Cатира
10 май 2018

Тошкентда қулликни соғинганлар байрами ўтди

Бу йилги 9 май Ўзбекистонда кўп йиллардан буён собиқ шўролар рамзларига, бугунги Россияда урфга кирган тимсолларга энг бой тарзда ўтди. Ҳар ҳолда Тошкентда кузатганларимиз шундан далолат берди.

Мамлакатдаги энг нуфузли давра – президент иштирокидаги тадбир ҳам бундай тимсоллар билан тўлиб-тошди.

Тадбирга ташриф буюрган меҳмонларга хизмат қиладиганлар уруш даври кийимида ҳозир бўлди. Концертда ҳам шундайсимон чиқишлар саҳналарни тўлдирди.

Шунга монанд тарзда рус тилли мактабларда ўқувчилар совет аскари пилоткаларини бошига қўндирган ҳолда уруш ветеранларини қутлаганига гувоҳ бўлдик. Улар моҳиятини тушунмаса-да, георгей тасмаси тақиб олганича мағрур юрдилар.

Йўлларда эса георгей тасмаси ва унинг Ўзбекистон байроғисимон қилиб ясалган нусхаси эгизаклар каби кимларнингдир кўксини безаб турганди.

Тошкент кўчаларида бир гуруҳ мотоциклчилар СССР байроғини ҳилпиратганча, сигналларини тинимсиз бибиллатиб шаҳар кезди. Бу мотокарвонда Ўзбекистонникидан СССРнинг ўроқ-болға тасвирли қизил байроғи сони кўпроқ эди.

Ижтимоий тармоқлардаги кўплаб постларда ҳам фашизм устидан буюк ғалаба совет даври соғинчи билан қоришиқ бўлиб кетгани сезилди.

Адолат ҳаққи, айтиш керакки, фақат Ўзбекистон байроқларини ҳилпиратиб ўтан автокарвонлар кўпроқ эди.

Совет даври – Ўзбекистон тарихининг бир қисми. Уни эсдан чиқариш аждодлар хотираси учун беҳурматлик сифатида баҳоланса ҳам ажабланмаслик керак.

Лекин кишини бир жиҳат ўйлантиради. Узоқ йиллик чор мустамлакаси, сўнг совет тузумидан қутулган мамлакатда мустабиднинг байроғи бемалол ҳилпираб шаҳар кезишини қандай тушуниш мумкин?

Бу саволга жавобни кун бўйи ўйладим. Ниҳоят ўзимча бир хулосага келдим. Биз бугун мустақиллик ва ғалабани бир-бирига қориштириб юбориб, эркинлик қадрини генларимизга сингдира олмабмиз.

Совет давридаги қуллигимиз сингиб кетган онгости туйғуларимиз ҳали янгиланмабди. Қолаверса, Россиянинг кенг кўламдаги тарғиботлари ўз ишини қилмоқда.

Хўш, ўзбеклар фашизм устидан қозонилган ғалабани байрам қилиши керакми? Менимча, ҳа.

Чунки бу ғалаба учун дунёнинг кўплаб халқлари қатори ўзбеклар ҳам жон олиб, жон берган. Юз минглаб миллатдошларимиз жанггоҳлардан қайтмаган.

Ўшалар ҳаққи-ҳурмати, ғалабани фақат ўзиники қилиб олишга уринаётганларнинг саъй-ҳаракатларига жавоб ўлароқ, байрам қилишга бизнинг ҳам ҳақимиз борлигини кўрсатиш керак.

Кийим-кечак, озиқ-овқат, қурол-яроғ билан таъминлаганимизни, юз минглаб бола-чақаси, хотин-халажини беминнат паноҳимизга олганимизни уларга эслатиб туришимиз учун ҳам шундай қилишимиз лозим.

Лекин бу байрам қулликни соғинган, мустабидларни улуғлайдиганлар эмас, балки ғолиблигини хотирасидан чиқармайдиганлар, ўз эркинлигининг қадрига етадиганлар тантанаси бўлмоғи шарт!

Баҳодир Шариф
eltuz.com

Тағин ўқинг
23 ноябр 2021
Косон тумани ҳокимлиги расмий веб сайтига кўра, “сўнгги 2 йил ичида Косон тумани маркази таниб бўлмас даражада чирой очган”. ...
9 феврал 2021
Бир одам охирги дарахтнинг устига чиқиб, ўзи ўтирган дарахтни арралаяпти. Йўлда кетаётган сайёҳ унга қараб савол беради: – Илгари ...
12 июл 2016
Пенсионерларнинг пенсия пули уларнинг розилиги олинмасдан 100 фоиз пластик карточкага ўтказиб қўйилганлиги кексаларга қийинчилик туғдирмоқда. Улар зарур эҳтиёжларини қондириш ...
23 май 2023
Дин ишлари қўмитаси “ҳажга юбораман” деган «апрслар» гапига ишонманглар, деб, “лўхлар”ни огохлантирди. Аммо лўх ва аксар қашшоқлар тўғри гапга ...
Блоглар
23 январ 2025
Ўзбекистон мудофаа вазири Холмухаммедов босқинчи газанда Россия билан 2026-2030 йилларда ҳарбий соҳада стратегик ҳамкорлик дастури ...
20 январ 2025
Ўзбекистон президенти уйида йиртқич ҳайвон¸ илон ва хашаротларни боқадиганлар жазоланиши ҳақидаги қарорни 16 январь куни ...
12 январ 2025
Турли мавзуларга ўз қараши билан фарқланадиган блогер Кирпи Президентнинг 380-сонли қарори асосида 1000та китобнинг ўзбек ...