқинди челакка ташладик нима, бачадонга жойладик нима? Ҳар икки ҳолатда ҳам фойдаланиб бўлмайди. Маткадан флешка қидириш ҳеч бир ақлга сиғмайди. Шуни билган ҳолда сизлар қандай қилиб аёл бачадонидан флешка қидиришга бўйруқ берасизлар-а? – дедим ҳайратимни яширмай.

    – Селафанга ўралса, ишдан чиқмайди, – деди ИИБ ходими ишонч билан.

    – Куни кеча ҳокимият йиғилишига кирганим, сенатор бўлган ҳокимларингизни кунлик пахта териш режасини уддалай олмаган ташкилот раҳбарларига қилган дағдағаларини ёзиб олганимнинг аламигами буларнинг бари? Ҳоким Ўктам Қурбоновнинг дағдағалари туширилган флешкани топиб, йўқ қилиш учун  қидираяпсизларми? Бунинг эвазига менга қандай айблов қўясизлар? Уюштириш йўли билан қамайсизларми? – савол қотдим ўзини таништирмаган фуқаро кийимидаги ИИБ ходимига.

    “Муҳаммад Солиҳ билан охирги марта қачон гаплашгансиз? Нима ҳақида суҳбатлашгансиз?”

    Бизга соқчилик қилиш баробарида сўроққа тутаётган навбатдаги Ҳозарасп туман ИИБ ходимларидан бири (Ҳамкасблари  фуқаро кийимидаги бу йигитни Собир деб чақиришди) кутилмаганда суҳбат мавзусини ўзгартирди:

    – Биздан бир киши чиққанди-ку. Отиям нимайди-я? – деди атай ўсмоқчилаб, – Ҳа, эсладим, Муҳаммад Солиҳни танийсизми?

    – Шоир одамни танимайманми, танийман, албатта, – ҳозиржавоблик қилдим.

    – Учрашганмисиз? Гаплашганмисиз? Охирги марта қачон гаплашгансиз? Нима ҳақида гаплашгансиз, – саволларни қалаштирди ўзини таништириш кўнглининг кўчасига ҳам келмаган  Собир отлиғ ИИБ ходими.

    – Учрашганман, гаплашганман.  Каримов билан бирга Муҳаммад Солиҳнинг президентликка номзоди қўйилган кезларида, танқидчилар “Нуқул Ислом Каримовни тарғиб қиласизлар, Муҳаммад Солиҳни четлаб ўтасизлар. Торози палласи Каримов томонга босиб кетмоқда. Торози палласини тўғри тутмаяпсизлар” деб танқид қилишганди.

    Ўшанда, гарчи раҳбарларим менга кўрсатма беришмаган бўлса-да, Муҳаммад Солиҳдан интервью олиш, махсус эшиттириш тайёрлаш мақсадида Республика ёзувчилар уюшмасига борганман. Кирсам, Муҳаммад Солиҳ Дилором Исоқова билан ўтиришган экан.

    Ўшанда Муҳаммад Солиҳ мақсадимни тинглагач, “Ўзимни эмас, сизнинг тинчлигингизни ўйлаганим учун интервью бермолмайман. Эшиттиришни эфирга бера олмасдан қийналиб қолишингизни истамайман” деб таклифимни рад этганди.

    Ҳафсалам пир бўлиб қайтгандим. Биринчи ва охирги марта кўрганим ҳам, гаплашганим ҳам шу, – дея яқин ўтмиш ҳақидаги қисқа ҳикояни гапириб бердим.

    – Шоир-а?

    – Шоир. Лекин уларнинг тагмаъно шеърларини тушунишга менинг кўпам ақлим етавермайди. Ўқимаганман. Менга Муҳаммад Юсуфнинг жайдари шеърлари ёқади, кўп ёд оламан, – дедим. (У мабодо ФБ саҳифаларини кузатиб борганида, мен босган “Нравится”ларнинг ҳисобини олганида эди, менинг нечоғлиқ рост ё ёлғон сўзлаётганлигимни англаб етган бўларди)

    Бу жавобим Собирга хуш ёқди шекилли унинг лабида табассум ўйнади. Кейин:

    – Ўша сайловда сиз кимга овоз бергансиз? – деб сўради.

    “Бизнинг тутқунлигимизга бунинг нима алоқаси бор?” деб сўрагим келди-ю, тилимни тийдим.

    – Агарда интернетни кузатиб борганингизда, ўша сайловда кимга овоз берганлигим ҳақида ҳозир ўзимдан сўраб ўтирмаган бўлардингиз. Тўғри, “Шоирдан шоҳ чиқадими?” деб эътироз билдирганлар ҳам бўлган ўшанда. Лекин Бобур Мирзо ким эди? Рубоийлар битарди. Шоҳ ва шоир бўлган. Давлат арбоби Навоий ҳам шоир. Шароф Рашидов ҳам ижодкор бўлган. Мен ижод аҳлига яқин одам бўлганлигим учун ҳам Муҳаммад Солиҳга овоз беришни истагандим.

    Мен М. Солиҳни тарғибот қилганман. Онам Каримовни тарғибот қилгандилар. Раъно Абдуллаева даврида мачитларга бориш, номоз ўқиш, жоназа ўқиш таъқиқланганди. Каримовнинг дастлабки давлат бошқарувида одамларга диний эркинлик берилди, кексаларнинг нафақаси маълум маънода оширилди. Деҳқонларга ерлар бўлиб берилди.

    Шунга онам Каримовга тарафдор бўлиб қолди. Беш вақт номозида болаларига қўшиб Каримовни ҳам дуо қиларди, унга омонлик тиларди. Онам бизга “Агар мени онам десанглар, Каримовга овоз берасизлар” деб шарт қўйган эди. Каримовга ҳайриҳоҳлигим учун эмас, онамнинг ҳурмати учун ўшанда Каримовга овоз берганман. 2010 йилда ишончим, берган овозим эвазига Каримовдан унутилмас мукофот олганман. Ишдан ҳайдалганман, жаримага тортилганман. ЎзМТРКдаги таъмагирлик, порахўрлик, иқтисодий жиноятчиликларни очаман деб минг бир балога гирифтор бўлганман. Шунинг учун кечаги сайловда Каримовга овоз бермаганман. Булар ҳақида ёзганларимни эълон қилганман, интервьюлар берганман, – деган мазмунда жавоб қилдим “суҳбатдошимга”.

    “Шундай қилиб бош вазир ўринбосарининг истеъфосини сўраб намойишга чиққанман денг?”

    Навбатдаги “соқчим” ўз вазифасини ўтаб бўлди чамаси, унинг ўрнини костюмининг икки енги тирсагига  “мода” учун рангига монанд ямоқ қўйилган қотмадан келган ўзим тенги киши кириб келди:

    – Шундай қилиб Бош вазир ўринбосарининг истеъфосини сўраб намойиш ўтказганман денг, – деди “Т” шаклидаги стол тўридаги крислога чўкаркан қўлларини бир-бирига чалиштириб. Кейин бошини ортига ташлаб, ялпайиб ўтириб олди.

    – Ҳа, шундай. Оқибатда биз ишдан ҳайдалдик, Арипов эса ҳам амалидан, ҳам БОИНГ сомолётидан айрилиб қолди, – ахборотга тўлдириш киритдим. Кейин суриштириб билсам, костюми енгларининг икки тирсаги ямоқ бу шахс Ҳозарасп туман ИИБ бошлиқ ўринбосари бўлар экан.

    Қизиқ, мен Фаррухнинг бу борадаги саволларига жавоб бераётганимда “замначальник” йўқ эди-ку? Қандай эшитди экан? Ўйланиб қолдим.

    “Бу аёлга бош оғриқ дорисини эмас, унга сичқон дори беринг!”

    Ҳозарасп туман ИИБ биносида, “қоровуллар” қуршовида узо-ооқ ўтирдик. Ҳатто ҳожатхонага боришга ҳам изин беришмади дегандим-а? Елена Урлаева қўшни хонада “хибс” этилганди.

    Бир маҳал Урлаеванинг уч-тўрт бор “Ребята, я хочу в туалет” деган талаби эшитилди. Уларга ҳеч қандай жавоб берилмади. Шунда Е. Михайловнанинг  “У меня почка болит. Я больше не могу терпеть. Это же вредно. Давайте, тогда принесите ведро прямо в кабинет, эй, начальник” деган овози янгради.

    Урлаева билан минталитетимиз тубдан фарқ қиларди. Улар челак талаб қилиб турган бир пайтда мен “Эркак кишиларга қандай қилиб “Ҳожатга бораман деб айтаман?” деган истеъҳолада тишимни-тишимга қўйиб ўтирардим….

    Таҳқирлардан Урлаеванинг қон босими кўтарилиб кетганди. Бошида қаттиқ оғриқ турган Елена опа ИИБ ходимларидан шифокор чақиришларини талаб қилди. Шифокор Урлаеванинг қон босимини туширадиган укол қилишга чоғланаётган паллада ИИБ ходимларидан бири “Урлаева барибир ўзбек тилини тушунмайди” деган ўйда комил ишонч билан баланд оҳангда  “Унга сиқчон дори беринг, маргумуш бериш керак унга” деб хитоб қилади. ИИБ ходимининг хитобини гарчи қўшни хоналарга қамаб қўйилган бўлса-да аниқ эшитган ҳамроҳларимиз Шокир ака ва ўғли Зокирлар бу ҳақда кейинчалик сўзлаб беришди. 

    “Ўйлаб қадам қўйишингиз керак. Агар бу систима истаса наркотика ва ё бир парча варақа ташлаб қўяди. Икки соатда ғойиб бўласиз-қоласиз. Сизни қидириб ҳеч қаердан топишолмайди. Додингизни худога айтиб қолаверасиз!”

    – Мана, ўзингиз оилали аёл экансиз. Болаларингиз бор экан. Нега ўйлаб иш қилмайсиз. Шукур қилинг, омон ўтирибсиз. Агарда бу система истаса, бунчагина, – Отабой исмли Хазорасп туман ИИБининг жиноят қидирув бўлими ходими кўрсатгич ва бош бармоқлари билан кўрсатган бўлди, – Арзимаган наркотика, ё бўлмаса варақа ташлаб қўяди. Қарабсизки, икки соат ўтар-ўтмас ғойиб бўласиз-қоласиз. Изингизни излаб ҳеч ким топа олмайди. Додингизни Худога айтиб қолаверасиз, шу керакми сизга?

    – Нима қилдим мен?

    – Система билан ўйнашмаслик керак. Ҳеч нарса қилмаганингиз шу бўлса, қилганингиз қанақа бўлади? Игнадай нарсани туядай қилиб чет элга сотасизлар-ку! – деди у мени гап билан силтаб.

    “Ноқонуний тарзда пахта далаларида бўлдим, суратларга олдим, тасвирларга туширдим, ўқувчилар билан суҳбатлашдим” деб ёзиб берасиз!”.

    – Қани, Хоразмга қачон келдингиз, нима мақсадда келдингиз? Қаерларда бўлдингиз? Нималарни съёмка қилдингиз? Кимлардан интервьюлар олдингиз? Барчаси ҳақида начальник номига бир бошидан ёзиб беринг қани? – буюрди Фаррух.

    – Нега ёзарканман. Ёзмайман. Олдин менга айбим нимада эканлигини айтинг. Қайси қонун талабини бузган эканман? Мен Ўзбекистон Республикаси Конституцияси доирасидан четга чиққан эмасман.

    – Қонунни бузмаган бўлсангиз, нимадан қўрқасиз? Ёзасиз! – такрор талаб қилди ИИБ ходими.

    – Энди адвокат иштирокисиз бир оғиз ҳам гапирмайман, бир қатор ҳам ёзмайман. Тошкентдан адвокатимни чақиринг, унинг иштирокида сўроқ қиласиз, – эътироз билдирдим.

    – Ёзасиз, шундай ёзасизки…, – менга бор нафрати билан тикилди у.

    – Истасангиз пешонамдан отишингиз мумкин. Ҳоҳласангиз шу кабинетнинг ўзида номусимга тажовуз қилишингиз мумкин. Аммо энди мендан бир оғиз ҳам гап ололмайсиз, – деб жавоб қилибман азборойи асабийлашганимдан. Охирги гапларни нега айтдим? Нимагаям шундай дедим, бунга кейинчалик ўзим ҳам ҳайрон қолдим.

    – Нимага ундай дейсиз, Худо сақласин-э, опа! Бу нима деганингиз? Нима, бундан олдин ҳаётингизда шундай воқеа содир бўлганми? Милиция ходимларидан бирортаси сизни зўрлаганми? – синчков тикилди Фаррух.

    – Бундай ҳолатлар ҳақида минг марта ўқиганман.  Шундай азият чекканларнинг барчаси бизга шикоят қилиб келишади. Миллион марта  эшитганман, – дедим ишонч билан.

    Дарҳақиқат, мамлакат милицияси қўлига тушган эркакларни амрига бўйсунмадими, уриб, пўла қилади, Айтганига итоат қилмаган аёлларни эса номусига тажовуз қилади. Бу бор гап-ку. Бу оламу одамга маълум.

    Ана шу суҳбатдан сўнг Фаррух бутунлай кўздан ғойиб бўлди-ю, унинг ўрнини фуқаро кийимидаги ўзга нотаниш бир ходим эгаллади.

    “Вилоятдан келган катталар сайтингизда чиққан мақолаларни ўқиб ўтиришибди”

    – Санкциясиз бизни уч соатдан ортиқ ушлаб ўтиришларингиз мумкинми? Келганимизга ҳадемай бир сутка бўлади-ку, қачон қўйиб юборасизлар?, – бетоқат бўлиб  сўрадим Жиноят қидирув бўлими ходимидан, – Сизларга фақат мен керакман. Бизга ҳамроҳлик қилган ота-болаларнинг  бизнинг ишимизга мутлақо алоқаси йўқ. Айби йўқ уларнинг. Беайб шунча қийнаб қўйдинглар. Мен-ку ёшроқман, Елена Михайловнанинг ёши мендан каттароқ. Уларни азобга қўйманглар, илтимос. Ҳамроҳларимнинг ҳаммасига жавоб бериб юборинг. Эвазига гаров сифатида мени истаганингизча олиб ўтиришингиз мумкин, – дегандим, Отабой деган ИИБ ходими:

    • Опа, вилоятдан катталар келишган. Начальникнинг хонасида сайтингизда чиққан мақолаларни ўқиб ўтиришибди.  Мақолаларингиз билан танишиб бўлишгач, бир қарорга келишса керак, – дея мени тинчлантирган бўлди.
  • Яна қанақа сайт? Менда сайт нима қилади? Мен сайт очган эмасман, – дедим ҳайронлигим ошиб.

  • Мақолаларингиз чиққан экан-ку?

  • Ана шундагина Ҳозарасп туман ИИБ ходими нима учун кутилмаганда суҳбат мавзусини Муҳаммад Солиҳ томонга бурганлигини тушиниб етгандек бўлдим. Демак, кейинги пайтлардаги ёзганларим ЎХҲ сайтида эълон этилгани учун ҳам улар менинг М. Солиҳ билан қандайдир алоқаси бор деб ўйлашган…. Тўғри, Урганчдан келган вилоят қонун идоралари вакиллари бизга кўриниш берган эмас, аммо, Ҳозарасп туман ИИБ Жиноят қидирув бўлими ходимлари бизни сўроққа тутиб, ноқонуний тергов жараёнини тасвирга тушириб, “начальник” хонасида ўқирган вилоят КАТТАларига етказиб, уларни биз ва биз ҳақимиздаги маълумотлар билан таъминлаб туришган.

    Ҳозарасп иибсида ҳам бизга ҳайриҳоҳлар бор

    Туман ИИБ бошлиғи ўринбосарининг хизмат хонасида Отабой отлиқ ходимнинг “Ватанфурушлар” дея қилган дағдағаси юртни бузиб ётганди.

    Бу соҳа ходимлари фақат хизмат хонасида жаллод бўлишаркан. Кечга яқин оёғимнинг чигалини ёзиш илинжида хонадан секингина каридорга чиққанимда Отабой деярли овозсиз, унсиз пичирлаб, лаблари кўмагида шундай деди: “Опа, биз ҳам аслида сиз томондамиз. Лекин хизматчилик, – у қўлини кўксига қўйди, – Ҳали хонада қаттиқ кетдим. Хафа бўлманг яна. Кўнглингизга олманг. Аслида, сизлар тўғри йўл тутаяпсизлар. Халқни ўйлаяпсизлар. Биз буни тан олиб очиқча айтолмаймиз. Буйруққа бўйсунишга мажбурмиз. Кунлар келади, меҳнатларингиз рўёбга чиқади. Бўш келманг, опа. Биз сиз билан!” деди шивирлаганча лаблари ва қўллари билан имо-ишора қилган куйи. Отабойнинг гапларини эшитишим биланоқ жамики чеккан заҳматларим, жабру ситамларим, озорларим унутилгандек бўлди. Таҳқирларни бир зум бўлсаям эсдан чиқди. Қувондим. Кўнглим икки том бўйи ўсиб кетди. Мен кўк кўз бу йигитни кун бошида “калла кесар жаллод” деб ўйлагандим… Илк таассуротим алдамчи бўлиб чиқди…

    “Нима учун дала шийпонларида бўлганликларингиз ҳақида қанча тез тушунтириш хати ёзиб берсангиз, шунча тез кетасиз”

    • Ҳокимиятнинг мажлислар залига нима учун кирганингиз, нима сабабдан йиғилишни, ҳокимни ёзиб олганингиз, тонг саҳарда дала шийпонларида нима қилиб юрганингиз ҳақида қанча тез тушунтириш хати ёзиб берсангиз, шунча тез кетасиз, – деди Собир исмли ИИБ ходими.
  • Айтдим-ку, Тошкентдан адвокатимни чақиринглар. Унинг иштирокида тушунтириш хати ёзиб бераман.

  • Адвокатингиз то Тошкентдан келгунига қадар қанча вақт ўтади, биласизми? Бу ерда узоқ вақт қолиб кетишингизга тўғри келади, – деди жиноят қидирув бўлими ходими.

  • Ишсизман, мендан бекорчи одам йўқ. Истасангиз, беш кун, эллик кун, ҳатто беш йилгача кутишим мумкин. Адвокатим келса бўлгани, -дегандим, ИИБ ходимининг кўзи ола-кула бўлиб кетди.

  • Унда ўзингизга қийин қиласиз, – деди у, – Ёзасиз, ҳокимият йиғилишига қай мақсадда кирганлигингиз ҳақида тушунтириш хати ёзасиз?

  • Қайси асосга кўра буни мендан талаб қилаяпсиз? – дея қизишдим.

  • Ҳокимиятдаги мажлисга кирганлигингиз учун устингиздан шикоят тушган.

  • Шикоятни келтиринг, аввало,  у билан танишиб чиқишим керак, – талаб қилдим.

  • Токи ёзмас экансиз, шу ерда ўтираверасиз, – деганча “терговчи” шаҳд билан чиқиб кетди.

  • Охир-оқибат  ИИБ бошлиғи номига “Ходимларингиз фуқаролар билан мулоқот чоғида  хизмат гувоҳномасини кўрсатишларини, ўзларини таништиришларини, хушмуомала бўлишларини илтимос қилиб сўрайман. Бизни машинага ўтиришга таклиф қилишмади. Таклиф этишганларида қаршилик кўрсатмаган бўлардик. ИИБ ходимлари бизга дабдурустдан куч ишлатишди, Зокир исмли ҳамроҳимизнинг бошига жароҳат етказишди. Пешонаси қон бўлса-да “Тез ёрдам” машинаси чақиришмади. Бу каби салбий ҳолатларга чек қўйилишини сўрайман” деган мазмунда “Тушунтириш хати” битдим.

    “Тушунтириш хати”мни ўқиб кўрган ИИБ ходимининг кўзлари чиқиб кетди. Уни олдида “начальник”нинг хонасида бизни “кузатиб” ўтирган Хоразм вилоят қонун идоралари катталарининг ҳузурига югурди.

    Қайтиб келгач, “Сизга Ҳоразмга нима мақсадда келганингиз, нима учун дала шийпонларида бўлганингиз, ўқувчилардан нима ҳақда интервью олганингиз, бу съёмкаларни кейин нима қилишингиз ҳақида “Тушунтириш хати” ёзинг дедим! ИИБ раҳбари номига илтимоснома ёзишингизни сўрамадим!! Ўтиринг!!! Қайтадан белгиланган тартибда “Тушунтириш” ёзинг, билмасангиз, айтиб тураман! – дея ўшқирди у менга.

    “Тушунтириш хати”м мазмунини ўзгартиришни истамаганим, қайта ёзишдан бош тортганим учун тутқинлик соатларини ноқонуний тарзда қастдан чўзиб ўтиришди.

    Асрликдан озод бўлгач, аниқ бўлишича, Елена Урлаева ҳам “Мен Хоразмга келгандим. ИИБ ноқонуний тутиб ўтирибди. Ҳеч бир гапларига тушунмаяпман. Менга адвокат ва таржимон келтиринг” деган мазмунда икки қатор “Тушунтириш хати” ёзиб берганлари учун ҳам милиция ходимлари янада қутуриб кетишибди.

    Икки дона флешка учун яна қўшимча икки соатлик тутқунлик жазоси тайинлашди

    Мустақил давлат бўлганимизга 25 йил бўлибдики, ҳали ҳамон “Милиция тўғрисидаги қонун”имиз йўқ. Шу боис ҳам ИИБ ходимлари кўнгилларининг кўчасига келган номаъқулчиликни қилишади.

    Йўлтўсар қароқчилар каби сувчилар уйида иккита флешка солинган иккита  адаптерни, битта юзбини фотовидеоаппаратга қўшиб тортиб олишганди. Ҳар биримиздан тортиб олинган нарсалар хусусида на далолатнома тузилди, на ҳужжатлар расмийлаштирилди. Нарсаларимизни олишди-ю, кетишди. “Оларда орамижон, чиқарда чиқади жон” деганларидек, кеч соат 20.30 ларда бизга жавоб теккач, юлқиб олган нарсаларимни қайтаришаркан, иккита адаптер беришибди. Ичи бўм-бўш.

    • Бу адаптерлар ичидаги флешкалари қани? Нима, мен флешкасиз, бўм-бўш адаптерни кўтариб юрадиган одамга ўхшайманми? Нега қўлимдан олган нарсаларингизни бус-бутун, ўз ҳолича қайтармайсиз? – дедим ИИБ ходимига.
  • Бизни шантаж қилманг, – деди жиноят қидирув бўлими ходими, – Иккита флешкангиз нари борса 50 минг туради. Шуям пулми? Биз шу пулга зормимзми? – жеркиди ходим.

  • Сизга пул бўлмаслиги мумкин, лекин менга 50 минг сўм ҳам пул, – дедим, – Нега шантаж қиларканман. Мен сафарга ўйнагани чиқмаганман, тасвирга, расимга олгани чиққанман. Флешка менинг иш қуролим. Бусиз ишим битмайди. шундай экан заҳирага флешка кўтариб юрмасдан, нима қиламан? Флешкаларимни қайтаринг, бўлди, – эътироз билдирдим унга.

  • Шунақами? – ИИБ ходими стол устига қўйилган нарсаларимни қайта йиғиштириб оларкан, норози чимрилганча хонани тарк этди. “Иккита флешкам йўқ-ку? Қани” деган сўровим учун шу ўтирганимизча  яна 2 соатдан ортиқ ИИБ биносида қолиб кетдик…

  • ИИБ ходимларидан ҳар бирининг ҳажми 4ГБ бўлган иккита флешкамни қайтаришларини талаб қилганим қимматга тушди: нафақат мени Урлаевани, ота-бола Давлетовларни ҳам оч-наҳор яна икки содатдан ортиқ бесабаб ушлаб туришди.

    Қачонки, тортиб олиб қўйган флешкаларимни қайтаришларини талаб қилмасликка рози бўлганимдан кейингина тутқунликдан озод қилишди!

    “Мени милиция ходимлари урган эмас”

    Бизни куч ишлатиш йўли билан Ҳозарасп туман ИИБ биносига келтиришгач, Елена Урлаева милиция ходимларидан пешонасидан жароҳат олиб, қонаётган 23 ёшли ҳамроҳимиз Зокирга “Тез ёрдам” машинаси чақиришларини талаб қилди.

    Аммо ҳеч бир ходим алоҳида хонада қўриқлаб ўтиришган маҳаллий аҳоли вакилларидан бири Зокирга тиббий ёрдам кўрсатиш ҳақида бош ҳам қотирган эмас.

    Қачонки, милиция ходимларни бизнинг бачадонимиздан флешка қидириш мақсадида Туман бирлашган шифохонаси гинекологи Меҳринисо Шокировани ИИБ биносига, биз ўтирган хонага бошлаб келгач, каридорга чиққан Елена Михайловнанинг “Биз сизнинг хизматингизга муҳтож эмасмиз.  Ана у хонадаги Зокирга – ёш йигитга тиббий ёрдам керак. Бизга ҳужум чоғида ИИБ ходимлари уни уриб, бошига жароҳат етказишган”  деган баланд овоздаги хитоби эшитилди.

    Ўзбекистонда гинекологлар кўп тармоқли мутахассис эканлигини энди эшитишим.

    Урлаеванинг талабидан кейин гинеколог Меҳринисо Шокирова коридорда турган ҳолда боши лат еган Шокир билан савол-жавоб қилмоқда:

    • Милиция ходимлари урдими сени? – сўради бемордан.

    Ҳа деганда аниқ жавоб ололмаган шифокор яна саволини такрорлади:

    • Милиция ходимлари урдими сени?
  • Йўқ, мени милиция ходимлари урган эмас, – Шокирнинг ғудранган овози эшитилди, – Милисалар мени машинага туртиб ўтқизишаётганларида ўзим бошимни машина эшигига уриб олдим. Мени ҳеч ким урганмас.

  • Зокирдан ўзи истаган жавобни олган гинеколог ниҳоят ўз “диагноз”ини қўйди:

    • “Ана, боланинг ўзи айтаяпти! Уни ҳеч қандай милиция урмаган экан-ку! Ўзи бошини машинага уриб олган экан!”

    Ҳатто боши лат еган эркакларниям кўрикдан ўтказишга малакаси етадиган  гинеколог Меҳринисо Қурбонованинг ташҳизи шундай бўлди: “Милиция урмаган, ўзи бошини машинага уриб олиб жароҳатлаган”. Моҳир мед.эксперт! Милиция қўл кўтармадими, йўқ! ИИБ ходимларига даъво қилмадими, йўқ! Жароҳати сабабини ўз зиммасига олдими, Олди! Демак,  даъво қилмаган беморга тиббий кўмак керак эмас!

    Шундай тўхтамга келган гинеколог келган жойига равона бўлди.

    Тутқинликдан озод бўлгач, Зокирдан “Нега милиция ходимларининг зўравонлиги туфайли пешонангиз лат еганини яширдингиз? Нега “Жароҳатга ўзим сабабчиман” дедингиз?” деб сўрадим. “Менга ҳеч нарса керакмас. Озгина қон оқса ўлмайман. Отамнинг мошинини жарима майдонига олиб кетишди. Бир ярим миллион сўм жарима солишмоқчи. Муҳими менинг бошим эмас, отамни бир ярим миллион сўмлик жаримага тортишмаса бўлгани. Агар уларга ўчакишиб, урди десам, балога қолиб кетамиз. Сизлар кетгач, Ҳозараспда юраолмасдан қоламиз” жавоб қилди у менга куйиб-ёниб.

    Ҳозарасп туман ИИБсидан озод бўлгач, 29 сентябрдан 30 сентябрга  ўтар  кечаси тунаб қолган хонадонимиз эшигини тонгача қоравуллаб чиққан махсус хизмат ходимлари уй эгаларини қўрқитиш билан қаноат қилишган эмас.

    30 куни эрталаб бизни босимлар остида Тошкентга қатновчи таксига ўтиришга мажбур этишди. Бир аёл ва бир эркакдан иборат айғоқчиларини ҳам бизга ҳамроҳ қилишни эсларидан чиқаришган эмас. Биз таксидаги икки нафар махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида  пойтахтга  қараб йўл олдик.
    Малоҳат Эшонқулова,
    мустақил журналист
    www.Eltuz.com

    Тағин ўқинг
    28 август 2017
    Шоир Юсуф Расул 1971 йил Тожикистоннинг Панжикент туманида туғилган. 1993 йилда ТошДунинг журналистика факультетини тамомлаган. Ўзбек вақтли матбуотидаб Би-Би-Си, ...
    13 март 2018
    Бундан 65 йил олдин, 1953 йилнинг 18 март куни Германиянинг Мюнхен шаҳридаги радиостанциядан ўзбек тилида илк бора мана бу ...
    14 апрел 2021
    Навоий вилоятининг Хатирчи туманида 2021 йилнинг 2 февраль куни фермер Музаффар Муҳаммадиевнинг қабри очилди. 55 ёшли фермернинг жасади ўтган ...
    24 октябр 2023
    Видеода кўрганингиз Ўзбекистон Миллий Телерадио Компанияси (МТРК) тизимида 25 йил фаолият юритиб шу даргоҳдан пенсияга чиққан собиқ раис ўринбосари ...
    Блоглар
    28 октябр 2024
    (Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
    24 октябр 2024
    Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
    10 октябр 2024
    Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...