Асосий мавзулар
23 март 2018

“Мен Ленинни кўрганларни кўрганман”

Сарлавҳага чиқарилган бу гап буюк актёр Шукур Бурхонов ижросидаги Юсуф Ялангтўш ҳақидаги фильмда айтилган.

Не тонгки, “пайғамбар” даражасига кўтарилган Ислом Каримов ўлиб кетганидан сўнг ўлкамизга ҳурфикрлилик, эркинлик эпкинини олиб киришга уринаётган янги президентдан доҳий яратишга интилиш пайдо бўлаётгандек.

Назаримизда, бу давлат раҳбарининг истаги эмас, “пирга муҳтожлик сезаётган муридлар”нинг, занжирини соғинган филларнинг жазаваси.

Бечора Диана, сенинг ўлимингдан ҳам очко олишга интилаётганлар бор бўлган жамият бу. Диёнатни унутган, мансаб учун янгидан янги қурбонлар қонига ташна бўлаётган жамият бу.

Мардлари ўлган, номардлар “асосий рол”га даъвогарлик қилаётган жамият эди сен яшаган жамият.

Яшашни истасанг-да, яшашингни кўпчилик исташса-да, ўлиб қутулганинг ҳам бахтингдир, деган шаккок фикрлар келади хаёлга уларнинг диёнатсизлигига гувоҳ бўлганларда.

Афсус, Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанддаги ҳар бир хонадонга, кўчага, қишлоққа кириб чиқиб, ҳамма-ҳаммани бахтли қилишга имкони йўқ. Агар имкони бўлганида, президент албатта шундай қилган бўлар эди.

Акс ҳолда “мисли йўқ бу бахтдан” самарқандликларнинг ярми ўлиб қолган бўлардимиди. Ҳали қабри совимаган Диананинг мурғак фарзанди, эри, онаси бундай “бахт”ни қандай кўтара оларди?!

“Майли, шахсан мен ўзим ўлгунимга қадар президентимиз Шавкат Мирзиёевни кўрмасдирман, аммо президентимиз Шавкат Мирзиёевни кўрган таниш-билишларим, ота-онам билан жуда ҳам фахрланаман”.

Бу “мен Ленинни кўрганларни кўрганман”нинг айнан ўзи эмасми?

Шу гапларни ёзган Обид Омонов аслида борми-йўқми, аҳамиятсиз. Бу гаплар Самарқанд ҳокими, балки шотирларининг ташаббуси билан ёзилгани ҳам қизиқ эмас.

Аҳамиятлиси, қизиқтирадигани бу гапларни айнан бизнинг ичимиздаги одам(лар) ёзганида.

Чунки шунча йиллар давомида жамиятимизнинг ич-ичидан емирилиб, бугунги ҳолатга келишига ҳам шу каби одамлар айбдор.

Ҳақиқатга ўз холис муносабатини билдирган, диёнатни унутмаган ёш амалдор йигит ва журналистга ташланаётганлар шуни унутмаслиги шарт.

Президентнинг вилоятга ташрифининг бу воқеага дахли йўқ, деб раддиябозлик қилишга уринаётган ҳоким ҳам билиб қўйиши керакки, бугун мамлакат халқининг орзу-умиди, келажакка ишончи шу одамга тикилган.

Жойлардаги амалдорлар қўйган “хол” учун калтакнинг бир учи президентга келиб тушади. Бу раддиябозлар билвосита Диананинг ўлимига дахлдор бўлиб қолди.

Бу ўлим президентнинг ташрифига боғланди. Демак, уни бу ҳолатга дахлдор қилган шу амалдорлар бўлади. Бунинг учун журналистларга ташланишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

Муаммони майдалаштиришга интилишларга нима дейсиз?! Уйингизга меҳмон келаётганда ҳовлингизни тозалайсиз-ку эмиш.

Ўзингизнинг шахсий жунингизни давлатники билан адаштирманг, жаноблар! Уйингизни йиғиштиришни қизингиз, келинингиз ёки хотинингизга қўйиб беринг.

Йўлларни эса ўқитувчилар эмас, кимлар тозалаши кераклигини эса яна ўша қизингиз, келинингиз ёки хотинингизга уқтирганингиз маъқулроқ.

Асло ўқитувчи ёки шифокорларга эмас. Айниқса, сиздан кўра бошқача ўйлайдиганларга эмас.

Ҳокимларнинг оппоқлигини қаранг. “Ўқитувчиларни Мустақиллик байрамига чиқмаганлиги учун калтаклаган”и учун ҳоким айбдор эмас эмиш.

“Автобусда ёниши натижасида ҳалок бўлган йўловчилар яшаган туман вакилларини ҳақорат қилган” ҳоким ҳам фаришта.

“Пахта йиғим-теримига чиқмаган ўқитувчиларни ҳақорат қилган ҳокимни айбдор” санасангиз, “бирор бир жойларингиз жуда қаттиқ оғрийди”.

Диананинг ўлими боис бошлаган “ҳоким айбдор эмас” кампанияси ўз моҳияти билан аслида стрелкани ундан ҳам юқорироққа қаратишга ўхшаб туюлмоқда.

Чунки халқ ҳисобни барибир ўша юқорироқдан сўрайди…

Сардор Азим

PS. Эҳ, Диана! Юртимизда шундай ажойиб Наврўз бўлди. Айтилмаган мадҳия қолмади. Зеро, сен яшаган юрт шундай байрамларга муносибдир. Афсуски, бу байрамда сен йўқ эдинг. Аслида давранинг тўри сен каби байрамни интиқлик билан кутганларники эди… Аммо давранинг тўрида ҳокимлар жавлон урди…

Тағин ўқинг
2 июн 2022
(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 53-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган) МУСИҚА ҲАРОММИ? Буюк ҳофиз Комилжон Отаниёзнинг ...
4 феврал 2016
“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, 1 февраль куни – ўзбекистонлик таниқли хонанда Тамила (Эсмеральда Рахматова)нинг лицензиясиини бекор қилди. Тамиланинг лицензияси бекор ...
13 август 2017
Бу расм ҳам аслида воқеабанд. Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ тумани Қорасув қишлоғи ҳудудида 2015 йилнинг 20 сентябрида Анвар исмли милиция ...
7 апрел 2016
Март ойида шундоқ ҳам ўйин-кулгидан бўшамайдиган Ўзбекистон телеканалларининг куни туғди. Бу ёғи 8 март, бу ёғи Наврўз билан бўлиб, ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...