Асосий мавзулар
25 январ 2017

Ўзбек матбуотининг абгор аҳволи

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг мактуби менга 25 йиллик журналистик фаолиятимда ҳукумат тарафидан ёпилган ва мен ишлаган «Эрк», «Муносабат», ТВ ALC нашрлари тақдирини эслатди.

Бу нашрларнинг сунгиси ёпилар экан, мен 2005 йил Андижон воқеаларидан сўнг ўз эркимни ва касбий имкониятимни йўқотмаслик учун сўнгги чора сифатида сургунни танлашга, мамлакатни тарк этишга мажбур бўлгандим.

23 январ куни Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси CPJ Шавкат Мирзиёевга мурожаатнома жўнатди. Бунда у иккинчи президентни ОАВга нисбатан репрессив сиёсатни тўхтатиш ва мамлакатдаги журналистлар фаолиятига тўсиқ бўлаётган чекловларни йўқ қилишган даъват этди.

2014 йили «Чегара билмас мухбирлар» ташкилоти Мухаммад Бекжонни матбуот эркинлиги мукофоти билан такдирлаган эди

„Сайловолди кампанияси давомида Сиз ҳукуматнинг фуқаролар олдидаги ҳисобдорлигини оширишга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишни ваъда қилгандингиз. Бундай ҳисоботчиликка эришишнинг энг тўғри йўлларидан бири мустақил оммавий ахборот воситаларининг жазоланишдан қўрқмай ишлашини кафолатлашдан иборат».

CPJ мактубига кўра мухолифатдаги “Эрк” газетасида мен билан бирга ишлаган Муҳаммад Бекжон ва Юсуф Рўзимуродовлар жаҳонда энг узоқ муддат қамоқда ўтирган журналистлардир.

«Эрк» газетасининг тугатилиши

«Эрк» газетаси бир муддат ҳорижда ҳам чоп этилди

Биз Муҳаммад Бекжон  ва Юсуф Рўзимуродовлар билан бирга бу газетада бирор даромад қозонишни кўзлаб ишламагандик.

Бироқ, 1992-йилга келиб газета тиражининг 100 минг нусхагача чиқиши билан таҳририят ходимларига тузуккина ойлик ва қалам ҳақи тўлаш имкони пайдо бўлди.

Шу тариқа менинг меҳнат дафтарчамда ҳам янги саҳифа очилди.

Айнан ўша даврни Ўзбекистонда демократия ва сўз эркинлигининг энг гуллаган даври дейишим мумкин.

1992 йили талабалар шаҳарчасидаги шафқатсиз бостирилган намойиш Каримовга мухолифатни ва мустақил матбуотни йўқ қилиши учун карт бланш берди.

«Эрк» газетасига қарши очилган тергов ишида Муҳаммад Бекжон ва бошқа журналистлар билан бирга мени ҳам узоқ тергов қилишди.

Таҳририятнинг молиявий фаолияти анча тўкис бўлганини намойиш қилган терговда қалам ҳақи олган ҳар бир муаллиф сўроқ қилинди.

Ҳозир аниқ эслолмайман лекин уч сўму қанчадир тийин миқдорида менга «ортиқча қалам ҳақи ёзилгани» юзасидан суд ажрими чиқарилди.

Тинимсиз тергов ва асаббузарликлар мени Тошкентни тарк этишга, хусусий бизнес билан шуғулланишга мажбур этди.

Беш йил эфирда – ҳукумат нуқтаи назаридан ўзгача

ALC телекомпанияси журналистлари Шуҳрат ва Ғайрат Бобожоновлар. 1998 йил

Ўзбек очиқ жамияти жиддий бўҳронни кечираётган даврда, Тошкентдан минг чақирим узоқда бир миллион аудитория учун мустақил телевизион канал очиш, жонли хабарлар етказиш имкони бугун чўпчакдай эшитилади.

Бироқ ўша давргача ёзилган қонунлар, бизнинг Нафис санъат маркази хиссадорлари сифатида мустақил матбуот муассиси бўлишимиз мумкинлигини тақозо қиларди.

Шу тариқа 1994-йилнинг апрелида биз, акам Шуҳрат Бобожон билан ALC телекомпаниясини давлат рўйхатига олинишига эришдик.

Лекин Урганчдаги бу телекомпания фаолияти ҳам бизнинг ихтиёримизсиз тугатилди.

1999 йилги парламент сайлови пайтида Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг махсус комиссияси қарори билан ëпилди.

Қарорда сабаблардан бир сифатида Телекомпания таҳририяти нуқтаи назарининг ҳукумат нуқтаи назарига зид келиши бўлгани билдирилганди.

1999 йилнинг 20 ноябрида эса студияга Ўзбекистондаги цензура институтини тамсил қилувчи 20 дан ортиқ идораларни бирлаштирган Мувоффиқлаштириш комиссияси вакиллари келди.

Ўша куни кечқурун дунёнинг турли нуқталарида ҳокимиятлар томонидан сўз эркинлигига тазйиқлар, қўшни республикаларда радио ва телеканаллари қандай ёпилганига оид таҳлилий кўрсатув дастуридан сўнг, хабарларни узатаётган журналист Меҳрибон Бекиеванинг айтган сўзлари шу бўлди.

“Биз ҳар сафар “Эртагача ҳайр” дея ҳайрлашардик, бу гал биз сиз билан номаълум муддатгача ҳайрлашамиз…”

Камера ва эфир очиқ қолган, Меҳрибон эса ёқасидаги петличкаларини олиб ташлаб студияни тарк этаётган бу пайт, студия жойлашган Матбуот уйининг панжаралар билан ҳимояланган 8 қаватига, қўриқ хизмати ходимларининг қаршилигига қарамай, Милиция бошлиғи кўмагида комиссия вакиллари етиб келишган. Улар биздан эшикларни очишимизни талаб қилишарди…

Тошкент портлашидан Андижон қирғинигача

2004 йил 3 май, Тошкент. Эркин матбуот куни байрамида

Урганчдаги мустақил ALC телекомпанияси тугатилган 1999 йил ҳукумат эркин фикрни бўғиш учун бунга параллел, мутлақо бошқа бир ёмон сценарийни, Тошкент портлашларини қўллаганини ҳам кузатдик.

Махсус уюштирилгани иддао қилинган портлашларда айбдор қилиниб «Эрк» газетаси мухаррири Мухаммад Бекжон 14 йилга, Юсуф Рўзимурод 15 йилга қамалди.

Бироқ бу даврни ҳам ўзбек мустақил журналистикасининг бугунига «нисбатан юмшоқ давр» дея ҳисоблаш мумкин.

Чунки CPJ мурожаатида келтирилган, BBC World Service, RFERL, Associated Press, “Doyche Velle”, IWPR  каби ҳорижий ОАВ бюролари ҳали Тошкентда эркин фаолият юргизаётган эди.

Журналистларнинг мамлакат воқеаларини ёритишда, нисбатан мавқеи сақланганди.

Ҳар ҳолда мансабдор шахсларнинг мухбир микрофонига гапирмаслиги бугунгидек осон бўлмаган давр эди бу.

Мустақил журналистлар жамоасинининг ҳар йили Тошкентда 3 май кунини Эркин матбуот куни сифатида кўтаринки руҳда нишонлаши анъанага кирганди.

Аммо юқорида айтганимиздек, бу 2005 йилнинг, машъум жумаси, 13 майига қадар давом этди.

Ахборот вакууми остида

2014 йили Солижон Абдурахмонов Германиядаги Филипп Палм жамгармасининг Суз эркинлиги мукофотига сазовор бўлди. Бироқ тақдирлаш маросимида на маҳкумнинг ўзи на бирор яқин қариндоши иштирок эта олмади

Андижон воқеаларидан кейинги даврни Ўзбекистондаги коррупцион ҳукуматнинг тўла ривож топган, эркин матбуотни тўла йўқ қилинган  даври дея ҳисоблаш мумкин.

2005 йилнинг май ойида Андижон шаҳрида ҳукумат кучлари юзлаб намойишчиларни отиб ўлдирган эди.

Журналистикамизнинг ўша пайтдан то шу бугунгача бўлган даврига «аноним манбалар билан ишлаш» тажрибаси жуда хос.

Айни ўша даврда Тошкентдаги бюроларидан ажралган нашрлар «ахборот олиш қийин бўлган ҳудудларда ишлаш» қоидаларини ўзларига тадбиқ қила бошлашди.

Шу тартибда Uznews.net, “Озодлик” ва “Америка овози” радиоларида ишлаган журналист Солижон Абдураҳмонов 2008 йили 10 йилга қамалди.

«Озод овоз» мустақил ахборот сайти учун Самарқанд вилоятидаги фермерлар ҳуқуқларини поймол этилгани ҳақида мақолалар ёзган журналист Дилмурод Сайид 12,5 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Турли тахаллуслар билан мақолалар ёзган мархум президент Ислом Каримовнинг жияни Жамшид Каримов эса хамон Самарқанддаги рухий шифохонада сақланмоқда.

«Матбуот бизда энг демократик…»

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази халқаро бўлими бошлиғи Дилноза Муродова

2015 йили БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси музокараларида ўзбек расмийлари Ўзбекистондаги ОАВ энг демократик ва журналистларнинг таъқиб қилиниши хақидаги гаплар асоссиз эканини исботлашга уринишди.

Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази халқаро бўлими бошлиғи Дилноза Муродованинг сўзларига кўра, сўнгги беш йил ичида ОАВ «фаоллигини ошириш, очиқлик ва ошкораликни  таъминлаш» юзасидан  10 та қонун ва ҳужжатлар қабул қилинган.

«Ўзбекистон ОАВ эркин фаолияти учун яхши шароитларни таъминлаш  мақсади йўлида оғишмасдан ва мунтазам чораларни кўриб келмоқда» деди жумладан Дилноза Муродова.

Бироқ, CPJ Эдвокаси бўлими қамалган журналистлар сони бўйича Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчи ўринда туришини билдирди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг 2017 йилнинг 3 январида келтирган рўйхатига кўра Ўзбекистонда бор-йўғи 10 мамлакатдан 33 чет эл мухбири аккредитация қилинганини писанда килди.

32 миллион ахолиси билан Марказий Осиёда энг йирик бўлган мамлакат учун бу энг паст кўрсаткичдир.

Аҳвол президент алмашганидан кейин ҳам ўзгармади

Жамшид Каримов ҳамон руҳий шифохонада сақланмоқда

2016 йилги президентлик сайловларига ЕҲҲТ кузатувчилари салбий баҳо берди.

Сайловни кузатиш миссияcи хисоботида, «сўз эркинлиги, жамоа бирлашмаси ва йиғилишларга чеклов қўйилиши, демократик сайловларни олиб боришда жамоатчилик иштирокини анча чеклагани», айтилди.

Қонунчиликка зид тарзда цензурага олиб борувчи ҳолатлар, ахборот устидан ҳукумат назорати ва  «ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар билан номзоднинг шаънига путур етказган» шахс уч йилгача қамалиши мумкинлиги, шу чекловлар сирасига киритилган.

Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонга оид 1400 дан ортиқ манбалар борлигига қарамай, сайловчилар муқобил фикрдан хабардор бўлишмаган, чунки мамлакатда халқаро таҳлилий ёки танқидий веб-сайтларга кириш имконияти йўқ.

Айни пайтда, Мирзиёев президентликка ўтирган кунидан бир ой вақт ўтиб  маҳкум журналистларнинг тақдири ўзгаришсиз қолаяпти.

Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
20 январ 2017
«Халқ сўзи» газетасида (18.01) Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари миллий маркази раисининг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро пактларнинг 50 йиллигига бағишлаб Москвада ...
20 ноябр 2020
“Элтуз” га яқин ва бир-биридан мустақил манбаларининг шу ҳафтада етказган хабарларига кўра, ўтган ҳафтада Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) Олий ...
12 ноябр 2018
Бугунги кунда ўз махсулотини мамлакат ичида муваффақаиятли сотаëтган “Coca-Cola Ichimligi Uzbekiston Ltd.” МЧЖ ҚКси ўз брендини турк компаниясига бой ...
22 октябр 2020
Пайшанба куни Қашқадарё вилоятида Enter Engineering компаниясининг ғалаён кўтарган ходимлари билан суҳбатлашган Ғузор тумани ҳокими Беҳзод Суюнов катта концерт ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...