30 март – Тошкентда илк бор АҚШ компьютерлари намойиш қилинди
1988 йили Тошкентда бир неча кун давом этган кўргазма томошасига узундан-узоқ навбатга туришганини эслайман. Мен журфакда ўқирдим ва бир неча курсдошим билан кўргазмага кириш учун эрталабдан ВДНХга етиб бордик.
Кўргазма Рейган ва Горбачев ўртасида Женевада имзоланган маданият алмашинуви битими доирасида ўтказилганди.
Оддий одамлар оғирини енгил қилишга қаратилган бу техник анжомлар бизнинг тасаввуримиздаги дунёни «радиактив кулга» айлантирувчи техникага мутлақо ўхшамасди.
Яна бир томони, ўша пайтда расмий тили русча бўлган Тошкент учун кўргазма ўзбек тилида гидлар қўйилиши билан ҳам фарқли эди.
Ўша куни мен ва бир қанча ҳамкурсим дарсга бормадик, турнақатор навбатда, кейин эса кўргазма павильонида куни бўйи қолиб кетдик. Эртаклардаги каби кўрмаганлар кўришни, кўрганлар яна бир бор киришни орзу қилган кўргазма эди бу.
Тасаввурларнинг ўзгариши
Компьютер техникаси ҳақидаги тасаввурим у пайтлар университетимизнинг физика-математика кафедрасидаги кибернетика кабинетига қўйилган, ҳаётдан йироқ, баҳайбат ва примитив, советларнинг электрон ҳисоблаш машиналари даражасида эди.
ЭҲМ дарси бизга фақат бир чорак ўқитилган. У ҳам бўлса, аллақайси мураккаб математик амални бажариш даражасида. Бу дастурнинг номи нима экани, нимага асқатиши мумкинлиги ҳозиргача эсимда йўқ. Совет ташвиқотига йўғрилган лекцияларда кўпроқ «чириб бораётган Америка империализмини технология соҳасида доғда қолдираётганимиз» ҳақида конспектлар ёзиш талаб қилинарди. Бу дарсларнинг энг зерикарли бўлганини эслайман, холос.
Ўзбек тилли америкалик бизга компьютерлар қандай ишлашини тушунтираркан, оддий чўпон қўйларини компьютер ёрдамида қандай бошқаришини видеоэкранда намойиш қилиб кўрсатди, эртакдаги каби…
Тили чучук америкалик билан ўзбекча гаплашиш менга ёқди. Уни кўпроқ тинглаш учун саволлар бердим.
«Мен бўлғуси журналистман, менга қандай асқатиши мумкин бу рақамли техника?»
У менга узоқ масофадан туриб матн ёки видео қандай узатилиши, компьютерда мақола ёзиш қанчалик осон ва қулай эканини тушунтира бошлади. Компьютер экранидаги ўзбек тилида терилган матнни кўрсатиб, қандай енгил таҳрир қилиш мумкинлигини намойиш қилди ва тезгина принтердан чиқариб қўлимга берди.
Мени лол қолдирган нарса силлиқ қоғозга тип-тиниқ босилган кириллча «ў,қ,ғ,ҳ» ҳарфлари ва атиги бир неча кунлик кўргазмани деб ўзбекча ҳарфларни дастурлаштирган америкаликлар бўлди.
Ўзбек тилида ҳатто механик ёзув машинкаси чиқаришга қудрати етмаган совет мамлакати ватандоши учун бу чинакам мўъжиза эди.
Кўпларни қизиқтирган кўргазмадаги америка автомобилидан ҳам кўра мени ўша компьютер кўпроқ қизиқтирди, вақти келиб шалоғи чиққан «Москва» машинкамни шундай компьютерга алмаштиришни орзу қилдим, орзуим ушалганини ўқувчим аллақачон тушунган бўлса керак.
Тағин хотирамда қолгани талабаларнинг совет полиэтилен пакети билан американикини солиштиришгани бўлди. Ёпиштирилган чокидан сўкилиб кетадиган совет пакетидан фарқли ўлароқ, американики унча-мунчага йиртилмасди.
«Университетнинг эшиги ёпилса очилмайди»
Бир нечта курсдош кўргазмадан тилимиз бурро бўлиб қайтдик. Кўксимизда кўргазмадан эсдалик нишон, дарсликларимиз унинг рекламаси туширилган пластик сумкада.
Бироқ эйфория узоққа чўзилмади. Совет матбуоти тарихи фанидан кирадиган Пидаев деган домла мен билан қаттиқ жиқиллашиб қолди.
Домла лекциясига кечикиб келган талабани аудиторияга қўймаслик учун унга тагдор қилиб «Эшикни нариги тарафидан ёпиб қўйишингиз мумкин», деди.
Талаба у томонидан ёпишга урингани билан очилиб кетаверди. «Ёпилмаяпти, домла».
Кимдир хиргойи қилди: «Университетнинг эшиги-ё очилса ёпилмайди»… Кулги кўтарилди.
«Ҳукуматимиз бирор техника тугул нормал очилиб ёпиладиган эшик ҳам чиқармаган». Бу гапим домланинг ғазабига керосин сепгандай бўлди. «Ғарбга сотилган сизларга ўхшаган талабалар билан мен имтиҳонда гаплашаман!»
Тезгина америка пакетлари дермантин қопланган совет папкаларига алмашди. Ёзги имтиҳонлар яқинлашиб қолган эди. Домлага имтиҳон топширишим қийин бўлди, у мени «советларга ёт унсур» сифатида сўроққа тутди.
Кейинчалик диплом ишимни ҳам журналистикадан йироқ «Япон шеъриятида шакл ва мазмун» деган мавзуда ёқлашга мажбур бўлдим.
Мафкуравий диверсия
Вақт ўтиб, бизга илк бор замонавий медиа мўъжизасининг қандай ишлашини кўрсатган ва компьютер нашр ускунасига ўзбек ҳарфларини киритган инсоннинг кимлигини билдим.
Унинг исми Бил Фирман эди. Америка кўргазмасидаги ўзбек тилли иккинчи гид эса «Америка овози» журналисти Абдулла Чиғатой бўлган.
Ўша йили нафақат менинг домлам, балки улар дарс берган ўзбек совет журналистлари ҳам америка техникаси кўргазмасига ғайирлик билан қарашган.
«Совет Ўзбекистони», «Права Востока», «Тошкент оқшоми» газеталарида ТАСС мухбирлари Кружилин ва Хисомовнинг «Мафкуравий диверсия» сарлавҳаси остида кўргазмага ва АҚШга қарши мақолалари ҳам босилган эди.
Кейинчалик Америка дипломатлари Ўзбекистондаги «Эрк» демократик партиясига ихчам босма ускунаси – компьютер ва лазер принтерини совға қилишди.
Шу ускуна келтирилган кундан бошлаб «Эрк» газетасини чиқаришда айни фаолияти ва Муҳаммад Солиҳнинг укаси бўлгани учун қамоққа ташланган Муҳаммад Бекжон билан анча вақтгача бирга ишлаганман.
Ўзбекистон тарихидаги компьютерда терилган илк газетани чиқарган журналист Муҳаммад Бекжон 18 йил энг сўнгги қўнғироққача қамоқда қолди ва фақат 2017 йилнинг 22 февралида, 63 ёшида қамоқдан чиқди.
Мухолифатнинг варақа шаклидаги дастлабки «Эркин сўз», «Туркистон», «Хоразм», «Ҳуррият» каби газеталари ўша ускунада терилган.
Давр айланиб ушбу мақола Американинг Intel ширкати яратган процессорда ишлайдиган компьютерда терилди.
Eltuz.com сайтининг ўзи ҳам, фалакнинг гардиши билан, Американинг энг мукаммал серверларидан бўлган хостингида ишлай бошлади.
Америка компьютерлари журналистиканинг анъанавий шаклига шиддатли таъсир ўтказди, уни ўзгартирди ва бу ўзгаришлар ҳозир ҳам давом этмоқда.
Қудрат Бобожон
Eltuz.com