Дайжест
4 октябр 2017

Салом сизга, «пахтакорлар», «пахтакорлар»!

Совет даврида «Пахтакор полвонларим» деганга монанд бир машҳур қўшиқ бўларди.

Пахта терими бошланди дегунча радио ҳам, телевизор ҳам вадаванг шу қўшиқни тиндирмай қўярди.

Бугун ҳаво анча совуган кунларда ўзбекнинг ўқитувчилари, тиббиётчилари, бюджет ташкилотлари ходимлари, «уюшмаган аҳоли» вакиллари ҳаммаси пахта даласида.

Эрта азонда совуқда қалтираб далага чиқиб кетяпти, кечқурун қош қорайганда ҳориб-чарчаб даладан қайтяпти. Ҳукуматнинг «оқ олтин» хирмонини тобора юксалтиряпти.
Бу хирмондан эса «пахтакор полвонлар» қўлига ва оғзига сиққанча олиб, бемалол керакли манзилга пахта қўйиш билан овора бўлиб ётибди.

Профессор Қаландар Абдураҳмонов ҳам пахта термай қўйганига анча бўлиб қолганига шубҳа йўқ. Лекин ҳеч қандай тортинишларсиз пахта босиш мусобақасига қўшилиб кетди.

Босилган пахтанинг залворини олимнинг «Ўзбекистон овози» газетасида 26 сентябр куни босилган мақоласини ўқиганлар ўзича чамалаб кўриши мумкин. Анча тош босади қўйилган пахта.

Мақоланинг сарлавҳаси баландпарвоз: «Ўзбекистон дунёга маърифий қиёфасини кўрсатмоқда». Кўрсатилаётган маърифий қиёфа эса президентнинг яқинда БМТ минбаридан сўзлаган нутқидан сизиб чиқади.

Бечора домла «ўша куни атайин телевизор қаршисида ўтириб, бу нутқни сабрсизик билан кутган», уни «фахр-ифтихор туйғуси билан тинглаган».

«Ахир, фахрланмасдан, ғурурланмасдан бўладими, Ўзбекистон раҳбари жаҳоннинг энг олий минбаридан туриб, бутун дун­ёга мамлакатимизнинг бугунги ривожланиш йўли, келажак мақсадлари, Марказий Осиё ва сайёрамиздаги энг долзарб муаммолар ҳақида ўзининг аниқ позицияси, амалий фикрлари, конструктив руҳдаги ташаббусларини баён қилди», дейди олим.

Мақоладаги бошқа нуқталарга тўхталиб, ундан бирорта маъно қидириб ўтиришдан наф йўқ. Чунки ҳамма гаплар яна ўша мардикор халқ терган пахтани керакли манзилга босиш мақсадини кўзлайди.

Президент нутқидан мана шундай «фахр-ифтихорга тўлган» нечаларнинг мақолалари чоп этилмаяпти дейсиз?! Лекин бирортасида халқнинг тили мамлакатнинг маърифий қиёфасини белгиловчи асосий критерийлар сирасига киришини эслаб ўтмайди.

Президент АҚШга жўнаб кетишидан олдин унинг қайси тилда сўзлаши масаласида баъзи сўзларни айтгандик. Афсуски, давлатимиз раҳбари яна ўзганинг тилида маъруза қилди.

Суҳбатлашганларимнинг баъзилари бу ҳолатни президент ўз нутқида жуда «оламшумул» масалаларни кўтаргани, мазкур масалаларни бутун дунёга етказиш учун шундай йўлни танлагани ваъжига йўйишга ҳаракат қилди.

Ишончим комилки, БМТда ўз тилида маъруза қилган арманиларнинг президенти ҳам, тожикларнинг пешвои миллати ҳам ўзининг нутқини шунчаки бир чиқиш, «юксак минбар»да кўриниш бериш, «навбатчи» масалаларни кўтариш деб билмайди.

Улар ҳам ўз халқини БМТда оламшумул масалаларни кўтарганига ишонтиришга уриниб ётганига шубҳа қилмасак ҳам бўлар.

Аммо бизнинг зиёлиларимиз давлатимиз раҳбарининг нутқи қайси тилда бўлганига ҳатто эътибор ҳам қаратаётгани йўқ. Ҳар ҳолда уларнинг матбуотдаги чиқишлари шундан дарак бериб турибди.

Яна «маънавий қиёфамиз» тўғрисида узундан узун мақолалар ёзаётганига нима деймиз бу касларнинг?!

Аслида улар миллатнинг эмас, балки ўзларининг маънавий қиёфасини кўрсатишга шунчалик собитлик билан уринаётганини очиқ намойиш қилмоқдалар.
Афсуски, бу қиёфа Ислом Каримов давридагидан кўп-да фарқ қилаётгани йўқ.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
12 сентябр 2019
“Биздан жиз-з!”нинг бугунги сонида Дўстназар Худойназаров товуқ кабоб қандай тайёрланишини намойиш қилади. Бу галги видео Швециянинг сўлим табиати фонида ...
17 феврал 2017
Андижон шаҳрида феврал бошида фаолияти тақиқланган “Дамас” машиналари туманларга кетиб киракашлик қилмоқда. Бу ҳақда Элтуз мухбирига билдирган андижонлик 28 ...
22 феврал 2021
Наманган вилояти ҳокими президент келган пайтда танқид қилинган маҳаллада бу ерда шароит яхшилангунча яшашини билдирди. — Ҳар куни шу ...
3 ноябр 2020
Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйида чоп этиган «Ўзинг ясаб ол» журналида чўчқа расми тасвирлангани Ўзбекистондаги қадимчи консерваторлар қатлами ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...