Дайжест
5 сентябр 2016

Нотавон матбуот, нотавон ТВ

Ўзбекистон ичидаги журналистика яна бир бор навбатдаги синовдан ўта олмади. ТВси ҳам, газетаю журналлари ҳам ўта олмади.

Ўзбекистонда президент алмашуви, алмашганда ҳам чорак аср ичида илк маротаба алмашуви кунларида, мамлакат учун энг критик даврларнинг бирида маҳаллий матбуот, ТВ ўзининг нотавонлигини намойиш этди.

27 август куни Ўзбекистон президентининг стационар даволанишга ётқизилгани тўғрисидаги расмий хабардан сўнг унинг ўлими эълон қилиниб, шу кунгача ўтган давр ўзбек журналистикасининг ўзи ҳам чала ўлик эканининг ёрқин далолати бўлди, десак адашмаймиз.

2 сентябрь тунига яқин, давлат раҳбарининг вафот этгани расман айтилгунига қадар Ўзбекистон халқи мамлакатнинг шу пайтгача абадий деб билган президентининг на ўлик, на тириклигини билди. Билса ҳам миш-мишлардан, Интернетдаги мустақил манбалардан билди.

Ўша кунларда кишиларнинг бу ҳақдаги маълумотларга чанқоғи қанчалик экани, бу чанқоқни қондира олмаган маҳаллий ТВ ва газеталар тўғрисида улар қандай ўйлаганини фейсбук фойдаланувчисининг қуйидаги гаплари яққол кўрсатиб берди:

«Нега 32 миллион ЎЗБЕК ўзини ташвишга солган саволларнинг жавобини интернетдан ахтариши керак?

Нега ЎЗБЕКИСТОНга дахлдор янгиликни бизга нисбатан ҳеч қачон холис бўлмаган Россия телеканалларидан, чет эл ТВларидан кўриши керак?

Ўзбекистон ТЕЛЕВИДЕНИЕси ўзбек халқига энг сўнгги янгиликларни айтолмаса, нима номаъқул еб ўтирибди?

Майли, жаҳон чемпионатлари, Европа чемпионатларини жонли эфирда беролмайсан, майли, Олимпиададан ҳам бир мухбиринг бир жонли интервью беролмади, бунга пулинг кетади.

Майли, сен Суриядан, Ямандан, Ироқдан, Колумбиядан, Курдистондан, дунёнинг оловли нуқталаридан жонли кўрсатув қилолмайсан, ўқ тегиб кетади, қўрқасан.

Аммо ЎЗБЕКИСТОН халқига ЎЗ ПРЕЗИДЕНТИ ҳақида, миллатга ОТАСИ ҳақида ахборот бер, номард!

Йўқ, сен қўрқасан! Ўз соянгдан қўрқасан! Сен хато қилишдан қўрқасан! Сен доим қўрқиб яшадинг! Қўрққанинг учун ҳам узоқ ўтирасан креслонгда! Ана шунинг ҳадисини олгансан сен!

Қачонгача қўрқасан? Қачонгача оғзингга мум солиб ўтирасан? Қачон мустақил бўласан, Жимтурсунов?

Айт, хавотирда турган 32.000.000 киши юрагини ташвишга солган саволларига жавобни «Фергана.ру»дан топсинми? «Евронюс»дан кўрсинми? «Лайф.нюс»дан кўрсинми?

Сен ўзинг қайси канални кўраяпсан, Тошқотганов?

Юртбошимизни палатада бўлса ҳам кўрсатиб: «Мана, Президентимиз соғ-омон, фитналарга ишонманглар!» десанг, анави ғанимларнинг думи икки оёғининг орасига кириб кетади-ку?

Халқнинг елкасидан тоғ ағдарилиб, сени дуо қилади-ку?

Ҳаҳ, сенга дуо ҳам керак эмас-да!

Бир хушхабар кутиб, телевизорни қўяди одамлар, қайси каналга қўйсанг корейсларнинг сериали. Тўймайсанми корейсдан?

Ҳе, корейс есин сени!”-

деб ёзди узбек журналисти Каримберди Тўрамурод узининг фэйсбукдаги сахифасида.

Биз бугун Ўзбекистон матбуоти, ТВсида ўтган бир неча кун ичида қандай жиҳатлар кўзга ташланганига эътибор қаратамиз.

Эътиборлиси шуки, 27 август куни президентнинг оғир касал экани расман эълон қилингандан сўнг шу пайтгача ҳар бир лавҳаси давлат раҳбарига ҳамду сано билан тўла бўлган «Ахборот» ва «Давр» каби янгиликлар дастурлари бирдан ўзгарди.

Уларда президент номи деярли тилга олинмай қолди. Тилга олинганда ҳам фақат қандайдир фармони, қарорини айтиш керак бўлганда эсланди, холос.

Гарчи бошқа кўрсатувлар одатдаги ташбеҳлар билан тўла бўлса-да, айнан расмий дастурлардаги бу ҳолат кўпчилик учун ғайриоддий туюлди.

Бу ғайриоддийликни президентнинг «болалари», унинг марҳаматидан умидвор артисту хонандалар кейин билганимиз сўнгги йўлга қайтмас бўлиб отланган давлат раҳбари соғлиғи учун «дуо»да бўлиш баҳонасида янада кучайтирди.

Мустақил манбалар унинг аҳволи ўнгланмас даражада ёмон экани, ҳатто вафот этгани тўғрисида хабарлар тарқатганда эса уларга тош отишлар билан жавоб қайтарилди.

Бу эса халқни янада ваҳимага солди, миш-мишларни янада кучайтирди. Лекин ТВ ҳали ҳам жим эди.

Шу пайтгача президентини деярли юз фоизи «севиб, ардоқлаб» келган халқ унинг қандай аҳволда эканини ўз газеталаридан, телевидениесидан била олмади.

2 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамасининг президентнинг аҳволи ўта оғирлашгани тўғрисидаги хабари эълон қилингандан сўнг ҳам халқ ҳамон мавҳумликда ушлаб турилди.

Президентнинг вафоти элга расман ошкор этилгандан кейин ўзининг энг илғор техник воситалар билан таъминланганини билдириб, дунёнинг етакчи телеканаллари билан бўйлаша олишини таъкидлаб келган ўзбек ТВси совет даврнинг энг гуллаган давридаги иш тартибига ўтиб олди.

Сони 15 тадан ошган барча телеканаллар орқали халқ танбурнинг тиринг-тиринги, ғижжакнинг ғингшишини тинглашга мажбур қилинди.

Одамлар эрта азондан бирор янгилик олиш илинжида телевизор қаршисида эди. Аммо на марҳумнинг жасади Тошкентдан кузатилгани, на Самарқандда қандай кутиб олиниб, қандай дафн этилгани тўғридан-тўғри эфирга узатилди.

Халқ фақат яхшилаб монтаж қилинган, «сиёсий ҳушёрлик» тамойили асосида қирқиб қайчиланган қисқа хабарлар билан чекланишга маҳкум этилди.
Ўзининг демократик, эркин эканини, бунинг сабабчиси Ислом Каримов эканини чорак асрдан бери керагидан ортиқ иддао қилиб келган ўзбек ТВси, матбуотининг тили танглайига ёпишди гўё.

4 август куни ҳам ҳар бир неча соатда президентнинг сўнгги йўлга кузатиш маросимидан тайёрланган бир хил лавҳалар эълон қилиниб турилди. Фақат тушдан сўнг «Ахборот» дастурида жойларда бўлаётган мотам маросимларидан тайёрланган кўрсатувлар пайдо бўлди.

Фақат кечга яқин «Менинг юртим» ва Ўзрепорт» телеканаллари мотам куйларини тўхтатиб, асосан, президент ҳақидаги кўрсатувларни эфирга узата бошлади.

Сўнгги кунларда нашр этилган газеталарда ҳам эътиборли ўзгаришлар кўзга ташланди. Хусусан, 1 сентябрь куни чоп қилинган «Ҳуррият» газетасида ҳали президент шарафига ҳамду санолар кўзга ташланган бўлса-да, 3 сентябрь куни аҳвол бутунлай ўзгарди. «Халқ сўзи», «Ўзбекистон овози» сингари етакчи газеталарда президент вафоти тўғрисидаги расмий ахборотлардан ташқари бошқа мақолаларда унинг номи деярли учрамади.

Президентга нисбат бериб айтиладиган «раҳнамолигида», «ғамхўрлиги туфайли», «оқил», «юртбоши» каби таърифлар ўз-ўзидан йўқолди.

Президент касал бўлган, сўнг эса вафот этган кунларда бутун халқнинг ахборот бўшлиғида, улкан мавҳумликда ушлаб турилгани, бу ҳолат ҳали-ҳунуз давом этаётгани кўплаб ҳақли иддаоларни туғдирди.

Қани мустақил матбуотни фитначиликда, ёлғон хабарлар тарқатишда айблаб келган ўзбек газеталари, ТВси? Ҳақиқатпарастликни, тезкорликни, сони мустақиллик йилларида мингдан ошгани, эркин ва цензурадан холи эканини энг катта нотада тинимсиз таъкидлайдиган нашрлар қани?

Оғзини кўпиртириб президентга мадҳиябозлик қилган Жумабоевлар, Қуддус Аъзамлар, Ислом Ҳамролар ва бошқа «ҳақиқатгўйлар»лар қани?

Улар шунчалик ўзини йўқотиб, янги ота (раҳнамо, юртбоши, пуштипаноҳ) ким бўларкин, деган андишадамикин?

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
2 январ 2017
Ижтимоий тармоқда қорқиз кийимини кийган эркакни ҳақоратлаб сўкиб, калтаклангани акс этган видео пайдо бўлди. Шу бугун фейсбукга қўйилган, қўл ...
16 декабр 2016
Конституцияда президент фақат икки марта сайланиш ҳуқуқига эга экани белгиланганига қарамай, Ўзбекистоннинг марҳум раҳбари 25 йил давомида лавозимидан кетмай, ...
29 ноябр 2019
Жажжигина ўғил бола отасидан сўради:– Яхши деган cўз нимаю, ëмон деган нимаси? Бу мисраларни ëзган шоир Владимир Маяковский «Нима ...
31 июл 2018
Ўзбекистондаги «Тоштурма», Украинадаги «Оболон» турмасидан ҳар бир камерада «лохмач»лари ва «козёллари» борлиги билан фарқ қилади, дея эслайди Муҳаммад Бекжон ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...