Асосий мавзулар
15 январ 2018

Армия қудратлими ёки ёлғонимиз?

14 январь куни Ўзбекистонда Ватан ҳимоячилари куни шу пайтгача мисли кўрилмаган даражада кенг нишонланди.

Президентнинг шу муносабат билан табриги ҳам аввалгиларидан анча салмоқли бўлди, матбуотнинг реакциясини эса айтмаса ҳам бўлади.

Президент табригидан келиб чиқилса, ўтган давр мобайнида Ўзбекистон миллий армияси марҳум давлат раҳбари Ислом Каримов даврида мисли кўрилмаган юксакликка кўтарилган.

«Ҳақиқатан ҳам, тарихан қисқа муддатда мамлакатимиз мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги, чегараларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган миллий армия барпо этилди, деб ғурур ва ифтихор билан айтишга бугун барча асосларимиз бор», деди Шавкат Мирзиёев ўз табригида.

Ҳолбуки, бундан бор-йўғи бир неча кун аввал Миллий хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган таркибдаги мажлисида миллий армия тўғрисида президент бутунлай танқидий фикр билдирган эди.

Хусусан, у «Мудофаа вазирлигидаги кўплаб мансабдор шахслар ишончни оқламагани, ўзларини кўрсатишда сусткашликка йўл қўйгани, уларда ташаббус йўқлиги, мустақил қарорлар қабул қилишни, масъулиятни ўзига олишга тайёр эмаслиги»ни таъкидлаганди.

Мудофаа вазирлигининг собиқ раҳбарияти ҳақида гапирган давлат раҳбари: «Очиқ айтиш керак, улар асосан эски усуллар билан ишлаб, қўшинлар билан мунтазам алоқа ўрнатмаган, ҳарбий кадрлар тайёрлаш масаласига жиддий эътибор қаратмаган, зарур ҳолларда мустақил қарор қабул қилишда уларга қатъият етишмаган», деган эди.

Президент собиқ мудофаа вазири Қобул Бердиевни қаттиқ танқид қилиб, унинг ҳамтовоқларидан бўлган ўнлаб ҳарбий раҳбарлар ишдан қувилганини маълум қилганди.

Президентнинг байрам табриги ва Хавфсизлик кенгашидаги нутқидаги бу қарама-қарши фикрларга эътибор берганлар ҳар ҳолда сўнггисига ишониши ишончлироқ.

Чунки байрам барибир байрам-да. Байрамда яхши гаплар ёмон гаплардан кўпроқ айтилади. Шунга ўрганиб қолганмиз.

Биз ҳар доим мақтанамиз, миллий армиямиз МДҲда Россия ва Украинаникидан кейин энг кучли, Марказий Осиёда эса энг зўримиз, деб.

Президентнинг гапларидан кейин эса баъзи масалаларда шубҳаланиб қоламиз. Демак, армиямизда муаммолар ҳали жуда мўл. Ҳал қилинадиган масалалар эса янаям кўп.

Шу пайтгача мудофаа учун давлат бюджетидан қанча маблағ ажратилиши кўпчиликка, ҳатто бу бюджетни қабул қиладиган депутатларга ҳам сир эди.

Энди эса бу мақсадлар учун ялпи ички маҳсулотнинг 4 фоизи ажратилиши эълон қилинди. Бу кўпми ёки кам?

Агар ривожланган давлатлар миқёсида олиб қараганда, анча кўп. Чунки улар мудофаа учун, асосан, ЯИМнинг 2 фоизи атрофида маблағ сарфлайди.

Ўзбекистон ва унинг атрофидаги давлатлардаги вазиятни ҳисобга олганимизда эса мамлакатимиз меъёрида маблағ сарфламоқда. Буни очиқ тан олиш керак.

Россия бош вазири ва ўринбосарининг ўтган йил куздаги Тошкентга ташрифлари доирасида ҳарбий-техник ҳамкорликка доир имзоланган ҳужжатлар ҳам Ўзбекистон мақсадларига хизмат қилади.

Биринчи қадам сифатида Россиядан анча-мунча «Ми-35» вертолётлари сотиб оладиган бўлдик. Лекин армиямизнинг замонавий қурол-яроғ билан таъминланганлик даражаси, агар мустақил маълумотларга асосланадиган бўлсак, ҳамон Қозоғистон ва Туркманистонникидан кам.

Демак, мудофаа мақсадларига Ўзбекистон миқёсида жуда катта ҳисобланган маблағ сарфланар экан, унинг самарали ишлатилишини таъминлаш зарур.

Аск ҳолда яна бир неча йилдан сўнг президентнинг Хавфсизлик кенгашидаги танқидларидан кўра каттароқ эътирозларини эшитишимиз ҳеч гап эмас.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон тахаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
3 ноябр 2022
«Элтуз портали»га келган навбатдаги бешта шикоят мактубини ўқиб эшиттирамиз дастлабки шикоят Самарқанддан. “Кадастр ходимининг ерни ноқонуний тарзда сотгани” ҳақда. ...
11 апрел 2021
Наманган вилоятининг Косонсой тумани «Cувоқова» корхонаси директори Муҳаммадали Камолов дохил жами тўрт киши ташкилот чилангари Абдулло Эшонхўжаевни 7 апрель ...
31 январ 2022
Туркияда исломий экстремистлар билан яқин  алоқага эга ўзбек томонидан бошқариладиган жиноий тармоқ турли давлатларнинг паспортлари ниқоби остида 15 000 долларгача ...
21 июн 2021
«Пахтакор»нинг келиб чиқиши турк, лекин швейцариялик Дердийок (ўзбекчасига Дардийўқ) деган футболчиси бор. Йиллик маоши 1,3 миллион евро экан. Ўзбекчасига ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...