Асосий мавзулар
28 феврал 2017

Жамол Камол: «Каримов номи аэропортга қўйилмасин»

Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол Тошкент Халқаро аэропортига Каримов номини бериш ҳақидаги президент қарорига эътироз билдириб Мирзиёевга мактуб ёзди.

«Менинг назаримда, Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ҳақидаги қарор бироз шошилинч қабул қилинганга ўхшайди», дея фикр билдиради 77 ёшли адиб ўз мактубида.

Президент Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов хотирасини абадийлаштириш ҳақидаги қарорини 25 январ куни имзолаганди.

Кўплик қилмасмикан?

Қарор, Тошкент давлат техника университетига, Асака шаҳридаги автомобил заводига, Фарғона шаҳридаги Санъат саройига, Тошкент халқаро аэропортига, Қорақалпоғистон республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий кўчаларга (маҳаллий давлат ҳокимияти органлари таклифлари асосида) Ислом Каримов номини беришни кўзлаган.

Жамол Камолнинг президентга ёзган хатига кўра, «марҳумнинг фаолияти ҳолис сарҳисоб этилиб, оқи оққа, қораси қорага ажратилмаган».

Унинг фикрича, Мирзиёев эътироф этганидек, «адолатли демократик жамиятнинг атиги пойдеворини қура олган» шахс учун «Музейлар, боғлар, олий ўқув юртлари, кўчалар, ҳайкаллар, жамғармалар…» жуда кўплик қилади.

«Шунчалар саҳоват кўрсатиш жоизмикан. Бунинг устига, Тошкент халқаро аэропортининг айни шу ном ила аталиши, тўғрисини айтганда тасаввурга сиғмайди», дея писанда қилади адиб сал истиҳола билан мамлакат президенти номига ёзган мактубида.

«Абадийлаштириш» аллақачон бошлаб юборилган

Қарорда, шунингдек ўтган йилиёқ Каримов хотирасини абадийлаштириш йўлида анча ишлар қилиб қўйилгани қайд этилади.

2016 йил октябр ойида Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди тузилган.

Тошкент шаҳар, Яшнаобод тумани «Фарғона йўли» кўчасида жойлашган жоме масжидига «Ислом ота жоме масжиди» дем ном берилган.

2016 йилнинг 2 декабрида эса «Каримов сиймоси тасвирланган ҳайкални яратиш бўйича халқаро ижодий танловни ташкил этиш тўғрисида» қарор қабул қилинган.

Шунингдек қарорга кўра, ҳар йили, Каримов туғилган сана 30 январ кунини кенг нишонлаш, «2 сентябр кунини хотира куни сифатида ёд этиш», ушбу саналар муносабати билан оммавий ахборот воситаларида Ислом Каримов ҳаёти ва фаолиятини кенг ёритилиши лозим.

Эътирозга ўрин йўқми?

Кекса адибнинг фикрича, бундай қарор халқ муҳокамасига қўйилиши, керак бўлса референдум орқали ҳал қилиниши керак.

Бугунги Ўзбекистон худудида минг йиллар давомида «не-не давлатлар, салтанатлар қурилгани» ҳақида ёзаркан, шу ўринда, «мамлакатнинг асосий дарвозаси» саналган Халқаро аеропортга муносиб, тарихий шахслар сифатида Алишер Навоий ва Соҳибқирон Амир Темур номларини келтиради.

«Боболар таъбири билан айтганда, етти ўлчаб бир кесилса, айни муддао бўлар эди», дейди у.

Ислом Каримов 27 йил давомида Ўзбекистонни шафқатсизлик билан бошқарди.

У ҳокимиятда экан, Ўзбекистон дунёнинг энг авторитар давлатларидан бирига айланди.

Очиқ муҳокамалар бўлмаган, танқид учун жазо қўлланиладиган Каримов даврига ҳос ўзбек жамиятида ҳукумат қарорлари ортиқча бир шошқалоқлик билан ижро этиб келинади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси бўлган, Жамол Камол 1938 йили Бухорода туғилган. Ўнлаб шеърий тўпламлар муаллифи. Франсуз шоири Буало ва Шекспир асарларини ўзбек тилига ўгирган ва қатор мукофотлар соҳибидир.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
17 апрел 2024
«Гулим фақат ëзда келар. Кайфиятим созда келар» Бу қўшиқ Чехиядаги ўзбекларни бир қозон палов устида бир ерга келтирган концертда ...
10 январ 2022
Қозоғистонда юқори мартабали хавфсизлик ходимлари бирин-кетин ўлик ҳолда топилмоқда. Миллий хавфсизлик қўмитаси полковниги Азамат Ибраевнинг жасади пойтахтдаги ўз уйи ...
2 феврал 2017
Шу кунларда Андижон шаҳрида турли мактаб ўқитувчилари ободонлаштириш ишларига жалб этилган. Йўл ёқаларида оҳак тўла челак, супурги кўтариб кўча ...
15 май 2017
Алпомиш фильмида рол ўйнаб танилган кино ва театр актрисаси Гавҳар Шарипова Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевга мактуб йўллаб, ўтган йили ...
Блоглар
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...