Асосий мавзулар
16 июл 2018

Дарз кетган кадрлар сиёсати

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўз ўтмишдоши Ислом Каримов даврида ишдан урилган раҳбарларни қайта лавозимларга тайинлаш сиёсатига дарз кетди.

Бу сиёсатнинг илдизи чиригани Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраевнинг порахўрликда айбланиб қўлга олиниши ортидан яққол кўриниб қолди.

Т.Жўраев эндигина ҳокимиятга келган Ш.Мирзиёев томонидан юксак мансабларга қайтарилган кўп сонли амалдорларнинг бири эди.

2004-2008 йилларда халқ таълими вазири бўлиб ишлаган Т.Жўраев тизимни янада ботқоққа ботиришга жонбозлик кўрсатгандан кейин Сурхондарёга ҳоким қилиб жўнатилганди. Бу ердан Қашқадарё раҳбарлигига ўтказилганидан сўнг эса сурхондарёликлар бундай ҳокимдан қутулганига шукур қилиб, қўйлар сўйгани ҳақида гап-сўзлар чиққанди.

Т.Жўраевнинг Қашқадарёдаги саргузаштлари ҳам бир текис кечгани йўқ.

Сўконғичлиги ва зўравонлиги сабаб бу ерда ҳам халқнинг ғазабига дучор бўлган эди. Коррупционерлиги сабаб Ислом Каримов уни шарманда қилиб ишдан ҳайдаганди.

Қамалмаганига шукур қилиб, йиққан-тиққанини майдалаб еб ётган жойида боши узра яна офтоб чиқди. Ш.Мирзиёев уни аввал Бекободга, сўнг эса Самарқанд вилоятига ҳоким қилиб тайинлади.

Бугун эса биз унинг инқирози тимсолида президентнинг кадрлар сиёсати, юмшоқроқ қилиб айтганда, ўзини умуман оқламаётганига гувоҳ бўляпмиз.

Букрини гўр тузатади, дейди доно халқимиз. Ўрганган кўнглининг ўртанишига бўйин эгаётган бу каби кадрлар бугунги бошқарув тизимининг ўзагини ташкил этади.

Бир гуруҳ коррупционерлар ишдан бўшатилиб, ўрнини бир вақтлар улар билан “рақобат”га дош бера олмаган бошқа бир гуруҳ коррупционерларга бўшатиб берди.

Шунинг учун ўзбекистонлик таниқли журналист Шароф Убайдуллаев Би-Би-Сига берган интервьюсида “Мирзиёев кадрлар сиёсатининг пойдевори қийшиқ”, деганида минг бора ҳақдир.

Биз коррупцияга қарши курашиш ҳақида қанчалик оғиз кўпиртирмайлик, бу “кураш” тепасида коррупционерларнинг ўзи турар экан, ҳеч қандай ижобий натижага эриша олмаслигимиз кундек равшан.

Тўғри, охирги пайтларда Шавкат Мирзиёев бошқарув кадрларини танлашда анча қийинчиликларга дуч келаётгани, бундай кадрларни танлаш қийин кечаётганини бир неча марта таъкидлади.

Шу билан бирга, эски кадрларга кўп-да ишонмаслигига ишора қилган ҳолда 2-3 йил ичида янги кадрлар пайдо бўлиши ва юқори лавозимларга олиб келинишини билдирди.

Президент бу борада отни тезроқ қамчилаши талаб қилинадиган кўринади.

Акс ҳолда ҳозир ҳокимият тепасига қайта олиб келган кадрлари президентнинг бугун кўпчиликда анча илиқ таассурот қолдираётган сиёсатига соя солишлари ҳеч гап эмас.

Зеро, Туроб Жўраев воқеаси эски коррупционерларга ишонч билдиришнинг оқибатлари яхшилик билан тугамаслигига, “қийшиқ
пойдевор” билан тикланган уй бир кун келиб босиб қолишига яққол далилдир.

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
28 сентябр 2015
Баъзида ўзаро баҳслашаётанлар орасида бир-бирини «манқурт (зомби)» ликда айблашлар учраб туради. Хўш, аслида манқуртлар кимлар? Мен ҳозир қўлдан келганча ...
26 январ 2019
Яхшилик ва умуман одамларга яхшилик қилиш ҳақида ëзгим келди негадир. Қамоққа тушган хоразмлик журналист Давлат ака фақат ҳаммага яхшилик ...
20 август 2018
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов минган «Мерседес» 20 август куни Бекобод-Тошкент йўлида «Дамас» енгил автомобили билан тўқнашган. Ички ишлар ...
1 апрел 2019
Ўзбекистон Марказий банки мамлакатнинг ташқи қарзи ўтган йилдагига нисбатан 9,5 фоиз, яъни 1,5 миллиард долларга ўсиб, 17,3 миллиард долларга ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...