Асосий мавзулар
18 сентябр 2017

БМТ минбарида Мирзиеев ўзбек тилида гапирадими?

Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида 19-25 сентябрда ўтадиган олий сиёсий музокараларида маъруза қилиши кутилмоқда.

Бу унинг БМТдаги илк маърузаси бўлади. Шунинг учун мамлакатда катта ўзгаришларга бел боғлаган янги президентнинг мазкур юксак минбарда қайси тилда нутқ сўзлаши кўплаб ўзбекистонликларни қизиқтирмоқда.

Ассамблея тарихида, аксар давлатлар раҳбарлари БМТда ҳар доим ўз тилида гапириб келишган. БМТнинг расмий тиллари сирасига кирмаса-да, Япония бош вазири японча, Ҳиндистон раҳбари ҳиндча, Эронники форсча (ва ҳоказо) маъруза қилишдан уялишмаган.

Ўзбекистон мустақил бўлганига 26 йилдан ошди. Мамлакат раҳбари бу даврда БМТ минбаридан туриб бир неча марта маъруза қилди.

Лекин, минг афсуски, ҳали бу юксак минбардан ўзбекча бирор жумла янграмади. Гўёки, ўзбекларнинг ўз давлати йўқдек…

Мустақил Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов тарихда илк бор БМТ минбарига 1993 йил 28 сентябрида кўтарилганди. Ўшанда у БМТ Бош Ассамблеясининг 48-сессиясида нутқ сўзлаганди.

Аммо нутқи ўрисча эди мустақил Ўзбекистон раҳбарининг. Бу пайтда ҳали мамлакатда мухолифат бирмунча тирик эди. Халқ ҳали салгина эркин фикрлай оларди.

Шунинг учун, БМТда Ўзбекистон раҳбарининг ўзга халқ тилида сўзлагани кўпчиликнинг юрагига оғир ботди. Юракка олинган бу оғирлик ҳали ҳам залворини йўқотгани йўқ.

Ислом Каримов русча фикрларди, дили рус эди. Унинг оила аъзолари ҳали ҳам ўзбекчалаб икки жумла айтишга тили бормаслиги, балки ўзига эп кўрмаслиги эҳтимол шундандир.

Шунга қарамай, давлат раҳбарининг БМТдаги чиқиши мафкурабозлар қуролига айланди. Улар маъруза қайси тилда бўлганига эмас, унинг сўзловчисига эътиборни буриб турди.

Сўзловчи мадҳ этилди, унинг маҳридаги мамлакат аҳли эса бундан масрур бўлди. Зиёлилар юксак минбарнинг бир неча дақиқалик эгасига бағишлаб шеърлар, мақолалар ёзди. Уламолар бу ҳақда амри маъруфларда тўлқинланиб гапирди.

Ўзбекман деб кўксига урганлар уларга жўр бўлди. Нега давлатимиз раҳбари БМТга борганида ўзбекча гапирмаяпти, деб сўрайдиган бўлмади.

Охири мадҳланувчи ўзи уюштириб, ўзи ўйнайдиган байрам кунларидан бирида чўбир отини миниб, “Мана сенларга”, дея нариги дунёга жўнаб юборди.

Бугун Шавкат Мирзиёев олдида бутун бир халқ юрагида тошдек қотган ана шундай армонни ушалтириш масаласи турибди.

Бу нафақат мамлакат обрўси, балки ўз қаддини тиклаётган халқ, қолаверса, туркий лисонларнинг энг улуғларидан бўлмиш ўзбек тили нуфузи учун ҳам муҳимдир.

БМТ минбарида туриб илк бор ўзбек тилида маъруза қилган давлат раҳбари бўлишдек улуғ мартабага эришиш бугун Шавкат Мирзиёевнинг ўз қўлида.

Остонада ислом давлатларининг фан ва технологияга бағишланган саммитида Ўзбекистон президенти бу борадаги илк қадамини қўйди. Йирик халқаро сиёсий анжуманда давлатимиз раҳбари илк бор ўзбек тилида маъруза қилди.

Баъзи маҳаллий нашрлар Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеяси йиғинида ҳам ўзбекча маъруза қилиши кутилаётганини ёзмоқда.

Демак, ўзбек тили учун тарихий кун қаршисида турибмиз. Зора шундай бўлиб чиқса…

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
8 май 2017
Ижтимоий тармоқда картошка савдоси билан боғлиқ жанжал ва турнақатор навбатлар акс этган тасвирлар бот-бот пайдо бўла бошлади. Ўзбекистонда энг ...
5 апрел 2018
Ҳайдовчилик камарини тақмаганлик учун жарима тўлаб бўлган ҳайдовчилардан олти ой ўтиб қайтадан жарима тўлашлари талаб қилинмоқда. Бу ҳақда «Элтуз» ...
24 март 2016
“Адолат” газетаси интернет маданияти ва ахборот хавфсизлиги масалаларига бағишлаб Самарқанд давлат чет тиллар институтида бўлиб ўтган тадбир ҳақида хабар ...
1 феврал 2016
2016 йил 27 январь куни BJ’s Wholesale Club чакана савдо компанияси Пахта мажбурияти (Cotton Pledge)га имзо чеккан 200 дан ...
Блоглар
12 август 2020
Бишкекда ҳибсга олинган ўзбек журналисти Бобомурод Абдуллаевнинг онаси Гавҳар Мадаминова 12 август куни Ўзбекистон президенти ...
10 август 2020
Коронавирус кундалиги Қизимнинг қўғирчоғи билан уйда ёлғизмиз. Иккимиз ҳам бир одамчани соғинаяпмиз. Фақат қўғирчоқ йиғлай ...
7 август 2020
Қишга тайёргарлик. Помидор ва қалампирни ўзим етиштириб, қуритиб, ипга ўтказиб деворга илдим. Кўўп бонкаям беркитганмиз. ...