Асосий мавзулар
19 апрел 2018

Ўзбеклар дўппига қайтмоқдами?

Дўппидўз чевар Ҳамида Юнусова 25 йилдан буён дўппи тикади. Бу ҳунар унга оилавий анъана бўлиб, жувон дўппи тикишни опаларидан ўрганган.

Андижонда дўппи бозори яна гуркирай бошлади.

Дўппи бозори касодга учраган йиллар Ҳамида тикувчилик корхонасига ишга кирди. Аммо ҳунарига бўлган меҳри туфайли дўппидўзликни ҳам ташлай олмади. Дам олиш кунлари, қўли бўш пайтлар эрмак қилиб турар, бир куни тўплаб сотишни ният қилиб, сандиқнинг бурчагига ташлаб қўярди.

«Орада бироз вақт шундай даврни бошдан ўтказдик. Ҳамма замонавийлашиб кетди, дўппилар хор бўлди. Ҳунармандлар касодга учради. Одамлар дўппини фақат тўй ва аза куни киядиган бўпкетганди. Лекин, мана, худога шукр, ҳалол меҳнат билан кун кўрадиган ҳунармандларнинг оҳи Худога етганими бу, ё одамлар миллийликка қайтяптими, ҳарқалай, бозоримиз жонланиб қолди», – дейди Ҳамида Юнусова.

Ҳамиданинг “Жаҳон бозори”да ўзи айтмоқчи – “точка”си бор. У ўзи ва шогирдлари тайёрлаган дўппиларни пайшанба ва якшанба кунлари олиб чиқиб сотади. Кейинги пайтда унинг дўппилари бирорта ҳам қолмай сотилиб кетмоқда. Дўппидўзларнинг қувониб таъкидлашларича, сўнгги 10 йилдан буён дўппининг бозори бу қадар чаққон бўлмаганди. Шунингдек, дўппиларнинг нархи кескин кўтарилган.

Бозорга чиқарилган куёвдўппилар…

«50 минг сўмлик дўппилар 150 минг сўмгача сотилмоқда, бозор “юриб” қолди, ёш-ёш йигит-қизлар дўппи олгани келяпти. Президентимиз миллийликка эътибор қаратаётгани учун мактаб, коллежлар ўқувчиларига дўппи киясан, деган буйруқ бўпти. Яхшида, ҳам ўзимизнинг миллий бош кийим, ҳам қанча-қанча одамларнинг тирикчилиги ўтади», дейди дўппифуруш Инобат опа.

Андижондаги «Жаҳон бозори»да мингга яқин дўппифуруш савдо қилади. Улар орасида қўшни вилоятлардан, айниқса, Наманган вилоятининг Чуст туманидан келиб савдо қилувчи дўппифурушлар бор. Чустлик дўппидўз чевар Омина Отахонованинг айтишича, Андижонда Чуст дўппиларига талаб катта, шу сабаб Омина опа тиккан маҳсулотларини Андижонга олиб келиб сотади. Унинг маҳсулотлари орасида 100 долларгача бўлган қимматбаҳо куёв дўппилари бор.

Битта дўппи бозорга чиққунча ўнта қўлдан ўтади….

«Бир дона дўппи то тайёр бўлиб бошга кийилгунича камида 10 нафар ҳунарманднинг қўлидан ўтади. Матосини оламиз (дўппи таг дейилади), гул тикамиз. Тепчиймиз, пилталаймиз, қўшамиз ва прессда босамиз, ҳар бири алоҳида бир босқич. Демак, биргина дўппи 10-12 та одамнинг қозонини қайнатади. Шу битта дўппи бир ҳафтада тайёр бўлади. Ҳақиқий пешона тер, қўл меҳнати билан бунёд этилади. Шунинг учун бу ҳунар орқасидан топилган пул она сутидек ҳалол, деб ўйлайман», дейди Омина опа.

Бозорда дўппифурушларнинг бир кунлик паттаси 6 минг сўмни ташкил этади. Биронта ҳам дўппи сотилмаган пайтлар асабийлашган ҳунармандларнинг 6 минг сўм учун паттачилар билан жанжаллашиб кетган ҳолатлари ҳам бўлган. Дўппи бозорининг гуллаши ҳунармандлар учун ҳам, бозор маъмурияти учун ҳам бирдек фойда келтиради.

«Мактаб ўқувчилари дўппи кийсин, деган буйруқ бўлибди….»

Яна бир эътиборли жиҳат: Наврўз байрамидан сўнг телеканалларда эфирга чиқаётган айрим бошловчиларининг имижи ўзгарди. Хусусан, М5 («Менинг юртим») телеканали янгиликлар дастури бошловчилари ҳам дўппи кийиб чиқишмоқда. Дўппиларнинг урфга кираётганига кийиниш маданияти ва миллийликка давлат сиёсати даражасида қаралаётгани асосий сабаб бўлмоқда, деб ҳисобламоқда кўпчилик.

«Оммавий ахборот воситаларининг ёшлар онгига таъсири ҳақиқатда катта экан. Ҳозирги ёшлар машҳур, таниқли кишиларга тақлид қилади, мода кетидан қувади. ТВдаги бошловчилар дўппи кийиб чиққанидан сўнг дўппи кийишга қизиққан ёшлар кўпайиб кетди. Бу жуда яхши, албатта. Чунки дўппининг бошга фойдаси катта. Қишда совуқ, шамолдан сал бўлса ҳам асрайди, ёзда қуёшдан пана қилади, синтетик матодан тикилган эмас, мутлақо табиий маҳсулот. Бунинг устига, ўзимизда ишлаб чиқарилган. Коллежимиз 1-курс қизлари бир хилда укпар дўппи кийишга ўтишди. Энди ўғил болаларга ҳам дўппи кийгиза олсак, яхши бўларди», – дейди шаҳардаги коллежлардан бирида ишловчи муаллима.

Албатта, дўппи кийиш ёки киймаслик ҳар кимнинг ўз иши. Аммо дўппи барча даврларда ҳам ўзбекнинг ўзига хослиги ва миллийлигимизни эслатиб келган. Қолаверса, дўппи ва белбоғ эркак кишининг ҳақиқий зийнатидир. Шу боис, кўпчилик дўппиларнинг ёшлар орасида янада оммалашишига умид қилмоқда.

Шоҳида Саидова
Андижонлик муаллиф тахаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
10 ноябр 2015
Акмал Набиев Eltuz.com Қиш мавсуми яқинлашгани сабаб кейинги пайтларда ўзбеклар муҳокама қилаётган асосий мавзулардан бири уйни иситиш, қандай қилиб ...
15 феврал 2018
МХХ идорасининг Тошкент шаҳри марказида жойлашган бош биносидан кўчирилаётгани ҳақида 14 февраль куни «Элтуз» нашри хабар берган эди. Тошкентнинг ...
13 ноябр 2017
Ўзбекистонлик 1 миллиондан ортиқ меҳнат мигрантлари Санкт-Петербургда ишлаётгани расман тан олинди. Демак, РФнинг Ўзбекистонга масофа жиҳатдан ундан-да яқинроқ пойтахти ...
19 июн 2024
Рамзан Қодировнинг тўртта хотини ва кўплаб «чўрилари» ва “канизаклари” бор. Уларнинг айримлари ҳали вояга етмай туриб Рамзандан фарзанд ҳам ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...