Cатира
17 апрел 2017

«Муштум»дан «Элтуз»га мактуб

Ҳурматли тахририят, Муштумнинг издоши бўлган Элтуз, мен сизга ўзим ишлаган «Муштум» ҳақида ўйларим “Муштум” кеча ва бугун деган маънодаги мулоҳазалармни юбормақдаман. Ўзингиз ҳам ўқинг ва муштарийларга ҳам етказинг.

Қодирий табаррук қилган нашр

Бу йил 95 ёшни қаршилаган “Муштум” журнали Ўзбекистоннинг ягона ҳажв (сатира) журнали ҳисобланади. Унга тараққийпарвар, халқпарвар зиёлиларимиз – Абдулла Қодирий ва Ғози Юнуслар асос солганлар.

Айнан “Муштум”, деб номлашни Абдулла Қодирий таклиф этганлар. Унинг таъбирича, бу шунчаки муштум эмас, балки халқнинг адолат муштумидир, яъни мазлумларнинг зўровонларга, нопокларга, зулмкорларга, эксплуататорларга қарши муштумидир. Назаримда бу журналнинг вужудга келиши тарихий зарурат бўлган.

Маълумки, бир вақтлар жаҳон тамаддуни(цивилизацияси) бешикларидан бири бўлган Туркистон халқлари узоқ йиллар хонликларга бўлиниб, ўзаро урушлар, тарқоқлик оқибатида маданий ва иқтисодий қолоқликка, таназулга юз тутдилар. Натижада XIX асрнинг 60-йилларда Русия юртимизни ўз мустамлакасига айлантирди.

Шунга қарамасдан русларнинг ташрифи юртимизда айрим ижтимоий жабҳаларда бир мунча прогрессив аҳамиятга эга бўлган ўзгаришларни амалга оширдилар.

«Муштум»ни чоп қилган нашриёт биноси

Авваламбор, жаҳолат маҳсули, разил иллатлар – қулдорлик, баччабозликка қонуний томондан барҳам берилди. Замонавий рус-тузем мактаблари очилди, шаҳарсозлик, саноат ишлаб чиқариш, завод ва фабрикалар таркиб топа бошлади.

Халқимиз техника янгиликларидан баҳраманд бўла бошлади. Телеграф, банк, аптека, почта, газета ишлари йўлга қўйилди. Маҳаллий зиёлиларнинг Русия, Волгабўйидаги қардош халқлар билан маданий алоқалари кенгайди.

Рус ва татар тараққийпарварлари, шоир ва ёзувчиларнинг асарлари билан танишиш имкони пайдо бўлди. Айниқса, 20 аср бошида татар, бошқирд халқининг илғор зиёлилари, алломалари таъсирида Туркистонда жадидчилик (янгилик, маърифат, тараққиёт тарафдорлари) ҳаракати юзага келди.

Жадидларнинг мақсади маҳаллий мусулмон халқларини жаҳолатдан ҳурриятга, саодатга олиб чиқиш, европа халқлари сингари маърифатли қилиш эди.

Замонга кўзгу тутган жарида

Кўплаб газета ва журналлар чоп этилди. “Ер юзи” жкрнали, “Садои Туркистон” газеталари ва бошқалар шулар жумласидандир. Бунинг учун замонавий мактабларни қуриш, билимларни эгаллаш, чет тилларни тилларини ўрганиш лозим эди.

Бироқ 1918 йил Тошкентда большевиклар томонидан ўтказилган адолатсиз сайловдан сўнг Қўқонда мухторият эълон қилинди. Бироқ бу мухторият тез орада большевиклар ва арман миллатчиларининг “Дашноқ” терорристик партиясининг каллакесарлари ёрдамида қонга ботирилди.

Айрим тарихий манбаларда бир неча кунда Қўқонда 30 мингдан ортиқ одам қатилиом қилингани, улар ҳатто ҳомиладор аёллар ва болаларни ҳам аямаганлари келтирилади.

Халқимизда “Бўлинганни бўри ер” ибораси бор. Буни яхши англаган зиёлиларимиз халқ маърифатли бўлмаса, бирлашмаса, ўз камчиликларини бартараф этмаса, жаҳонда ўз ўрнини топа олмаса, йўқликка грифтор бўлишини тушундилар.

Халқни жаҳолатдан қутқаришда, маърифатли қилишда эса газета ва журналларнинг аҳамияти катта эканлигини тушуниб англадилар. Ниҳоят 1923 йилда юқорида номлари келтирилган зиёлиларимиз томонидан “Муштум” журнали таъсис этилди ва қисқа вақт мобайнида халқнинг энг севимли журналига, дўстига айланди.

Жулқунбой истехзоси

Абдулла Қодирий яшаган даврдаги Тошкент

Журналдаги ўткир мақола, фельетон, ҳажвия ва карикатуралар жуда оммабоп бўлиб кетди. Абдулла Қодирийнинг ўзлари ҳам 10 дан ортиқ тахаллус билан кўплаб мақола, ҳажвия ва фельетонлар ёзганлар. Журналда халқимиз тараққиёти,маданияти, ривожи учун тўсиқ бўлган ҳар бир даврга хос камчилик ва нуқсонлар танқид қилинди.

Дастлабки вақтлар эксплуататор бойлар, сохта диндорлар, хотинбозлар, ўғрилик, танқид қилинган. Кейинчалик социалистик жамият қурилиш йўлидаги ғовлар – колхозлар тузилиши, хотин-қизларнинг парнжи ташлаши муаммолари, саводсизликни тугатиш ва бошқалар танқид қилинди.

Уруш йиллари халқимизнинг руҳини кўтарадиган сиёсий плакатлар, расмларга эътибор қаратилди. Айниқса, 50-60-70-80 йиллар “Муштум” нинг энг ривожланган даврлари бўлган. Ундаги материаллар асосан қишлоқ хўжалиги, саноат, савдо, фан-техника ижтимоий ва маиший мавзудаги мақолалар, расмлар жуда машҳур бўлган.

Ўша даврларда бу журнал мамлакатнинг бирнчи рақамли нашри ва Ўзбекистон Компартияси МКнинг органи ва давлатнинг мафкураси ифодаси ҳисобланар эди. Бу ўзига ҳос оддий меҳнаткаш халқ учун минбар вазифасини ҳам ўтаган. Шикоятлар объектив ўрганилган, қонунбузарлик, ноҳақликларнинг олди олинган, айбдорларга чоралар кўрилган, халқ бу журналга ишонган.

Журналда, ўтган йиллар мобайнида жуда кўплаб ҳалол раҳбарлар, ходимлар, истеъдодли шоир, ёзувчи ва рассомлар, техник ходимлар меҳнат қилганлар. “Муштум” ёш ижодкорлар учун ҳам тажриба ва тарбия маскани бўлган.

Нафақат ёш ижодкорлар учун, балки халқимизнинг кўплаб авлодига маънавий озуқа берган, бадиий ва эстетик дидини шакллантирган, жонкуяр устоз, тарбиячи вазифасини ўтаган. Ўша даврларда “Муштум” бир ойда икки марта чоп этилган, бир ойлик умумий тиражи 1500000 дан ошиқни ташкил этгган. Юртимизда деярли бу журнал кириб бормаган шаҳар, қишлоқ, туманни, ташкилот ва хонадонни топиш мушкул эди.

Муштумнинг ғариб бугуни ëки бор йўғи 1000 дона журнал

Албатта, бугунги кундаги журналнинг аҳволини қониқарли, деб бўлмайди. Ҳозирги кунда журнал “Шарқ” Нашриёт Матбаа Акциядорлик Компанияси 1000-2000 атрофида чоп этилади.

Бу тираж 32 миллионли халқ учун ҳеч нарса эмас. Баъзилар, – ҳали ҳам “Муштум” чиқаяптими? – деб, ҳайрон бўлади.

Мамлакатимизда улкан иқтисодий, ижтимоий ўзгаришлар юз бераётган бир вақтда мазкур нашрнинг аҳамияти янада салмоқли бўлар эди. Унда ўз асарлари, материаллари билан иштирок этадиган муаллифлар сони ҳам жуда озайиб кетган.

Саноқли ижодий ходимлар ёрдамида имкон қадар журнал фаолият олиб бормоқда.

Ваҳоланки, мамлакатимиз тараққиёти, маънавияти учун бу нашрнинг фойдали имкониятлари, потенциали жуда катта. Жамиятимиз ривожи йўлидаги турли тўсиқларни кўрсатишда, танқид қилиш ва бартараф этишда журналнинг имкониятлари чексиз.

Назаримда, бугун журналга давлат даражасида жиддий эътибор берадиган вақт келди. “Муштум” нинг моддий-техника базасини, кадрлар сони-салмоғини замонавий талаблар даражасида қайта шакллантириб, кўпайтирилса айни муддао бўлар эди. Унинг яқин келажакдаги ривожлантириш, фаолият юритиш, устивор йўналишлари стратегияси-концепциясини ишлаб чиқиш ва уни тасдиқлайдиган жиддий-йирик бир қарор зарурати аллақачон кун тартибида турибди.

Насиб этса, 2021 йилда Абдулла Қодирий таваллудининг 120 йиллиги, 2023 йилда “Муштум” бобо ўзининг 100 йиллигини қаршилайди. Замонавий дунё матбуот органларидан камдан-кам нашрларгина бундай салмоқли ёш билан фахрлана олади.

«Муштум» мамлакатдаги катта кичик муаммоларни ҳажв қилган

Шундан келиб чиқиб, пойтахт Тошкентда шу санага бағишланган катта анжуман ташкил қилинса жуда савобли иш бўлиб, адибнинг руҳлари ҳам шод бўлар эди.

Журналга халқнинг яна ишончи пайдо бўлишида, тиражи янада ошишида ва муаммоларни ҳал этишда катта аҳамият касб этган бўлар эди. “Муштум” журнали яна аввалгидек давлат мафкурасининг, миллий қадриятларининг ифодасига айланар эди.

Ҳар бир сони телевидение орқали анонс шаклида тарғибот қилинса, янада кўпроқ одамлар қизиқиб, танишиб, унда ўз муаммолари акс этганини ёки адолат тикланиб, муаммолар ижобий ҳал бўлганини кўрсалар, ҳақиқий тарбия воситасига айланиши шубҳасиз.

Ўзимга ҳам мазкур “Муштум” журнали рассоми сифатида фаолият юритиш, АҚШ элчихонасининг бу журналга эътибори ва таклифи билан “Муштум” тарихида илк бор бир қатор ҳамкасблар билан мазкур мамлакатда ижодий сафарда бўлиш насиб этди.

Америка ҳажвчи рассомлари конференциясида иштирок этиш, Жорж Вашингтон, Огайо Университетлари ва АҚШ Конгресси кутубхонасига ташрифлар, бу “Муштум”га бўлган илтифот, деб билдим. Ўзбекистоннинг энг халқчил, демократик журнали сифатида эътироф этилган “Муштум” туфайли биз ижодкорларга катта ҳурмат кўрсатилди.

Бўш қоп тик турмайди

Ўз юртини, халқини севадиган ижодкорлар ҳеч қандай моддий манфаатсиз ҳам “Муштум”ни ўз ижоди билан бойитаверади. Бироқ, моддий манфаатдорлик, яъни қалам ҳақини бугунги нарх-наво даражасида қайта ишлаб чиқилмаса, бор муаллифлардан ҳам яқин келажакда айрилиб қолиш мумкин.

Ўзим биладиган рассомларнинг кўпчилиги айнан шу сабаб туфайли ҳам журналга қатнашмай қўйган, ёки аллақачон оламдан ўтган. Янги бозор иқтисодиёти шароитида эса ёш рассомлар етишиб чиқмаяпти, ёки борлари ҳам журналга расм чизмай қўйганлар.

Кўп нарса – ҳатто қоғоз, қалам, бўёқлар ҳам маблағга бориб тақалади. Ёки мавжуд қалам ҳақи тўлаш механизмининг мураккаблиги баъзиларни бездириб қўйган. Мисол, истеъдодли рассомлар – салкам 80 ёшни қаршилаётган устоз Н.Свидеренко (Тошкент) ва С.Маматқулов (Андижон) айнан рамзий гонорар учун солиқ идораси жарималари, оворагарчиликлари туфайли журналдан безиб қатнашмай қўйганлар.

Балки, бу тоифа ижодкорлар учун қалам ҳақи фондини арзигулик даражада шакллантириш, давлат даражасида қандайдир солиқ бўйича имтиёзлар ишлаб чиқиш, тўлов, қалам ҳақи тизимини соддалаштириш лозимдир?

Хулоса ўрнида энг асосийси ва қувончлиси тўртинчи ҳокимият вакили бўлмиш “Муштум” журнали ёпилиб кетмади ва у яна аввалги мавқега эга бўлади, унинг олдида ҳали халқимиз тараққиёти учун амалга оширадиган кўплаб ҳайрли ишлар турибди деб умид қиламиз.

Соғлом, ҳолис, объектив танқид жамият тарққиёти учун мезондир. Зеро соғлом танқид, жамият ривожи йўлидаги ғовлар, тўсиқлар, камчиликларга эътибор қаратиш, уларни бартараф этиш йўлидаги биринчи қадамдир – бу ўша халқ тақдирига бефарқ бўлмаслик ва шу халққа бўлган муҳаббатдир.

Салом билан
бобонгиз «Муштум» журнали
рассоми

Тағин ўқинг
20 май 2022
«Менинг мактаб аро булдур муродим, хатимдек чиқса имлою саводим.» Демократ шоир Фурқат бу мисраларни ëзганида 9 ëшида эди. Фақат ...
12 сентябр 2017
«Элтуз» нашрининг Фарғона вилоятидаги манбаларига кўра, туманларнинг узоқ ҳудудларида ўқитувчи, шифокор ва талабалардан таркиб топадиган терим отрядлари учун ётоқ ...
27 январ 2020
Бугунги замондаги ўзбекнинг қўллари қарсаклардан қавармайдиган бўлиб кетди. Аслида илгари ҳам миллатимизнинг қўли қарсаклардан қавармаган.  Инқилобгача бўлган даврда халқимиз ...
7 феврал 2023
Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та шикоятни ўқиб эшиттирамиз. Дастлабки шикоят Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманидан. Қизилтепа ҚФЙ турғуни Нигора ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...