Асосий мавзулар
4 октябр 2017

Очиқлик бизнинг қуролимиз

Ҳамкасбим Бобомурод Абдуллаевни Ўзбекистон конституциясини фитна (заговор) воситасида ағдаришга уринишда айблаб чиқишди.

Бобомурод Абдуллаевнинг 2003 йилдан бери Усмон Ҳақназаров таҳаллуси остида “режим кўрпаси тагидаги иллатларни” фош қилувчи мақолаларни ëзиб туришини ўта тор доира билар эди. Балки уч ëки тўрт киши. Шулардан бири мен эдим. Яна бири Муҳаммад Солиҳ.

Мақолаларнинг информатив сифатлилиги, тили, услуби, фактлар билан таъминлангани ва баъзи салбий унсурлари масаласида менинг бошқача фикрим бор. Аммо гап бу ҳақда эмас.

Гап бир одамнинг шу жасоратли ишга қўл уриб 14 йил давомида режим асабини арралай олганида.

Кўплар “Бундай мақолани мен ҳам ëзган бўлар эдим” дейишди, аммо ëзишмади.

Чунки ëзишса Бобомурод Абдуллаев каби МХХ зиндонига тушишига уларни ақли етади. Улар оддий қўрқоқликни ақллилик билан ўртмоқчи бўлган ҳашаки бозингарлардир.

Ўтган сешанба ҳар икки соатда “мен борман” дея ишорат бериб турадиган Бобомуротдан сигнал келмай қолди.

27 сентябрь куни соат 17 да у хотинига СМС юбориб ҳозир бораман деди. Кейин алоқа узилди.

Бобомурод МХХнинг Н. Тўрақулов исмли подполковниги бошчилигидаги тезкор гуруҳ тарафидан ўғирлаб кетилгани эса кейин маълум бўлди.

Фақат икки кундан кейин тинтув қилишга келганлар Бобомуроднинг МХХ ертўласида эканини айтишди.

Бунинг ортидан Бобомуродга Ўзбекистон ЖК сидаги энг оғир айблов юклангани маълум бўлди.

Муҳаммад Солиҳ Бобомуродни қутқариш учун унинг кимлигини очиқлашга қарор қилганини айтди.

Унинг назарида, ҳаммаси очиқ бўлсагина Бобомуродни ўлимдан қутқариш мумкин эди.

Оддий спорт шархловчиси, таксичилик қилиб кун кўрадиган Бобомурод Абдуллаевнинг –Усмон Ҳақназаров экани Истанбулдаги матбуот анжуманида Муҳаммад Солиҳ тарафидан айтилди.

Буниyu ортидан бир тўда авом “Вой нега айтди, энди фалон бўлади, писмадон бўлади” дея қаҳва қуйқасига қараб фол оча бошлади.

Бобомуроднинг тахаллус остида мақола ëзиши жиноят эмас. Ўзбекистон қонунчилигида “таҳаллус остида танқидий мақола ëзган одам қамалсин” деган модда йўқ.

Мана Бобмурод – у сиз ҳақда танқидий мақола ëзган Усмон Ҳақназаровнинг ўзидир.

Сизга энди унинг чўнтагига ўқ-наша солиш ва бошқа найранглар қилишга ҳожат йўқ. Сиз уни мавжуд қонунга зид тарзда сурбетларча сўз эркинлиги қурбони сифатида жазолашга маҳкумсиз.
У бир блоггер эди. Тахаллус остида мақола ëзарди. Ёзганлари сизга ëқмаган бўлса, бу сизнинг эстетик дидингиз билан боғлиқ.

Лекин, журналистнинг сўзи ëқмади дея уни қамаш мумкин эмас.

Бобомурод жиноятчи эмас. У ўғирлик қилмади, масалан иқтидордаги Бош вазир Ариповга ўхшаб мамлакатнинг 7 фоиз бюджетини ўғирлаш жанжалида фигурант эмас. Ëки МХХ раиси Рустам Иноятовнинг хотини ва ўғиллари каби коррупцион схемалар билан пул ўмаргани ҳам иддао қилинмайди.

Унинг исми ўзбек ўғри мулозимларининг Панама рўйхатида ҳам йўқ. У одам ўлдирмади.

У фақат мақола ëзди.

Буни сўз ва ифода эркинлиги дейишади жаноблар!

Бобомурод қамалганидан сўнг “унинг атрофида шов-шув кўтариш” унга фойда бермайди дея ғингшиган “ақлли”лар унинг хотинига босим ўтказа бошлашди.

“Жим ўтирсанг ўзингга фойда” деганлар расман МХХда ишламайдиган кимсалар эди. Улар ҳудди микроблар қуëш нуридан қўрққани каби ошкораликдан қўрқишади.

Аммо биз очиқлик, шаффофлик тарафдоримиз. Бизнинг кучимиз очиқлигимизда.

«Кучсизларнинг кучи ҳақиқатни қўрқмасдан айтишдадир» деган эди, Чехияни Коммунизмдан ҳолос қилган давлат арбоби Васлав Ҳавел.

Отабек Усмонов
Блоггер, Eltuz.com

Тағин ўқинг
12 май 2021
Ёшликдан китоб ўқишга ўч бўлганман. Кўчада юриб кетаётиб ҳам китоб ўқиган пайтларим бўлган. Кутубхона энг севимли масканим эди. Шаҳарга ...
16 январ 2019
Лондондаги Шарқ ва Африка тадқиқотлари институти таҳлилчиси Алишер Илҳомов фейсбук саҳифасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Миллий гвардияси қўмондониБаҳодир Тошматовга ...
23 декабр 2019
Таниқли сиёсатчи ва шоир Муҳаммад Солиҳ “Бегона” фильмининг 9-қисмида президент сайловида мухолифидан кўпроқ овоз қозонгани боис, сайлов натижаларини сохталаштиришга ...
16 январ 2023
Ҳали расман тасдиқланмаган xабарга кўра 15 январдан 16 январга ўтар кечаси ишдан олинган собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев 16 январ ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...