Асосий мавзулар
23 феврал 2017

Паталогик қўрқув – Мирзиёевнинг бошқарув услуби

20 февраль куни Ўзбекистон томони Тожикистоннинг “Сомон Эйр” компанияси учоғини қабул қила олмаслигини билдиргани ҳақида хабарлар чиқди. 25 йиллик танаффусдан кейин қайта тикланиши айтилаётган Душанбе ва Тошкент орасидаги авиапарвозлар Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев имижидаги муҳим нуқта эди.

21 февралга ўтиб, икки давлат орасидаги парвознинг нега амалга ошмай қолгани ҳақидаги сабаблар очиқланган эса-да, айни дамгача парвозларнинг қачон тикланиши борасида аниқ маълумот берилгани йўқ.

Ўтган йилнинг кузида Ўзбекистон Конституциясига зид равишда президентлик амалига ўтирган Шавкат Мирзиёев ўзбек жамиятида зудлик билан ечимини топиши керак бўлган муаммолар ҳақида очиқ-ойдин гапира бошлади.

Ислом Каримов даврида умуман тилга олинмаётган қўшни давлатлар билан борди-келди муаммолари, қишлоқ хўжалиги ва саноатдаги чигалликлар ҳақида минбардан туриб ошкора гапираётган Шавкат Мирзиёев дарҳол оддий халқнинг умидвор назарига тушди.

Ижтимоий тармоқларда Шавкат Мирзиёевнинг бирор вазирнинг “пўстагини қоқаётгани” ҳақидаги лавҳалар яшин тезлигида тарқай бошлади. Янги президентнинг “Ишлайдиган вақт келди! Сиз ва биздан халқ ваъдаларни эмас, конкрет ишларни кутяпти! Халққа сизнинг гапингиз эмас, газ, сув, электр ва иш ўринлари керак!”  каби хитоблари янграётган аудио ва видеороликлар 25 йилдан буён биқиқ бир муҳитда кишанланган қул каби яшаётган жамият учун мутлақо янгилик эди.

Илгари қаерда эдингиз, жаноб?

Шавкат Мирзиёев бошқарув тизимини жамият сари юз буришга ҳаракат қилаётган етакчи образида намоён бўлишга интилар экан, соғлом фикрли ўзбекистонликлар ўзаро суҳбатларда “Илгари қаёқда эди Шавкат Мирзиёев?” демоқда.

13 йил давомида бош вазир бўлиб ишлаган Шавкат Мирзиёев бугун президент сифатида ўзи тилга олаётган муаммоларнинг қандай юзага келганини яхши билади. Шундай бўлса-да, бугун у қўл остидаги мулозимларни қайсидир муаммонинг илдиз отишига йўл қўйганликда айблаб, ошкора кўрсатилаётган йиғинларда ишдан оляпти. Лекин ҳозирча биронта мулозим президентга қараб: “Бу фокусларни ўргатган ўзингиз эдингиз-ку, Шавкат Миромонович!” дегани йўқ.

Шавкат Мирзиёев ўзбек жамиятига ўзини мутлақо янги форматдаги замонавий раҳбар эканини  кўрсатиш мақсадида бир нечта муҳим қарор ва қонунларни имзолади. Лекин бу қарор ва фармонлар ҳали ишлагани йўқ.

У президентлик вазифасини бажарувчи мартабасини қўлган киритган заҳоти аввалги президентнинг иш ғаладонида ётган милиция ҳақидаги қонунни имзолади. Лекин унинг амалга киритилишини ярим йил ортга ташлади.

27 та хорижий давлат фуқаролари учун Ўзбекистон эшикларини очди: улар учун виза тартибини бекор қилди. Халқ дўпписини осмонга отди. Бироқ дўппилар осмондан бошга қайтиб тушгунча янги президент ўз қарорини бекор қилди.

Неча йиллардан буён тақа-тақ ёпиб қўйилган, Тошкентдан Термизгача элтувчи “бетонка” йўлнинг Қозоғистондан ўтган қисмини “10 кунда очаман!” деди. Шу гап айтилганига 4 ой бўлди. “Бетонка” ёпиқлигича турибди…

Шавкат Мирзиёев катта минбардан туриб мулозимларига “Тадбиркорларга тегмаларинг! Иккита иш ўрни яратган тадбиркорни бошимда кўтараман!” деди. Янги президентнинг бу сўзларини эшитган тадбиркорларнинг кўзларига ёш келди.  Бироқ президентнинг айнан шу гапдан сўнг 200 иш ўрни яратган андижонлик тадбиркор хонавайрон қилинди.

Виртуал қабулхона орқали янги президентга мурожаат қилиб, “Коррупционерлардан қутқаринг, Шавкат ака!” деб ёлворган тошкентлик тадбиркор панжара ортига ташланди. Сурхандарёда эса милиция ходимлари ёш тадбиркорни ҳибсга олиб, 2 соат ичида унинг жонсиз танасини яқинларига қайтариб берди. Унинг адолат қидирган онасини эса Шавкат Мирзиёев эшитишни истамаяпти.

Шавкат Мирзиёев ўзини ислоҳотчи ва янгича фикрлайдиган раҳбар сифатида кўрсатишда давом этаркан, марҳум диктатор Ислом Каримовни “ғоявий отам” дейди. Унинг изидан боришини ҳар бир йиғинда такрорлайди. Бироқ Ислом Каримов ғояларига зид ҳаракатлар қилаётганини намойиш этади ва айни пайтда ўзининг ҳаракатлари самарасиз қолаётганига эътибор бермайди.

Қадам олиши катта ҳоким

Оддий бир ўзбек сифатида Шавкат Мирзиёев қудратга келганидан бошлаб унга ишонмаслигимни айтиб келаман. Унинг бугунги сиёсий саҳнада қилаётган ишлари ва айтаётган сўзларини самимий эмас, деб ҳисоблайман. Бу менинг шахсий позициям.

Шавкат Мирзиёев бугун энг юқори минбардан туриб ижтимоий адолат ва коррупцияга қарши курашиши ҳақида гапирар экан, унинг Жиззах вилоятида ҳокимлик вазифасида ишлаган йилларига назар соламиз.

Шавкат Мирзиёев 1996 йилдан 2001 йилгача Жиззах вилояти ҳокими вазифасида ишлади. У ўта қаттиққўллик билан вилоятни бошқарарди. “Шавкат келяпти”, деганда кўча-кўйда, майдонларда ҳеч ким қолмасди. Унинг кортежи ўтадиган кўчалар бир кун аввал тозаланар, маҳалла раисларига кўчада имкон қадар ҳеч ким кўринмаслиги кераклиги ҳақида буйруқлар келарди. Ўша пайтдаёқ кўпни кўрган жиззахлик нуронийлар “Бу боланинг қадам олиши катта. Президент бўлгиси келяпти буни”, дерди.

Айнан ўша пайтларда мен Жиззахдаги ТВда фаолият юритардим. Янгиликлар дастури тайёрлар эканмиз, биринчи навбатда, ҳокимликка алоқадор янгиликлар эфирга кетиши шарт эди. Бу лавҳаларда ҳокимнинг фармони билан қурилаётган ва қуриб битирилган иншоотлар, у имзолаган фармонлар ижроси, қаерда ва кимлар билан учрашгани кўрсатиларди.

Шавкат Мирзиёев, айтиш мумкинки,  Жиззах вилояти ҳокими вазифасига келган куниданоқ одамларга ўта тиришқоқ, фаол, эпчил ва абжир раҳбар сифатида кўринди. Бугун буйруқ берар ва ўша буйруғи бажарилмаса, ижрога масъул раҳбарнинг ҳолига вой эди. Шавкат Мирзиёев ўша раҳбарни ими-жимида эмас, балки катта йиғинда, кўпчиликнинг ичида шармандасини чиқариб, ТВ мухбирларига тасвирга олдириб, ишдан ҳайдарди. Ўша раҳбар кейинчалик ёки қамалар, ёки изсиз бадар кетарди.

Шунинг учун вилоятдаги каттаю кичик раҳбарлар Шавкат Мирзиёевдан ўлгудек қўрқар, унинг ҳар бир буйруғини ортиғи билан бажаришга ўрганганди.

Бунинг нимаси ёмон, дерсиз?

Салбий томони шуки, вилоятдаги ташкилотларнинг раҳбарларида Шавкат Мирзиёевга нисбатан патологик қўрқув пайдо бўлди. Улар катта йиғинда, ҳамманинг кўз ўнгида вилоят ҳокимидан тепки ёки мушт емаслик, бундан-да ёмони – ишидан ажраб қолмаслик қўрқуви остида ҳокимнинг ҳар қандай буйруғини айтилган муддатдан эртароқ бажара бошлади. Таҳдид ва қўрқув остида бажарилган ишнинг сифати қандай бўлади?

Шакар операцияси

Масалан, 1997 йилнинг кеч кузида вилоят ҳокимлигидаги мажлисларнинг бирида Шавкат Мирзиёев қайсидир бир раҳбарга қарата “Промзона ҳудудида шакар заводи қурасан. Баҳордан бошлаб қанд лавлаги етиштиришга ер ажратаман фермерларга”, деди.

Эртасиданоқ вилоят матбуоти бу ҳақда бонг урди. “Шакар заводи қуриларкан! Отасига раҳмат Шавкатнинг! Шакарга сероб бўлиб қоламиз энди!” деди одамлар гап-гаштакларда.

Ўша пайтда Ўзбекистон шакарни хориждан сотиб олар, Хоразм вилоятидаги республикадаги ягона бўлган шакар ишлаб чиқарувчи улкан корхонанинг маҳсулоти негадир республика аҳолисига етмасди. Бунинг сабаби оддий эди: хориждан шакар сотиб олиш учун бюджетдан ажратиладиган валютанинг мазасига ўрганган пойтахтдаги давлат идораларидаги коррупцион гуруҳ бунга йўл бермасди.

Шундай қилиб Жиззахда шакар ишлаб чиқарувчи корхона қурилиши бошлаб юборилди. Янги корхонага ускуналар Германиядан сотиб олиниши, бунинг учун қайсидир хорижий банк кредит бераётгани, корхона бир йилда неча тонна маҳсулот ишлаб чиқариши ҳақида вилоятдаги барча ОАВ хабарлар бериб борди.

1998 йилнинг февраль ойларида бўлса керак, шакар ишлаб чиқарувчи ускуналарнинг ўрнатилиши жараёни лавҳасини эфирга тайёрлар эканман, бир нарса диққатимни тортди.

Ўз ишининг устаси бўлган тасвирчимиз ҳар бир ўрнатилаётган жиҳозни эринмасдан турли ракурсларда тасвирга олган, айниқса, жиҳозларнинг номи ва ишлаб чиқарилган санаси ёзилган ёрлиқларни йирик планда кўрсатган эди.

Ёрлиқлар эса битта сирни ошкор қилиб турарди: корхонага келтирилган ускуналар эски ва анча йиллар аввал Россияда ишлаб чиқарилиб, қаердадир ишлатилган ҳам эди.

Табиийки, журналист сифатида менда саволлар туғилди. Корхонага Германиядан янги ускуналар ўрнатилиши лозим эди, нега эски ускуналар ўрнатиляпти? Ёки хориж банки ажратган кредит янги ускуналар сотиб олишга етмадими?

Эртасигаёқ бу саволларни мен шакар ишлаб чиқариш корхонаси қурилишига бош-қош бўлган Ўктам Мингбоевич Турсуновга бердим. Шавкат Мирзиёевнинг саноат ва қурилиш ишлари бўйича ўринбосари бўлган бу йигит қовоқларини уйиб гапларимни эшитди ва бир оғиз сўзсиз терс бурилиб, машинасига ўтирди-ю кетиб қолди. Ўша ердаги яна бир мулозим Қудратулло Рафиқов эса ёнимга келди ва “Эртага сизни Шавкат Миромонович билан учраштираман. Ҳаммасини ўзидан билиб оласиз, укам”, деди.

Эртасига кечгача Рафиқовнинг қўнғироғини кутдим. Индинига ҳам. Ҳеч ким мени чақирмади. Мен тайёрлаган видеолавҳа эса, табиийки, эфирдан олинди. Кейинчалик бу лавҳани мен “Интерньюс Тошкент” ташкилотининг “Замон” ахборот дастурига тайёрлаб бердим.

Шавкат Мирзиёевнинг буйруғи билан ажратилган ерларда экилган қанд лавлагилар пишиб етилди. Лекин шакар ишлаб чиқариш корхонаси ишга тушмади. Қозоғистондаги аллақандай фирмадан сотиб олинган ускуналар турган жойида занг босди ва бу ҳақда ҳеч ким қайтиб оғиз очмади.

Буюк Жиззах девори

Шавкат Мирзиёев эса ғалати ғалати буйруқлар беришда давом этди. У Жиззах шаҳридан Пахтакор  тумани марказига кетадиган йўлнинг икки четига декоратив пишиқ ғиштли девор қуриш ҳақида фармон берди. Буниям дарҳол бажаришди. Қайсидир мамлакатдан сотиб олиб келинган ўта қиммат ғиштлар шу йўлнинг икки четига бир ярим метрлик девор бўлиб тикланди. Жиззахликлар буни “Мирзиёев девори”, деб атади.

Орадан бир йил ўтар-ўтмас республика ИИВдан бир мулозим келди ва “Мирзиёев девор”ни бузиб ташлашни буюрди. Чунки девор йўл ҳаракати қоидаларига зид равишда қурилган экан. Девор бузиб ташланди. Ҳеч ким ҳеч нарса демади.

“Мана бу ерга ёшлар маркази қурасан”, деди Шавкат Мирзиёев бир тадбиркорга.

6 ойда қуриб битказилди ва Мустақиллик байрамида фойдаланишга топширилди.

“Мана бу ерда республикада ягона бўлган олимпия спорт захиралари комплексини қурасанлар”, деди ҳоким.

Бир йил бўлмасдан янги спорт саройи йирик миқёсдаги мусобақаларга ўз эшикларини очди.

“Мана бу ерга энг катта гўзаллик ва саломатлик марказини қурасан!”

“Ҳадеб ўзинг еб ётмасдан халққаям бер! Мана бу ерга 8 та чиройли дўкон қур!”

“Сен ўрнингдан тур-чи! 3 ой ичида анави тепаликка ҳумо қуши ҳайкалини ўрнатасан! 1 сентябрда халқ ўша ерда сайл қилади!”

“Шаҳар ташқарисида, бетонка йўлнинг бўйида катта жаҳон бозори қурилади. Ҳамманг ҳозирдан янги бозор қурилишига пул тикасан. Ичкаридаги ҳамма бозорни ўша ерга кўчирасан!”…

Бу буйруқларнинг ҳаммаси ўз вақтида бажарилган. Ҳеч қайси мулозим ўрнидан туриб, “Шавкат Миромонович, бу нарсани у ерга қуриб бўлмайди. Халқдан ҳам бир оғиз сўрайлик. Иқтисодий, ижтимоий ва экологик жиҳатдан бу жуда катта зарар”, демади.

Шавкат Мирзиёев айтган нарса сўзсиз қурилди, олиб келинди ёки бузиб ташланди.

Бугун қур, эртага худо пошшо

Ёшлар марказининг пойдевори қаҳратон қишда қуйилди. Мустақиллик байрамига топшириш ҳаракатида ҳали қуриб улгурилмаган деворнинг хом сувоғи устига цемент сувоқ тортилди.

Оқибатда мустақиллик байрамида топширилган Ёшлар маркази бир йил ўтмасдан таъмирталаб ҳолга келди.

Олимпия спорт захиралари комплекси ҳам чопа-чоп қилиниб, шошилинч равишда бир йил ичида қуриб ташланди. Келаси йили бўлган баҳорги қаттиқ бўрон пайтида комплекснинг томи учиб, кўчага қулади. Фақат бахтли тасодиф туфайлигина ҳеч ким жабрланмади. Дераза роми ва ойналар орасига резина қопламалар қўйилмагани учун ҳамма ойналар шамолнинг зарбидан чил-чил синди.  Вайрон бўлган спорт комплекси кейинги мустақиллик байрамига қадар фермерларнинг ҳисобидан бутунлай қайтадан таъмирланди.

Жиззах шаҳридаги тепаликда қад ростлаган “Боғишамол” дам олиш маскани ҳам ўта қисқа муддатда барпо этилди ва бир йил ўтмасдан ҳайкал атрофига ўрнатилган панжаралар яроқсиз ҳолга келди. Унга олиб чиқадиган бетон пиллапоялардан юриш хавфли бўлиб қолди. Бу маскан ҳам яна миллионлаб маблағ эвазига таъмирдан чиқарилди.

Гўзаллик ва саломатлик марказини қуриб топширган маҳаллий тадбиркор нима фойда топди?  Нима учун Жиззахнинг хориждан истеъмол товарлари олиб келиб улгуржи сотадиган мана-ман деган савдогари 8 та чиройли дўконни ўз ҳисобидан қуриб берди? Шаҳарга фавворалар, ҳайкаллар, сув ҳавзалари, корхоналарни қуриб берган тадбиркорлар нима учун ғинг демасдан шахсий маблағларига бунчалик ҳотамтойлик қилди? Дори-дармон савдоси билан шуғулланиб, ҳамманинг тилига тушган савдогар опахонга зарилмиди вилоят трактор-машина паркига Америкада ишлаб чиқарилган 2 та “Кейс” тракторини ҳадя қилиш?

Бу саволларига жавобни ўша пайтда топганман.

Ўша “қурувчи тадбиркорлар”нинг барчаси солиқни яширганлик, ноқонуний тижоратни йўлга қўйганлик каби қатор иқтисодий жиноятларни муттасил амалга ошириб келган. Йиғилган фактларни ўрганган Шавкат Мирзиёев уларнинг барчаси билан ўз хонасида, вилоят прокурори ва МХХ вакили иштирокида хос суҳбатлар ўтказиб, вилоят инфратузилмасига оид барча лойиҳаларни уларнинг гарданига юклаб чиқади.

Натижа эса икки томонни ҳам қониқтиради. Капитал қурилиш учун Жиззах вилоятига республика бюджетидан ажратилган йирик маблағлар сақлаб қолинган ва Шавкат Мирзиёев президент Ислом Каримовга “давлат маблағини тежаб-терговчи” раҳбар сифатида тақдим қилинган. “Қурувчи тадбиркорлар” эса вилоят ҳокими сўраган объектларни шоша-пиша, қўл учида қуриб битказиб, қамоқдан қутулган ва ноқонуний фаолиятини бемалол давом эттирган.

Шавкат Мирзиёевнинг Жиззах вилоятидаги 5 йиллик ҳокимлиги даврида қандай иншоот қурилган бўлса, деярли ҳаммаси шу кунгача кўримсиз аҳволга келгани ва ҳар йили миллионлаб сўм эвазига таъмирдан чиқарилаётгани эса ҳеч кимни қизиқтирмайди.

Шавкат Мирзиёев президентлик амалини мавжуд қонунларни оёқ ости қилиб қўлга киритди.  Алдов билан ҳокимиятни қўлга киритган одам эса ҳадик ичида яшайди ва тахтини йўқотмаслик учун халқнинг кўзига чанг пуркашни бошлайди. Шавкат Мирзиёевнинг бугунги “ислоҳотлари” одамларнинг кўзларини бир муддат асл воқеликдан чалғитувчи айёрона бир манёвр, холос.

Улуғбек Ашур
Eltuz.com

 

Тағин ўқинг
30 октябр 2017
Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Тиллаева инстаграм саҳифасида сўз эркинлиги инсонларнинг энг муҳим ҳуқуқи экани ҳақида ёзди. Бу ҳуқуққа ...
22 феврал 2019
Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев «Элтуз»га берган интервьюсида шаҳар ҳокимлиги унга қарши даъво аризаси билан фуқаролик судига мурожаат қилгани ...
17 январ 2017
17 январга ўтар кечаси Машарипов билан бирга қирғиз миллатига мансуб бир эркак ва уч аëл ҳам қўлга олинган. Шу ...
9 феврал 2018
ёхуд Туркияда эрга тегиб олаётган ўзбек аёллари ҳақида 35 ёшли Муслима Туркияга ишлагани бораётганида турмушга чиқишни орзу қилмаганди. Аввалига ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...